Римликлар, 7 боб.
Қонун заифлигининг ошкор бўлиши.
А. Қонун учун ўлик бўлганлар.
1. 1-3 оятлар. Қонун фақат тириклар устидан ҳукмронлика эга.
“Эй биродарлар, ахир, сизлар биласизларку (мен қонунни биладиганларга айтяпман) қонун фақат тирик инсоннинг устидан ҳукмронлик қилади. Масалан, эрли хотиннинг эри тирик экан, қонун бўйича у эрига боғлиқ. Аммо эри ўлса, у никоҳдан озод бўлади. Шунинг учун ҳали эри тирик бўлган хотин бошқа эрга тегса, у зинокор деб ҳисобланади. Аммо эри ўлса, хотин ўша қонундан озод бўлади ва бошқа эрга тегса ҳам, зино қилган ҳисобланмайди”.
а. “қонун…ҳукмронлик қилади”. Римликлар 6:14 оятда Павлус бизларга, биз бошқа “қонуннинг эмас, иноятнинг остида” эканлигимизни айтиб ўтган эди. Римликлар 6:15-23 оятдаги парчада эса, Павлус ушбу ҳақиқатнинг амалда қўлланилиши ҳақида фикр юритган эди. Энди эса Павлус, биз бошқа қонун остида эмаслигимиз ҳақидаги ҳақиқатнинг аҳамияти тўғрисида янада чуқурроқ тушунтириб ўтмоқда.
б. “қонун инсоннинг устидан ҳукмронлик қилади”. Қадимги юнон тилидаги ушбу мант парчасида, аниқ бир қонунга оид кўрсатмалар йўқ, демак Павлус ушбу оятларда фақатгина Мусонинг қонуни ҳақида эмас, умумий тамойиллар ҳақида сўз юритмоқда. Инсон устидан ҳукмронлик қиладиган қонун, Мусонинг қонунини ҳам ўз ичига олади, бироқ, борлиқ ва бизнинг виждонимиз дарак берадиган умумий қонун тамойили ҳам мавжуд, бу қонун ҳам инсон устидан ҳукмронлик қилади.
в. “қонун фақат тирик инсоннинг устидан ҳукмронлик қилади”. Павлус, инсоннинг ўлими, унинг барча мажбуриятлари ва шартномаларини бекор қилиши ҳақидаги далилни таъкидламоқда. Эри ўлган вақтдан бошлаб, хотин бошқа эри билан боғлиқ бўлмайди, чунки эрининг ўлими уларнинг келишувига нуқта қўяди. “Аммо эри ўлса, у никоҳдан озод бўлади”.
2. 4-оят. Исо билан бирга ўлишлик бизни қонундан озод этади.
“Шунга ўхшаб, сизлар ҳам, эй биродарларим, Масиҳнинг ўлими орқали қонун учун ўлгансизлар. Энди қонундан озодсизлар, ўзингизни Бошқасига, яъни ўликдан тирилган Масиҳга бағишлай оласизлар. Бунинг натижасида эса биз Худонинг йўлида самарали ишлар қила оламиз”.
а. “Шунга ўхшаб, сизлар ҳам, эй биродарларим, Масиҳнинг ўлими орқали қонун учун ўлгансизлар”. Римликлар 6:3-8 оятларда Павлус, ваҳоланки у шунчаки биз гуноҳ учун ўлик эканлигимизни эслатиб ўтган бўлсада, янада тўлиқроқ бизнинг Исо билан бирга ўлганлигимизни ва У билан биргаликда тирилганимизни тушунтириб ўтди. Энди эса у биз қонун учун ҳам ўлик эканлигимизни тушунтириб ўтмоқда.
1) Кимдир шундай деб ўйлаши мумкин: “Ҳа, биз иноят орқали қутқарилган эдик, аммо Худога мақбул бўлмоқчи бўлсак, қонун бўйича яшашимиз керак”. Бу ерда Павлус аниқ ва тиниқ, имонлилар ҳаётнинг тамойиллари ёки бизнинг Худованд олдидаги ҳақлимизга тегишли бўлган “қонун учун ўлик” эканликларини тушунтириб ўтмоқда.
2) “Имонлиларнинг қонун билан боғлиқ ҳеч қандай амаллари йўқ. Улар учун қонун нажотга эришиш йўлларидан бири бўла олмайди. Улар бошқа дин вакилларига ўхшаб, Худо билан муносабатни яхшилаш учун, қонунни амалга оширишга ҳаракт қилишмайди” (Моррис).
б. “ўзингизни Бошқасига”. Қандай бўлмасин, биз ўзимиз учун яшашимиз туфайли қонундан озод бўлганимиз йўқ. Биз ўзимизни “Масиҳга бағишлай олишимиз” ва “Худонинг йўлида самарали ишлар қила олишимиз” учун эркинликка эга бўлдик.
3. 5-оят. Қонуннинг муаммоси.
“Зеро, биз башарий табиатимиз амри билан яшаган пайтимизда, қонун бизнинг аъзойи баданимизда гуноҳкор эҳтиросларни қўзғатарди. Уларнинг самараси эса ўлимдир”.
а. “Зеро, биз башарий табиатимиз амри билан яшаган пайтимизда”. Қонун остида яшаб юрган пайтларимиз, биз Худовандга ҳосил келтирмаганмиз. Аксинча, самараси ўлим бўлган ишларни қилганмиз, чунки қонун бизнинг аъзойи баданимизда гуноҳкор эҳтиросларни қўзғатган.
б. “уларнинг самараси эса ўлимдир”. Павлус қонуннинг ушбу муаммоси ҳақида янада тўлиқроқ Римликлар 7:7-14 оятларда тўхтаб ўтади. Бу ерда эса у таъкидлаётган баёнотнинг моҳияти аниқ кўриниб турибди: биз фақатгина қонундан озод бўлган ҳолда, Худога тўлиқ ҳосил келтира олиш имкониятига эга бўламиз.
4. 6-оят. Қонундан озод бўлиш.
“Энди эса бизни асир қилган қонун учун ўлдик ва ундан озод бўлдик. Шундай қилиб, биз эскичасига, яъни ёзилган қонун етакчилигида эмас, балки янгичасига, яъни Муқаддас Руҳ етакчилигида Худога хизмат қиламиз”.
а. “энди эса…ундан озод бўлдик”. Бу ерда Павлус Римликлар 7:1-5 оятлардаги парчанинг моҳиятини (ёки маъносини) умумийлаштиромоқда. Биз Исо билан биргаликда хочда ўлганимиз боис, энди қонун учун ўликмиз ва унинг оқланиш ҳамда муқаддасланишга оид бўлган тамойилларининг бизнинг устимиздан эга бўлган ҳокимлигидан озод бўлдик.
1) Қонун бизларни оқлай олмайди, Худованд олдида тўғри одам ҳам қила олайди. Қонун бизларни муқаддаслаштира олмайди, Худо билан бўлган муносабатнинг чуқур тубига етиб боришга ва Унинг нигоҳида муқаддас инсон бўлишга эришишга ҳам ёрдам бера олмайди.
б. “Муқаддас Руҳ етакчилигида Худога хизмат қиламиз”. Озодлик бизларга, биз Худога бўлган хизматимизда тўхтаб қолишимиз учун берилмаган, аксинча, Унга янада яхшироқ, “ёзилган қонун етакчилигида эмас, балки янгичасига, яъни Муқаддас Руҳ етакчилигида Худога хизмат қилишимиз” учун берилган.
1) Янгичасига, яъни Муқаддас Руҳ етакчилигида Худога қай даражада яхши хизмат қилмоқдасиз? Буни айтишга уяламан-у, аммо қонунга ёки гуноҳга хизмат қиладиган баъзи инсонлар, Худога “Муқаддас Руҳ етакчилигида” хизмат қилишлари керак бўлган инсонлардан кўра, кўпроқ фидоийликни кўрсатадилар.
Б. Бизнинг Худованднинг мукаммал қонуни билан боғлиқ муаммомиз.
1. 7-оят а. Павлус: “Қонун гуноҳнинг манбаъими” деб сўрамоқда.
“Хўш, унда нима деймиз? Қонун гуноҳнинг манбаъими?”.
а. “қонун гуноҳнинг манбаъими?”. Агар Павлуснинг фикрларини кузатадиган бўлсак, инсон қандай қилиб бундай хулосага келиши мумкинлигини тушунсак бўлади. Павлус, агар биз Худога ҳосил келтиришни истасак, қонун учун ўлишимиз кераклигини таъкидлаб ўтмоқда. Кимдир: “Бу қонунда қандайдир гап бор” деган хулосага ҳам келиши мумкин.
2. 7-оят б. Йўқ, қонун эзгудир, чунки у гуноҳимизни кўрсатиб беради.
“Йўқ, асло! Аммо қонун бўлмаганда эди, мен гуноҳ нима эканлигини билмаган бўлар эдим. Масалан, қонун “бошқаларнинг мулкига кўз олайтирма” деб буюрмаганда эди, мен бунинг гуноҳ эканлигини билмаган бўлардим”.
а. “аммо қонун бўлмаганда эди, мен гуноҳ нима эканлигини билмаган бўлар эдим”. Қонун рентген аппаратига ўхшайди: у ичингизда яширин бўлган нарсани кўрсатади. Сиз аппаратни ичингиздагини кўрсатаётгани учун айбламайсиз- ку ахир.
б. “қонун “бошқаларнинг мулкига кўз олайтирма” деб буюрмаганда эди, мен бунинг гуноҳ эканлигини билмаган бўлардим”. Биз тезликни ошираётганимизни билишимиз учун қонун “тезликнинг чегарасини” ўрнатади. Кўпчилик ҳолатларда, қонун буни кўрсатиб бермаганида, биз гуноҳ қилаётганлигимизни ҳам англаб етмаган бўлардик.
3. 8–оят. Гуноҳ амрни (қонунни) бузади.
“Аммо гуноҳ бу амрдан фойдаланиб, менинг юрагимда ҳар хил нафсу ҳасадни қўзғатди. Қонун бўлмаган жойда гуноҳ ўликдир”.
а. “Аммо гуноҳ бу амрдан фойдаланиб”. Павлус, қандай қилиб бизнинг гуноҳкор, қўзғолончи юрагимиз, “бу ишни қилма” деган огоҳлантиришни, ўша ишни қилишга бўлган даъватга айлантирадиган жараёнини тасвирлаб беомоқда. Бу бизнинг шахсий айбимиз; амр айбдор эмас.
1) Қадимги замоннинг энг буюк илоҳиётчиси Августин, ўзининг “Тавба” деб аталган китобида, унинг ҳаётида, ўсмирлик чоғида, қандай қилиб ҳаракатга келтирувчи куч ўз таъсири ўтказганлиги ҳақида сўзлаб берган: “Узумзоримиз яқинида, мевадан тўлиб тошган нок дарахти ўсар эди. Бўронли кечаларнинг бирида бизлар – ёш безорилар – дарахтни силкитиб, ўлжамизни ўзимиз билан олиб кетиш учун у ерга бордик. Бир қоп нок териб, таъқиқланган ушбу мевалардан еб тўйиб бўлганимиздан кейин, қолган нокларни чўчқаларга отаришни бошладик. Дарахтнинг мевалари ғирт пишган эди, аммо менинг ҳеч нарсага разимайдиган бу жоним айнан нокни истагани йўқ эди, чунки уйимизнинг олдида ҳам нок дарахти кўп эди. Мен ўғри бўлиш учунгина уларни теришга бордим. Мен истаган ягона байрам, қонунбузарлик ва гуноҳ байрами эди, айнан ушбу байрамдан мен етарлича лаззатландим. Ушбу ўғирликда мени нима ўзига шу даражада жалб этган бўлиши мумкин? Эҳтимол қонунбузарликдан олинадиган лаззатдир? Ўғирлик қилиш таъқиқлангани учун ҳам менда ўғирлик қилиш истаги пайдо бўлгандир?”.
2) Америка тарихидан биламизки “ичкиликн таъқиқлайдиган қонун” ичкиликбозликни тўхтата олгани йўқ. Аксинча, айнан биздаги амру фармонлар орқали ўрнатилган чегараларни бузиш истаги, ичкиликбозликни инсонлар учун янада жозибадор қилиб қўйди.
3) Худованд қандайдир чегараларни ўрнатган заҳоти, бизда уларни бузиш истаги пайдо бўлади. Бундай бўлишига на Худованд, на У ўрнатган чегаралар айбдор, бунга бизнинг бузуқ, гуноҳкор юрагимиз сабабчидир.
б. “гуноҳ бу амрдан фойдаланиб”. Қоуннинг заиф томони унинг ўзи эмас, биз. Бизнинг юракларимиз шу даражада бузуқ-ки, исталган “хоҳишимз” учун биз яхши бир нарсага – масалан Худонинг қонунига суяниб, ўша хоҳишни амалга ошириш учун “сабаб” топа оламиз, яъни Худонинг амрларидан фойдаланамиз.
1) ““Фойдаланиб” деб таржима қилинган сўз, оригинал тилда – ҳарбийча атама бўлиб, “оператсиялар базаси” ёки “”саҳналаштириш майдони” деган маъноларни англатади. Тақиқ гуноҳ учун у дарҳол ишни бошлашга тайёр бўлган жуда ажойиб майдон бўлиб хизмат қилади”. (Харрисон)
2) Флоридадаги, меҳмонлар ўз балконларидан туриб балиқ овлашлари мумкинлигидан хавотирга тушган қирғоқ меҳмонхона раҳбариятларидан бири, барча теварак атрофда “Балкондан туриб балиқ овламанг” деган ёзувларни ўрнатиб чиқишган. Ушбу раҳбариятга ҳар доим фақат битта муаммони ҳал қилишга тўғри келиб қолган: одамлар огоҳлантиришга қарамай қатъиян балкондан туриб балиқ овлашда давом эттиришган, уларнинг арқонлари панжараларга илиниб чигаллашиб қолган, ўлжалари билан эса деразаларни синдиришган; балиқ овловчилар устидан улардан бир қават пастда яшовчи қўшнилари томонидан доимий шикоятлар тушиб турган. Ва ниҳоят ушбу муаммонинг ечими топилган: раҳбарият ўрнатилган барча огоҳлантиришларни олиб ташлашган ва шундан сўнг ҳеч кимнинг хаёлига балкондан туриб балиқ овлаш фикри бошқа келмаган. Худди шу сингари бизнинг гуноҳий табиатимиз туфайли қонун гуёки гуноҳ қилишга бўлган таклифдек ишлаши мумкин.
в. “қонун бўлмаган жойда гуноҳ ўликдир”. Мана гуноҳнинг ҳалокатли кучи, унинг ёвуз табиати қай даражада буюкдир: у эзгу ва муқаддас бўлган бир нарсани (масалан қонунни) олиб, гуноҳни тарғиб қилувчи воситага айлантириши мумкин. Гуноҳ севгини эҳтиросга, оилани таъминлашга бўлган самимий ва тоза ҳаракатни – очкўзликка айлантиради, қонун эса гўё гуноҳни қўзғатувчи бўлиб қолмақда.
4. 9-оят. Павлуснинг, у қонунни билишидан олдин бўлган айбсизлиги.
“Бир вақтлар мен қонунни билмай яшардим. Аммо амр бор эканлигини билганимдан кейин, гуноҳ тирилди”.
а. “Бир вақтлар мен қонунни билмай яшардим”. Болалар, қонун нима талаб қилишларини билмагунча ёки англаб етмагунча айбсиз ҳисобланишлари мумкин. Павлус “бир вақтлар мен қонунни билмай яшардим” деб Павлус айнан мана шу фикрни назарда тутмоқда.
1) “У, Янги Аҳднинг муаллифлари тез тез эслатиб турадиган ҳаёт тарзидек яшамаган. У қонун билан қарама қаршиликда бўлиш оқибатида ҳеч қачон ўлмаган деган маънода тирик бўлган” (Моррис).
2) “Ўзининг барча гуноҳлари ва қонунбузрликлари орасида ў ўзини буткул қулай ҳис этган. Ўлимнинг нафаси уни ўлдирмаган деган маънодагина тирк бўлган. Ўз нодонлигида хотиржам бўлган бу инсон, вулқон устида яшаб туриб, ҳаммаси жойида деб ҳисоблаб юрган одамдек бўлган” (Ленски).
б. “аммо амр бор эканлигини билганимдан кейин, гуноҳ тирилди”. Биз қонун билан танишганимизда, у бизларга айбларимизни кўрсатади, натижада янада кўпроқ гуноҳ ва ўлимни олиб келадиган норозиликка бизларни мажбур қилади.
5. 10-12 оятлар. Гуноҳ қонунни бузади, оқибатда қонун ўз мақсадидан (ҳаёт бериш мақсадидан) маҳрум бўлади; гуноҳ орқали бузилган қонун ўлим олиб келади.
“Мен эса ўлдим. Амр ҳаёт келтириши керак эди, аммо менинг ўлимимга сабабчи бўлди. Чунки гуноҳ амрдан фойдаланиб, мени алдади ва амр орқали мени ўлдирди. Аммо қонун барибир муқаддасдир, унинг ҳар бир амри муқаддас, одил ва яхшидир”.
а. “амр ҳаёт келтириши керак эди, аммо менинг ўлимимга сабабчи бўлди”. Гуноҳ алдамчи йўллар билан иш тутади. У:
· сизларни қондираман деб ваъда бериб
· бизларга тўғри келадиган баҳоналарни ўйлаб топиб
· жазодан қутулиш имкониятини ваъда бериб, бизларни алдайди.
б. “чунки гуноҳ…мени алдади”. Бизларни қонун эмас, қонунни қўзғолон учун сабаб қилиб ишлатадиган гуноҳ бизларни алдайди. Шунинг учун ҳам мана Исо нима деган: “Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади” (Юҳанно 8:32). Ҳақиқат бизларни гуноҳнинг ёлғонидан халос қилади.
в. “ва амр орқали мени ўлдирди” . Агар гуноҳнинг ортидан эргашадиган бўлсак, у бизларни ҳаётга эмас, ўлимга олиб келади. Иблиснинг энг буюк ёлғонларидан бири шундан иборатки, у бизларни гуноҳ бу езгу нарса, ёмон Худо эса бизларни бу нарсалардан маҳрум қилмоқчи деган фикрларга мойил қилишга интилади. Гуноҳдан огоҳлантирган ҳолда, Худованд бизларни албатта ўлдирадиган нарсалардан қутқариб қолишни истайди.
г. “аммо қонун барибир муқаддасдир”. Павлус кимгадир гўйки у қонунга қаши чиқаётгандек туюлиши мумкинлигини тушуниб турибди, аммо бу бундай эмас. Биз дарҳақиқат гуноҳ учун (Римликлар 6:2) ва қонун учун (Римликлар 7:4) ўлик бўлмоғимиз лозим. Бироқ, Павлуснинг фикрига кўра қонун ва гуноҳ бир даланинг меваси деган хулосага келиш керак эмас. Муаммо бизда, қонунда эмас. Шунга қарамай, гуноҳ қонуннинг таъсирини ва ишини бузади, шунинг учун ҳам биз ҳам униси учун ҳам буниси учун ўлмоғимиз лозим.
В. Қонуннинг вазифаси ва хусусияти.
1. 13-оят. Қонун гуноҳни фош қилади ва уни катталаштириб кўрсатади.
“Хўш, яхши бўлган қонун менга ўлим келтирдими? Мутлақо! Гуноҳ менга ўлим келтириш учун яхши нарсадан фойдаланди. Гуноҳнинг гуноҳ эканлиги очиқ кўриниши учуш шундай бўлди. Шундай қилиб, амр орқали гуноҳнинг нақадар ёмон эканлиги ошкор бўлди”.
а. “Гуноҳ менга ўлим келтириш учун яхши нарсадан фойдаланди. Гуноҳнинг гуноҳ эканлиги очиқ кўриниши учуш шундай бўлди”. Гарчи қонун бизнинг гуноҳкор табиатимизнинг намоён бўлишини қўзғатса ҳам, бундан яхшилик учун фойдаланиш мумкин, чунки у бизнинг гуноҳимиз чуқурлигини янада аниқроқ очиб беради. Охир оқибат, агар гуноҳ ёвузликни илгари суриш учун қонундек яхши нарсани ишлата олар экан, бунинг ўзи гуноҳнинг нақадар ёмон эканлигини кўрсатиб беради.
1) Биз учун “гуноҳнинг гуноҳ эканлигини очиқ кўриш” жуда муҳим, чунки гуноҳ ҳар доим бизнинг ичимизда яширинишга ўринади, унинг ҳақиқий кучи ва чуқурлигини кўришимизга тўсқинлик қилади. “Мана сизга гуноҳнинг энг аянчли оқибатларидан бири. Гуноҳнинг бизларга етказадиган энг катта зарари, бизни у етказаётган зарарнинг нақадар катта эканлигини билиш ва англаш қобилиятидан бизни маҳрум қилишдадир. У инсоннинг ҳолатини бузган ҳолда, уни ўз соғлиги билан мақтанишга рағбатлантиради; у инсонни камбағал қилиб қўйиб, уни сен бойсан, деб ишонтиради; гуноҳ инсонни яланғочлантирган ҳолда, ўзининг ҳашаматли либосларини кўз кўз қилишга мажбур қилади” (Сперджен).
2) “Шунинг учун ҳам, содиқ хизматкорнинг қўлида қонун – уйғотадиган ва гуноҳкорни тинчлигидан маҳрум қиладиган кучли воситадир” (Кларк)
б. “шундай қилиб, амр орқали гуноҳнинг нақадар ёмон эканлиги ошкор бўлди”. Қонуннинг нурида “гуноҳнинг нақадар ёмон эканлиги ошкор бўлади”. Биринчидан, бу нарса қонунга қарама қаршилик сабаб содир бўлади. Иккинчидан, бу нарса қонун инсоннинг ёвуз табиатини қўзғатиши сабаб содир бўлади.
1) “Қонун, бизга ғалаба қозониш учун куч берадиган динамо-мошин бўлиш ўрнига, биздаги ҳамма бузуқ ва гуноҳкор нарсани тортиб оладиган магнит каби ишлайди” (Уирсби)
2) “нақадар ёмон”. “Нима учун у “нақадар қора” ёки “нақадар даҳшатли” ёки “нақадар ҳалокатли” деб айтмаган? Чунки дунёда гуноҳ каби жирканч нарса йўқ. Гуноҳга нисбатан қўлланиладиган энг ёмон сўзни ишлатишни олдига мақсад қилиб қўйган ҳолда, Павлус гуноҳни унинг номи билан атамоқда ва яна бир бор гуноҳнинг нақадар ёмон эканлигини таъкидлаб ўтмоқда” (Сперджен)
2. 14-оят. Руҳий қонун танавий инсонни жиловлашга қодир эмас.
“Қонунни Худо берган. Мен эса гуноҳга қул қилиб сотилган ожиз бандаман”.
а. “мен ожиз бандаман”. “Ожиз банда” деган сўз “шунчаки танавий” деган маънони билдиради. Павлус, руҳий қонун танавий инсонга ёрдам бера олмаслигини тан олмоқда.
1) Юнонча sarkikos сўзи, “тана билан тавсифланган” деган маънони англатади. Ушбу матнда бошқача йўл тутиши керак бўлган ва тута оладиган, бироқ буни қилмаётган инсон ҳақида сўз юритилмоқда. Павлус ўзидаги танавий нарсаларни кўриб турибди ва қонун руҳий бўлишига қарамай, унинг танавий табиатига ёрдам бра олмаслигини ҳам билиб турибди.
б. “мен эса гуноҳга қул қилиб сотилган”. Павлус гуноҳнинг қуллигида эканлигини, қонун эса уни ушбу қулликдан чиқариб оломаслигини айтмоқда. У жинояти учун ҳибсга олинган ва қамоққа ташланган инсонга ўхшамоқда. Қонун фақатгина у айбдор бўлмагандагина унга ёрдам бериши мумкин,аммо Павлус айбдор эканлигини билади, демак қонун унинг томонида эмас, аксинча унга қаршидир.
в. Павлус ўзининг ожиз банда эканлигини эълон қилмоқда, бироқ бу нарса у масиҳий эмас деган нарсани англатмайди. Павлус ўзининг ожиз банда эканлигини англаётганлигининг ўзи, Худованд унинг ичида ўз ишини олиб борганлиги ҳақида дарак беради.
1) “Мен эса гуноҳга қул қилиб сотилган ожиз бандаман” деган жумлани, мана Лютер қандай изоҳлаган: “Бу руҳий ҳамда доно инсоннинг сўзларидир. У ўзининг ожиз банда эканлигини билади ва ўзидан қониқаётгани йўқ; у ўзидан нафратланмоқда ва Худонинг Қонунини улуғламоқда, чунки руҳий инсон бўлганлиги сабаб, ўша қонунни тушунишга қодирдир. Фақатгина нодон ва танавий бўлган инсонгина ўзидан қониқишга эга бўлиб, ўзини руҳий деб ҳисоблайди”.
Г. Ўз кучи билан итоаткор бўлишга уринишдаги кураш.
1. 15-19 оятлар. Павлус ўзининг заифлигини тасвирлаб бермоқда.
“Ахир, ўзим қилаётган ишларни ўзим тушунмайман, чунки қилишни хоҳлаганларимни қилмайман, аксинча, нимани ёмон кўрсам, шуни қиламан. Ўзим хоҳламаган ишларни қилаётган эканман, бу билан қонуннинг яхши эканлигини маъқуллаётган бўламан. Демак, бу ишларни мен ўзим эмас, балки юрагимдаги гуноҳ қилаётган бўлади. Менда, яъни башарий табиатимда ҳеч қандай яхши жиҳат йўқлигини аниқ биламан. Яхшилик қилиш истаги дилимда бор бўлсада, уни рўёбга чиқаришга кучим етмайди. Ўзим қилишни хоҳлаган яхшиликни қилмайманда, унинг ўрнига ўзим қилишни хоҳламаган ёмонликни қиламан”.
а. “ахир, ўзим қилаётган ишларни ўзим тушунмайман”. Павлуснинг муаммоси унинг истаги етарлича эмаслигида эмас; у тўғри ишларни қилишни истайди (чунки қилишни хоҳлаганларимни қилмайман). Унинг муаммоси билимда ҳам эмас; у нима тўғрилигини билади. Павлуснинг муаммоси кучининг етарлича эмаслигида (уни рўёбга чиқаришга кучим етмайди). Қонунда куч йўқлиги учун ҳам, Павлусга куч етмаяпти.
1) Қонун шундай дейди: “Мана қоидалар, сен бу қоидаларга амал қилишинг керак”. Аммо ушбу қоидаларга амал қилишимиз учун, қонун бизларга куч бера олмайди.
б. “демак, бу ишларни мен ўзим эмас, балки юрагимдаги гуноҳ қилаётган бўлади”. Павлус гуноҳ олдидаги ўзининг шахсий жавобгарлигини рад этмоқдами? Йўқ. У ўзининг Исо Масиҳдаги янги табиатига қарши чиққан ҳолда, гуноҳ қилишини тан олмоқда. Масиҳий ўз гуноҳини тан ола билиши керак, бироқ, шу билан бир қаторда, бирданига пайдо бўладиган гуноҳ қилиш истаги, биз Исо Масиҳда эришган янги ўзлигимиздан келиб чиқмаслигини ҳам англаб етиши зарур.
1) “Гуноҳдан озод бўлиш учун, инсон бир вақтнинг ўзида ҳам ўз гуноҳини тан олиши, ҳам ўша гуноҳнинг унга тегишли эмаслигини эътироф этмоғи лозим; бу ерда айнан мана шундай амалий парадокс ҳақида сўз юритилмоқда, айнан шу нарса ҳақида Павлус фикр юритмоқда. Ҳақиқий муқаддас инсон, бир эҳтиросли дақиқа пайтида нимадир деб қўйиши мумкин, аммо гуноҳкор инсон учун яхшиси айтилган нарсани ўзиннг ҳаётий тамойилига айлантириб қўймасликдир” (Вюст).
2. 20–23 оятлар. Икки “мен”нинг кураши.
“Ўзим хоҳламаган ишни қилаётган эканман, демак, бу ишни мен эмас, балки юрагимдаги гуноҳ қиляпти. Мен бундан ушбу хулосани чиқараман: яхшилик қилмоқчи бўлганимда, қалбимда ҳамиша ёмонлик пойлаб туради. Бутун қалбим билан Худонинг қонунидан завқ оламан. Аммо аъзойи баданимда бошқа бир қоида амал қилмоқда. Бу қоида онгимдаги қонунга қарши кураш олиб бориб, аъзойи баданимда амал қилувчи гуноҳ қоидасига мени асир қиляпти”.
а. “мен бундан ушбу хулосани чиқараман: яхшилик қилмоқчи бўлганимда, қалбимда ҳамиша ёмонлик пойлаб туради”. Яхшилик қилишга уринган ҳар бир инсонга ушбу кураш жуда таниш. Биз гуноҳ қилмасликка уринишни бошламагунимизча, бу нарса қанчалик қийинлигини билмаймиз. “Инсон яхши шахсга айланишга ҳаракат қилишни бошламагунича, ўзининг нақадар ёмон эканлигини била олмайди” (К.С. Льюис).
б. “бутун қалбим билан Худонинг қонунидан завқ оламан”. Павлус, унинг “ичидаги ҳақиқий инсон”, “Худонинг қонунидан завқ олишини” билади. У, гуноҳга бўлган импулсив истак, “аъзойи бадандаги бошқа бир қоидадан” келиб чиқишини тушунмоқда. Павлус унинг ҳақиқий “мен” иси яъни ўзлиги “бутун қалби билан Худонинг қонунидан завқ олишини” билади.
1) Ҳақиқий Павлус бу – хочда ўлиб бўлган Павлус эмас. Ҳақиқий Павлус бу – ўлиб қайта тирилишга мўлжалланган унинг танаси ҳам эмас. Ҳақиқий Павлус бу – унинг ичидаги янги инсондир; энди Павлуснинг олдида оддий бўлмаган вазифа – ўз ҳаётини шунга мос равишда яшаш вазифаси турибди.
2) Масиҳийлар орасида, Павлус бу ерда тасвирланган нарсаларни бошидан кечирган пайтида, масиҳий бўлганми ёки йўқми деган бахслар юритилмоқда. Баъзилар унинг гуноҳ билан имон орасидаги курашини кўриб чиқиб, Павлуснинг ушбу кураши у юқоридан туғилмасидан олдин содир бўлган деган хулосага келишади. Бошқалар эса, бу гуноҳ билан курашаётган масиҳийнинг сўзлари эканлигига ишончлари комил. Қайсидир бир маънода бу савол жуда ножўя бўлиб кўринмоқда, чунки ўз кучига таянган ҳолда Худога итоаткор бўлишга интилаётган ҳар бир инсонга бу кураш жуда танишдир. Масиҳий мана шундай кураш ва мағлубиятни бошидан кечириши мумкин, аммо имонсиз инсон бошқа ҳеч нарсани билмаган ҳолда, айнан шундай ҳаёт кечиради.
3) Гриффит Томасдан иқибос келтирган ҳолда, Моррис шундай деб ёзган: “Парчадаги асосий фикрлардан бири, ўзининг шахсий уринишлари билан яхши ва пок инсон бўлишга интилаётган, бироқ, ҳамма вақт ичида яшаётган гуноҳнинг кучи ва қудратига мағлуб бўлаётган инсоннинг тасвирини ўз ичига олади; шундай қилиб, сўз ҳам юқоридан туғилган ҳам юқоридан туғилмаган инсон ҳақида юритилаётган бўлиши мумкин”.
в. “бу қоида онгимдаги қонунга қарши кураш олиб бориб, аъзойи баданимда амал қилувчи гуноҳ қоидасига мени асир қиляпти”. Гуноҳ Павлуснинг ичида кураш олиб бориб, уни енгиши мумкин, чунки Павлусда унинг ўзидан бошқа, гуноҳ қилишни тўхтатишга ёрдам бера оладиган ҳеч қандай куч йўқдир. Ўз кучи билан гуноҳнинг устидан ғалаба қозонишга уринганида, Павлус умидсиз бир ночор аҳволга тушиб қолмоқда.
Д. Ғалаба Исо Масиҳдадир.
1. 24-оят Павлуснинг умидсизлиги ва имконияти.
“Оҳ, мен шўрлик одам! Ўлим сояси остидаги бу аҳволимдан ким мени қутқарар экан?”.
а. “Оҳ, мен шўрлик одам!”. Қадимги юнонча “шўрлик” деган сўз, том маънода “бахтсиз, оғир меҳнатдан чарчаган” деган маъноларни англатади. Павлус, Қонуннинг тамойилларига эргашган ҳолда, Худога маъқул келиш учун қилаётган муваффақиятсиз уринишларидан чарчаган ва ҳолдан тойган аҳволда.
1) “Шу нарсани унутмаслигимиз керакки, ўтмишдаги буюк муқаддас зотлардан ҳеч бири “Оҳ, қандай яхши инсонман-а!” деб ўзини мақтагани йўқ. Аксинча, улар ўзларининг гуноҳкор эканликларидан нолиганлар” (Моррис).
2) Ҳуқуқийлик, ҳар доим инсонни унинг ўзининг бахтсизлиги ва ўта муҳтожлиги билан тўқнаштиради. Шундай йўл тутишда давом эттирган ҳолда, инсон иккисидан бирини танлашига тўғри келади: ёки ўзининг асл ҳолатини рад этиб, ўзини солиҳ деб ҳисоблайдиган фарзийга айланади, ёки тушкунликка тушиб, Худовандга эргашишни тўхтатади.
б. “Оҳ, мен шўрлик одам!”. Ушбу ҳайқириқнинг умумий оҳанги, Павлус қай даражада умидсизларча озодликни истагани ҳақида гапирмоқда. У ўзининг шахсий заифлиги ва гуноҳкорлиги ҳисси гирдобига ғарқ бўлган. Ғалабага эришиш учун биз ҳам айнан мана шундай ҳолатга келишимиз керак.
1) Сизнинг умидсизлигингиз, яхши инсон бўлиш умидингизнинг черагаларидан ташқарига чиқиши керак. Сиз ўзингизга ўзингиз қарши чиқиб, Павлуснинг сўзларида эшитилаётган умидсизлик билан Худовандга нола қилишингиз керак.
в. “ким мени қутқарар экан?”. Ва ниҳоят Павлуснинг нигоҳи ўзига эмас, бошқа нарсага (аниқроғи Бошқа Шахсга) қаратилмоқда. Римликлар 7:13 оятдан бошлаб, Павлус ўзи ҳақида деярли 40 маротаба эслатиб ўтмоқда. Гуноҳга қарши муваффақиятсиз курашнинг тубига йиқилганида, Павлус бутун диққатини тамоман ўзига қаратди, гўё ўзидан бошқа ҳеч нарсани кўрмайдигандай бўлиб қолди. Энг аввало ўз нигоҳини Исога қаратиш ўрнига, қонун остида яшаб, ўз диққатини ўзига ва ўзининг ютуқларига қаратган ҳар бир имонли айнан мана шундай аҳволга тушиб қолади.
1) “Ким мени қутқарар экан” деган жумла, Павлус ўз мағлубиятини тан олаётганини билдиради; у “қандай қилиб қутулай экан” деб эмас, “ким мени қутқарар экан” деб сўрамоқда.
2) “Бу шубҳаланаётган ёки умидини бой берган инсоннинг овози эмас, бу нафас олаётган ва озод бўлишни истаётган инсоннинг овози” (Пул).
г. “ўлим сояси остидаги бу аҳволимдан ким мени қутқарар экан?”. Павлуснинг “ўлим сояси” ҳақидаги жумласини ўқиганда, баъзи бир изоҳчилар ушбу жумлада қадимда бўлган қийноқлардан бирига бўлган ишорани кўришади: ўтган замонларда подшоҳлар, ўз асирларини қийнаш мақсадида, уларни чириётган мурдаларга боғлаб қўйишни буюришган. Худди шу сингари, Павлус ҳам унга жуда қаттиқ боғланган бу жирканч “ўлим соясидан” қутулишни истаган.
1) “Қадимда яшаган золимлар, инсонни энг қўрқинчли жазога мубтало қилиш учун, унинг орқасига ўлик одамни боғлашган; ва тирик одам чириб кетаётган, бадбўй ҳид чиқараётган мурда билан орқама орқа бойланган бўлиб, ҳамма жойда ўзи билан бирга олиб юришга мажбур бўлган. Ахир, масиҳийларга ҳам айнан худди шу нарсани қилишига тўғри келмоқда. Масиҳий ўзида янги ҳаётни олиб юради; унинг ичида Муқаддас Руҳ орқали берилган тирик ва ўзгармас ҳақиқатлар яшайди, аммо у шу билан бир қаторда у ўзини, тирик инсон учун мурда қандай жирканч ва бадбўй бўлса, худди шундай янги ҳаёт учун оғир, жирканч ва дахшатли бўлган “ўлим соясини” гўё ҳар куни ўзи билан олиб юришга мажбур бўлгандек ҳис этади” (Сперджен).
2) Бошқалар ушбу манзарада гуноҳнинг умумий тасвирини кўришади. Мана Мюррей бу ҳақида нима деган: “Баданни” “вазн, тўплам” дек қабул қилиш керак, “ўлим сояси остидаги баданни” эса – “гуноҳнинг умумий вазни”дек қабул қилиш керак. Шундай қилиб, Павлус озод бўлишни истаган нарса – бу гуноҳ ва унинг барча жиҳатлари ҳамда оқибатларидир”.
3) ““Ўлим сояси” деган сўзлар орқали, у гуноҳнинг кўплигини ёки инсон ташкил топган барча компонентларни назарда тутмоқда; бундан ташқари унда, фақатгина уни ришталардек боғлаб ва ушлаб турган қолдиқлар қолган” (Кальвин).
3. 25-оят Ва ниҳоят Павлус ўз нигоҳини ўзига эмас, Исога қаратмоқда.
“Худога шукур! Раббимиз Исо Масиҳ орқали У бизни қутқаради! Хулласи калом, мен онгим билан Худонинг қонунига қул бўлсам-да, башарий табиатим гуноҳ қоидасига қулдир”.
а. “Худога шукур! Раббимиз Исо Масиҳ орқали У бизни қутқаради!”. Ниҳоят Павлус нигоҳини ўзидан олиб, Исога қаратмоқда. Исога нигоҳ ташлагани заҳотиёк, у дарҳол Худовандга нима учун шукрона билдириш кераклигини кўрмоқда ва Унга “Раббимиз Исо Масиҳ” учун шукроналик айтмоқда.
1) “Исо Масиҳ” учун дегани, У “орқали” деган маънони англатади, яъни Павлус Исога, ўзи ва Худованд орасида турган, жарлик устидан Худо томонга қарата ўрнатилган кўприк сингари қарамоқда. Исони “Раббим” деб атаган ҳолда, Павлус Уни тўғри ўринга – ҳаётининг Хўжайини ва Ҳукмдори ўрнига қўймоқда.
б. “хулласи калом, мен онгим билан Худонинг қонунига қул бўлсам-да, башарий табиатим гуноҳ қоидасига қулдир”. У курашчи ҳолатида эканлигини тан олмоқда, бироқ, Исода берилган ғалаба чун Худовандга шукроналар айтмоқда. Павлус, биз Исога қарасак, курашдан қочиб қутулишимиз мумкиндек қилиб кўрсатишга уринмаяпти. Гуноҳга қарши бўлган ушбу курашда Исо бизлар орқали курашади, бизнинг ўрнимизга эмас.
1) Ғалаба – Исодадир ва бу ажойиб ҳамда инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир! Исо бизларга яна кўпроқ қоидалар келтириш учун ёки уларни яхшироқ қилиш учун эмас, Унга имон келтирадиганларнинг ҳаётида Унинг ғалабаси рўёбга чиқиши учун дунёга келди ва қурбон бўлди. Хушхабар келтирган хабар шундан иборатки, ўз ҳаётини Исога бўйсиндирган ва Исога Ўз ғалабасини биз орқали рўёбга чиқаришга имкон берган инсонгина, гуноҳ, нафрат, ўлим ва ҳар қандай ёвузлик устидан ғалаба қозона олади.
в. “Раббимиз Исо Масиҳ орқали”. Павлус, қонун яхши ва улуғвор бўлишига қарамай, бизларни қутқаришга қодир эмаслигини кўрсатмоқда; бизга Нажоткор керак. Павлус ўзига қарашни тўхтатиб, қонундан ҳам улуғворлоқ бўлган Зотга – Нажоткоримиз Исо Масиҳга нигоҳини қаратмагунича, на тинчлик топа олди, на Худовандни улуғлай олди.
1) Сиз, муаммо мен қандай нажот топиш кераклигинибилмаслигимда, деб ўйлаган эдингиз, ва мана нима қилиш кераклигини тушунтириб берадиган устоздек қонун пайдо бўлди, аммо сиз барибир ҳам уни бажара олмадингиз. Сизга устоз керак эмас; сизга Нажоткор керак.
2) Сиз, муаммо менда етарлича мотиватсия йўқлигида, деб ўйлаган эдингиз, ва мана қонун, қилишингиз керак бўлган ишни давом эттиришингиз учун сизни қўллаб қувватлайдиган мураббийдек пайдо бўлди, бироқ сиз барибир ҳам бу ишни амалга ошира олмадингиз. Сизга мураббий ёки мотиватсия берувчи маърузачи керак эмас; сизга Нажоткор керак.
3) Сиз, муаммо мен ўзимни яхши билмаслигимда, деб ўйлаган эдингиз. Қонун гўё шифокордек пайдо бўлди ва гуноҳ касаллигининг аниқ ташҳисини қўйди, аммо сизга шифо бера олмади. Сизга шифокор керак эмас; сизга Нажоткор керак.
©1996–present The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – ewm@enduringword.com