Римликлар, 13 боб.
Масиҳийларнинг ҳокимиятга эга инсонлар олдидаги маъсулияти.
А. Масиҳий ва ҳокимият органлари.
1. 1-2 оятлар. Ҳукуматнинг қонуний ҳокимияти ва масиҳийнинг муносабати.
“Ҳар бир инсон ўзининг устидан ҳукмрон бўлган ҳокимиятга бўйсунсин. Чунки Худо буюрмаган ҳокимият йўқ, мавжуд бўлган ҳар бир ҳокимиятни эса Худо тайин этган. Шунинг учун ҳокимиятга қаршилик кўрсатган одам Худо ўрнатган тартибга қарши чиққан бўлади. Қаршилик қилувчилар эса ўзларини ўзлари ҳукмга дучор қиладилар”.
а. “ўзининг устидан ҳукмрон бўлган ҳокимиятга бўйсунсин”. Римликлар 12 ва 13 боблар орасидаги боғлиқлик кундай равшан. Шахсий норозилик ва хафагарчиликлар учун масиҳий қасд олиш ҳуқуқига эга бўлмаган бир пайтда, ҳокимиятга эга инсонлар қонунбузарларни жазолаш ҳуқуқи эга бўлиб қолмоқдалар.
б. “Ҳар бир инсон”. Шубҳасиз, бу масиҳийларга ҳам тегишлидир. Павлус шунчаки бизга ҳукм сураётган ҳокимиятга “бўйсунишимиз” кераклигини айтмоқда. Бу нарса ўша даврдаги, Худованднинг Ўзидан бошқа ҳеч бир подшоҳни тан олмайдиган ва Худовандддан бошқасига тўлов тўлашни истамайдиган ғайратли яҳудийларнинг дунёқарашига қарши бўлган.
в. “Чунки Худо буюрмаган ҳокимият йўқ, мавжуд бўлган ҳар бир ҳокимиятни эса Худо тайин этган”. Биз ҳукмрон раҳбарларга бўйсунамиз, чунки ҳокимият Худонинг режасига асосан ўрнатилган ва Унинг мақсадларига хизмат қилади.
1) “Чунки Худо буюрмаган ҳокимият йўқ”. Худованднинг Ўзи миллий раҳбарни, ҳукмдорни белгилайди, аммо ҳар доим ҳам бу нарса халқни баракотлаш учун амалга оширилиайди. Баъзан бу нарса адолатли ҳукмни амалга ошириш учун ёки халқ ушбу ҳукмга етарлича тайёр бўлиши учун амалга оширилади.
2) Биз, Павлус ушбу оятларни Рим империяси ҳукмронлиги даврида ёзганини биламиз. Ўшанда ҳеч қандай демократия йўқ эди, император ҳокимияти эса, масиҳийларга нисбатан умуман дўстона муносабатда эмас эди ва шунга қарамай Павлус ушбу ҳокимиятнинг қонунийлигини тан олмоқда.
3) “Сизнинг Нажоткорингиз, Яҳудия тарихидаги Римнинг энг ёмон вакилларидан бири – Понтий Пилатнинг қўлдан жабр тортди, Павлус эса римлик императорларнинг энг ёмони – Нероннинг қўлидан жабр тортди. Бироқ, на бизнинг Раббимиз, на Унинг Ҳаворийси ҳукмрон кучларни рад этишгани ҳамда ҳақоратлашгани йўқ” (Ньюэлл).
г. “шунинг учун ҳокимиятга қаршилик кўрсатган одам Худо ўрнатган тартибга қарши чиққан бўлади”. Раҳбарлар Худодан ҳокимиятга эга бўлганликлари учун, биз уларга бўйсунишга мажбурмиз, албатта агар улар бизларни Худонинг амрларига қарши иш қилишга мажбур қилмаётган бўлсалар. Бундай ҳолатда биз бўйсунмоғимиз лозим, шунчаки инсонга эмас, энг аввало Худовандга бўйсунишимиз шарт (Ҳаворийлар 4:19).
д. “қаршилик қилувчилар эса ўзларини ўзлари ҳукмга дучор қиладилар”. Ҳукумат идоралари – инсонниг гуноҳий истаклари ва мойилликларини текширувчи Хуонинг қуролидир. Ҳукумат – инсониятнинг гуноҳий қулаши натижаларига қарши турувчи жуда самарали қурол бўла олади.
2. 3-4 оятлар. Ҳокимиятга эга бўлганларнинг иши – ёвузлик қилувчиларни жазолаш ва уларга қаршилик кўрсатишдир.
“Яхшилик қилганлар эмас, ёмонлик қилганлар ҳукмронлардан қўрқишлари керак. Ҳокимиятдан қўрқмасликни истайсанми? Унда яхшилик қилиб юр, шунда бошлиқнинг мақтовига сазовор бўласан. Чунки бошлиқлар одамларнинг манфаатлари учун Худонинг хизматидадирлар. Ёмон иш қилаётган бўлсанг, қўрққин, чунки жазо бериш қудрати бошлиқларга бекорга берилмаган. Улар Худонинг хизматкорлари бўлиб, ёмонлик қилувчиларга жазо берадилар, Худонинг ғазабини амалга оширадилар”.
а. “яхшилик қилиб юр, шунда бошлиқнинг мақтовига сазовор бўласан”. Павлус, масиҳийлар энг интизомли, қонунга бўйсунувчи фуқаролар бўлишлари кераклигини назарда тутмоқда. Уларнинг Худога бўлган содиқликлари, атанга бўлган содиқликдан юқори бўлсада, масиҳийлар яхши фуқаро бўлиб қолаверадилар, чунки улар ҳалол одамлардирлар, улар ҳокимларга муаммо туғдирмайдилар, солиқларни тўлайдилар ва энг муҳими ҳукумат ва раҳбарлар учун ибодат қиладилар.
б. “чунки бошлиқлар одамларнинг манфаатлари учун Худонинг хизматидадирлар”. Павлус давлат бошлиқларини “Худонинг хизматлари” деб атамоқда. Бу бошлиқларга ҳам, худди жамоат раҳбарлари сингари Худонинг режаси ва бошқарувида махсус вазифа берилган.
1) Агар давлат раҳбарлари – “Худонинг хизматкорлари” бўлишса, улар бир нарсани унутмасликлари лозим, улар фақатгина хизматкордирлар, Худонинг Ўзи эмас.
в. “улар ёмонлик қилувчиларга жазо берадилар”. Ҳукумат Худонинг режасида, ёвуз ишлар учун адолатли жазони белгилаган ҳолда, инсонларнинг гуноҳий мойилликларини назорат қилиш вазифасини бажаради. Ушбу вазифани бажармаганда, ҳукуматнинг ўзи Худованднинг ҳукмига дучор бўлади.
г. “чунки жазо бериш қудрати бошлиқларга бекорга берилмаган”. “ Қудрат” сўзи (рус тилидаги таржимада қилич сўзи ишлатилган), юқори даражадаги жазога тегишлидир. Рим империясида одатда жиноятчиларнинг бошини қилич билан чопишган (ҳочда михлашни эса, жамиятнинг паст табақадаги энг ёмон инсонларга нисбатан қўллашган). Муқаддас Руҳдан илҳомланган ҳолда гапираётган Павлус, ҳукуматга жиноятчиларни жазолаш қудрати қонуний равишда берилагнлигига шубҳаланмаяпти.
3. 5–7 оятлар. Масиҳийнинг ҳокимиятга эга бўлган инсонлар олдидаги маъсулияти.
“Шунинг учун фақатгина ғазабга дучор бўлмаслик ниятида эмас, балки виждон ҳақи ҳам бошлиқларга бўйсуниш керак. Мана шу сабабдан солиқ ҳам тўлаш лозим. Чунки амалдорлар ўз вазифаларини бажариб, Худога хизмат қиладилар. Уларга нима тегишли бўлса, шуни беринг: солиқ йиғувчига – солиқ, бож олувчига – бож, обрўга лойиқ бўлганга – обрў, ҳурмату эҳтиромга лойиқ бўлганга – ҳурмат эҳтиром”.
а. “Шунинг учун… ҳам… бўйсуниш керак”. Биз ҳукуматга, фақатгина жазодан қўрққанимиз учун эмас, бу нарса Худонинг олдида тўғри эканлигини билганимиз учун бўйсунишимиз керак.
1) “виждон ҳақи”. Масиҳий ҳукмдорларга кўр кўрона тарзда эмас, виждон асосида очиқ кўз билан бўйсунади.
б. “солиқ ҳам тўлаш лозим… уларга нима тегишли бўлса, шуни беринг”. Бундан ташқари бизлар, бизга юклатилган солиқларни ҳам тўлашимиз лозим, чунки шундай йўл тутган ҳолда, маълум бир маънода биз Худованднинг ишларида иштирок этган бўламиз.
1) Римликлар 13:6 оятда, йиғиладиган солиқлар раҳбарлар томонидан шахсий манфаатлар учун эмас, ўз вазифаларини бажаришлари учун, яъни жамоатда тартибни сақлаш ва ёвузликнинг тарқалишига йўл қўймаслик йўлида сарфланиши кераклиги ҳақида билвосита айтиб ўтилган.
в. “солиқ…бож…обрў…ҳурмат эҳтиром”. Биз давлатга солиқ тўлаш мажбуриятига эгамиз, бундан ташқари, фақатгина ягона Худованд лойиқ бўлган нарсаларни фақатгина Худовандга бериш ҳуқуқини ўзимизда сақлаб қолган ҳолда, давлатга ҳурмат ва қандайдир бир титроқ билан қараш мажбуриятига ҳам эгадирмиз (Матто 22:21).
г. Айтиб ўтилганлар нуқтаи назаридан, мавжуд бўлган ҳукуматга қарши қўзғолонларни оқлаш мумкинми? Агар фуқарода иккита муқобил ҳукмдор ўртасида танлов бўлса, у Худонинг назарида энг қонунийини – яъни ҳокимиятдагилар учун Худонинг режасини энг яхши амалга оширадиганни танлаш ҳуқуқига эга.
1) Демократик давлатда яшаган ҳолда, қандайдир маънода бизнинг ўзимиз ўша ҳукумат эканлигимизни англаймиз, шунинг учун ҳам давлат бошқарувида ёрдам берадиган демократик жараёнларда қатнашишимиз керакми ёки йўқми, деб шубҳаланишимиз керак эмас.
Б. Масиҳийнинг ўз биродарларига нисбатан бўлган мажбуриятлари.
1. 8-10 оятлар. Севиш мажбурияти.
“Ҳеч кимдан ҳеч нарса қарздор бўлманглар. Фақат меҳр – муҳаббатни ҳам фарз, ҳам қарз деб билинглар, чунки ўзгани яхши кўрган одам Худонинг қонунини бажарган бўлади. Ахир, “Зино қилманг” “Қотиллик қилманг” “Ўғрилик қилманг” “Бировларнинг мулкига кўз олайтирманг” деган ва ҳамма қолган амрлар қуйидаги битта амрда мужассам-ку: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг”. Чунки ўзгани яхши кўрган одам унга ёмонлик қилмайди. Шундай қилиб, бошқаларни яхши кўриш Худонинг қонунини тўлиқ бажариш билан баробардир”.
а. “Ҳеч кимдан ҳеч нарса қарздор бўлманглар. Фақат меҳр – муҳаббатни ҳам фарз, ҳам қарз деб билинглар”. Шахсий даражада, бизга юклатилган ягона “қарз” бу – бир биримизни севиш қарзидир. Бу бизнинг Худованд ва инсонлар олдидаги доимий мажбуриятимиздир.
1) Баъзилар ушбу сўзларда ҳеч қачон ҳеч кимдан қарз олмаслик буйруғини кўришади, аммо Исо қарз олишга ижозат берган (масалан, Матто 5:42). Гарчи Калом ҳақиқатдан ҳам бизларга қарз олиш билан боғлиқ бўлган жавобгарликлар ва хатарлар ҳақида эслатиб ўтадиган бўлсада (Ҳикматлар 22:7), Павлус томонидан бу ерда айтилган сўзларнинг маъноси умуман бошқа.
2) “Биз фақатгина солиқ тўлашимиз мумкин. Биз керак бўлган пайтда ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишимиз, аммо кейинчалик бошқа ҳеч қандай мажбуриятим йўқ, деб ҳисоблашимиз мумкин. Аммо биз ҳеч қачон: “Мен аллақачон етарлича севиб бўлдим, деб айта олмаймиз”. Севги – бизларнинг ўзгармас мажбуриятимиз, ўчириб бўлмайдиган қарзимиздир” (Моррис).
б. “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг”. Павлуснинг сўзларида, биз учун Матто 22:36-40 оятларда ёзиб қолдирилган Исо амрининг садоси эшитилмоқда; “бутун Таврот ва пайғамбарларнинг ҳамма битиклари” таянган икки амрдан бири.
1) “Ўзгани севиш” бу биз ҳар куни учрашадиган ва алоқа қиладиган инсонларни севиш дегани. Назарий ва мавҳум тарзда севиш жуда осон, аммо Худованд бизларни ҳақиқий, тирик ва мавжуд одамларни севишни талаб қилмоқда.
2) “Инсон ўзи чизган доира чизиғи орасига ўзини тиқиб қўйган ҳолда, ҳаётнинг мазмунини англаб ета олмайди. Ҳеч ким ўзининг масиҳийлик даъватини, фақатгина хотини ёки бошқа оила аъзоларининг фаровонлигинигина ўйлаган ҳолда, амалга ошира олмайди, чунки бу шунчаки инсоннинг ўзининг кенгайтирилган шаклидир” (Сперджен).
в. “бошқаларни яхши кўриш Худонинг қонунини тўлиқ бажариш билан баробардир”. Севгини эътиборсиз қолдирган ҳолда, барча диний амалларни тўғри бажариш жуда осон. Бизнинг Худога бўлган итоаткорлигимизнинг ҳақиқий ўлчови – севгидир.
2. 11-14 оятлар. Севиш ва Худованд олдида тўғри юришга бўлган кескин зарурият.
“Ҳозирги вақтни ғанимат деб билинглар. Мана, уйқудан уйғонадиган пайтингиз етиб келди. Биз имон келтирган пайтдагидан кўра, ҳозирги вақтда нажотимизнинг тўлиқ рўёбга чиқиши яқинроқдир. Тун ўтиб кетиб, кундуз яқинлашиб қолди. Шунинг учун қоронғилик ишларидан воз кечайлик, нурга лойиқ ишларни қилишга боп бўлган қурол аслаҳаларни тақиб олайлик. қилмайлик Шаҳватпарастлик ва фисқ фужурга берилмайлик, жанжалкашлик ва ҳасадгўйлик, айш ишрат ва ичкиликбозлик билан эмас, кундузга яраша, одоб билан кун кечирайлик. Раббимиз Исо Масиҳга бурканинглар ва башарий табиатингизнинг эҳтиросларини қондиришни ҳатто ҳаёлингизга ҳам келтирманглар”.
а. “тун ўтиб кетиб, кундуз яқинлашиб қолди”. Вақтга нисбатан енгилтабиатлик билан муносабатда бўлишнинг хавфли томонини билган ҳолда ва Исонинг тезда қайта келишини кутган тарзда, гўё тушда яшаётгандек юришимиз керак эмас, балки, Худованд олдида солиҳ бўлиб юришга ҳаракат қилган ҳолда, биз янада кўпроқ ўзимизни ва кучимизни бахшида қилишимиз лозим.
1) “Уйқудан уйғонишимиз” биз учун нақадар муҳим! Биз Худо билан бўлган муносабатимизда “ётган ҳолатда бўла туриб”, кўпгина масиҳийлик ишлари билан шуғулланишимиз ҳам мумкин. “Уйқудан уйғонган” заҳотимиз эса, ҳамма нарса кескин ўзгаради!
· Уйқуда гаплашиш мумкин.
· Уйқуда эшитиш мумкин.
· Уйқуда юриш мумкин.
· Уйқуда куйлаш мумкин.
· Уйқуда ўйлаш мумкин.
б. “шунинг учун қоронғилик ишларидан воз кечайлик, нурга лойиқ ишларни қилишга боп бўлган қурол аслаҳаларни тақиб олайлик”. Иллюстрация (яъни мисол) сифатида Павлус кийим ечиш ва кийиш жараёнини ишлатмоқда. Ҳар куни сиз устингизга кийим кийганингизда, сиз ўша кийимни ўзингизга хос ва режаларингизга асосан танлаб киясиз. Айнан худди мана шундай тарзда биз ҳар куни “нурга лойиқ ишларни қилишга боп бўлган қурол аслаҳаларни тақиб олишимиз” лозим.
1) “Тақиб олишдан” олдин, биз “воз кечишимиз” керак. Агар биз Масиҳнинг кийимларини киймоқчи бўлаётган бўлсак, олдин ўзимиздан гуноҳнинг ифлос кийим кечакларини ечиб ташламоғимиз лозим. Биз гуноҳга бўлган севгини улоқтириб ташламоғимиз, гуноҳ қилиш одатидан воз кечишимиз керак, бўлмаса биз масиҳий бўла олмаймиз. Акс ҳолда бу гўёки динни, эски гуноҳларни зўрға беркитаётган самовий мантиядай чўзиб устимизга кийишга ҳаракат қилаётган дангасавий уриниш бўлади холос” (Сперджен).
в. “қоронғилик ишларидан”. Ушбу тушунчага “шаҳватпарастлик” “фисқ фужур” “жанжалкашлик” “ҳасадгўйлик”, “айш ишрат” ва “ичкиликбозлик” киради.Буларнинг барчаси қоронғуликдан Худонинг нурига қараб чиққан масиҳийларга номуносиб ишлардир.
1) “Шаҳватпарастлик” сўзи “ман қилинган тўшакни исташни” билдиради. Бу сўз содиқлик ва жинсий поклик у учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган инсонни тасвирлайди.
2) Ушбу парчада “айш ишрат” сўзи, ҳеч қандай ибога эга бўлмаган инсонларни англатади. Бошқалар улар ҳақида нима деб ўйлаётганлигининг улар учун фарқи йўқ; улар очиқ тарзда, ҳаттоки ғурур билан ўз гуноҳларини кўрсатишади.
г. “нурга лойиқ ишларни қилишга боп бўлган қурол аслаҳалар”. Бу Раббимиз Исо Масиҳнинг Ўзига тегишли. Масиҳга бурканган ҳолда, биз устимизга ҳам ҳимоя ҳамда ҳужум учун Худонинг қурол аслаҳаларини кийган бўламиз.
1) “Масиҳга бурканиш” – бу жуда кучли ва тасвирий мисолдир. Бу “Раббимиз Исо Масиҳнинг феъл атворига бурканишдан ҳам кўпроқ маънони англатади; кўпроқ бу жумла, биз Раббимиз Исо Масиҳнинг Ўзига,устимизга кийиб юрган қурол аслаҳа бўлишига ижозат беришимизни англатади” (Моррис).
д. “башарий табиатингизнинг эҳтиросларини қондиришни ҳатто ҳаёлингизга ҳам келтирманглар”. Башарий табиат, биз унга қай даражада ижозат берсак, шу даражада фаол бўлади. Бизнинг олдимизга вазифа қўйилган – “нурга лойиқ ишларни қилиш” вазифаси. Биз бир четда турган пайтимизда, Исонинг Ўзи бу ишларни бизнинг ўрнимизга амалга оширмайди; аксинча, агар биз У билан фаол ва ихтиёрий ҳамкорликда бўлсак, бу ишларни У биз орқали амалга оширади.
1) Худованд ушбу парчани, Августинга (илк жамоатнинг буюк илоҳиётшуносларидан бири), у ҳақиқатдан ҳам масиҳий сифатида Муқаддас Руҳнинг кучида яшай олишини кўрсатиш учун ишлатган. Августин, ҳудди биз ҳозирги кунда қилишимиз керак бўлганидек, шунчаки бу ишни қилиши керак бўлган.
©1996–present The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – ewm@enduringword.com