Ваҳий, 8 боб.
Бирламчи тўртта карнай
А. Еттинчи муҳр ечилди
1. 1оят. Самодаги сукунат.
«Қўзи еттинчи муҳрни ечганда, само ярим соатча сукунатда қолди».
а. «Қўзи еттинчи муҳрни ечганда». Ваҳий китобининг 5-бобида ўрама қоғоз пайдо бўлади, 6-бобнинг охиригача эса унинг муҳрлари бирма бир ечилади. Биз еттинчи муҳр ечилиб, ўрама қоғозда ёзилганларнинг мазмунини билиб олиш имконияти бизда пайдо бўлишини сабрсизлик билан кутдик, бироқ,еттинчи бобда барча жараёнлар тўхтатилиб, Буюк Қайғудан келган 144 000 киши ва катта оломон ҳақида суз юритила бошланди. Мана шу олтинчи ва еттинчи муҳрлар орасидаги танаффус, «само ярим соат сукунатда қолди» деб таъкидланган.
1) Бу сукунат тасаввурни ҳайратга солади. Баъзилар бу «космоснинг нафасига» ўхшайди дейишади, бошқалар эса бу пайт, фаришталар жим бўлиб, азизларнинг ибодатлари, ҳаттоки Вақий 6:9-11 оятларда айтилган шогирдларнинг фарёди эшитиладиган пайт деб ҳисоблашади.
2) Шунга қарамай самодаги бу сукунат, барча муҳрлар ечилиб, ўрама қоғоз очилганда содир бўладиган ва яқинлашиб келаётган Худонинг ҳукми олдидаги титроқ ва эҳтиёткороналикни ўзида мужассамлаштирган сукунат эканлиги ҳақиқатга яқинроқдир.
б. «само ярим соатча сукунатда қолди». Ярим соатли сукунат жуда қисқа вақтдай кўриниши мумкин, аммо аслида эса ҳамма нарса нисбий ва контекстга боғлик. Агарда воизхон, воизлик қилаётган пайтида тўхтаб қолиб, ўн дақиқа жим турганида, барчага бу дақиқалар жуда узоқ кўринган бўларди. Само – Худога тўхтовсиз сажда қилинадиган ва ҳамду-сано айтиладиган жой (Ваҳий 4:8-11), шунинг учун ҳам ярим соатли сукунат – узоқ муддат.
2. 2оят. Етти карнайли етти фаришта.
«Мен Худонинг ҳузурида турган еттита фариштани кўрдим. Уларнинг ҳар бирига биттадан карнай берилди».
а. «Мен Худонинг ҳузурида турган еттита фариштани кўрдим». Яҳудий анъаналарга асосан, Худо ҳузурида турадиган еттита фаришта мавжуд. Ушбу оятдан келиб чиқиб қараганда, яхудийларнинг анаъналари ҳақлиги кўриниб турибди.
б. «Уларнинг ҳар бирига биттадан карнай берилди». Эски Аҳдда карнайлар душманларни талвасага соладиган, жангга ҳозирлайдиган восита сифатида жаранглаган, шу билан бирга карнайлар Худо халқини бир жойга тўпланишга чорлаган. Бу етти карнай Буюк Қайғу даврида Худонинг жанговор сигнали сифатида чалинади.
3. 3-6оятлар Олтин оловкуракли бошқа бир фаришта.
«Бошқа бир фаришта келиб, қурбонгоҳнинг олдида турди. Унинг қўлида олтин оловкурак бор эди. Унга кўп хушбўй тутатқилар берилди. У бу тутатқиларни барча Худо азизларининг ибодатларига қўшиб, тахт олдида турган олтин қурбонгоҳ устида назр қилиши керак эди. Тутатқиларнинг тутуни Худо азизларининг ибодатлари билан бирга фариштанинг қўлидан юқорига — Худонинг ҳузурига кўтарилди. Фаришта оловкуракни олиб, уни қурбонгоҳдаги оташ билан тўлдирди–да, ер юзига улоқтириб юборди. Ўшанда момақалдироқнинг гулдурос садоси янграб, чақмоқ чақди, зилзила бошланди. Еттита фаришта қўлларидаги карнайларни чалишга тайёрландилар».
а. «Бошқа бир фаришта келиб». Баъзилар, Эски Аҳдда Исо «Худонинг фариштаси» деб аталганлиги туфайли, оятдаги ушбу фаришта – воситачи сифатида ҳаракат қилаётган Исо деб ўйлашади. Бошқалар эса бу шунчаки фаришталардан бири деб ҳисоблашади, чунки айнан ушбу оятда ишлатилган юнонча «бошқа» сўзи «шунга ўхшаш бошқа биров» деган маънони билдиради.
б. Унинг қўлида олтин оловкурак бор эди…Тутатқиларнинг тутуни Худо азизларининг ибодатлари билан бирга фариштанинг қўлидан юқорига — Худонинг ҳузурига кўтарилди». Муқаддас Каломда, жуда кўп ҳолларда ибодат тутатқи билан солиштирилади. Бу ерда асосий ғоя шундан иборатки, Худо учун бизнинг ибодатларимиз ҳам, самога кўтарилаётган ва У учун ёкимли ҳамда азиз бўлган тутатқилар сингари азиздир. Ва бу ерда, еттинчи муҳр ечилиши билан боғлиқ бўлган ҳодисалар содир бўлишидан олдин, Худо ҳузурига Унинг халқининг ибодатлари кўтарилмоқда.
1) Шуниси эътиборга лойиқки, Худо халқининг ибодатлари инсоният тарихининг якуний қисмини ҳаракатга келтиради. «Дунё устидан ўз ҳукмронлигини йўқотаётган барча ёвузлик кучларидан кўра янада кучлироқ куч, Худонинг оловидан алангаланган ва ерга қарата тўкилган ибодат кучидир» (Торранс)
2) 2-Бутрус 3:10-12 оятлар бизга, агар биз муқаддас ҳаёт кечирсак ва яхши виждон билан яшасак, қайсидир бир маънода Раббимизнинг келишини тезлаштиришимиз мумкинлигини кўрсатмоқда. Ваҳийда эса ибодат ҳам бу нарсаларда бизларга ёрдам беришини кўряпмиз. Дониёр пайғамбар Исроилнинг асирлигига оид башоратларни тезроқ амалга ошишини сўраб ибодат қилганидек (Дониёр, 9 боб), биз ҳам қуйидагича ибодат қилишимиз мумкин ва шарт: «Раббимиз Исо, келгин!» (Ваҳий 22:20)
3) «Бу ерда, ушбу ибодатларни фаришта келтирган дейилмаган. Фаришта тутатқини олиб келганлиги айтилган, ибодатлар эса ушбу тутатқилар билан биргаликда Худо ҳузурига кўтарилмоқда. Тутаткиларнинг Худо тахтигача етиб борганлиги, ибодатлар ва ҳадияларнинг қабул қилинганлигини кўрсатади» (Кларк)
в. «Фаришта оловкуракни олиб, уни қурбонгоҳдаги оташ билан тўлдирди–да, ер юзига улоқтириб юборди». Худонинг халқи барчаси тезроқ якунланишини сўраб ибодат қилаётган бир пайтда, ушбу ибодатлар самодаги қурбонгоҳнинг олови билан мужассамлашиб, қайтадан ер юзига қайтарилади. Бу дунёнинг тарихи ўз якунига етишидан олдин, Худонинг ғазаб косалари ер юзига тўкилмоғи лозим, ва Худо халқининг ибодатлари ер юзига қайтаётганида, ушбу ғазабнинг «зарбали тўлқинини» ўзи билан олиб келади (ўшанда момақалдироқнинг гулдурос садоси янграб, чақмоқ чақди, зилзила бошланди).
г. «Еттита фаришта қўлларидаги карнайларни чалишга тайёрландилар». Биз еттинчи муҳр ечилишини кутиб, ушбу жараённи босқичма босқич кузатдик. Бироқ, барча нарсанинг охири, еттинчи муҳр ечилиши биланоқ келмайди. Чунки еттинчи муҳр ечилганда, тез орада овози ергача етиб келадиган етти карнай «ишга туширилган».
1) Карнайлар билан муҳрларнинг ўзаро қандай боғлиқлиги мавжуд? Баъзилар, бу шеърий ва такрорланувчи тасвирлар деб ҳисоблашади,яъниЮҳанно, карнай ва муҳрлар билан боғлиқ Худонинг ҳукми ҳақида сўзлаб берган ҳолда, айнан битта воқеани, турли хил жумлалар ва воситаларни ишлатган ҳолдатасвирлаб берган, деб ҳисоблашади. «Бу услуб Юҳаннонинг ёзув услубига жуда хосдир. У ҳар сафар янги бир нарсага бизни ўргатган ҳолда, бир нарса ҳақида бир неча марта такроран айтган. Яқинлашиб келаётган охирзамон, биз ҳозир билишга тайёр бўлганимиздан ҳам кўра кўпроқ нарсаларни олиб келади. Юҳанно ваҳийларининг ҳар бир қисми, яна бир янги томонни очиб беради» (Л. Моррис).
2) Карнайлар билан муҳрларнинг ўзаро қандай боғлиқлиги мавжуд? Баъзилар бу нарсалар кетма – кетликда пайдо бўлади деб ўйлашади, яъни еттинчи муҳрда карнайлар мужассамлашган бўлиб, еттинчи карнайнинг овози эса Худо ҳукмининг етти косаси пайдо бўлишидан дарак беради, деб ҳисоблашади. Бироқ, бундай ёндашувда ҳам маълум бир қийинчиликлар мавжуд. Масалан, Ваҳий 6:15-17 оятлардаги инсонлар Исонинг қайта келиши ҳақида айта туриб, адашишган дейиш мумкинми? Адашганга ўхшамайдилар. Бироқ, агар карнайлар шунчаки муҳрлардан кейин пайдо бўладиган бўлса, бу ҳол охират бошланишини орқага сурувчи ва тавба учун янги имкон берувчи Худонинг раҳм-шавқати ҳақидаги ғайратомус гувоҳлик бўлади.
3) Юҳанно абадиятда содир бўлаётган нарсалар ҳақида сўзлаб бераётганлиги боис, Худо ҳукмининг кетма кетлигини ва содир бўлиш тартибини ўрнатиш жуда қийин. Биз қайси ҳодиса нимадан кейин содир бўлишини айта олмасакда, энг муҳими бу ҳукмларнинг албатта содир бўлишини таъкидлаб ўтишликдир.
Б. Бирламчи тўртта карнай.
1. 7оят. Биринчи карнай –ўсимликларнинг нобуд бўлиши.
«Биринчи фаришта карнайини чалди. Шунда дўл, олов ва қон ер юзига ёғдирилди. Ернинг учдан бир қисми ёниб кетди, дарахтларнинг учдан бири ва ҳамма ўт–ўланлар куйиб кетди».
а. «Шунда дўл, олов ва қон ер юзига ёғдирилди». Қон – содир бўлган ҳодисотнинг натижасини ёки рангини кўрсатаётган бўлиши мумкин. Биз дўл ва олов қизил рангда бўлганми ёки улар билан биргаликда ҳақиқий қон ер юзига ёғдирилганми билмаймиз, бироқ, нима бўлган тақдирда ҳам мавжуд бўлмаган тасвирий маъноларни ўйлаб топмасдан, айтилганларни том маънода қабул қилиш керак.
1) «Кўпгина таниқли шахслар, бу ерда барбар қабилаларининг Рим империясига ҳужуми ҳақида сўз юритилган деб таҳмин қилишади. Агар яхшилаб изланса, тасодифларни топиш қийин эмас» (Кларк)
2) «Келинглар, ҳақиқатга тик қарайлик: агар «ер», «дарахтлар» ва «ўт-ўланлар» деган сўзлар ер, дарахтлар ва ўт-ўланларни англатмаса, унда улар яна нимани англатишини ўйлаб топиш жуда қийин. Ушбу парчани том маънода қабул қилишни рад этсак, биз чексиз таҳминлар денгизида ғарқ бўламиз» (Сисс)
б. «дарахтларнинг учдан бири ва ҳамма ўт–ўланлар куйиб кетди». Дул ва олов, дарахт ҳамда ўт-ўланларни йўқ қилиб ташламоқда; ер сайёрасидаги ўсимликларнинг учдан бир қисми Буюк Қайғу даврида ёниб кул бўлади.
1) Бу нарса қай тарзда содир бўлади? Баъзилар бу нарсалар бизларга бугунги кунда маълум бўлган ҳодисалар сабаб, масалан, ядровий урушлар, радиоактив ёғингарчиликлар, атроф муҳитнинг ифлосланиши, метеоритнинг қулаши ёки шунга ўхшаш ҳодисалар оқибатида содир бўлади, деб ўйлашади. Буларнинг ҳаммаси жуда қизиқ ва ҳақиқатга яқин ғоялар бўлиб, улар асосий ҳақиқатни: бу Худонинг ҳукми бўлиши ҳақидаги ҳақиқатни бир четга суриб қўймасликлари лозим. Худованд – бир четдан кузатиб турган томошабин эмас. Бу нарсалар шунчаки оддий табиат ҳодисалари бўлмайди.
2) Албатта, Худованд Ўз ҳукмини Ўзи истаган тарзда амалга ошириши мумкин, бироқ, бир нарсага аҳамият беринг, ерда яшовчиларнинг барчаси бу ҳодисотлар шунчаки табиий офатлар эмас, Худованднинг иши эканлигини аниқ билишган бўлишади (Ваҳий, 16:9, 11, 19:19)
2. 8-9оятлар. Иккинчи карнай – денгизнинг ҳалокатга учраши
«Иккинчи фаришта карнайини чалди. Шунда ловуллаб ёнаётган улкан тоққа ўхшаш бир нарса денгизга отилди. Денгизнинг учдан бир қисми қонга айланди. Денгиздаги жонзотларнинг учдан бир қисми ўлди, кемаларнинг учдан бир қисми ҳалокатга учради».
а. «улкан тоққа ўхшаш». Юҳанно эҳтиёткорлик билан бу тоғ эмас (тоғга ўхшаш деган жумлага эътибор беринг), ловуллаб ёнаётган тоғга ўхшаш улкан бир нарса эканлигини айтмоқда.
б. «Денгизнинг учдан бир қисми қонга айланди». Бу фалокат ҳақиқий офатдир; эҳтимол,денгизга тушган метеорит, океандаги сув сатҳининг ўзгаришига ва унинг ифлосланишига сабаб бўлади. Замонавий тадқиқотлар, ернинг бутун тарихий жараёни давомида бундай офатларнинг бир неча марта содир бўлганлигини исботлаб бермоқда; баъзан бундай фалокатларнинг натижаси экологик муаммолар ва кулфатлар бўлган. Бу ерда эса биз натижада «денгиздаги жонзотларнинг учдан бир қисми ўлганлигини, кемаларнинг учдан бир қисми ҳалокатга учраганини» кўрмоқдамиз. Қон – дунё океанидаги барча тирик жонзотнинг учдан бир қисмининг ҳалок бўлганлиги натижаси ёки сабаби бўлиши мумкин.
1) Эҳтимол, «денгиз» сўзи орқали, бутун жахон океани эмас, Ўрта ер денгизи назарда тутилаётган бўлиши мумкин. Ҳаворий Юҳаннонинг замондошлари биладиган ягона денгиз шу бўлган; улар бошқа денгиз ва океанлар ҳақида деярли ҳеч нарса билишмаган.
в. «Улкан тоғ» бу – ҳукм қилинган миллатларнинг тимсоли деган фикр етарлича кенг тарқалган. Дарҳақиқат халқлар ва давлатларни тасвирлаб бераётган вақтда, тоғлар нутқ шакли сифатида кўп ишлатилган (Еремиё 51:25, 27, 30). Бироқ, ушбу парчада бундай тимсолий тасвирлар ўз маъносини йўқотган бўлар эди. «Ловуллаб ёнаётган улкан тоғ» нимани англатиши мумкин? Ёки унинг «денгизга отилганлиги» чи? Денгиз ниманинг тимсоли булиши мумкин? «Денгиздаги жонзотлар» қандай жонзотлар бўлди экан? «Денгиздаги кемалар» қандай кемалар экан? Уларнинг ҳалокатга учрагани ниманинг тимсоли бўлиши мумкин? Бу саволларнинг барчаси бизларни берилган тимсолларни, энг яхшиси том маънода кўриб чиқиш лозимлигин таъкидлашга ундайди: қандайдир бир улкан самовий жисм – натижада экологик фалокатга олиб келадиган ме- теорит ёки астероид денгизга келиб тушади.
3. 10-11оятлар. Учинчи карнай – чучук сув манбаъларининг ҳалокатга учраши.
«Учинчи фаришта карнайини чалди. Шунда осмондан улкан бир юлдуз тушди. Машъала бўлиб ёнаётган бу юлдуз дарёларнинг учдан бир қисмига ва сув булоқларига тушди. Бу юлдузнинг номи Эрман эди. Сувларнинг учдан бир қисми аччиқ бўлди. Аччиқ сувдан кўп одамлар ўлди».
а. «Шунда осмондан улкан бир юлдуз тушди». Экологик фалокатнинг сабабчиси бўлиб ерга қулайдиган метеорит ёки кометага жуда ўхшайди. Аммо, Худо умуман бошқа нарсани назарда тутган бўлиши ҳам мумкин.
1) «Баъзиларнинг айтишича, бу ерда Аттила ва унинг хун қўшинлари ҳақида, бошқаларнинг айтишича эса Рим шаҳрига хужум қилган Гейсерич ва вандаллар ҳақида сўз юритилган; яна айримлар эса зилотларнинг ғазабини қўзғатган Аннуснинг ўғли Елиезерни эслатиб ўтишади; бошқаларнинг айтишича эса бу ерда,соф масиҳийлик таълимотига бидъатчилик ва соҳта таълимотларни юқтирган Ария ҳақида сўз юритилган. Юқорида айтиб ўтилганлардан ҳеч бири, Юҳанно томонидан ифодаланган тасвирни тушунтира олмаслигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бу ҳақида қарор чиқаришни ўқиётганларга қўйиб берамиз» (Кларк)
б. «Бу юлдузнинг номи Эрман эди». Эрман – (рус таржимасида полынь дейилган) ёки шувок – жуда аччиқ ўсимлик бўлиб, қайғу ва азоб тимсоли сифатида мақолга киритилган.
в. «дарёларнинг учдан бир қисмига.. сувларнинг учдан бир қисмига..». Экологик фалокатнинг ҳажми ўзгаришларсиз қолмоқда. Хар сафар Худо ҳукмининг карнайи чалинганда, ер юзи экологик тизимининг учдан бир қисмиҳалокатга учрамоқда.
4. 12-13оятлар. Тўртинчи карнай – осмондаги ҳалокатлар ва ер юзини қоплаган зулмат.
«Тўртинчи фаришта карнайини чалди. Қуёшнинг учдан бир қисми, ойнинг ва юлдузларнинг учдан бир қисми зарба еб, қоронғилашди. Натижада кундузнинг ҳам, туннинг ҳам учдан бир қисми ёруғликдан маҳрум бўлди. Кейин мен бошим узра учиб кетаётган бир бургутни кўрдим. У баланд овозда шундай деганини эшитдим: “Ер юзида яша- ётганларнинг ҳолига вой! Ҳолига вой! Ҳолига вой! Ахир, қолган учта фаришта ҳозир карнайларини чалишади».
а. «кундузнинг ҳам, туннинг ҳам учдан бир қисми ёруғликдан маҳрум бўлди». Бу ерда уч фоизга қоронғулашганлиги ҳақида айтилмаяпти, ушбу парчада кундузнинг ҳам туннинг ҳам учдан бир қисми мутлақ, зим-зиё қоронғуликка ғарқ бўлганлиги ҳақида айтилмоқда. Исо айтганидек: «Ўша кунлардаги азоб–уқубатлар ўтиши биланоқ,куёш қораяди, ойнинг нури сўнади , осмон- дан юлдузлар қулаб тушади, самовий кучлар ларзага келади» (Матто 24:29)
б. «Ер юзида яшаётганларнинг ҳолига вой! Ҳолига вой! Ҳолига вой! Ахир, қолган учта фаришта ҳозир карнайларини чалишади». Дарҳақиқат, фаришта ҳақ, ҳақиқий кучли аянчли ҳодиса яқинлашмоқда, чунки кейинги уч карнайнинг овози янграганда, ер аҳолисининг учдан бир қисми нобуд бўлади.
1) Эски юнон тилидаги «фаришта» ва «бургут» сўзлари талаффус жиҳатидан бир бирига жуда яқин сўзлардир. Баъзи бир қадимий қўлёзмаларда «бошим узра учиб кетаётган бургутни курдим» деб ёзилган бўлса, бошқа таржималарда «учиб кетаётган фариштани курдим» деб ёзилган.
5. Бирламчи тўртта карнай билан боғлиқҳодисалар ҳақида умумий маълумот.
а. Бирламчи тўртта карнай Худо ғазабининг нақадар қаттиқ эканлигини кўрсатмоқда. У инсонларнинг асосий ҳаётий воситаларини – сув, озиқ-овқат манбаъларини, одатий қулайликларини ва дунё ҳақида бўлган, яъни нур, кун ва туннинг алмашинуви ҳақида бўлган билимларини ҳалокатга учратмоқда.
1) Инсонлар ҳаётларининг ушбу соҳаларини шунчаки оддий, бировга тегишли бўлмаган доимий кучларга қарагандай қарашга ўрганиб қолганлар. Бироқ, Буюк Қайғу даврида, азоб ва ҳалокатлар пайтида, Худо Ўзининг ҳукмронлиги ва ҳокимиятини эътироф этади.
2) Зилзилага ўхшаш фалокатлар гирдобида бўлиб қолганда, инсонларнинг бирдан «табиат» улар ўйлагандек ўзгармас ва ишончли эмаслигини англаб етиб, итоаткор одамларга айланишлари ҳаммага маълум ҳолатдир.
б. Бирламчи тўртта карнай яна Худонинг раҳм-шавқатини ҳам кўрсатмоқда. Унинг ҳукмлари ернинг учдан бир қисминигина ҳалокатга учратмоқда; бу талофатларнинг натижаси огоҳлантириш сифатида хизмат қилиб, исёнкор дунёни, якуний парда туширилганига қадар тавбага келтирмоги лозим. Ўша пайтда Худованд ҳалокатга учратгандан кўра кўпроқ асраб қолишгаҳаракат қилади.
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – ewm@enduringword.com