Римликлар, 8 боб.
Руҳдаги янги, мўжизакор ҳаёт.
А. Руҳий ва танавий ҳаёт ўртасидаги фарқ.
1. 1-оят Ҳукм йўқ.
“Исо Масиҳга тегишли бўлганлар энди ҳукм қилинмайдилар”.
а. “энди ҳукм қилинмайдилар”. “Ҳукм қилинмайдилар” деган оддий ва маҳаллий ушбу баёнот, “Исо Масиҳга тегишли бўлганларга” тегишлидир. Ота Худо Исони ҳукм қилмаслиги боис, Исо Масиҳга тегишли бўлганларни ҳам ҳукм қилмайди. Улар ҳозир ҳам ҳукм қилинмаяптилар, келажакда ҳам ҳукм қилинмайдилар ва умуман олиб айтганда ҳам ҳукм остида бўла олмайдилар.
1) Рус тилидаги таржимада ишлатилган “шундай қилиб” деган сўз муҳим аҳамиятга эга, чунки Павлус айнан шу сўздан гапни бошлаган. Ушбу сўз, Павлуснинг бу оятдаги гаплари мантиқий далилнинг давоми эканлигини билдиради. Гўёки Павлус: “Мен айтаётганларимни исботлаб бера оламан” деб айтаётгандек бўлмоқда. Унинг асосий фикри қуйидагича: агар биз Исо билан бир бўлсак ва У бизнинг бошимиз бўлса, биз ҳукм қилинмаймиз. Қўлни айблаб туриб, бошни оқлаб бўлмайди. Бош сув устида бўлганида, оёқни сувга чўктириб бўлмайди. Исо билан бирлашгандан сўнг, биз қуйидаги суд ҳукмини эшитишимиз мумкин: “ҳукм қилинмайдилар”.
2) “Исо Масиҳга тегишли”. “Ушбу жумла, Масиҳ ҳамда имонлилар орасида руҳий ва илоҳий сулҳ тузилганлиги ҳақидаги фикрни етказиб беради. Баъзан бизнинг ичимизда яшайдиган Масиҳ ҳақида айтишади… Бу ерда эса ушбу имонлиларнинг Масиҳда эканликлари ҳақида сўз юритилмоқда. Масиҳ имонлиларда Муқаддас Руҳ орқали яшайди, имонлилар эса Масиҳда имонлари орққали яшашади” (Пул)
3) Суд ҳукми “энг кичик маҳкумликка лойиқ” демаяпти. Кўпчилик, Исода уларнинг ҳолатлари яхшиланиб, айнан шундай ҳукмга лойиқ бўлдик, деб ҳисоблашади. Ҳолат аслида шунчаки яхшиланмаган; ҳолат буткул ўзгарган. Бизнинг Худо олдидаги ҳолатимиз ўзгарди ва “энди ҳукм қилинмаймиз”.
4) Эҳтимол, саволнинг бошқа томонига ҳам кўз ташлаш керакдир: агар сиз Исо Масиҳда бўлмасангиз, ҳукм қилинасиз. “Бу унчалик ҳам ёқимли мавзу эмас, бироқ, биз ким бўлибмизки, фақатгина ўзимизга манзур бўладиган мавзуларни талаб қилсак? Каломнинг саҳифаларида Худованднинг Ўзи гувоҳлик бераётган нарсалар, Унинг хизматкорлари инсонлар билан гаплашиши керак бўлган нарсаларнинг моҳияти ва умумийлигидир. Агар сиз Исо Масиҳда бўлмасангиз ва тана билан бошқарилаётган бўлсангиз, ҳукмдан қочиб қутула олмайсиз” (Сперджен)
б. “ҳукм қилинмайдилар”. Римликларнинг чалкашлик ва можаролар билан белгиланган7 бобидан кейин, биз ишонч ва тинчлик билан тўлган ушбу оятни кўряпмиз. Энди Павлус Исога қараб, ўзини Унда кўрмоқда. Аммо бу боб – шунчаки ўтган бобдаги саволларга берилган жавобгина эмас, бу боб кўпроқ аҳамиятга эга; у Римликларга ёзилган Мактубнинг бошида айтиб ўтилган фикрларни биргаликда боғлайди.
1) Римликларнинг 8 боби “ҳукм қилинмайдилар” деган жумла билан бошланиб, “ҳеч нарса маҳрум қила олмайди” деган сўзлар билан якунланади, лекин шундай бўлсада, ушбу жумлаларнинг орасида “биз учун мағлубият йўқ” деган сўзлар янграмоқда.
в. “тана хоҳиши билан эмас, руҳ бошқарувида яшовчилар”. Ушбу сўзлар Римликларга ёзилган Мактубнинг қадимги қўлёзмаларида йўқ (ўзбекча таржимада ҳам бу сўзлар йўқ, рус тилидаги таржимада эса мавжуд), шунинг учун ҳам бу сўзлар Павлуснинг ушбу парчадаги умумий мулоҳазаларидан тушиб қолмоқда. Эҳтимол, бу сўзларни нусха кўчирилаётган пайтда – ёки хато қилиб ёки Павлусга “ёрдам бериш” мақсадида, Римликлар 8:4 оятдан қўшиб қўйишган.
1) Ҳақиқат шундан иборатки, “Масиҳга тегишли” бўлганлар ҳар доим “тана истаги” билан яшамайдилар ва яшашлари ҳам керак эмас, аксиняа улар “руҳ бошқарувида” яшашлари керак. Бу “ҳукм қилинмайдилар” деган ҳолатга эга бўлиш учун берилаётган шарт эмас. Бизнинг ҳукмни қочиб қутулишимизга бўлган сабаб – бизнинг Исо Масиҳда эканлигимиздир.
2) “Чуқур билимларга эга бўлган зотлар бизларга ушбу сўзлар оригинал қўлёзманинг бир қисми бўлмаганини таъқидлашади. Мен ҳозир ва шу ернинг ўзида ушбу хулосани тасдиқловчи далилларни келтирмайман, аммо, уларнинг ҳаммаси яхши сифатли ва маълум асосларга эга. Мақтубнинг қадимги нусхаларида бу сўзлар мавжуд эмас, бошқа таржималарда ҳам бу сўзлар йўқ, Каломдан кўп маротаба парчалар келтирган жамоат оталари эса, ҳеч қачон бу сўзларни эслатиб ўтишмаган” (Сперджен).
г. “ҳукм қилинмайдилар”. Худонинг суди ушбу ажойиб ҳукмни чиқармоқда. Шубҳасиз, биз маҳкумликка лойиқ бўлсакда, бу ҳукмни қабул қиламиз. Биз бу ҳолатни қабул қиламиз, чунки биз лойиқ бўлган нарсаларни Исо ўзига қабул қилиб олди ва энди биз Унга тегишлимиз, У билан бирлашганмиз. У бошқа ҳукм қилинмагай, демак биз ҳам маҳкум бўлмагаймиз.
2. 2-4 оятлар Тана ва руҳ бошқаруви остида бўлган ҳаётлар орасидаги фарқ.
“Ҳаёт ато этувчи Руҳнинг қонун қоидаси Исо Масиҳ орқали бизни гуноҳдан ва ўлимга етклайдиган қонундан озод қилди. Инсон Худонинг қонунини бажара олмагани учун қонун таъсирсиз бўлиб қолди. Қонун инсонни гуноҳдан қутқара олмагани учун Худонинг Ўзи одамларни қутқарди. У Ўз Ўғлини гуноҳкор инсонга ўхшатиб, бу дунёга юборди ва гуноҳнинг қудратини йўқ қилди. Шу йўсин Худо инсон орқали гуноҳни маҳкум қилди. Биз – башарий табиатнинг эмас, балки Руҳнинг етакчилигида яшаётганлар – қонун талаб қилган солиҳликка эришишимиз учун Худо шундай қилди”.
а. “ҳаёт ато этувчи Руҳнинг қонун қоидаси Исо Масиҳ орқали бизни гуноҳдан ва ўлимга етклайдиган қонундан озод қилди”. “Гуноҳ ва ўлимга етаклайдиган қонун” жуда кучли қонун эди ва бир қарашда, мутлақ қонундек кўринарди. Биз томондан қилинган ҳар бир гуноҳ ва биз кўрадиган ҳар бир қабр, бунинг далилидир. Аммо “Исо Масиҳ орқали ҳаёт ато этувчи Руҳнинг қонун қоидаси” унданда кучлироқ қонундир; бу қонун бизларни “гуноҳ ва ўлимдан” халос этади.
1) Биз “гуноҳнинг қонунидан” озодмиз. Бу қонун мавжуд бўлишда давом этаётганлигига қарамай, масиҳий гуноҳ қилишга мажбур эмас, чунки масиҳий гуноҳнинг ҳокимлигидан озод этилган. Биз ўлимнинг қонунидан озодмиз, шунинг учун ҳам унинг энди имонлилар устидан чексиз кучи йўқ.
2) Римликлар 8:1 оятда, биз гуноҳнинг айбидан озод эканлигимиз ҳақида ўқишимиз мумкин, Римликлар 8:2 оятда эса биз гуноҳнинг кучидан озод қилинганлигимиз ҳақида ёзилган.
б. “инсон Худонинг қонунини бажара олмагани учун қонун таъсирсиз бўлиб қолди”. Қонун кўп нарсага қодир. У бизларга йўл кўрсатиши, бизларни ўргатиши ва Худонинг хусусиятлари ҳақида бизга сўзлаб бериши мумкин. Аммо қонун бизиннг танамизга куч бериш қудратига эга эмас; у стандартларни белгилайди, лекин Худога манзур келиш учун бизга куч ато эта олмайди.
1) Мэнсондан иқтибос келтирган ҳолда, Моррис шундай деб таъкидлаган: “Мусонинг Қонуни кучли, аммо адолатли эмас. Руҳнинг қонуни эса ҳам одил ва тўғри ҳам қудратлидир”.
2) “Қонун бизга нисбатан заиф, чунки биз унинг олдида заифмиз: қуёшнинг ожиз кўзларни ёрита олмаслиги, қуёшнинг бунга қодир эмаслигида эмас, унинг нурларини бу ожиз кўзлар қабул қила олмаслигидадир” (Пул).
в. “инсон Худонинг қонунини бажара олмагани учун”. Қонун заиф, чунки у бизнинг танамизга мурожаат қилади. У танавий инсонга мурожаат қилиб, у билан фақатгина танавийдек гаплаша олади. Аммо Руҳнинг таъсири, эски ўзлигимизни хочга михлаган ҳолда, бизларни ўзгартиради ва шу тариқа янги, асосан танадан юқори бўлган инсон пайдо бўлади.
1) “Узум токда, Парламент қарорининг натижаси сифатида пайто бўлмайди; узум – токнинг натижаси, ток ҳаётининг мевасидир. Худди шу тарзда Худонинг стандартларига асосланган ҳаёт кимнингдир талаби (шу қаторда Худонинг ҳам талаби) натижасида шаклланмайди, Худованд томонидан Исода ва У орқали амалга оширилган ишнинг натижасида бериладиган илоҳий табиатнинг ҳосили сифатида шаклланади” (Хук)
г. “қонун инсонни гуноҳдан қутқара олмагани учун Худонинг Ўзи одамларни қутқарди. У Ўз Ўғлини гуноҳкор инсонга ўхшатиб, бу дунёга юборди”. Қонуннинг гуноҳни енгишга кучи йўқ эди, у фақатгина гуноҳни ошкор қила оларди холос. Гуноҳни фақатгина Исо енга олади; У хочда айнан шу нарсани амалга оширди.
д. “У Ўз Ўғлини гуноҳкор инсонга ўхшатиб, бу дунёга юборди”. Гуноҳ устидан ғалаба қозониш учун Исо “гуноҳкор инсонга ўхшаб”, яъни Ўзини гуноҳ билан боғлиқ бўлганларга ўхшатишига тўғри келди. Муқаддас Руҳдан илҳомланган Павлус, Исо гуноҳкор бўлмаганлигини бироқ, бутунлай гуноҳкорга ўхшаганлигини кўрсатган ҳолда, жуда аниқ сўзларни ишлатмоқда.
1) Биз, Исо гуноҳкоронатанада ерга келди, деб айта олмаймиз, чунки У бегуноҳ эди. Биз, Исо шунчаки танага ўхшаш нарсага бурканиб келди, деб ҳам айта олмаймиз, чунки У ҳақиқий инсон эди, қандайдир бир тасвир эмас. Аммо биз Исо “гуноҳкор инсонга ўхшаб келди” деб айта оламиз, чунки инсон бўла туриб, У ҳеч қандай гуноҳга эга эмас эди.
2) “гуноҳнинг қудратини йўқ қилди”. Биз лойиқ бўлган ҳукмларни Ўзига олганида, Исонинг танасида “гуноҳнинг қудрати йўқ қилинди”. Биз Масиҳда бўлганимиз учун, бу ҳукм бизларни четлаб ўтади.
е. “қонун талаб қилган солиҳликка эришишимиз учун”. Исо “қонун талабларини” амалга оширди ва энди биз Масиҳда эканмиз, демак, қонунни амалга оширган бўламиз. Қонун бизда итоаткорлик нуқтаи назаридан амалга ошди, чунки биз Исонинг солиҳлиги билан қопланганмиз. Жазога оид томонлама ҳам қонун бизда бажо бўлди, чунки қонун талаб қиладиган жазо Исонинг бошига тушди.
1) Павлус бизлар “қонун талаб қилган солиҳликка” эришганимизни айтаётгани йўқ. У қонуннинг адолатли талаби “бизда амалга ошганлигини” айтмоқда. Бу талаб биз орқали эмас, бизда амалга ошди.
2) Оддий қилиб айтганда, Исо бизнинг ўрнимизни эгаллади. Бизга солиҳ инсонлардек муомала қилиш учун, Исо билан гуноҳкор инсондек йўл тутдилар.
ж. “биз – башарий табиатнинг эмас, балки Руҳнинг етакчилигида яшаётганлар учун”. Худо берган солиҳлик “башарий табиатнинг эмас, Руҳнинг етакчилигида яшаётганлар” учундир. Бундай имонлиларнинг ҳаёти, башарий табиатга эмас, Муқаддас Руҳга бўлган итоаткорлик билан белгиланган.
1) Худованд, Руҳ танани бошқаришини истайди. Биз башарий табиатимиз Руҳнинг устидан раҳбарлик қилишига йўл қўйиб берганимизда, Римликлар 7 бобда тасвирлаб ўтилган ва гуноҳ билан бўлган курашда Павлуснинг ҳаётида ҳамроҳ бўлган умидсизликка ҳамда гуноҳий одатларнинг чангалига тушиб қоламиз. Бизнинг ҳаёт тарзимиз, “башарий табиатнинг эмас, Руҳнинг етакчилигида” қурилмоғи лозим.
2) “Руҳ етакчилигида” яшамоқ ва иш тутмоқ дегани, инсоннинг ҳаётий йўналишини ва бу ҳаётнинг қандай боришини Муқаддас Руҳ белгилайди деганидир. Бу олдинга бўлган ривожланувчи ва доимий ҳаракатдир.
3) “Бир нарсага эътибор беринг, башарий табиатимиз йўқ бўлгани йўқ: имонли башарий табиат хоҳиши билан яшаётгани йўқ, аммо бу табиат аввалгидай у билан бирга. Башарий табиат у билан бирга бўлишда давом этмоқда: айтганини қилдирмоқчи бўлишга ва курашишда, имонлини безор қилиб, ранжитишда давом этмоқда; токи имонли осмонга бормагунича, бу башарий табиат уни тарк этмайди. Башарий табиат бегона ва жирканч бир кучдай имонли билан бирга бўлишда давом этмоқда, лекин энди у имонли устидан ҳукмронлик қила олмайди. Имонли уни раҳбар сифатида қабул қилмайди, тўнтариш ўрнатиш учун, уни ўз томонига жалб қилишига йўл қўймайди” (Сперджен).
3. 5-8 оятлар Башарий табиат билан Худога маъқул келишга ҳаракт қилишнинг беҳудалиги.
“Башарий табиат етакчилигида яшайдиганлар башарий фикр қиладилар. Руҳнинг етакчилигида яшайдиганлар эса Руҳни мамнун қиладиган нарсалар ҳақида фикр қиладилар. Башарий табиат етакчилигида фикр қилиш ўлимга етаклайди, Руҳ етакчилигида фикр қиладиганлар эса ҳаёт ва тинчликка эга бўладилар. Башарий табиат етакчилигида фикр қилиш Худога душманликдир, чунки бундай табиат Худонинг қонунига итоат қилмайди, дарҳақиқат итоат қила олмайди ҳам. Башарий табиат етакчилигида яшайдиганлар Худони мамнун қила олмайди”.
а. “башарий табиат етакчилигида яшайдиганлар башарий фикр қиладилар”. Биз башарий табиат етакчилигидами ёки Руҳ етакчилигида яшаётганимизни аниқлашнинг оддий йўлини таклиф қилмоқда: шунчаки нима ҳақида “фикр юритаётганлигимизни”, кўпроқ нима ҳақида ўйлаётганимизни тушунишимиз керак. Бизнинг онгимиз – стратегик муҳим аҳамиятга эга жанг майдони бўлиб, ушбу майдонда тана ва Руҳ кураш олиб боришади.
1) Биз, “башарий фикр қиладиганлар” бу энг ёмон гуноҳкорлар, деб ўйлашимиз керак эмас. Башарий фикр юритадиганлар орасида энг эзгу ниятларга эга яхши инсонлар ҳам бўлиши мумкин. Бутрус эзгу ниятлардан келиб чиқиб, Исодан хочда михланмаслигини сўраган эди, бироқ, Исо унга қуйидагича жавоб берган эди: “…Сен Худонинг ишларини эмас, балки инсон ишларини ўйлаяпсан” (Матто 16:23).
б. “башарий табиат етакчилигида фикр қилиш ўлимга етаклайди”. Биз ўз онгимизни башарий нарсалар (башарий табиат фикрлари) билан тўлдирганимизда, ўз ҳаётимизда ўлимга эшик очиб берамиз, Руҳ етакчилигидаги ҳаёт эса “ҳаёт ва тинчликни” олиб келади.
1) Шунга қарамай, биз сохта диндорликдан эҳтиёт бўлишимиз ва Павлус, тана бизнинг Худога қарши қўзғолон кўтаришимиз учун қурол бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини назарда тутган ҳолда сўз юритаётганлигини тушунмоғимиз лозим. Павлус бу ерда табиий ҳолда мавжуд бўлган жисмоний ва ҳиссий эҳтиёжлар ҳақида эмас, ушбу эҳтиёжларни қондиришнинг гуноҳий йўллари ҳақида фикр юритмоқда.
в. “башарий табиат етакчилигида фикр қилиш Худога душманликдир”. Башарий табиат, уни мохча михлашларини истамаслиги ва Раббимиз Исо Масиҳга бўйсунишни хоҳламаслиги туфайли ҳам, Худога қарши қўзғолон кўтаради. Башарий табиат Галатияликлар 5:24 оятга асосан яшашни истамайди: “Исо Масиҳга тегишли бўлганлар ўзларининг худбин истакларини ва эҳтиросларини хочга михлаб қўйганлар”. Башарий табиатни қўлга олиш йўлидаги курашда, қонун ожиздир.
1) Павлус танавий онг Худога “зид” деб айтаётгани йўқ; у янада кучлироқ жумлани ишлатмоқда. “Башарий табиат етакчилигида фикр қилиш Худога душманликдир”. “Шунчаки қора ранг эмас, қоп қораликнинг ўзи. Шунчаки келишмовчилик эмас, душманлик. Маълум даражадаги ахлоқсизлик эмас, бутунлай парчаланиш. Бош кўтаришга бўлган мойиллик эмас, ҳақиқий қўзғолон. Шунчаки ёмонлик эмас, ёвузликнинг ўзи ва нопоклик. Юрак шунчаки айёрликка мойил эмас; бу юрак айёрлик ва ёлғонлик билан тўлиб тошган. Юрак ўз моҳиятига кўра ёвуз ва гуноҳкоронадир, барча нопок ва ёмон нарсаларнинг булоғи, асосидир. Юрак нафақат Худога қарши қаратилган; у ҳасад билан тўлиб тошган. Юрак нафақат Худога қарши; бу очиқ душманликдир” (Сперджен).
г. “чунки бундай табиат Худонинг қонунига итоат қилмайди, дарҳақиқат итоат қила олмайди ҳам”. Биз эзгулик қилиб яшашга ҳаракат қилишимиз, аммо шу билан биргаликда “Худонинг қонунига итоат қилмай” яшашимиз мумкин. Агар биз эзгу ишлар қилсак, Худованд бизга “қарздор” бўлиб қолади, деган умид билан ўзимизни овутишимиз мумкин. Аммо бундай бўлмайди. “Башарий табиат етакчилигида яшайдиганлар Худога манзур бўла олмайди”, ҳаттоки бундай инсон, ўзининг диний амалларни бажариши орқали атрофдагиларнинг ҳайратига ва қўллаб қувватлашига созовор бўлган бўлсада.
1) Мана Ньюэлл Римликлар 8:7 оят ҳақида нима деган: “Каломнинг бошқа ҳеч қайси бир қисми, башарий табиат етакчилигида яшайдиган инсоннинг умидсиз ҳолатини бунданда яхшироқ тасвирлаб бермаса керак”.
4. 9-11 оятлар. Масиҳийларга куч ва Руҳда яшаш эркинлиги берилган.
“Агар Худонинг Руҳи ҳақиқатдан ҳам сизларнинг қалбингизда макон қилган бўлса, сизлар энди башарий табиат амри билан эмас, балки Руҳ амри билан яшаяпсизлар. Кимки Масиҳнинг Руҳига эга бўлмаса, у Масиҳга тегишли эмас. Аммо Масиҳ сизнинг қалбингизда макон қилган. Тўғри, гуноҳ туфайли танангиз ўлимга маҳкум қилинган, лекин энди Худонинг Руҳи сизлар учун ҳаёт манбаидир, чунки сизлар оқлангансиз. Исони ўликдан тирилтирган Худонинг Руҳи қалбингизда яшаяпти. Исо Масиҳни ўликдан тирилтирган Худо юрагингизда яшаётган Ўз Руҳи орқали сизларнинг фоний танангизни ҳам ўликдан тирилтиради”.
а. “Агар Худонинг Руҳи ҳақиқатдан ҳам сизларнинг қалбингизда макон қилган бўлса, сизлар энди башарий табиат амри билан эмас, балки Руҳ амри билан яшаяпсизлар”. Юқоридан туғилган ҳар бир имонли Муқаддас Руҳни қабул қилади, бу нарса ҳар бир масиҳийнинг ичида, ҳар томонлама башарий табиатдан юқори ва анча кучлироқ бўлган раҳбар борлигини англатади.
1) “Кўпгина чин юракдан ишонадиган имонлилар, руҳий маънода ҳали ҳам Юҳанно Чўмдирувчининг хизмати таъсири остида – яъни товба хизмати остидадирлар. Уларнинг аҳволлари Римликларнинг еттинчи бобида тасвирланган, на Масиҳ, на Муқаддас Руҳ эслатиб ўтилмаган, фақатгина ўзини “мажбур” деб ҳис этаётгани учун курашишни давом этаётган саргардон, озодликка эришмаган жоннинг кураши билан бир ҳилдир; бу жон Масиҳда қабул қилинганликни тўлиқ ҳис этмаган ва Муқаддас Руҳнинг муҳрига эга бўлмаган жондир” (Ньюэлл).
б. “кимки Масиҳнинг Руҳига эга бўлмаса, у Масиҳга тегишли эмас”. Бу нарса, ҳар бир имонлида Муқаддас Руҳ яшашини англатади. Масиҳийларни “Руҳга тўлганларга” ва “Руҳга тўлмаганларга” ажратиш мумкин эмас; бу нотўғри шакллантирилган жумла. Агар инсон Муқаддас Руҳга тўлмаган бўлса, у умуман масиҳий эмас.
1) Қандай бўлмасин, кўпчилик имонлилар ўзларининг Руҳнинг тўлиқлигида ҳаёт кечириш имкониятларини қўлдан бой беришади, чунки Павлус буюрганидек (Эфесликларга 5:18), “ҳар доим Муқаддас Руҳга тўлиб тошмайдилар”. Улар имонлиларнинг вужудидан “дарё бўлиб оқадиган ҳаётбахш сув” ни тасвилаётиб, Исо айтган нарсаларни ҳис этишмаган (Юҳанно 7:37-39).
2) Қандай қилиб инсон, унинг ичида Муқаддас Руҳ яшаётганлигини билиши мумкин? Ўзингизга қуйидаги саволларни беринг:
· Муқаддас Руҳ сизни Исо томон йўналтирмоқдами?
· Муқаддас Руҳ сизга Исога ҳамду сано айтиш истагини бермоқдами?
· Муқаддас Руҳ сизни Исога ўхшаш бўлишга йўналтирмоқдами?
· Муқаддас Руҳ сизнинг юрагингизда ишламоқдами?
в. “аммо Масиҳ сизнинг қалбингизда макон қилган. Тўғри, гуноҳ туфайли танангиз ўлимга маҳкум қилинган, лекин энди Худонинг Руҳи сизлар учун ҳаёт манбаидир, чунки сизлар оқлангансиз”. Исо бизда яшаётгани сабаб, эски инсон (тана ёки башарий табиат) ўликдир, Руҳ эса тирик ва ҳукмрон бўлиб, қайта тирилиш орқали бизнинг ўлик таналаримизда Ўз нажотини амалга оширади.
1) Нафақат сиз Масиҳда (Римликлар 8:1), “Масиҳ ҳам сизнинг қалбингиздадир”. Худованд гуноҳ бор жойда бўлолмаслиги сабаб, бизнинг танамизга (эски табиатимизга) Исо келганда ўлишга тўғри келди.
Б. Бизнинг мажбуриятимиз – Руҳда яшаш.
1. 12–13 оятлар. Бизнинг тана олдида эмас, Руҳнинг олдида мажбуриятларимиз мавжуд.
“Шундай қилиб, эй биродарлар, энди биз башарий табиатимизнинг амри билан яшашга мажбур эмасмиз. Ахир, башарий табиат етакчилигида яшасангиз, ўласизлар, аммо Руҳ орқали ўша табиатнинг қилмишларига чек қўйсангиз, яшайсизлар”.
а. “Шундай қилиб, эй биродарлар, энди биз башарий табиатимизнинг амри билан яшашга мажбур эмасмиз”. Бизнинг башарий табиатимиз (такрорлаб ўтаман, сўзнинг тор маъноси – Худога қарши чиқадиган гуноҳий тана) бизга бирор бир яхши нарсани бергани йўқ. Шунинг учун ҳам биз унга манзур келадиган бўлишга ёки уни авайлашга мажбур эмасмиз. Бизнинг Худованд олдида қарздормиз, башарий табиатимиз олдида эмас.
б. “ахир, башарий табиат етакчилигида яшасангиз, ўласизлар”. Павлус доимий равишда, башарий табиат етакчилигидаги ҳаёт ўлим билан якунланишини эслатиб келмоқда. Биз ушбу эслатмаларга муҳтожмиз, чунки кўпинча башарий табиат бизга ҳаёт таклиф қилиши мумкин, деб ўйлаб, ўз ўзимизни алдаймиз.
в. “аммо Руҳ орқали ўша табиатнинг қилмишларига чек қўйсангиз, яшайсизлар”. Биз башарий табиатнинг қилмишларига чек қўйганимизда (яъни гуноҳкорона башарий табиатни Руҳга бўйсунишга мажбур қилганимизда), ушбу ишни “руҳ” орқали амалга оширмоғимиз лозим. Акс ҳолда ўзининг руҳийлиги (диндорлиги) билан фаҳрланадиган фарзийларга айланиб қолиш хавфи бизга раҳна солиб туради.
1) Павлус, биз нафақат Руҳнинг таъсири орқали нажот топганимизни, балки ўсишни ва Худодаги муқаддасликка эришишни истасак, Руҳ етакчилигида ҳаракат қилишимиз кераклигини айтмоқда. Биз, руҳ билан бошлаб, руҳий мукаммалликка эса тана орқали эриша оламиз, деб ўйлаган галатияликларга ўхшамаслигимиз керак (Галатияликлар 3:3).
2. 14-15 оятлар. Руҳ амри билан яшаш – Худо фарзандидек яшаш деганидир.
“Худо Руҳининг етакчилигида яшайдиганларнинг ҳаммаси Худонинг фарзандларидир. Худо бизга Ўз Руҳини берди. Буни яна қул бўлиб, қўрқувда яшашимиз учун эмас, балки Унинг фарзанди бўлиб, Руҳ орқали Худони “Отажон” деб чақиришимиз учун қилди”.
а. “Худонинг фарзандларидир”. Айнан Худонинг фарзандлари “Худо Руҳининг етакчилигида” бўлишлари кераклиги жуда мантиқийдир. Шу билан бир қаторда биз, “Худо Руҳининг етакчилигида” бўлиш – Худо фарзанди бўлишнинг энг биринчи ва ажралмас муҳим шарти, деб ўйлашимиз керак эмас. Аксинча, биз олдин Унинг фарзандларига айланамиз ва шундан кейингина Худованднинг Руҳи бизни етаклашни бошлайди.
1) Павлус: “Жамоатга келадиган барча инсонлар, Худонинг фарзандлари”, деб айтаётгани йўқ. У: “Каломни ўқийдиган ҳар бир инсон Худонинг фарзанди” деб ҳам айтаётгани йўқ. Павлус: “Барча америкалик ватанпарварлар Худонинг фарзандларидир” деб ҳам таъкидлаётгани йўқ. У: “Қутлуғ косадан ичаётган ва нонни танаввул қилаётган ҳар бир инсон Худонинг фарзанди” деб ҳам айтаётгани йўқ. Ушбу матндан келиб чиққан ҳолда, инсоннинг Худонинг фарзандларидан бири эканлигини, ўша инсон “Худо Руҳининг етакчилигида” эканлиги ёки эмаслигидан билиш мумкин.
2) Қай тарзда Муқаддас Руҳ бизни етаклайди?
· У бизларга йўл кўрсатган ҳолда, етаклайди.
· У бизларни Ўзига яқинлаштирган ҳолда, етаклайди.
· Убизларни Ўзининг раҳбарлиги орқали етаклайди.
· У бизларни етаклайди, биз эса Унга бу ишда ёрдам берамиз.
“Бу ерда: “Муқаддас Руҳ Ўзига бўйсундирган ҳар бир инсон” деб айтилаётгани йўқ. Асло, фақат иблис ўзига бўйсундиради; одамми у, чўчқами у фарқи йўқ, иблис уларнинг ичига кириб олиб, уларни шафқатсизларча унинг буйруғига биноан ҳаракат қилишга мажбур қилади. Бутун бошли бир пода боши билан жардан денгизга қулаб тушганини эсланг. Ҳар сафар бирор ниманинг ашаддий мухлиси ва ўз ҳис туйғуларини ҳаддан зиёд ёрқин ифода этадиган инсонни кўрганингизда: у қандай руҳ билан бошқарилмасин, бу Масиҳнинг Руҳи эмаслигига шубҳаланмасангиз ҳам бўлади” (Сперджен)
3) Муқаддас Руҳ бизни қаерга етаклайди?
· У бизларни тавбага етаклайди.
· У бизларни ўзимиз ҳақимизда камроқ ўйлашга ва кўпроқ Исо ҳақида фикр юритишга етаклайди.
· У бизларни ҳақиқатга етаклайди.
· У бизларни севгига етаклайди.
· У бизларни муқаддасликка етаклайди.
· У бизларни фойдали бўлишга етаклайди.
б. “буни яна қул бўлиб, қўрқувда яшашимиз учун эмас, балки Унинг фарзанди бўлиб, Руҳ орқали Худони “Отажон” деб чақиришимиз учун қилди”. Худонинг фарзандидай яшаш, Худованд билан, қонун билан боғлиқ бўлган “қуллик” ва “қўрқувга” ўхшаб эмас, қувончга тўла яқин муносабатларга эга бўлиш деганидир. Худонинг фарзанди шу даражада яқин муносабатларга эгаки, у Худовандга “Отажон” деб мурожаат қила олади.
в. “Руҳ орқали Худони “Отажон” деб чақиришимиз учун қилди”. Биз ўзимиз бундай яқин муносабатларга муносиб эмаслигимизни ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, Исонинг Ота Худованд билан бўлган мана шундай қувончли комилликка тўла муносабатларини тасаввур қилиш биз учун қийин эмас. Қандай бўлишидан қатъий назар шуни ёдда тутингки, биз Масиҳдамиз, шунинг учун ҳам бизга Исо каби Ота Худованд билан алоқада бўлиш шарафи берилган.
1) “Милодий 1- асрдаги Рим маданиятида, асраб олинган ўғил бу асраб олувчи ота томонидан, унга ўз номини ва меросини бериш учун асраб олинган фарзанд бўлган. Асраб олинган ўғил ҳеч бир нарсада ушбу оилада туғилган фарзанддан кам бўлмаган” (Брюс).
2) Рим қонунларига кўра, асраб олинган ўғилнинг ҳаёти ва ўрни бошдан оёқ ўзгарган. Эски оиласи билан боғлиқ бўлган ҳуқуқларини йўқотгна холда, у янги иоланинг аъзосига тегишли барча устуворликларга тўлақонлича эга бўлган. Хусусан унинг олдинги қарзлари йўқ қилинди, деб ҳисобланган; ўтган ҳаётидаги ҳеч бир нарсада уни бошқа айблаб бўлмаган.
3. 16-оят. Биз – Худованд фарзандлари эканлигимизнинг исботи: Муқаддас Руҳнинг гувоҳлиги.
“Худонинг Руҳи бизнинг руҳимизга қўшилиб, биз Худо фарзандлари эканлигимиз ҳақида гувоҳлик бериб туради”.
а. “Худонинг Руҳи бизнинг руҳимизга қўшилиб, биз Худо фарзандлари эканлигимиз ҳақида гувоҳлик бериб туради”. Оддий қилиб айтганда, Павлуснинг сўзларига кўра Худонинг Руҳидан туғилган Худованд фарзандлари ўзларининг ким эканликларини билишади, чунки Муқаддас Руҳ бизнинг руҳимизга бу нарса ҳақиқат эканлиги ҳақида гувоҳлик беради.
1) Муқаддас Руҳнинг гувоҳлигига эга бўлмай туриб, ўзларини Худонинг фарзандлари деб ўйлаб ёки тахмин қилиб адашаётган инсонларни учратмаслигимиз ҳақида сўз юритилмаяпти. Шу билан биргаликда, кўпгина руҳий ҳужумлар натижасида ақллари хиралашиб, улар аслида Худонинг фарзандлари эмасликларига ишонтирадиган душманнинг ёлғонига ишонишни бошлайдиган масиҳийлар ҳам мавжуд. Шунга қарамасдан, Руҳнинг гувоҳлигини ҳеч ким бекор қилгани йўқ.
б. “биз Худо фарзандлари”. Биз, аслида масиҳиймизми, деган саволни берешимиз керак эмас. Худонинг фарзандлари ўзларининг ким эканликларини билишади.
1) Яҳудий қонунларга асосан, ҳар қандай баёнот ўз оғзи билан гувоҳлик бераётган икки ёки учта гувоҳнинг гувоҳлигига асосан қабул қилинган (Қонунлар 17:6). Бизнинг нажотимиз ҳам иккита гувоҳликка эга: бизнинг ўзимизнинг ва Муқаддас Руҳнинг гувоҳлигига.
4. 17-оят. Худованд фарзандларининг маъсулияти ва имтиёзлари.
“Биз Худонинг фарзандлари эканмиз, демак, фарзандлардай Унинг ваъда қилган баракаларига эга бўламиз, Масиҳ билан бирга бу баракаларни баҳам кўрамиз. Биз Масиҳнинг азоб уқубатларига шерик эканмиз, албатта, Унинг улуғворлигига ҳам шерик бўламиз”.
а. “Биз Худонинг фарзандлари эканмиз, демак, фарзандлардай Унинг ваъда қилган баракаларига эга бўламиз”. Биз Масиҳда эканмиз, Исодек Ота билан мулоқотда бўлиш имтиёзига эгамиз. Шундай қилиб биз – “фарзандлардай Унинг ваъда қилган баракаларига эга бўламиз, Масиҳ билан бирга бу баракаларни баҳам кўрамиз”.
1) Худонинг фарзанди яна меросга эга эканлиги билан ҳам ажралиб туради. Луқо 18:18 оятда бой бир обърўли ёш инсон Исодан: “Абадий ҳаётга эга бўлиш учун нима қилишим керак?” деб сўради. Аммо бу савол берган инсон энг муҳим нарсани эътиборсиз қолдирди, чунки мерос биз нима қилишимиздан эмас, бизнинг ким эканлигимизга боғлиқ; меросга эга бўлиш учун оиланинг аъзоси бўлиш керак.
б. “биз Масиҳнинг азоб уқубатларига шерик эканмиз”. Биз Масиҳда эканмиз, У билан биргаликда Унинг азоб уқубатларига шерик бўлишга даъват этилганмиз. Худонинг фарзандлари синовларга ва азобларга қарши иммунитетга эга эмаслар.
в. “биз Масиҳнинг азоб уқубатларига шерик эканмиз, албатта, Унинг улуғворлигига ҳам шерик бўламиз”. Аслида, бизнинг ҳозирги азоб уқубатларга шерик бўлишимиз, бизнинг келажакдаги улуғворликка шерик бўлишимизнинг шартидир. Қанчаки биз ҳеч қандай азоб уқубатларсиз мерос ва улуғворликка эга бўлишни истамасак ҳам, Худованднинг нуқтаи назаридан бу нарса – Худо фарзанди бўлишнинг ўзгармас бир қисмидир.
В. Руҳ амри остидаги ҳаёт азоб уқубатларни тушуниш ва уларни бошдан кечира олиш қобилиятини беради.
1. 18-оят. Павлуснинг бизнинг ҳозирги азобларимиз ва келажакдаги улуғворлигимиз ҳақидаги фикрлари: уларни бир бирига қиёслаб бўлмайди.
“Ишончим комилки, ҳозирги азоб уқубатларимиз бизга зоҳир қилинадиган улуғворлик олдида ҳеч нарса эмас”.
а. “ишончим комилки, ҳозирги азоб уқубатларимиз бизга зоҳир қилинадиган улуғворлик олдида ҳеч нарса эмас”. Павлус, баъзан инсон тўқнаш келадиган азоб уқубатлардан бехабар ёки уларни кўрмайдиган ожиз инсон эмас эди. Унга бугунги кунда яшаётган кўпчилигимиздан кўра кўпроқ нарсаларни бошдан кечиришга тўғри келган. Шунга қарамай Павлус, келажакда бериладиган улуғворлик “ҳозирги азоб уқубатларимиздан” анча юқорироқ эканлигига тўлиқ ишонган.
б. “бизга зоҳир қилинадиган улуғворлик олдида”. Павлус, самовий нарсаларга умид боғламаган масиҳийнинг ҳаётини мазмунсиз ва аянчли ҳаёт деб ҳисоблаган (1-Коринфликлар 15:19). Бироқ, абадийликда бизларни кутаётган нарсаларни эътиборга олган ҳолда қарасак, бу инсон қабул қилиши мумкин бўлган энг яхши ва энг доно танловдир.
в. “бизга зоҳир қилинадиган”. Келажакдаги улуғворлик нафақат биз учун, балки бизнинг ўзимизда ҳам зоҳир бўлади.
1) Худованд ҳозирнинг ўзида имонлиларни Ўзининг улуғворлиги билан тўлдирган. Осмонда ушбу улуғворлик шунчаки бизларда “зоҳир бўлади”. “Улуғворлик шакллантирилмайди, зоҳир бўлади. Яъни ушбу улуғворлик ҳозирданоқ мавжуд, бироқ ҳали зоҳир бўлмаганлиги назарда тутилмоқда”. (Моррис).
2. 19-22 оятлар. Келажакда зоҳир бўладиган ушбу улуғворликни бутун борлиқ кутмоқда.
“Ахир, Худонинг фарзандлари ким эканлигининг аён қилинишини бутун мавжудот интизорлик билан кутяпти. Чунки мавжудот беҳудаликка мубтало бўлган. Бу – мавжудотнинг ихтиёри билан эмас, балки Худонинг ихтиёри билан бўлди. Шундай бўлса-да, мавжудот чириб – битиш қуллигидан озод этилиб, Худонинг фарзандлари билан бирга улуғвор эркинликдан баҳраманд бўлишига умид бор. Ахир, бутун мавжудот гўё тўлғоқ азобида, ҳозирга қадар оҳ – нола қилаётганини биламиз”.
а. “Ахир…бутун мавжудот интизорлик билан кутяпти”. Павлус бутун борлиқ интизорлик билан “Худонинг фарзандлари ким эканлигининг аён қилинишини” кутаётганини айтмоқда. Чунки бутун борлиқ инсоннинг гуноҳи сабаб “беҳудаликка мубтало бўлган” ва инсониятнинг энг якуний нажотидан борлиқ ҳам фойда топади.
1) Ишаё 11:6-9 оятлардаги парчада, ўша куни борлиқни кутаётган нажотнинг тасвирини кўришимиз мумкин: “Шунда бўри қўзи билан яшар, сиртлон билан улоқча бирга ётар, бузоқ, шер, бўрдоқи биргадир, ёш бола уларни етаклаб юрар. Сигир билан айиқ бирга ўтлайди, болалари ҳам бирга ётади. Шер хўкизга ўхшаб сомон ейди. Гўдак қора илон уяси устида ўйнар, ёш бола қўлини илон инига суқар. Муқаддас тоғимнинг гир атрофида улар зарар келтирмас ё чақмас. Ҳа, сувлар тўлдирганидай денгизни, ер юзи тўлиқ билиб олади Эгамизни”.
б. “Худонинг ихтиёри билан бўлди… шундай бўлса-да…умид бор”. Фақат Худовандгина мавжудотни беҳудаликка мубтало қилган ҳолда, умид бера олади. На инсон, на иблис бундай ишни қила олган.
в. “Худонинг фарзандлари билан бирга улуғвор эркинликдан”. Ушбу имтиёзлар фақатгина Худонинг фарзандларигагина мўлжалланган эмас; бу имтиёзлар бутун мавжудотга ўз таъсирини ўтказади. Ҳозирча эса, ўша кун келгунга қадар, “бутун мавжудот гўё тўлғоқ азобида, оҳ – нола қилаётганини биламиз”.
г. “Худонинг фарзандлари ким эканлигининг аён қилинишини”. Ўзларини “супер масиҳийлар” деб ҳисоблайдиган баъзи бир гуруҳлар, бутун мавжудот айнан уларнинг “суперруҳий” гуруҳларига тегишли бўлган ақл бовар қилмас кучнинг очилишини кутаётганлигини эътироф этган ҳолда, “Худонинг фарзандлари ким эканлиги” ҳақидаги фикрни ишлатишади. Бу шунчаки худбин хаёллардир.
3. 23-25 оятлар. Бизлар ҳам оҳу нола чекиб, келажакдаги улуғворликни сабр тоқат ила кутмоқдамиз.
“Нафақат мавжудот, балки биз ўзимиз – Худонинг Руҳи билан яшаш қандай эканлигини татиб кўрганлар ҳам – ич – ичимиздан оҳ – нола қиляпмиз. Худонинг фарзандлари қилиб асраб олинганимизнинг тўлиқ рўёбга чиқишини ҳамда ўладиган баданимизнинг чириб – битишдан озод бўлишини интизорлик билан кутяпмиз.Умидимизнинг рўёбга чиқишини кутиб, нажот топганмиз. Кўзга кўриниб турган нарса умид эмас. Ахир, ким кўриб турган нарсани умид қилади?!Агарда биз кўрмаганимизни умид қилаётган бўлсак, буни сабр билан кутсак бўлади”.
а. “Худонинг Руҳи билан яшаш қандай эканлигини татиб кўрганлар”. Бу жумла биз ҳозирнинг ўзидаёқ келажакда зоҳир бўладиган улуғворликни татиб кўрганлигимизни англатади. “Худонинг Руҳи билан яшаш қандай эканлигини татиб кўргандан” кейин, энди тўлақонликни истаётган хоҳишимизни айб деб бўлармикан?
б. “Худонинг фарзандлари қилиб асраб олинганимизнинг тўлиқ рўёбга чиқишини… интизорлик билан кутяпмиз”. Биз “тўлиқ Худо фарзанди” бўлишимизни кутмоқдамиз. Маълум бир маънода биз Худо фарзандлари бўлиб бўлганмиз (Римликлар 8:15), аммо бошқа томондан, “ўладиган баданимизнинг чириб – битишдан озод бўлишида” мужассамлашган якуний Худо фарзандлари бўлишликни кутмоқдамиз.
1) Худованд Ўзининг нажот режасида бизнинг баданларимизга ҳам алоҳида эътибор қаратган. Худованд режасининг бир қисми баданимизнинг тирилишидир, “чунки бизнинг ўладиган танамиз ўлмайдиган танага, фоний танамиз мангу танага айланиши керак” (1 Коринфликларга 15:53).
в. “буни сабр билан кутсак бўлади”. Нажотимизнинг якуни ҳали келажакда содир бўлади, аммо биз бу нарсани, сабр тоқатликдаумид ва имон билан, У томонидан ваъда қилинган улуғворлик бир кун келиб биз учун ҳақиқатдан ҳам амалга ошиши ҳақида Худованд берган ваъдаларига содиқ эканлигига суянган ҳолда, кутмоқдамиз.
1) Мана Моррис “сабр билан” деган жумла ҳақида нима деган: “”Бу, жанг қизғинида, курашнинг қанчалик қийин бўлишига қарамай, қаттиқ курашаётган аскар ҳис этаётган нарсадир”.
4. 26-27 оятлар Бугун биз Муқаддас Руҳ орқали Худодан ёрдам қабул қила оламиз.
“Бунинг устига, ожизлигимизда Руҳ бизга мадад беради. Чунки биз қандай ибодат қилишни билмаймиз, аммо Руҳнинг Ўзи ифода қилиб бўлмас оҳ – нолалар билан биз учун Худо олдида шафоат қилади. Инсонларнинг юрагини синовчи Худо Руҳнинг фикри нимада эканлигини билади, чунки Руҳ Худонинг иродасига кўра, Унинг азизлари учун шафоат қилади”.
а. “Бунинг устига, ожизлигимизда Руҳ бизга мадад беради”. Биз заифлашганимизда ва қандай ибодат қилиш кераклигини билмай қолганимизда, Худованднинг Ўзи (Муқаддас Руҳ орқали) биз учун шафоат қилган ҳолда, бизларга ёрдам беради.
б. “ифода қилиб бўлмас оҳ нолалар билан”. Муқаддас Руҳнинг ёрдами номаълум руҳий тил инъомлари ишлатилган ибодатда маълум бўлиши мумкин (1 Коринфликлар 14:2, 14-15), бироқ, айнан мана шу номаълум руҳий тиллардаги ибодат билан чегараланиб қолмайди.
1) Бу ерда биз сўз билан ифодалай олмайдиган мулоқот ҳақида сўз юритилмоқда. Бизнинг ичимизда туғиладиган чуқур “оҳу – нолалар” ни Муқаддас Руҳнинг шафоатисиз овоз чиқариб айтиб бўлмайди.
2) Албатта номаълум тиллар инъомининг мақсади айнан шундан – бизнинг билимларимиз билан ёки юрагимизнинг тубида ётган нарсаларнигина айтиб бера олиш қобилияти билан чекланмаган ҳолда Худо билан мулоқотда бўлиш қобилиятини беришдан иборат. Бу инъомнинг мақсади бизнинг “Муқаддас Руҳга тўлган” эканлигимизни кўрсатиш ёки бизнинг махсус бир руҳий инсон эканлигимизни тасдиқлаш эмас.
в. “Худонинг иродасига кўра”. Биз учун шафоат қилган ҳолда, Муқаддас Руҳ бизларга тўлиқ ёрдамни кўрсатади, чунки У кимга ёрдам бераётган бўлса, ўша инсонларнинг “юракларини синайди” ва бизларни “Худо иродасига кўра” ибодатга етаклаб бориши мумкин.
5. 28-30 оятлар Худонинг ёрдами бу – ўзгармас ваъдадир. У ҳаммасини яхшиликка айлантириб, бизларни улуғворликка олиб келишга қодир.
“Биз биламизки, Худони яхши кўрганларга ҳамма нарса яхшиликка хизмат қилади, чунки Худо уларни Ўзининг мақсадига кўра, даъват этган. Худо уларни азалдан танлаб олган эди ва “Менинг Ўғлимга ўхшаган бўлсинлар”, деб олдиндан белгилаб қўйган эди, токи Ўғил кўп биродарлар орасида тўнғич бўлсин. Худо олдиндан бўлгилаб қўйганларни даъват этди, даъват этганларни оқлади, оқлаганларни Ўзининг улуғворлигидан баҳраманд қилди”.
а. “биз биламизки…ҳамма нарса яхшиликка хизмат қилади”. Худо – Монарх; У ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасини тартибга келтиришга қодир ва бу нарса “Худони яхши кўрганларга ҳамма нарса яхшиликка хизмат қилади” деган далилда яққол кўриниб турибди. Албатта, биз “ҳозирги азоб уқубатлар” билан тўқнашишимиз мумкин (Римликлар 8:18), бироқ, Худованд ҳаттоки шу азоб уқубатларни ҳам бизга яхшиликка хизмат қиладиган қилиш қудратига эга.
б. “ҳамма”. Худованд “ниманидир” эмас, ҳамма нарсани амалга ошира олади. Бу Муқаддас Каломдаги севги тушунчаси доирасида “Худовандни севганларга” берилган ваъдадир; Худованд бизнинг қийинчиликларимизга аралашиб, уларни ҳал қилади, чунки биз “Унинг мақсадига кўра даъват этилганлармиз”.
в. “Худо уларни азалдан танлаб олган эди ва “Менинг Ўғлимга ўхшаган бўлсинлар”, деб олдиндан белгилаб қўйган эди”. Худованд ишларининг абадий занжирини, бир бири билан ўзаро боғлиқ бўлган “танлаб олган”, “белгилаб қўйган”, “даъват этди”, “оқлади”, “улуғворлигидан баҳраманд қилди” деган феълларда кўриш мумкин. Худованд римликларда Ўз ишини, уларни ҳозирги қийинчиликлар орасида тақдирнинг қўлига топшириб қўйиш учун бошлагани йўқ.
1) “Павлус, Худованд бошидан охиригача нажотимизнинг муаллифи эканлигини айтмоқда. Биз, Худованд Ўз ишини, биз Унга олийжаноблик билан ижозат берганимиздан кейингина бошлайди, деб ўйлашимиз керак эмас” (Моррис).
2) “Албатта, мен Худованд нажот учун танлаб олишига ишонаман, Калом менга бу ҳақида аниқ ва ойдин гапирмоқда. Ҳаттоки маълум бир аниқ сўзлар ишлатилмаётган бўлсада, берилаётган таълимот тушунарли. Бу ҳайратланарли ҳақиқат; ва бу ҳақиқат мени умуман ранжитмайди. Худованд мени танлаганлиги ва менинг устимда Ўз ишини бошлаганлиги ҳақидаги ҳақиқат, У бошлаган ишини охирига етказишини исботлайди. У мени бир четга кераксиз буюмдай ташлаш учун бу дақиқаларга етаклаб келмаган бўлар эди” (Смит).
г. “Менинг Ўғлимга ўхшаган бўлсинлар”. Нима бўлишига қарамай, Павлус томонидан тасвирланган мақсадда, Худованднниг абадий режасида бўлган бизнинг муҳим иштирокимиз акс этган. У бизларни “Унинг Ўғлига ўхшаш бўлишимизни” истайди. Ва бу жараёнда биз ҳам иштирок этамиз; У шунчаки бизлар билан ёки бизлардан бирор нарса қилмайди.
д. “токи Ўғил кўп биродарлар орасида тўнғич бўлсин”. Мана Худованд режаси пайдо бўлганлигининг сабаби.Биз Исо Масиҳга ўхшаш бўлишимиз, Унинг мукаммал инсонийлигида У сингари бўлишимиз учун, Худованд бизларни Ўз оиласига қабул қилиб олган ҳолда, фарзанд қилиб олди (Римликлар 8:15).
Г. Руҳдаги ҳаётнинг зафарли ғалабаси.
1. 31-оят. Ушбу парчани якунлаган ҳолда, Павлус қуйидагича хулосага келмоқда: “Худо биз томонда экан, ҳеч ким бизга қарши тура олмайди”.
“Энди бунга нима деймиз? Худо биз томонда экан, ҳеч ким бизга қарши тура олмайди”.
а. “Худо биз томонда экан, ҳеч ким бизга қарши тура олмайди”. Агарда бизнинг ихтиёримизда Римликларга ёзилган мактубнинг фақатгина бошланғич боблари бўлганида эди, эҳтимол кмидир Худонинг бизга қарши эканлигига ишонган бўлар эди. Энди эса Павлус, Худованд Ўз қаҳридан инсонни қутқариш ва унга ўлим ҳамда гуноҳ устидан ғалаба қозониши учун барча керакли нарсаларни берганлигини тасвирлаб берганидан кейин, ким Худованднинг “биз томонда” эканлигига шубҳа қила олади?
1) “Бизнинг заиф, имонсизлик ва қонунийликка берилишга мойил қалбларимиз, “Худо биз томонда” деган ушбу сўзларни қийинчилик билан қабул қилади… Улар Худовандга панд берганлар, аммо У барибир улар “томонда”. Улар нодондирлар, бироқ, У улар “томонда”. Улар ҳали ҳам қандайдир бир маълум ҳосил келтирганлари йўқ; шунга қарамай У барибир улар “томонда” (Ньюэлл)”.
2) Деярли барча одамлар Худо улар билан бирга деб таъкидлашади ёки шундай ўйлашади; ҳаттоки террорчилар Худо “биз томонда” деб, даҳшатли жиноятларни амалга оширишади. Қандай бўлмасин, Муқаддас Руҳ ушбу эътирофни “агар” деган сўз билан тўлдирмоқда, токи биз қуйидаги нарсани билиб олайлик: инсон Худо мен томонда деб ҳисоблагани билан, бу нарса ҳақиқатга айланиб қолмайди. Агар биз Исо Масиҳ орқали Худованд билан ярашган бўлсакгина, У “биз томонда” бўлади.
б. “ҳеч ким бизга қарши тура олмайди”. Худди шундай қилиб, масиҳийлар қандай азоб уқубатларга дучор бўлишидан қатъий назар, агар Худо улар учун бўлса, бошқа биров қарши бўлишининг нима аҳамияти бор? Бир инсон ва Худо енгилмас кўпчиликни ташкил қилади.
1) Албатта, аслида бундай бўлмасада, биз ўзимизни “Худо биз томонда” деб ишонтириб, алданиб қолишимиз мумкин (худди секта издошлари ва шунга ўхшаш одамлар сингари). Аммо Худованд Исо Масиҳда бўлганларнинг “томонида” эканлигини радэтиб бўлмайди!
2. 32–оят. Худованд биз томонда эканлигининг далили – Исо Масиҳнинг инъомидир.
“Худо Ўз Ўғлини аямай, ҳаммамиз учун фидо қилган бўлса, Унга қўшиб, қолган ҳамма нарсани ҳам бизга ато қилмасмикан?!”.
а. “Ўз Ўғлини аямай”. Агар Худованд бизларга Ўзининг энг буюк инъомини берган экан, қандай қилиб биз, У камроғини бермайди, дейишимиз мумкин?
3. 33–39 оятлар. Имонлининг Худо севгисидаги хавфсизлиги.
“Худонинг танлаганларини ким айблай оларди?! Худонинг Ўзи уларни оқлайди-ку! Бизни ким маҳкум қилар экан?! Ахир, ўлиб, тирилган, Худонинг ўнг томонида ўтирган Исо Масиҳнинг Ўзи биз учун шафоат қилмоқда-ку! Ким бизни Масиҳнинг меҳр – муҳаббатидан ажрата олади? Азоб-уқубатми, истиробми, қувғинми, очликми, яланғочликми, хавф-хатарми ёки қиличми? Муқаддас битикларда ёзилган-ку: “Сен туфайли ҳар куни ўлимга дуч келамиз, бўғизланадиган қўйдай бўлиб қолганмиз”. Ахир, бизни яхши кўрадиган Масиҳ орқали ҳамма қийинчиликлар устидан бутунлай ғалаба қозонамиз. Мен аминманки, ўлим ҳам, ҳаёт ҳам, фаришталару жинлар ҳам, ҳеч қандай ғайритабиий кучлар ҳам, ҳозиргию келгуси ҳодисалар ҳам, баландликлару чуқурликлар ҳам, яратилган бирорта мавжудот ҳам бизни Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худонинг меҳр-мухаббатидан жудо қилишга қодир эмас”.
а. “Худонинг танлаганларини ким айблай оларди?!”. Биз, бизга қаратилган ҳар қандай айбловлардан ҳимояланганмиз. Энг Олий Ҳукмдор бизни айбсиз, деб эълон қилган экан, ким бизларни айблай олар экан?
б. “ким айблай оларди?!. Биз ҳар қандай айбловлардан ҳимояланганмиз. Агар Исо – бизнинг манфаатларимизни қўллаб қувватлайдиган ҳимоячимиз экан, ким бизларни айблай олар экан?
в. “бизни яхши кўрадиган Масиҳ орқали ҳамма қийинчиликлар устидан бутунлай ғалаба қозонамиз”. Бизнинг вазиятларимиз қандай бўлмасин, ҳеч қайси ҳозирги азоб – уқубатлар, бизин Худонинг севгисидан ажратишга қодир эмас. Биз ҳаммасини енга оламиз.
1) Мана Эрл “яланғочликми” деган сўз ҳақида нима деган: “Ушбу атама замонавий тушунчада одобсизликнинг намоён бўлишини англатади. Ўтган замонда эса, инсонларнинг ўзига кийим сотиб олишга қурби бўлмагани учун, бу атама кийим етишмовчилигини англатган”.
2) “Қилич”. Бу ерда қатл назарда тутилмоқда. Бу Павлус руйхатидаги, у ўша пайтда ҳали шахсан ўзи бошидан кечирмаган ягона нарса (1 Коринфликлар 4:11, 15:30).
г. “ҳамма қийинчиликлар устидан бутунлай ғалаба қозонамиз”. Қандай қилиб масиҳий ҳаммасини енга олиши мумкин?
· У бошқа барча кучлардан юқори бўлган Масиҳнинг кучида енга олади.
· У Исо шуҳрати учун енгиб ўтади – бу қолган барча сабаблардан юқори сабабдир.
· У ҳаттоки жанг жараёнида ҳам ҳеч нарсани бой бермаган ва буюк ғалабани қўлга киритган тарзда, енга олади.
· У буюк севги билан, ўша севги орқали душманлари устидан ғалаба қозонган ҳолда ва сабр тоқат билан уни қувғин қилганларни имонга қаратган тарзда енга олади.
д. “яратилган бирорта мавжудот ҳам бизни Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худонинг меҳр – мухаббатидан жудо қилишга қодир эмас”. Бизга яхши ёки ёмон бўлиб туюлган ҳеч бир нарса бизни “Худонинг меҳр – мухаббатидан жудо қилишга қодир эмас”.
©1996–present The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – ewm@enduringword.com