Римликлар, 11 боб.
Исроилнинг қайта тикланиши.
А. Исроил ва иноятга асосан сақланган қолган қисм.
1. 1-оят. а. Худованд Ўз халқи – Исроилни рад этганлиги ҳақиқатми?
“Шундай қилиб, яна бир саволим бор. Наҳотки Худо Ўз халқини рад қилган бўлса? Йўқ, асло!”.
а. “наҳотки Худо Ўз халқини рад қилган бўлса?”. Павлуснинг ушбу саволи, у мактубнинг юқорисида барча айтиб ўтганлари доирасида маълум бир мазмунга эга бўлади. Агар Исроилнинг хушхабарни рад этиши қандайдир бир тарзда Худовандниг абадий режаси (Римликлар 9:1-29) ва Исроилнинг ўзи қилган танлови билан боғлиқ бўлса (Римликлар 9:30–10:21), бу нарса Исроилнинг тақдири белгиланганлигини ва нажот учун ҳеч қандай имконият йўқлигини англатадими?
б. “Йўқ, асло!”. Ўзининг ҳозирги аҳволига қарамай, Исроил Худо томонидан абадий рад этилмаган.
2. 1-оят. б. Худованд Ўз халқини рад этмаганлигининг далили – Павлуснинг ўзи.
“Мен ўзим Исроил халқидан бўлиб, Иброҳимнинг авлодиданман, Бенямин қабиласига тегишлиман-ку!”.
а. “Мен ўзим Исроил халқидан бўлиб”. Павлуснинг Халоскор Исога бўлган имони, яҳудийлар орасида ҳам Худо томонидан танланганлар ва хушхабарга имон келтирганлар бўлганлигини тасдиқлайди.
б. “мен ўзим”. Ҳар сафар Худованд ишининг далилларини кўришни истаганимизда, энг аввало ўз ҳаётимизга қарашимиз мумкин ва керак. Павлус айнан шундай йўл тутган, биз ҳам шундай йўл тутмоғимиз лозим.
3. 2-5 оятлар. Қолганларнинг тамойили.
“Худо азалдан танлаб олган халқини рад этгани йўқ. Муқаддас битикларда Илёс ҳақида нима ёзилгани эсингизда йўқми?! У Исроил халқидан шикоят қилиб, Худога шундай деган эди: “Эй Эгам, Исроил халқи қурбонгоҳларингни бузди, пайғамбарларингни қиличдан ўтказди. Ёлғиз мен қолдим, холос. Энди жонимни олиш учун мени ҳам қидириб юрибдилар”. Худо унга нима деб жавоб берди?. “Мен Исроил халқидан Ўзим учун Баал олдида тиз чўкмаган етти минг одамни қолдирдим”. Худди шунга ўхшаб, ҳозир ҳам Худога содиқ қолганлар бор, чунки улар Худонинг инояти бўйича танланганлар”.
а. “Худо азалдан танлаб олган халқини рад этгани йўқ… Худди шунга ўхшаб, ҳозир ҳам Худога содиқ қолганлар бор, чунки улар Худонинг инояти бўйича танланганлар”. Павлус яшаган даврда Исроил халки оммавий тарзда бир гуруҳ одамлар сифатида Халоскорни рад этди. Шунга қарамай муҳим бир қисми Исо Масиҳ ҳақидаги хушхабарни қабул қилди. Худованд кўпинча Исроилда, Ўзига содиқ бўлган маълум бир миқдордаги инсонлар орқали ҳаракат қилган (масалан, Илёс даврида бўлганидек).
1) “Ўзининг ҳамюртлари томонидан қувғинга учраган Илёс сингари Павлус ҳам унга нисбатан ўзида худди бир махсус қариндошликдай муносабатни хис этган бўлиши ажаб эмас” (Харрисон).
б. “У Исроил халқидан шикоят қилиб”. Вазият шу даражада ёмон эдики, Илёс Худовандга ўз халқи устидан “шикоят қилиб, ибодат қилган”.
в. “Эй Эгам, Исроил халқи пайғамбарларингни қиличдан ўтказди”. Илёс Худованд Ўз халқини рад этди деб, ўзини эса Унга хизмат қилишда давом этаётган ягона инсон деб ўйлаган. Аммо Худованд унга, Унда ҳали муҳим миқдордаги инсонлар борлигини кўрсатди; бутун халқ бўлмасада, кимлардир Худовандга содиқ бўлишда давом этаверганлар.
г. “Худди шунга ўхшаб, ҳозир ҳам Худога содиқ қолганлар бор, чунки улар Худонинг инояти бўйича танланганлар”. Кўпинча бизларга буюк ишлар учун Худовандга жуда кўп одамлар керак, деб ўйлаймиз, аммо кўп ҳолларда У бундай ишларни кичик бир гуруҳ одамлар ёки бир ховучгинадан бошланадиган миқдор орқали амалга оширади. Павлус даврида Нажоткор Исони жуда озгина яҳудийлар тан олган бўлишига қарамай, “камгина ўша миқдор” бор эди ва Худованд мана шу кам миқдордаги инсонларни буюк ишлар учун ишлатди.
1) “Илёс даврида сон эмас, Исроилга нисбатан бўлган Худованд режасининг мустаҳкамлиги аҳамиятга эга бўлган… У ўзининг умидини Худонинг иноятига боғлаган, инсонларнинг сонига эмас” (Моррис).
4. 6-10 оятлар. Худонинг иноят орқали Ўзига маълум миқдорни танлаш ҳуқуқи.
“Танлаш инсонларнинг ишларига эмас, Худонинг иноятига боғлиқ. Агар шундай бўлмаганда эди, иноят ҳақиқий иноят бўлмас эди. Хуллас, бу нимани билдиради? Исроил халқи солиҳлик пайида бўлса ҳам, солиҳликкка эришмади. Фақатгина танланганлар бу мақсадга эришди, қолганларнинг юраклари эса тош бўлди. Муқаддас битикларда ёзилгандай: “Худо шу пайтгача уларни қаттиқ ухлатиб қўйди, уларга кўрадиган кўз, эшитадиган қулоқ бермади”. Довуд ҳам шундай деган: “Дастурхонлари ўзларига тўру тузоқ бўлсин. Шунда улар қоқилиб, жазоларини оладилар. Кўз нурлари сўнсин, кўрмай қолсин, беллари то абад букчайиб қолсин””.
а. “Танлаш инсонларнинг ишларига эмас, Худонинг иноятига боғлиқ. Агар шундай бўлмаганда эди, иноят ҳақиқий иноят бўлмас эди”. Олдинги оятнинг сўнгида, маълум миқдордаги инсонлар иноят орқали танланганликларини Павлус эслатиб ўтган эди. Энди эса у бизларги иноятнинг ўзи нима эканлигини эслатиб ўтмоқда: иноят бу – олаётган инсоннинг салоҳияти учун ёки унинг келажакдаги ютуқларни ҳисобга олингани учун эмас, шунчаки бераётганнинг истагига асосланган Худонинг бепул инъомидир.
б. “агар шундай бўлмаганда эди, иноят ҳақиқий иноят бўлмас эди”. Иноят билан ишлар бир вақтнинг ўзида бирга бўла олмайди. Яъни агар бирор нарса иноят орқали берилаётган бўлса, бу нарса қандайдир ишлар билан боғлиқ бўла олмайди, агарда ишлар учун берилган бўлса, у ҳолда бу нарса иноят билан боғлиқ бўла олмайди.
в. “фақатгина танланганлар бу мақсадга эришди, қолганларнинг юраклари эса тош бўлди”. Исроил халқи орасидан танланганлар хушхабарни қабул қилишди ва Худонинг шафқатига жавоб беришди, қолганлар эса уни рад этган ҳолда, юракларини тошга айлантиришди.
г. “Муқаддас битикларда ёзилгандай”. Ишаё 29-бобдан ва 68-Санодан келтирилган оятлар бизга, Худованд “қаттиқ уйқу” ва “кўрмайдиган кўз” бериши ҳамда агар истаса, “кўз нурлари сўнсин” деб ҳам айтиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Агар ҳозирда Худованд учун фақатгина Исроилнинг маълум қисмига ҳақиқатни очиб бериш маъқул бўлса, У Ўзи хоҳлаганидек айнан шундай иш тутиши мумкин.
1) Моррис “қаттиқ уйқу” ни, барча руҳий нарсаларга нисбатан ўликлик деб атаган.
2) “Тахминан қуйидаги манзара гавдаланмоқда: инсонлар тинч ва осойишта байрам қилмоқдалар, аммо айнан мана шу эҳтиётсизлик уларни ҳалокатга олиб келмоқда. Улар ёлғон хавфсизлик ҳисси билан шу даражада қопланишганки, душман билдирмасдан келиб, бирданига уларга ҳамла қилиши мумкин” (Баркли). Павлуснинг замондошлари бўлган яҳудийлар, улар Худонинг танланган халқи эканликлари ҳақидаги фикрдан шу даражада хотиржамликка келишганки, ўша фикрнинг ўзи уларнинг ҳалокатлари сабаби бўлган.
Б. Ҳозирги кундаги Худонинг қолган маълум миқдорни қутқариш режаси.
1. 11-оят. а. 68 – Санода Исроилнинг қоқилиши ҳақида айтилган башоратлар, Исроил абадий рад этилганлигини англатадими?
“Бундан яна бир савол келиб чиқади. Яҳудийлар қоқилганда, бутунлай ҳалок бўлдиларми?”.
а. “қоқилганда…ҳалок бўлдиларми?”. Павлуснинг сўзларига асосан, биз “қоқилиш” ва “ҳалок бўлиш” ўртасида фарқ борлигини кўрмоқдамиз. Исроил халқи “қоқилди”, аммо улар “ҳалок бўлишмади” яъни Худонинг режаси ва мақсадларидан абадий чиқариб ташланмадилар. Қоқилгандан сўнг ўзини тиклаб олиш мумкин, бироқ агар сиз қаттиқ йиқилган бўлсангиз, ётишда давом этаверасиз.
2. 11б–14 оятлар. Йўқ, Исроилнинг қоқилишига йўл қўйиб берганида, Худованднинг маълум бир аниқ мақсади бор эди: яъни бутпарастлар учун нажот топиш имкониятини очиб бериш мақсади.
“Йўқ, асло! Аксинча, улар Масиҳни рад қилганлари учун ғайрияҳудийлар нажотга эга бўлдилар, токи Исроил халқининг рашки қўзғалсин. Яҳудийлар Масиҳни рад этиб, бутун дунёни янада бойитдилар. Ўзлари йўқотган бойлик билан ғайрияҳудийларга фойда келтирдилар. Агар уларнинг бу гуноҳи шундай самара келтирган бўлса, уларнинг нажот топиши қанчалик фойда келтиришини бир тасаввур қилиб кўринглар-а! Энди сизларга – ғайрияҳудийларга айтяпман. Тўғри, мен сизларга Хушхабар келтириш учун юборилганман. Бу хизматимни жон–жаҳдим билан бажараман, балки бу хизматим билан ўз қондошларим яҳудийларнинг рашкини қўзғатарман, уларнинг баъзиларини қутқариб қоларман”.
а. “Йўқ, асло!”. Павлус, Худо ҳозирги кунда оз миқдордаги яҳудийлар орқали ҳаракат қилаётганлигини кўрсатиб ўтди, лекин энди у, гуноҳ қилишда давом этаётган яҳудийлар абадий йўқотилганлар эмасликларига ойдинлик киритиб ўтмоқда.
б. “аксинча, улар Масиҳни рад қилганлари учун ғайрияҳудийлар нажотга эга бўлдилар”. Биз, хушхабар кўпчилик ҳолларда яҳудийлар уни рад этгандан сўнг, ғайрияҳудийларга юборилганлигини ёддан чиқаришимиз керак эмас (Ҳаворийлар 13:46, 18:5-6, 28:25-28). Ушбу маънода яҳудийларнинг хушхабарни рад этганлиги “ғайрияҳудийлар учун бойликка” айланди.
1) Халоскор Исонинг яҳудийлар томонидан рад этилиши, ғайрияҳудийларнинг нажот топиши учун сабаб бўлганлиги ҳақида сўз юритилмаяпти. Шунчаки айнан шу нарса сабаб ғайрияҳудийларга хушхабар етказишнинг кўпроқ имкониятлари очилди ва уларнинг кўпчилиги берилган имкониятдан фойдаланишди.
в. “рашкини қўзғатарман”. Лекин ҳали ҳам Павлус, ушбу бойликлардан фақатгина ғайрияҳудийлар баҳраманд бўлишларини истамаяпти; у яҳудийларда, ғайрияҳудийлар олаётган баракотларни олишга илҳомлантирадиган яхши, тўғри “рашкни” қўзғатишга умид қилмоқда.
1) “Нафақат Исроилнинг унга таклиф қилинган нажотни рад этганлиги чуқур афсусларга олиб келади, балки ғайрияҳудийлар, Исроилнинг рашкини қўзғатишнинг имкониятини кўп ва тез тез қўлдан бой бериб туришлари ҳам чуқур афсусларга олиб келмоқда. Худонинг қадимий халқига масиҳийлик йўли қанчалик ажойиб эканлигини кўрсатиш ўрнига, масиҳийлар кўпинча яҳудийлардан нафратланишган, уларга нотўғри муносабатда бўлишган, уларни қувишган, уларга қарши фитналарни ўйлаб топиб, ҳар хил найранглар уюштиришган. Масиҳийлар ушбу парчага шунчаки оддий муносабатда бўлишлари керак эмас” (Моррис).
3. 15-21 оятлар. Ғайрияҳудийларга юзланиш: ҳа, яҳудийлар Исони рад этишди ва бу нарса сизлар учун баракотга айланди, аммо бир ўйлаб кўринг-а, уларнинг Масиҳга юзланиши қандай улкан баракотга айланиши мумкин.
“Яҳудийларнинг рад этилиши дунёни Худо билан яраштирган бўлса, уларнинг Худо томонидан қабул қилиниши ўлимдан ҳаётга олиб бормайдими? Биринчи ёпилган нон Худога бағишланиб муқаддас бўлса, хамирнинг қолгани ҳам муқаддасдир. Баъзи яҳудийлар дарахтнинг синдириб ташланган новдаларига ўхшайдилар. Сизлар – ғайрияҳудийлар эса табиий новдалар орасида пайванд қилинган ёввойи зайтун новдаларига ўхшайсизлар. Энди улар билан бирга бир томирдан озиқланяпсизлар. Шундай экан, бошқа новдаларга қараб мақтанманглар. Агар жуда кеккайиб кетсангизлар, ёдга олинглар, сизлар томирни эмас, балки томир сизларни озиқлантиряпти. Эҳтимол сизлар: “Биз пайванд қилинишимиз учун новдалар синдирилди”, дерсизлар. Тўғри, лекин эсингизда бўлсин: улар ишонмаганлари учун синдириб ташландилар, аммо сизлар имонингиз орқали пайванд қилингансиз. Шунинг учун кеккайиб кетманглар, балки Худодан қўрқинглар. Акс ҳолда, Худо табиий новдаларни аямагани каби, сизларни ҳам аямайди”.
а. “биринчи ёпилган нон Худога бағишланиб муқаддас бўлса”. “Биринчи нон” ҳақида айтган ҳолда, сўз, яҳудий бўлган энг биринчи масиҳийлар ҳақида юритилаётганга ўхшайди. Уларнинг Исога имон келтирганлиги жамоат учун муқаддас ва аҳамиятли воқеага айланди. Охир оқибат, ҳаворийларнинг ҳар бири ва Муқаддас Каломни ёзган кўпчилик инсонлар яҳудийлар бўлишган. Агар “биринчи ёпилган ноннинг” Худога юзланиши ижобий воқеа бўлган экан, бутун ҳосилнинг тўлиқ муқаддасланиши қандай ажойиб бўлади!
1) Кўпчилик шарҳловчилар бу ерда “биринчи нон” деб, патриархлар назарда тутилган деб ҳисоблашади, аммо ушбу маънода яҳудий бўлган энг биринчи масиҳийларни кўриб чиқсак, ҳамма нарса ўз ўрнига тушади.
б. “табиий новдалар орасида пайванд қилинган ёввойи зайтун”. Дарахт ва новдаларнинг тасвирини чизган холда, Павлус ғайрияҳудийлардан келиб чиқган масиҳийларга, фафқатгина Худонинг инояти орфали Унинг “дарахтига” пайванд бўлганликларини, ушбу дарахтнинг томири эса “Исроил” бўлганлигини эслатиб ўтмоқда.
1) “Қадимги замонда, эски зайтун дарахти ҳосил бермай қолганида, қуруқ новдаларини кесиб, дарахт танасига ёввойи зайтун дарахтининг новдаларини пайванд қилишган кўринади. Айтишларича, натижада бутун дарахт тузалиб, қайта тикланган” (Моррис).
2) Яҳудийча Талмудда, Мўаблик Рут Исроилга пайванд қилинган “имонли новда” деб аталган (Моррисдан келтирилган жумла)
в. “бошқа новдаларга қараб мақтанманглар…сизлар томирни эмас, балки томир сизларни озиқлантиряпти”. Ғайияҳудийлар ўзларини Исроилдан юқори деб ҳисобламасликлари учун, Павлус уларга, улар томирни эмас, аксинча томир уларни ушлаб тураётганлигини эслатиб ўтмоқда.
г. “улар ишонмаганлари учун синдириб ташландилар, аммо сизлар имонингиз орқали пайванд қилингансиз”. Бундан ташқари, “Худонинг дарахтига пайванд қилинган” ҳар бир ғайрияҳудий, ушбу дарахтда яхши ишлари ёки хизматлари учун эмас, фақатгина имон келтирганлиги учун турибди. Агар ғайрияҳудийлар имонсиз бўлиб чиқсалар, худди имон келтирмаган Исроил билан бўлганидек, дарахтдан “синиб тушадилар”.
4. 22-25 оятлар. Исроилнинг Исони рад этишида Худованднинг ғайрияҳудийларни қутқариш мақсадининг амалий қўлланилиши.
“Шундай қилиб, Худонинг меҳрибонлиги ва қаттиққўллиги ҳақида ўйлаб кўринг: Худонинг нажотини рад қилганларга У қаттиққўллик қилди, сизларга – пайванд қилинганларга эса У меҳрибонлик кўрсатди. Агар Худога содиқ қолсангиз, Унинг меҳрибрнлигидан баҳраманд бўлаверасиз. Бўлмаса, Худо сизларни ҳам кесиб ташлайди. Нажотни рад қилганлар ўз имонсизликларини бас қилсалар, пайванд қилинадилар. Худо уларни қайта пайванд қилиб қўйишга қодир. Ахир, сизлар ёввойи зайтун дарахтидан кесиб олиниб, парваришланган зайтун дарахтига, табиатга хилоф равишда, пайванд қилиндингиз. Шундай экан, улар, табиий новдалар, ўзларининг дарахтига қанчалар осонлик билан қайта пайванд қилинадилар-а!”.
а. “Шундай қилиб, Худонинг меҳрибонлиги ва қаттиққўллиги ҳақида ўйлаб кўринг”. Павлус “Худованднинг меҳрибонлигида бўлишликнинг” муҳимлигини белгилаб ўтмоқда: бу амаллар орқали берилган нажот маъносида эмас, Худованднинг бизга нисбатан бўлган инояти ва меҳрибонлиги маъносида, яъни сўз доимий ўзаро боғлиқ бўлган муносабатлар ҳақида бормоқда. Худди шундай доимо “дарахтда” бўлиш ҳақидаги фикр, Юҳанно 15:1-8 оятларда учрайди.
1) “Биз оятда кўриб турган шарт (агар Худога содиқ қолсангиз) бизга, қатъиятлилик ва мустаҳкамлик бўлмаса, хушхабар ришталарида хавфсизлик бўлмаслигини эслатиб ўтмоқда. Худованд ҳатто имондан қайтганимизда ҳам бизларга Ўз марҳаматини кўрсатишда давом этавермайди; Худонинг сабр-тоқати ва нажоткорона қабул қилиши нисбийдир” (Мюррей).
б. “Худо уларни қайта пайванд қилиб қўйишга қодир”. Агар Исроил ўзининг имонсизлишги туфайли “кесиб ташланган” бўлсалар, “нажотни рад қилганлар ўз имонсизликларини бас қилсалар” Худо уларни “қайтадан пайванд қила олади”.
1) “Кўриниб турибдики, имон келтирган ғайрияҳудийларнинг бирида, Исроилнинг келажаки йўқ, деб фикрлаш васвасаси пайдо бўлган. Улар хушхабарни рад этишди ва бу хушхабар ғайрияҳудийларга берилди; Исроил ниҳоясига етди, у Худо томонидан рад этилган, қувғинга маҳкум этилган. Уларнинг ўрнига Худованд Ўзига ғайрияҳудийларни танлади. Айнан мана шундай такаббурона фикрларга қарши Павлус ушбу оятда эътироз билдирмоқда” (Моррис).
в. “табиий новдалар, ўзларининг дарахтига қанчалар осонлик билан қайта пайванд қилинадилар-а!”. Агарда ғайрияҳудийлар осонлик билан Худонинг “дарахтига” “пайванд” қилинган бўлсалар, биз биламизки Худо учун “табиий” новдаларни қайта пайванд қилиш ҳеч қандай қийинчиликни туғдирмайди.
В. Худонинг режасига асосан, кун келиб Исроил қайта тикланади.
1. 25-27 оятлар. Бутун Исроил нажот топиши ҳақида берилган ваъда.
“Биродарларим, сизлар тағин ўзбилармон бўлиб кетманглар деб, бу сирни сизларга билдирмоқчиман: белгиланган миқдордаги ғайрияҳудийлар нажот топмагунча, Исроил халқининг баъзилари ўжар бўлиб қолаверадилар. Шундан кейин бутун Исроил қутқарилади. Муқаддас битикларда Худо шундай деган-ку: “Қутқарувчи Қуддусдан келади, Ёқуб наслидан бетавфиқликни йўқ қилади. Улар билан қилган аҳдим мана шудир: Мен уларни гуноҳларидан фориғ қиламан””.
а. “сизлар тағин ўзбилармон бўлиб кетманглар деб”. Бу огоҳлантириш Павлуснинг сўзларига жиддий қарашга даъват этади. Масиҳийлар ушбу “сирдан бехабар” қолмасликлари керак.
б. “белгиланган миқдордаги ғайрияҳудийлар нажот топмагунча, Исроил халқининг баъзилари ўжар бўлиб қолаверадилар”. Павлус Римликлар 11:11-24 оятларда айтиб ўтган сўзларига якун ясамоқда. “белгиланган миқдордаги ғайрияҳудийлар нажот топмагунча”, Худованд “Исроил халқининг баъзилари ўжар бўлиб қолаверишларига” йўл қўйиб берди.
1) “Топмагунча” деган сўз, бу нарса “вақтинчалик” эканини билдиради. Исроилнинг “ўжарлиги” вақтинчаликдир. “Кун келиб яҳудийлар ўзларининг нодон ва ожиз бўлганликларини англаб етадилар. Улар Исо Масиҳни қабул қиладилар ва ушбу халқнинг умумий миллий тикланишидан сўнг Шоҳлик даври бошланади” (Смит)
в. “белгиланган миқдордаги ғайрияҳудийлар нажот топмагунча”. Ўша вақт келганда, Худованд Ўз режасини бутунлай яна Исроил томонга қаратади ва “бутун Исроил қутқарилади”. Асрлар давомида Худонинг режаси барча халқларга бир хил даражада қаратилган эмас эди.
г. “бутун Исроил қутқарилади”. “Бутун Исроил” деган сўзларда “руҳий Исроил” назарда тутилмаяпти, Римликлар 11:25 оятда ҳам “руҳий Исроил” ҳақида сўз юритилгани йўқ, чунки бу Исроил руҳай ожиз. Шунинг учун ҳам биз Римликлар 11:26 оятда ҳам сўз руҳий Исроил ҳақида юритилмаганини тушунишимиз керак.
1) Исроил миллати билан руҳий Исроил ўртасида фарқ бор. Павлус бу ҳақида Галатияликлар 3:7 оятда ва бошқа парчаларда аниқ айтиб ўтган. Қпндай бўлишидан қатъий назар, Худованд бутун Исроил халқига нисбатан бўлган режасига содиқ қолмоқда ва албатта уларга Ўз нажотини намоён қилади.
2) Биз, сўз “руҳий Исроил” ҳақида эмаслигини яна шундан билишимиз мумкинки, Павлуснинг сўзларига қараганда бу “сир”. Руҳий Исроилнинг нажот топишида эса ҳеч қандай сир йўқ.
3) “Бутун Исроил” деган жумла ҳақида, мана Харрисон нима деган: “Масалан, Кальвин, бу ерда барча нажот топганлар – ҳам яҳудийлар ҳам ғайрияҳудийлар назарда тутилган деган фикрда бўлган. Бироқ, ушбу бобда “Исроил” сўзи ғайрияҳудийларга нисбатан қўлланилаётгани йўқ ва Павлуснинг бошқа мактубларида ҳам ушбу сўзнинг бундай маънода қўлланилганлигини кўрмасак керак”.
4) “Ушбу парчадаги “Исроил” сўзини, 25-оятда ишлатилагн “Исроил” сўзидан кўра бошқача кўриб чиқадиган талқинни танлаш имконсиздир” (Брюс)
д. “қутқарилади”. Ушбу сўзлардан кўриниб турибдики, Худованд Ўзининг этник гуруҳ ёки халқ сифаидаги Исроил билан бўлган ишини ниҳоясига етқазгани йўқ. Ҳозирги кунда Унинг нажоткорона шафқати Исроилга эмас, ғайрияҳудийларга қаратилганлигига қарамай, У яна Исроил билан бўлган ишига қайтади.
1) Ушбу оддий парча, Худованд Исроил билан бўлган ишларини якунлади, Жамоат эса – яҳудий миллатига қачонлардир Эски Аҳдда берилган баракотларнинг меросхўри бўлган янги Исроилга айланди, деб таъкидалйдиганларнинг фикрини рад этади.
2) Павлус бизларга Худованднинг Исроил халқи ва миллатига берган ваъдалари абадий эканлигини эслатиб ўтмоқда (Ибтидо 13:15, 17:7-8). Худованд Исроил билан бўлган ишини якунлагани йўқ, Исроил эса Жамоат мазмуни доирасида аллегорияга айлангани йўқ.
3) Биз Худованднинг Ўз халқи орасида асрлар давомида амалга ошириб келаётган ишларини кузатиб, қувонамиз, аммо шу билан биргаликда Исроил билан Жамоат ўртасидаги фарқни, Павлус кўрсатаётган фарқни кўрмаслигимизнинг иложимиз йўқ.
е. “бутун Исроил қутқарилади”. Бу нарса кун келиб, яҳудий халқининг ҳар бир вакили нажот топади, дегани эмас. Вақти келиб Исроил бутун бир бирлик сифатида нажот топган халқга айланади ва худди шундай бутун бир бирлик сифатида миллат ҳам (айниқса унинг етакчилари) Исо Масиҳни ўзининг Халоскорлари деб тан олади.
1) Исроилнинг имон келтирмаганлиги шахсан ҳар бир яҳудийга нисбатан тарқалмаганидай, Исроилнинг нажот топиши ҳам уларнинг ҳар бирига тарқалмайди. “Бутун Исроил” деган ҳолда, Павлус Исроилнинг “кўпчилик қисмини” назарда тутмоқда. “Бутун Исроил” деган жумла – яҳудий адабиётида, “истисносиз ҳар бир яҳудий” деган маънода эмас, “умуман Исроил” деган маънода кўп учраб турадиган иборадир” (Брюс)
2) “Бутун Исроилнинг” қутқарилиши, бу қанчалик ҳақиқатдан йироқ туюлмасин, улар Исо Масиҳни ўз Халоскорлари деб тан олганларида содир бўлади. Уларга қандайдир бир махсус, ғайриоддий “яҳудийча” нажот берилмайди.
3) Муқаддас Калом, бу Исо Масиҳнинг ер юзига қайтиб келишининг мажбурий шарти эканлигини кўрсатади (Матто 23:39, Закариё 12:10-11). Токи Худованд Ўзининг нажоткорона шафқатини Исроилга қаратмас экан ва Исроил ушбу шафқатга Исо Масиҳни тан олган ҳолда жавоб бермас экан, Исо ер юзига қайтиб келмайди.
ж. “Қутқарувчи Қуддусдан келади”. Ишаё китобидан келтирилган парча, Худованд Ўзининг Исроил орасидаги нажоткорона ишини ҳали охирига етказмаганлигини ва уни якунига етказмай қўйиш нияти йўқлигини кўрсатмоқда.
2. 28-29 оятлар. Худонинг Исроилга бўлган севгиси ва даъвати ўзгармасдир.
“Яҳудийлар Хушхабарни рад қилиб, Худонинг душманлари бўлиб қолдилар, бу сизларга – ғайрияҳудийларга фойда келтирди. Аммо Худо яҳудийларни танлагани учун, уларнинг ота боболари ҳақи ҳали ҳам уларни яхши кўради. Чунки Худо берган инъомларини қайтариб олмайди ва Ўзи даъват қилган халқидан воз кечмайди”.
а. “Хушхабарни рад қилиб…аммо Худо яҳудийларни танлагани учун”. Павлус давридаги яҳудийлар Худонинг душмани ва Исори рад қилганлардай бўлиб кўринаётган бўлишсада, Худо барибир уларни “яхши кўради”, бу бошқа бир сабабларга асосан бўлмасада, ҳеч бўлмаганда “уларнинг ота боболари ҳақи” (яъни Эски Аҳддаги патриархлар ҳақи) уларни яхши кўради.
1) Албатта, Худованд уларни фақатгина “ота боболари” ҳақи учунгина яхши кўрмайди, аммо шу сабабнинг ўзи ҳам етарли бўлган бўлар эди.
б. “чунки Худо берган инъомларини қайтариб олмайди ва Ўзи даъват қилган халқидан воз кечмайди”. Бу, Худо нима учун Исроил халқи ва миллатидан юз ўгирмаганининг сабабларидан яна бири. Ушбу оятда Павлус сўз юритаётган тамойил, тўғридан тўғри Исроилга боғлиқ бўлишликдан ҳам кўра кўпроқ кенгайган ҳолда, биз учун ҳам таскинлик бўлиб хизмат қилмоқда. Бу нарса, Худованд қайта тикланиш учун бўлган йўлни очиқ қолдирган ҳолда, ҳеч қачон биздан юз ўгирмаслигини англатади.
3. 30-32 оятлар. Павлус ғайрияҳудий масиҳийларни огоҳлантирган ҳолда, уларни қаердан келганликларини ва Худованд Исроилни қаерга олиб келишга ваъда берганлигини ёдда тутишга даъват этмоқда.
“Сиз – ғайрияҳудийлар ҳам бир вақтлар итоатсиз эдингиз, аммо яҳудийларнинг итоатсизлиги натижасида Худо сизларга меҳр-шафқат кўрсатди. Тўғри, ҳозир яҳудийлар итоатсиз, аммо сизларга кўрсатилган меҳр-шафқат туфайли улар ҳам меҳр- шафқат топадилар. Ҳаммага меҳр кўрсатай деб, Худо ҳаммани итоатсизликка тутқун қилди”.
а. “сиз – ғайрияҳудийлар ҳам бир вақтлар итоатсиз эдингиз”. Олдин ғайрияҳудий бўлган масиҳийлар ҳам, ўз “итоатсизликларини” қолдирган ҳолда,Худога келишди. Ва Худованд уларга Ўз шафқатини намоён қилди, бу нарса қисман Исроилнинг итоатсизлиги орқали намоён бўлди.
б. “яҳудийларнинг итоатсизлиги натижасида”. Агарда Худованд яҳудийларнинг итоатсизлигини, ғайрияҳудийлар учун эзгуликка ишлатган бўлса, у ҳолда Худованд ўша ғайрияҳудийларга намоён қилган меҳр-шафқатини, Исроилга шафқат кўрсатиш учун ишлатиши мумкин.
в. “Худо ҳаммани итоатсизликка тутқун қилди”. Ушбу оятдаги ғоя шундан иборатки, яҳудийлар ҳам, ғайрияҳудийлар ҳам, Худо томонидан қонунбузарлар сифатида “қамоққа олинишган”. Худованд ушбу асрларга Исонинг Шахси ва ишларига асосланган Ўз шафқатини таклиф қилмоқда.
4. 33-36 оятлар. Худовандга, Унинг режаси ва ушбу режани амалга оширганлиги учун ҳамдлар бўлсин.
“Худонинг донолигию билими нақадар бой ва чуқурдир!Унинг ҳукмларини ким тушуниб етади?! Унинг йўлларини ким синчиклаб текшира олади?! Ким Унга маслаҳат бера олади?! Ким Худога шундай ҳадя берганки, Худо ундан қарздор бўлса?! Ҳеч ким! Чунки бутун борлиқ Худодан келиб чиққан, Худо орқали ва Худо учун мавжуддир! Унга тоабад шон– шарафлар бўлсин! Омин”.
а. “Худонинг донолигию билими нақадар бой ва чуқурдир!”. Худонинг буюк ва абадий режаси ҳақида фикр юритган ҳолда, Павлус тўсатдан Уни улуғлашга ва ҳамдлар айтишга ўтмоқда. Чунки Павлус Худованднинг йўлларини ҳеч ким “синчиклаб текшира олмаслигини”, Унинг донолиги ва билими эса унинг тушунчасидан устун эканлигини англаб етди.
1) Ким Исроил, ғайрияҳудийлар ва Жамоат билан бўлган воқеалар кетма кетлигини Худованд ўйлаб чиққандек, ўйлаб чиқа олган бўларди? Унинг режасида биз ҳам дополикни, ҳам ҳамдардликни кўрмоқдамиз.
2) “Ажабланарлиси шундаки, олдиларида шунга ўхшаш муқаддас Битикларга эга бўла туриб, инсонлар Худонинг абадий фармонлари ва маслаҳатлари ҳақида, бемаълол ўтириб, хотиржамлик билан ёза оладилар, гўёки улар Худонинг кенгашида қатнашиб, дунё бошидан У билан бирга бўлиб келаётгандек, бу нарсалар ҳақида ишонч ва қатъиятлик билан мулоҳаза қилишади!” (Кларк).
б. “Унинг йўлларини ким синчиклаб текшира олади?!”. Ишаё 40:13 оят ва Аюб 41:11 оятлардан келтирилган парчалар, ҳам Худонинг донолигини ҳам Худованд ишларининг суверен характерини белгиламоқда. Ҳеч ким Худовандни ўзинниг қарздори, деб ҳисоблай олмайди.
1) “Ким Унга маслаҳат бера олади?!”. Агар истасангиз, ҳаракат қилиб кўришингиз мумкин, бироқ, сиз ҳеч қачон Худони ўзингизнинг қарздорингизга айлантира олмайсиз. Сиз Унга, У сизга бераётганидан кўра кўпроқ нарса беришга қодир эмассиз. У ҳеч қачон кимнингдир олдида қарздор бўлиб қолмайди.
в. “чунки бутун борлиқ Худодан келиб чиққан, Худо орқали ва Худо учун мавжуддир!”. “Ушбу жумлада фақатгина бир бўғимли сўзлар ишлатилган. Энди ўқишни ўрганаётган бола ҳам, ушбу сўзларни осонлик билан айта олади. Аммо бу сўзларнинг маъноси ҳамда аҳамиятининг чуқурлигини якунлаб бўлмайди” (Мейер).
1) “бутун борлиқ Худодан келиб чиққан”. Режа муаллифи – Худодир. Ташаббус инсондан келиб чиққани йўқ. Бизлар: “Мен ишлари билан Худони ҳақоратладим ва энди Унинг олдига олиб борадиган йўлни топишим керак. Яна Худога қайтиш чорасини ўйлаб топишим керак”, деб айтганимиз йўқ. Руҳан ўлик ва Худо билан боғлиқ барча нарсаларга мутлақ бефарқ бўлган ҳолда, биз бирор режа тузишни ўйлаганимиз ҳам йўқ, ва ҳаттоки ўйлаганимизда ҳам, ушбу режани тузиш учун бизда фаросат ёки донолик етишмаган бўлар эди. “Бутун борлиқ Худодан келиб чиққан”.
2) “бутун борлиқ… Худо орқали”. Ҳаттоки режамиз бўлган тақдирда ҳам, биз уни амалга ошира олмаган бўлардик. Биз гуноҳ ва шахсий “эго”мизнинг қуллигидан ўзимизни ўзимиз ҳалос этолмасдик. Бу нарса фақатгина Исо орқали амалга ошиши мумкин эди. У орқали амалга оширилган буюк жасорат, бизларга нажот келтирмоқда.
3) “бутун борлиқ … Худо учун мавжуддир!”. Буларнинг ҳаммаси сиз учун ҳам, мен учун ҳам эмас, “Худо учун мавжуддир!”. “Бундан У ҳузур-ҳаловат топди” (Эфесликлар 1:6). Биз У учун яратилганмиз, ва Унга шон-шараф ҳамда улуғворлик айтган ҳолда, биз қониқишни ҳис этамиз.
г. “Унга тоабад шон– шарафлар бўлсин!”. Павлус Худони охиригача тушуниб ета олмаслигини билаётганлиги, уни Худовандни янада кўпроқ улуғлашга мажбур қилмоқда. Биз Худованд улуғворлигининг қандайдир қисмини англаб етганимизда, бу нарса бизни Унга янада кўпроқ самимий ва астойдил сажда қилишга рағбатлантиради.
©1996–present The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – ewm@enduringword.com