Римликлар, 15 боб.
Ўз биродаримизни баракотлаш учун яшаш.
А. Масиҳийнинг ҳаёти нима билан тўлганлиги ҳақида.
1. 1-2 оятлар. Атрофдагиларга нисбатан ғамхўрлик ва эътибор билан тўлиб-тошган ҳаёт.
“Биз, имони кучлилар, ўзимизни мамнун қилишни кўзламасдан, имони суст бўлган биродарларнинг ожизлигига сабр-бардош қилишимиз керак. Ҳар биримиз ўзганинг манфаатини кўзлаб, унга далда бериш ниятида уни мамнун қилишга ҳаракат қилайлик”.
а. “биз, имони кучлилар, ўзимизни мамнун қилишни кўзламасдан, имони суст бўлган биродарларнинг ожизлигига сабр-бардош қилишимиз керак”. Агар сиз ўзингизни биродарингиздан кўра кучлироқ, деб ҳисобласангиз, кучингиз ёрдамида ўзингизни мамнун қилиш ўрнига, ўша кучингизни Масиҳдаги биродарингизга хизмат қилиш учун ишлатинг.
1) “сабр-бардош қилишимиз керак”. Ушбу жумланинг маъноси, биродарнинг ожизликларига тан бериш дегани эмас, ўша ожизликларнинг оғирлигини у билан биргаликдакўтариб юришликда, кучли бўла туриб, уни қўллаб қувватлашдадир.
2) Ушбу фикр, бугунги кундаги асосий тенденсияга, яъни ўзини бошқалар учун қурбон қилиб яшаётганларни менсимай, “биринчи ўринда” бўлишга ҳаракат қилиб яшашга (ва шу нарсани бошқаларга ҳам маслаҳат беришга) бўлган тенденсияга тамоман қарши фикрдир. Шубҳасиз, Павлус ҳақиқий бахтиёрликка ва тўлақонли ҳаётга эришиш йўлини кўрсатмоқда: бутун диққатингизни ўзингизга қаратишни бас қилинг, бошқаларга далда бўлишни бошланг, ўшанда шундай йўл тутган ҳолда, ўзингиз ҳам тасалли топаётганлигингизнинг гувоҳи бўласиз.
б. “ҳар биримиз ўзганинг манфаатини кўзлаб”. Бу оддийгина даъват, биринчи ўринда биродаримизнинг манфаатлари ҳақида ўйлашга чорлайди. Кейинчалик, Филиппиликлар 2:3-4 оятларда, Павлус деярли шу нарса ҳақида гаририб ўтади: “Ҳеч бир ишни худбин ниятда қилманг, шуҳратпараст бўлманг, аксинча, камтарлик билан бошқаларни ўзингиздан юқори деб билинг. Фақат ўзингизни эмас, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланг”.
1) Бу нарса жамоатни, заифлар ва имонда сустларнингнинг инжиқликлари бошқариши керак, дегани эмас. “Заифларнинг устидан қилинган ҳақиқий ғамхўрлик, уларни кучли қилишга интилишни англатади, имони сустлар мустаҳкамланишлари учун, мантиқсиз пушаймонликларни ортда қолдиришларига ёрдам беришни англатади” (Моррис)
в. “унга далда бериш ниятида уни мамнун қилишга ҳаракат қилайлик”. Бу аниқлик, Павлус “фақатгина одамларга манзур бўлишга интиладиган инсон” бўлиш кераклигини назарда тутмаётганлигини айтади. Фақат одамларга яхши кўриниш учун ҳаракат қиладиган инсон, биродарини “мамнун қилишга” интилиши мумкин, аммо ҳеч қачон бу ишни “ўзганинг манфатини ўйлагани” учун қилмайди.
г. “унга далда бериш ниятида”. Кўп ҳолларда, масиҳийлар учун биродарларига далда бўлиш ўрнига, уларни камситиш, юракларини оғритиш осонроқ. Бу шайтоннинг жамоатга қарши қаратган классик стратегиясидир; биз унга қаршилик қаратишга маъсулдирмиз.
2. 3-4 оятлар. Ҳар доим бошқаларни биринчи ўринга қўйган Исонинг мисолига қараш.
“Ҳаттоки Масиҳ ҳам Ўзини мамнун қилишни кўзламаган, зеро, Муқаддас битикларда ёзилганидай: “Эй Худо, Сени ҳақоратлаганлар Мени ҳақорат қилган бўлар”. Муқаддас битикларда нимаики ёзилган бўлса, бизнинг таълим олишимиз учун ёзилган. Биз бу битиклардан сабр ва тасалли топиб, умидимизда маҳкам туришимиз лозим”.
а. “ҳаттоки Масиҳ ҳам Ўзини мамнун қилишни кўзламаган”. Исо – Ўзини “мамнун қилишни кўзламаган” Шахснинг энг олий намунасидир, У энг аввало бошқалар ҳақида қайғурган. Павлуснинг ушбу фикрни янада кенгроқ кўриб чиққан классик манти бу – Филиппиликларга 2:5-11.
б. “Муқаддас битикларда ёзилганидай”. Ҳақоратланган ва Худонинг шуҳрати учун айбсиз азоб чеккан Исо, Худонинг Каломида ёзилганларни амалга оширди. Ўз мисоли орқали У, биз Худонинг Ўзи бизларни ҳимоя қилишни бошлашини кутиб ўтирмасдан, ўзимизни ўзимиз оқлашга жуда тезкорлик билан интилишимизни кўрсатди. Исо, Ота Худо оқлашдан ҳам кўра кўпроқ қудратга эга эканлигини кўрсатиб берди.
в. “Эй Худо, Сени ҳақоратлаганлар Мени ҳақорат қилган бўлар”. Исо томонидан амалга оширилган Забур 68:8 оятдаги буйруқ, бизларга ҳам тегишлидир. Бу нарсалар “бизнинг таълим олишимиз учун ёзилган”, токи биз қийин бўлсада, яхшилик қилишда давом этган ҳолда, “умидимизни маҳкам тутайлик”.
1) Исога бўлган имонимиз учун бу дунё бизни “ҳақоратлаганида”, биз Каломда айтилганидек тўғри муносабатда бўлсак, бу нарса “ҳақоратлаётганларни” янада кўпроқ ғазаблантиради. Шундай қилиб улар, ҳақиқатдан ҳам Исога кўз тутган Худонинг фарзандлари билан ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини англаб етишади.
3. 5-6 оятлар. Римликларда шундай муносабат шаклланиши учун қилинган ибодат.
“Исо Масиҳнинг йўлида юрар экансиз, сабр ва тасалли манбаи бўлган Худонинг Ўзи сизларга ҳамфикр бўлишни ато қилсин. Шунда сизлар якдиллик билан, бир овоздан Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси – Худони улуғлайсизлар”.
а. “Худонинг Ўзи”. Павлус ушбу сўзларни ибодат сифатида ёзганлиги, у қуйидаги нарсаларни англаб етганлигини билдиради: у айтаётган ҳамма нарсаларни фақатгина Муқаддас Руҳ бизда амалга ошириши мумкин.
б.“сабр манбаи бўлган Худо”. Бизнинг Худоимиз – “сабр манбаидир”. Кўп ҳолларда биз жуда шошиламиз ва бизга гўёки Худованд жуда секин ҳаракат қилаётгандек туюлади. Баъзан, гўёки Худованд Ўз режасини амалга оширишни кейинга қолдиргандек кўринади, бироқ, Унинг режаси ҳар доим амалга ошади. Худонинг кечиктириши – бу ўйлаганини амалга оширишдан воз кечгани дегани эмас; бу турдаги ҳар бир кечиктирув ўз маъносига эга ва Унинг севгиси билан белгиланган.
1) Биз Худованднинг Ўз халқига нисбатан бўлган сабрини яхши кўрамиз; биз бу сабрга жуда муҳтожмиз! Аммо кўп ҳолларда, Худованднинг Ўз режасига нисбатан бўлган сабри бизни ғазаблантиради; биз Унинг шошилишини истаймиз. Нимаики бўлмасин, Худованд Ўз халқига нисбатан қандай сабрли бўлса, Ўз режаларини амалга оширишда ҳам шундай сабрлидир.
в. “шунда сизлар”. Мақсад – Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси – Худони улуғлашдир”. Биз бу нарсага фикрлаш тарзимиз ва нутқимиз бирлигида эриша оламиз (ҳамфикр, якдиллик билан).
4. 7-13 оятлар. Иуқаддас Руҳ бизларни атрофдагиларга нисбатан севги билан, қувонч ҳамда тинчлик билан тўлдиради.
“Масиҳ сизларни Ўз биродарларидай қабул қилгани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни биродарлардай қабул қилинг. Шундай қилиш Худога шуҳрат келтиради. Мен сизларга айтяпман: Худонинг содиқлигини кўрсатиб, Унинг ота-боболаримизга берган ваъдаларини бажариш учун Исо Масиҳ яҳудийларнинг хизматкори бўлиб келди. Масиҳнинг келишидан яна бир мақсади шу эдики, ғайрияҳудийлар ҳам Худонинг меҳр-шавқати учун Уни улуғласинлар. Муқаддас битикларда ёзилганидай: “халқлар ичра Сенга ҳамдлар айтаман! Сени куйлаб, сано айтаман!” Яна бошқа жойда шундай ёзилган: “Эй эллар, Унинг халқи билан бирга шодланинг”. Яна шундай деб ҳам ёзилган: “Эй барча халқлар, Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эй жамики элатлар, Уни олқишланглар!”.Ишаё китобида ҳам қуйидагича ёзилган: “Эссай томиридан бир Зот келиб чиқар, У халқлар устидан ҳукмронлик қилар, халқлар эса Унга умид боғлайдилар”. Имон йўлидан юрар экансиз, умид манбаи бўлган Худо қалбингизни севинч ва тинчликка тўлдирсин, шунда сизлар Муқаддас Руҳнинг кучи ила умидга бой бўласизлар”.
а. “сизлар ҳам бир-бирингизни биродарлардай қабул қилинг”. Мунозарали саволлар масиҳийлар орасида бўлинишлар олиб келишига йўл қўйиб беришдан кўра (асосан яҳудийлар ва ғайрияҳудийлар орасида), биз бир-биримизни Масиҳ бизларни қабул қилгандай қабул қилишимиз керак – яъни бизнинг хатоларимизни биладиган, аммо ўша хатолар билан бирга бизларни қабул қиладиган Худованд иноятининг нурида қабул қилишимиз керак.
1) Мана Сперджен “Масиҳ сизларни Ўз биродарларидай қабул қилгани каби” деган жумла ҳақида нима деган: “Масиҳ бизларни, биз мукаммал бўлганимиз учун ёки бизнинг гуноҳларимизни сезмагани учун ёки бизнинг ҳисобимиздан “фойда кўриш учун” қабул қилгани йўқ. Асло, бундай эмас! Ўз севгиси ва мулойимлигида, У бизнинг гуноҳларимизни қоплади ва аълороқ нарсани бизга бериш мақсадида, бизни Ўз юрагига қабул қилди. Бизлар ҳам, худди шундай мақсадда, бир – биримизни қабул қилайлик”.
б. “Муқаддас битикларда ёзилганидай”. Павлус, Худованд ғайрияҳудийлар ҳам Уни улуғлашларини истаганини кўрсатган ҳолда, Эски Аҳддан бир қатор парчалардан иқтибос келтириб ўтмоқда. Музокарали саволлар борасида бахс юритишлар ва бўлинишлар содир бўлиши ўрнига, яҳудий ва ғайрияҳудийлар Исода Худони улуғлаш ва Унга сажда қилишда бирлашишлари лозим.
1) “халқлар ичра Сенга ҳамдлар айтаман! Сени куйлаб, сано айтаман!”. 17 – Санодан келтирилган ушбу парчада, биз ғайрияҳудийлар билан бирга Худони улуғлаётган Исонинг Ўзини кўрмоқдамиз.
в. “умид манбаи бўлган Худо қалбингизни севинч ва тинчликка тўлдирсин”. Ушбу парчани якунлаётган ибодат ва марҳамат сўзлари, жуда ўринли янграмоқда. Худованд бизни даъват этган ҳамжиҳатликдаги хаётда яшашга тайёрлаган ҳолда, бизни Ўзининг севинчи ва тинчлигининг неъматлари билан тўлдиради.
Б. Павлуснинг хизматдаги юки.
1. 14-16 оятлар. Павслуснинг ушбу мактубни ёзганлигининг сабаби.
“Эй биродардарларим, мен аминманки, сизлар эзгуликка ва илм-маърифатга бойсизлар, бир-бирингизга панд-насиҳат қилишга қодирсизлар. Шунинг учун баъзи бир нарсаларни эслатай деб, сизларга бу хатни ёзишга журъат қилдим, чунки мен Худонинг инояти билан Исо Масиҳнинг хизматкори этиб тайинланганман. Худонинг Хушхабарини айтиб, руҳоний сифатида ғайрияҳудийларга хизмат қилмоқдаман. Бунинг натижасида, ғайрияҳудийлар Худога манзур бўладиган, Муқаддас Руҳ орқали табаррук қилинган қурбонликдай Худога тортиқ этилмоқдалар”.
а. “бир-бирингизга панд-насиҳат қилишга қодирсизлар”. Павлус, Римдаги масиҳийларни Худо олдида нима яхши ва тўғри эканлигини фарқлашга ёки бир бирларига насиҳат қилишга қодир эмас, деб ҳисоблагани учун уларга ушбу мактубни ёзган эмас. У бу мактубни, уларга айнан мана шу нарсаларни эслатиш учун ёзган; яъни шундай йўл тутишда давом эттиришга рағбатлантириш учун ёзган.
б. “Исо Масиҳнинг хизматкори этиб тайинланганман… ғайрияҳудийларга хизмат қилмоқдаман”. Бу нарса Павлуснинг “ғайрияҳудийларга хизмат қиладиган Исо Масиҳнинг хизматкори” бўлишга қилинган даъватига мос келади. Ушбу даъватини амалга оширган ҳолда, Павлус нафақат нажот берувчи Хушхабарни воизлик қилган, балки имонлиларга Худо учун қандай яшаш кераклиги ҳақидаги насиҳатларни ҳам берган.
в. “бунинг натижасида, ғайрияҳудийлар Худога манзур бўладиган… қурбонликдай Худога тортиқ этилмоқдалар”. Ғайрияҳудийларнинг ҳаёти Худога ҳамдлар олиб келганидагина, улар “Худога манзур бўладиган, Муқаддас Руҳ орқали табаррук қилинган қурбонликдай” бўладилар. Бундай қурбонликнинг зарурлиги, Павлуснинг мактубини ҳам заруриятга айлантиради.
г. “ғайрияҳудийлар Худога манзур бўладиган…қурбонликдай”. Римликлар 15:16 оятда руҳонийлик луғатидан бир нечта атамалар ишлатилмоқда. Павлус ўзини хизматкор, яъни унга юзланган ғайрияҳудийларни Худога манзур қурбонликка айлантирадиган хушхабарни “муқаддас хизмат” сифатида тақдим этаётган ғайрияҳудийлар учун бўлган Исо Масиҳнинг руҳонийси деб атамоқда.
1) “Ўз хизматин “хушхабар руҳонийлиги” деб атаган ҳолда, ҳаворий Янги Аҳднинг бошқа ҳеч қайси бир саҳифасида ишлатилмаган сўзни ишлатмоқда; том маънода бу сўзни “руҳонийнинг иши” деб таржима қилиш мумкин. Шундай қилиб, хушхабар айтиш хизмати, руҳонийларнинг қурбонлик келтириш хизматидан намуна олади ва ўша хизматга бориб тақалади” (Мюррей)
2. 17-19 оятлар. Павлус Худованд томонидан у орқали амалга оширилган иш учун ҳамду-сано айтмоқда.
“Шундай қилиб, Исо Масиҳ туфайли Худонинг йўлида қилган ишларим билан мақтансам бўлади. Кучли мўъжизалару аломатлар билан, менинг айтганларим ва қилганларим орқали Масиҳ ғайрияҳудийларни Худога итоат қилиш йўлига бошлади. Аммо Исо Масиҳнинг мен орқали қилган ишларидан бошқа нарсалар ҳақида гапиришга журъат этмайман, чунки буларнинг ҳаммаси Худо Руҳининг қудрати ила содир бўлди. Шундай қилиб, мен Қуддусдан бошлаб, то Иллурикон ҳудудига қадар Масиҳнинг Хушхабарини ёйиб, ўз вазифамни бажардим”.
а. “шундай қилиб, Исо Масиҳ…билан…мақтансам бўлади”. Ўзининг “Исо Масиҳнинг ғайрияҳудийлар учун бўлган хизматкори” бўлиш хизмати ҳақида фикр юритган ҳолда, Павлус Худога бундай даъват учун – яъни ғайрияҳудийларга нажот келтириш учун Худованд у орқали нималарни амалга оширганлиги ҳақидагина сўзлаб бериш даъвати учун ҳамдлар айтмоқда.
1) “Павлус фақатгина Масиҳ у орқали амалга оширган ишлар билангина мақтанмоқда. Павлус, Масиҳ у орқали буюк ишни амалга оширганига имони комил ва бу нарсага диққатни жалб этаётганидан хурсанд. Павлус одамлар унга сажда қилишларини излаётгани йўқ. У завқ олаётган нарса – Масиҳнинг ютуқларидир” (Моррис).
б. “мўъжизалару аломатлар билан, менинг айтганларим ва қилганларим орқали…ғайрияҳудийларни Худога итоат қилиш йўлига бошлади”. Худованд Павлусга, у қаерга бормасин ҳамма ерда, Қуддусдан бошлаб, то Иллуриконгача “Масиҳнинг Хушхабарини” ёйишига ёрдам бериш учун“мўжиза ва аломатлар кучини” ҳамда умуман олиб айтганда, “Худованд Руҳининг қудратини” ишлатган.
в. “мен Қуддусдан бошлаб, то Иллурикон ҳудудига қадар Масиҳнинг Хушхабарини ёйиб, ўз вазифамни бажардим”. Иллурик – бу замонавий Югославия ва Албания ҳисобланади. Демак, Павлуснинг хизмати, ғарбий томондан то Иллуриконгача, шарқий томондан эса Қуддусгача бўлган ҳудудни ўз ичига олган.
3. 20-21 оятлар. Павлуснинг янги ҳудудларда Хушхабарни айтиш истаги.
“Шу билан бирга, мен бошқаларнинг пойдевори устига бино қурмайин деб, ҳали Масиҳнинг номи овоза қилинмаган ерларда Хушхабарни ёйиш учун жон куйдиряпман. Муқаддас битикларда ёзилганидай: “У ҳақда хабарсиз бўлганлар энди кўрадилар, У ҳақда эшитмаганлар энди англаб етадилар””.
а. “ҳали Масиҳнинг номи овоза қилинмаган ерларда”. Павлус “бошқаларнинг пойдевори устига” бино қуришни истамади. У Худованд йўлида биринчи бўлишни афзал кўрарди, бунинг сабаби, бировнинг ишини давом эттириш ёмон ёки нотўғрилигида эмас, аксинча у атрофда жуда кўп ишлар борлигини кўрганлигидадир.
б. “Муқаддас битикларда ёзилганидай”. Биринчи бўлишга нисбатан бўлган интилишида, Павлус Муқаддас Битикка нисбатан итоаткорликни кўрган, оятда иқтибос келтирган Эски Аҳддаги парчанинг амалга ошаётганини кўрган.
В. Павлуснинг Римга бориш истаги.
1. 22-24 оятлар. Нима учун Павлус ҳалигача Римдаги масиҳийларни кўришга бормаганлиги ҳақида.
“Хушхабарни ёйиш хизматим туфайли анчадан бери сизларнинг олдингизга бора олганим йўқ. Энди эса бу жойларда менга бошқа иш қолмаган. Мен кўп йиллардан бери сизларни кўришни орзу қиламан. Шунинг учун Испанияга бораётганимда, йўлда сизларни кўриб ўтмоқчиман, бир оз бўлса-да, дийдорингизга тўйганимдан кейин, йўлимда давом этишим учун керакли бўлган зарур эҳтиёжимни қондирасизлар деган умиддаман”.
а. “Хушхабарни ёйиш хизматим туфайли анчадан бери сизларнинг олдингизга бора олганим йўқ”. Павлус римликларни жуда кўришни хоҳлаганлигига қарамай, айнан биринчилардан бўлиб хизмат қилиш истаги, унга римликларнинг олдига боришига “тўсиқ” бўлган.
б. “шунинг учун Испанияга бораётганимда, йўлда сизларни кўриб ўтмоқчиман”. Шу тарзда Павлус, кутилаётган буюк сафар пайтида, яъни “бокира шаҳарларда” хушхабарни ваъз қилишни ўз ичига қамраб олган Испания сафари пайтида, римликларни ҳам кўриб ўтаман, деб тахмин қилмоқда. Павлус, бошқа қўшни вилоятларга боришдан олдин, Римда тўхтаб ўтганида, римликларнинг суҳбатидан ва ёрдамларидан лаззат олишни сабрсизлик билан кўтмоқда.
1) Эҳтимол Павлус, империянинг шарқий қисми учун асос бўлиб хизмат қилган Антиохия каби, Рим ҳам империянинг ғарбий қисмида хизмат қилиш учун, унинг ҳарбий базаси бўлишига умид қилгандир.
в. “йўлда сизларни кўриб ўтиш умидидаман”. Павлус маълум бир режалар тузган эди, аммо ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. У ростдан ҳам Римга борди, бироқ, Испанияга бораётганида йўл йўлакай Римга кириб ўтаётган миссионер сифатида эмас. Павлус Римга Қайсарнинг ҳукмини кутаётган аср сифатида қўриқчилар бошқарувида борди: унга умуман бошқа жанг майдони бўлишга ва у ерда хушхабарни айтишга тўғри келди.
1) Тўсатдан шахсан Римнинг императори ҳузурига йўл очиб берган ҳолда, Худованд Павлуснинг ҳаётида хушхабарни айтиш учун умуман кутилмаган жойларни ҳозирлаб қўйган эди.
2) Римдаги қамоқхонадан озод бўлгандан сўнг, Ҳаворийлар китобининг энг охирги бобларида Павлус ҳақиқатдан ҳам Испания бориб, у ерда хушхабарни тарғиб қилган, деб ўйлаш учун сабаблар йўқ эмас.
2. 25-29 оятлар. Павлуснинг ҳозирги режалари.
“Ҳозирча мен Худо азизларига ёрдам бергани Қуддусга кетяпман. Чунки Македония ва Ахаядаги биродарлар маблағ йиғиб, Қуддусдаги камбағал биродарларга ёрдам беришга қарор қилдилар. Буни ҳам қарз, ҳам фарз деб билганлари учун хурсандчилик билан шундай қилдилар. Ахир, ғайрияҳудийлар яҳудийлар туфайли руҳий неъматларга сазовор бўлдилар-да, шунинг учун улар ўз моддий бойликларини яҳудийлар билан баҳам кўришни лойиқ топдилар. Мен бу ишни бажариб, тўпланган маблағни уларга топширганимдан кейин, сизларнинг олдингизда тўхтаб ўтаман. Сўнгра Испанияга кетаман. Аминманки, мен сизларни кўришга борганимда, биз биргаликда Масиҳ Хушхабари келтирадиган қут-баракаларни тўлиқ баҳам кўрамиз”.
а. “ҳозирча мен Худо азизларига ёрдам бергани Қуддусга кетяпман”. Павлус Македония ва Ахаиядаги масиҳийлар томонидан йиғилган моддий ёрдамни бериш учун, Қуддусга бораётганида, Коринф шаҳрида тўхтаб ўтмоқчи бўлган (Ҳаворийлар 20:1-3).
б. “ғайрияҳудийлар яҳудийлар туфайли руҳий неъматларга сазовор бўлдилар-да, шунинг учун улар ўз моддий бойликларини яҳудийлар билан баҳам кўришни лойиқ топдилар”. Павлус томонидан қилинган кузатишлар, жуда ўринлидир: улкан Рим империясининг барча ҳудудларида яшайдиган ғайрияҳудийлардан бўлган масиҳийлар, Қуддусдаги яҳудийлар жамиятидан шунча руҳий баракаларга эга бўлишдики, Қуддусдаги имонлиларнинг муҳтожликларида уларга ёрдам кўрсатиш, улар учун адолатли бўлган бўлар эди.
в. “сизларнинг олдингизда тўхтаб ўтаман. Сўнгра Испанияга кетаман”. Павлус маълум бир вақтни Қуддусда ўтказганидан сўнг, ҳақиқатдан ҳам Римга йўл олади, бироқ, бу нарса у режалаштирган тарзда бўлмайди!
3. 30-33 оятлар. Павлуснинг ибодатга қилаётган даъвати.
“Эй биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ ва Муқаддас Руҳ ато қиладиган меҳр-муҳаббат ҳақи сизларга ёлвораман: мен учун биргаликда Худога ибодат қилайлик. Яҳудиядаги имонсизларнинг қўлидан қутулишим учун ва Қуддусдаги хизматим у ердаги Худонинг азизларига маъқул бўлиши учун ибодат қилинглар. Худо хоҳласа, мен шод-хуррамлик билан сизларнинг олдингизга бораман, сизлар билан бирга бўлганимдан қалбим ором топади. Тинчлик манбаи бўлган Худо ҳаммангизга ёр бўлсин! Омин!”.
а. “мен учун биргаликда Худога ибодат қилайлик. Яҳудиядаги имонсизларнинг қўлидан қутулишим учун”. Қуддусда у учун хавф борлигини сезган ҳолда ( уни бир неча маротаба огоҳлантиришган эди, бу ҳақда биз Ҳаворийлар 20:22-23, 21:10-14 оятларда ўқишимиз мумкин) Павлус унга ваъда қилинган қийинчиликлардан ўтиши учун Худо халқининг ибодатига муҳтож эканлигини билган.
1) “мен учун биргаликда”. Ғоя шундан иборатки, Павлус римликлардан уни ибодатда қўллаб-қувватлашни ва шу тарзда хизматнинг бир қисмига айланишни сўрамоқда. Муқаддас Каломнинг яна бир таржималаридан бирида “жангада менинг шерикларим бўлинглар” деб ёзилган бўлса, бошқа таржимасида – “мен учун Худога ибодат қилган тарзда, ушбу курашни мен билан баҳам кўринглар” деб ёзилган.
2) “Хизматкорлар учун сурувларининг ибодатлари жуда муҳим. Павлус сингари мен ҳам сизларни ўз чўпонларингиз учун ибодат қилишга даъват этмоқдаман. Сизларнинг ибодатларингиз бизларга жуда керак ва биз бу ибодатлар учун Худога шукроналар айтамиз. Жамоат аъзоларининг ибодатлари орқали, Муқаддас Руҳнинг кучи чўпонларни мустаҳкамлайди” (Смит).
3) Бизнинг тилимизга “мен учун биргаликда” деб таржима қилинган қадимги юнонча sunagonizomai сўзи, том маънода “азобланмоқ, биргаликда азоб чекмоқ” деган маънони билдиради. Унинг аҳамияти ва чуқурлигини белгилаб ўтиш учун, Павлус ушбу сўзни икки маротаба такрорлаган: sunagonizomai sunagonizomai.
4) Айнан мана шундай ўзакка эга бўлган сўз, Исонинг, шогирдларидан У билан бирга ибодатда бўлишларини (биргаликда азоб чекишларини) сўраган вақтида қилган Гетсемания боғидаги дард ва оғриққа тўла ибодатини тасвирлашда ишлатилган. Шогирдлари Унга ўша муҳим дақиқаларда панд беришди ва азобларда Унинг бир Ўзини қолдиришди. Биз ўз етакчиларимиз ва чўпонларимизни, курашда ёлғиз ўзларини ташлаб қўймаслигимиз керак. Бу нарса менга, Ҳиндистонга боришидан олдин шундай деган Уильям Кэрини эслатади: “Мен жуда катта чуқурликнинг тубига боряпман, биродаримиз Фуллер ва қолганлар эса, арқонни тутиб туришлари лозим”. Биз мана шундай илтимосни рад эта оламизни? Бу нарса хоинлик бўлмайдими?” (Сперджен).
5) “Павлусдай иноятга бой инсон, ўзига таниш бўлмаган Худо азизларидан ибодат қилишни сўрашга қодир эканлиги, сизни ҳайратлантирмаяптими? Бу нарса сизни ҳайратлантирмасин, дарҳақиқат буюк бўлган инсонларгина, бошқаларни ўзларидан устун деб ҳисоблай оладилар. Иноятда ўсган ҳолда, инсон ўзининг Худога муҳтожлигини, қайсидир бир маънода эса Худонинг халқига ҳам муҳтож эканлигини янада кўпроқ ҳис қилиб бораверади” (Сперджен).
б. “Яҳудиядаги имонсизларнинг қўлидан қутулишим учун”. Павлус Қуддусда уни кутаётган хатар, “имонсизларнинг” иши эканлигини биларди. Бу ҳақда биз Ҳаворийлар 21:27-28, 22:22.
в. “ва Қуддусдаги хизматим у ердаги Худонинг азизларига маъқул бўлиши учун”. Павлус, Қуддусдаги жамоат жуда консерватив эканлигини ва баъзан унга ўхшаган одамларни хавфли кашфиётчилар сифатида қабул қилишини билган. Шунинг учун ҳам у римликлардан у учун ибодат қилишларини сўрамоқда, токи унинг “Қуддусдаги хизмати Худонинг азизларига маъқул бўлсин”.
г. “Худо хоҳласа, мен шод-хуррамлик билан сизларнинг олдингизга бораман”. Павлус ҳамда римликларнинг ибодатларига, улар кутганларидай бўлмасада, жавоб олинди. Ҳаворийлар 28:15 оятда Павлуснинг Римга “зафарли” кириб келиши тасвирланган, шундай экан, кишанда бўлсада, у дарҳақиқат уларнинг одиган “шод-хуррамлик билан” келди.
д. “Омин”. Бу ерда Павлус ўз мактубини якунламоқда. Энди эса 16-бобда ёзилган шахсий саломларнигина етказиш қолди, холос.
©1996–present The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – ewm@enduringword.com