Ваҳий, 4 боб.
Худо тахти олдида
А. Ваҳий китобининг тўртинчи бобига ўтиш.
1. Агар, Ваҳий 1:19 оятни китобнинг тўлиқ режаси сифатида қабул қиладиган бўлсак, тўртинчи бобдан – «бундан кейин нима бўлиши» ҳақида ёзилган бўлим бошланади.
а. Биз Ваҳий 1:19 оятда учратган «шундан кейин» деган жумла (қадимги юнон тилида metatauta), Ваҳий 4:1 оятда икки маротаба такрорланади. Бу ибора Ваҳий китоби 1: 19 оятидаги режанинг учинчи қисмининг бошланиши ва бошланғич нуқтаси бўлиб хизмат қилиши мумкин.
2. Тўртинчи бобдан бошлаб, бизларга ерда содир бўлаётган ҳодисаларнинг самовий тавсифи очилмоқда.
а. Муқаддас Каломда осмон тўғрисида яна бошқа муҳим эслатмалар ҳам мавжуд: масалан, Ишаё 6:1-8 оятларда, Ҳизқиёл китобининг биринчи бобида ҳамда осмонни англатадиган чодирнинг тузилиши тасвири берилган оят парчаларида (Чиқиш, 25-32, 35-40 боблар).
б. Осмон ҳақида гапира туриб, Юҳанно ҳам тимсолларга мурожаат қилган. Бироқ, унинг сўзларида ҳамма нарса ҳам рамзий маънода эмас. Исонинг масалларида бўлгани сингари, кўпгина тафсивлар шунчаки ифода учун ишлатилган ва бу тафсилотлар қандайдир алоҳида бир маънога эга бўлиши шарт эмас.
1) Бундан ташқари, рамзийликнинг табиатини унутмаслик керак: тимсол – бу ҳар доим ҳақиқатнинг ўзидан «камроқ» бўлган нарса. Масалан, само, аслида бизга таниш бўлган тасвиридан кўра ғоятда кўпроқ ажойиб ва улуғвордир.
2) «Келажак ҳақида бизга жуда оз нарсалар мавжуд, бироқ шунинг ўзи ҳам бизга этарли эканлигига шубҳаланмасак ҳам бўлади. Биз билмайдиганларимиз ҳақида қайғурмасдан, боридан миннатдор бўлишимиз лозим. Агар Худо бирор бир нарсани ҳали билишимизни истамас экан, биладиганларимиздан мамнун бўлишимиз керак. Шу нарсага ишончингиз комил бўлсин: биз осмонга тушишимиз учун қанча билишимиз керак бўлса, шунча Худо бизларга осмон ҳақида айтиб берган. Агар У бундан ҳам ортиқроқ нарсаларни айтиб берганида, бу нарса иноятнинг кўпайишига эмас, қизиқишимиз ўсишига сабаб бўлган бўларди» (Сперджен).
3. Ваҳий китобининг 4 бобидан бошлаб 19 бобигача, биз, Исонинг ер юзида ҳукмронлиги бошланишидан олдин содир бўладиган Худонинг ҳукми ҳақида ўқишимиз мумкин. Бизга маълум бўлган «Буюк қайғу» деб аталмиш вақт ҳақида сўз юритилмоқда.
а. Етти муҳр билан муҳрланган китоб, еттикарнай, Худонинг ғазабини тўкаётган етти коса ва етти аломат орқали Худонинг ҳукми эълон қилинган.
б. Ваҳийнинг тўртинчи бобида, Худонинг ҳукми чиқаётган жой – Унинг самода бўлган тахтини кўрмоқдамиз.
Б. Юҳанно осмонда.
1. 1оят. Юҳаннога самога кўтарилиш буюрилган.
«Шундан кейин мен осмонда ланг очиқ бир эшикни кўрдим. Илгари менга гапирган карнай садосига ўхшаш ўша овоз яна эшитилди. У шундай деди: “Бу ёққа чиқ, бундан кейин нима юз беришини сенга кўрсатаман».
а. «Шундан кейин». Ваҳийнинг 2- ва 3- бобларида Исо, аслида барча жамоатларни ўзида мужассамлаштирган етти жамоатга мурожаат қилади. Исонинг жамоатларга бўлган нутқи якунида – «шундан кейин» – Юҳанно, 4- бобда тасвирланган кўринишни кўради.
б. «Илгари менга гапирган…. овоз». Илгариги овоз – яъни Ваҳий 1:10 оятда Юҳаннога мурожаат қилган овоз, яна у билан гапирмоқда. Бу Исонинг овози. Исо Юҳаннони «осмонда ланг очилган эшик орқали» самога кўтарилишга даъват этмоқда.
1) «карнай садосига ўхшаш». Юҳаннони чақирган овоз тиниқ ва баланд жаранглаган. Бу овоз Исроил халқини бирга йиғилишга ёки қўшинни жангга тўплашга чақирадиган карнай овозига ўхшаш бўлган.
в. «Бу ёққа чиқ, бундан кейин нима юз беришини сенга кўрсатаман». Юҳанно ўз даврида эмас, (бундан кейин) келажак даврда содир бўлиши керак бўлган ҳодисаларни кўради.
1) Баъзилар, Ваҳийнинг 19 – бобигача Юҳаннонинг кўрганларини, унинг замонаси тарихи лаҳзаларида бўлиб ўтган ҳодисалар деб ҳисоблашади; улар Рим салтанатининг Исроилга бостириб кириши ва Қуддуснинг вайрон қилиниши ҳақида сўз юритилмоқда деб ҳисоблашади. Исо Юҳаннога, «бундан кейин нима юз бериши» кераклигини кўрсатишини аниқ айтиб ўтмоқда.
2) Бошқалар эса ҳаворийнинг кўрганларини, Юҳанно давридан бошлаб бугунги кунгача бўлган тарих давомида содир бўлган ходисалар сифатида талқин қилиш мумкин деб ҳисоблашади. Бироқ, агар биз буларнинг ҳаммасини том маънода қабул қиладиган бўлсак, ушбу ҳодисалар ҳали энди содир бўлиши керак, акс ҳолда воқеаларни рамзий маънода кўриб чиқишимизга тўғри келган бўларди. Шундай қилиб биз қуйидаги хулосага келяпмиз: Исонинг, Ваҳий китобининг қолган бобларида Юҳаннога кўрсатадиганлари, келажак замонга, Исонинг ҳукмронлик даврига тегишлидир.
г. «карнай садосига ўхшаш…бу ёққа чиқ». Кўпгина инсонлар Юҳаннонинг осмонга чиқишида, жамоатнинг самога кўтарилиш тимсолини кўришади. Карнай садосига ўхшаш овоз, Юҳаннони осмонга чиқишга даъват этмоқда. Худди шу тарзда 1- Салоникаликлар 4:16-17 оятларда жамоатнинг юқорига кўтарилиши тасвирланган.
1) Бу тасвир жуда ажойиб. Ваҳийнинг 2 – ва 3 – бобларида Исо етти жамоатнинг аҳволини кўриб чиқган ҳолда, қолган барча жамоатларни ўзида мужассамлаштирган ушбу етти жамоат билан гаплашади. Жамотларга бўлган мурожаатини якунлагандан сўнг, Исо Юҳаннони осмонга чақиради, карнай овозига ўхшаш овози билан уни «олиб учади». Буларнинг барчаси, тавсифи 6 – бобдан бошланган буюк ғазаб бошлангунига қадар содир бўлади. Худонинг ғазаби аста – секин ер юзига тўкилишни бошлагани сари, жамоат вакили – Юҳанно – буларнинг барчасини осмонда туриб кузатишни бошлайди.
2) Худо ҳукми ер юзида бошланган вақтни тасвирлайдиган саҳифаларда, бирор маротаба «жамоат» сўзи ишлатилмаганлигини эътиборга олиш жуда қизиқ; Ваҳийнинг 4 – бобидан бошлаб 19 – бобигача бўлган парчада бирор маротаба ҳам ишлатилмаган.
2. 2-оят.а. Юҳанно Руҳда юқорига кўтарилмоқда.
«Шу пайт Муқаддас Руҳ мени қамраб олди»
а. «Шу пайт Муқаддас Руҳ мени қамраб олди». Ваҳий 1:10 оятда Юҳанно Руҳда бўлганлигини эслатиб ўтган эди. Шунга қарамай биз бу ерда Юҳаннони умуман бошқача ҳолатда кўряпмиз, чунки у осмонга бориб, нарсалар ва воқеаларнинг самовий кўринишини олмоқда.
б. «Муқаддас Руҳ мени қамраб олди». Бу вақтда унинг танаси қаерда бўлган? Юҳанно осмонда ўз танасида бўла туриб пайдо бўлганми ёки фақатгина унинг руҳи у ерда бўлганми? Буни тушуниш жуда муҳим. Шунга ўхшаш ҳолатни бошидан кечирган Ҳаворий Павлус «баданда эдими ёки бадандан ташқарида эдими» тушунтира олмаган (2- Коринфликлар 12:1-4).
В. Юҳанно осмонни тасвирлаб бермоқда.
1. 2-оят.б. Самода диққат марказида турган тахт.
«Мен самода турган бир тахтни кўрдим, унда бир Зот ўтирар эди»
а. «самода турган бир тахтни кўрдим». Энг аввало Юҳаннони ҳайратга солган нарса – бу самодаги тахт. У барча ваҳийли кўринишларнинг асосини ташкил қилади. Юҳаннонинг нигоҳи тахтга ва унда Ўтирганга қаратилган, атрофдаги қолган барча нарсалар гуёки бу манзарани тўлдириб тургандек.
1) Атеизм ва материализмнинг асосий ғояси, ҳеч қандай тахт йўқ, бутун борлиқни бошқарадиган ва биз ҳисоб беришимиз керак бўлган ҳеч қандай олий куч ўқ деган тушунчалардан иборат. Инсонпарварликнинг энг юқори ғояси эса – тахт бор, аммо бу тахтда инсоннинг ўзи ўтирибди деган тушунчадан иборат.
2) Гап шундаки, инсон, қандайдир олий, самовий ҳокимиятга тегишли «тахт» тушунчасисиз яшай олмайди. Шунинг учун ҳам агар инсон Худо унинг устидан ҳукмронлик қилишидан бош тортса, шубҳасиз бу ўринни инсоннинг ўзи эгаллайди ёки уни бошқа бировга, масалан, Ленин, Сталин, Мао сингари сиёсий етакчиларга беради.
б. «унда бир Зот ўтирар эди». Тахт бўм бўш бўлмаган. Самовий, буюк тахта Ўтирган Зот мавжуддир. Тахт – бу фақатгина Худонинг борлигиҳақидаги кучли баёнотгина эмас, балки Унинг суверен ҳокимияти ва ҳукм қилиш ҳуқуқи фақатгина Унда борлигини тасдиқловчи баёнотдир.
1) Самода тахт борлиги ва унда Муқаддас Каломда айтилган Худо ўтириб ҳукмронлик қилаётганлиги ҳақидаги ҳақиқат агарда бизнинг онгимизга ўрнатилмаган бўлса, биз адолатли ҳукм чиқаришга қодир эмасмиз. «Ҳар хил ва турли туман талқинлар мавжуд, бироқ асосий ҳақиқат далил талаб қилмайди. Барча нарсанинг диққат марказида Тахт ва унда Ўтирган Зотдир» (Морган).
2. 3-оят. Юҳанно самовий тахтда нимани кўради.
«Ўтирган Зотнинг қиёфаси қимматбаҳо яшма ва лаъл тошларидай ярқирарди. Тахт атрофида зумрад тусидаги камалак жилваланарди».
а. «Ўтирган Зотнинг қиёфаси… ярқирарди». Ўтирган Зот ҳақида гапира туриб, Юҳанно бизга Зотнинг аниқ ва батафсил тавсифини айтиб бергани йўқ. «Бу ерда Худонинг кўриниши, тузилиши ёки ҳажми билан боғлиқ Илохий Моҳият тавсифи йўқ. Берилаётган тасвир ҳамма нарсага Қодир Подшоҳнинг шахсидан кўра, кўпроқ атрофдаги шон – шуҳрат ва ёрқинликка тегишли» (Кларк).
б. «қиёфаси қимматбаҳо яшма ва лаъл тошларидай ярқирарди». Аниқ шакл ёки тузилишга эътибор қаратишдан кўра, Юҳанно, Ўтирган Зот тарқатаётган нурни тасвирлаб бермоқда ва бунинг учун икки хил рангдан фойдаланмоқда: оқ (яшма олмосни англатиши мумкин) ва қизил (лаъл).
1) Балким ушбу икки хил ранг, ичи бўм бўш қабр шуҳрати билан (оқ – Матто 28:1-3) Гўлготада намёон бўлган (тўкилган қонни билдираётган қизил ранг) қурбонлик севгисини боғлашга даъват этилгандир. Ёки бу ранглар олий руҳоний кўкрак нишонидаги биринчи ва энг охирги қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ бўлиши мумкин (Чиқиш 39: 8-13).
в. «Тахт атрофида… камалак жилваланарди». Тахт яшил рангда тобланаётган камалак билан қуршаб олинган (зумрад тусидаги). Камалак – бу Худонинг инсонлар билан бўлган сулҳи ҳақидаги эслатмадир (Ибтидо 9:11-17).
1) Мана шундай шон – шуҳрат, куч – қудрат ва ҳокимият орасида, Худо тахтини ўраб олган барча нарсалар орасида, биз, Унинг ер юзига бошқа тўфон юбормаслиги тўғрисида берган ваъдаси ҳақидаги эслатмани кўрмоқдамиз, Унинг қироллик иродасини бошқараётган ваъда ҳақидаги эслатмани кўрмоқдамиз, шундай экан, У берган сўзига қарши иш қилмайди, Уни ўзгарувчан деб атаб бўлмайди.
2) Тахт бизга нима ҳақида гапирмоқда? У «Мен хоҳлаган ишимни қила олишим мумкин, чунки ҳукумат жилови Менинг қўлларимдадир» демоқда. Ваъдачи, у нима ҳақида гапирмоқда? У «Мен сизлар ҳақингизда айтганларимниниг барчасини амалга ошираман ва бошқача йўл тутмайман» демоқда. Тахт атрофидаги камалак – Худо Ўзини берган ваъдалари билан бажонидил чеклашини кўрсатаётганжуда ажойиб нарсадир.
3) Трапп камалак тўғрисида: «Камалак бу – signumgratiaeetfoederis» яъни иноятнинг белгиси ва раҳм шавқатнинг аҳдидир, шунинг учун ҳам Худонинг иноят тахти атрофидаги бу камалак доимо яшил ва янгидир».
4) Иймонли инсон Худонинг қудрати ҳақида фикр юритганда қувонади, чунки Худо унинг томонида эканлигини билади. Бу – Худонинг иймонлиларга нисбатан бўлган эзгу режалари албатта амалга ошади деганидир.
5) «О, Худонинг суюклиги! Сенинг Самовий Отанг, Ўзининг қироллик иродасида сен билан – яъни фарзанди билан қандай хоҳласа шундай йўл тутиш ҳуқуқига эга, бироқ У ҳеч қачон Ўз иродасига тузилган аҳд чегарасидан чиқишига йўл қўймайди. Худо – монарх ва У сени қутқармаслиги ҳам мумкин эди, бироқ У шундай деди: «Сени ташлаб кетмайман, сени тарк этмайман». Худо – монарх ва У сени кучингдан ҳам ортиқроқ синовларга бардош беришга мажбур қилиши мумкин эди, аммо У сен ҳам бошқалар дучор бўлган васвасага дучор бўлишингни ва унга бардош бера олишинг учун, васвасадан қутилиш йўлини ҳам беришини ваъда қилган» (Сперджен)
3. 4оят. Юҳаннонинг тахт атрофида кўрганлари: йигирма тўртта оқсоқол.
«Тахтнинг теварагида яна йигирма тўртта тахт турарди. Бу тахтларда оқ кийим кийган, бошларида олтин тожлари бўлган йигирма тўрт нафар оқсоқол ўтирар эди».
а. «Тахтнинг теварагида яна йигирма тўртта тахт турарди». Шахсан оқсоқолларнинг ўзига эътибор беришдан олдин, Юҳанно улар ўтирган йигирма туртта тахтга аҳамият қаратмоқда. Бу Худо тахтини қуршаб турган ва Унинг тахтидан кўра кичикроқҳажмга эга бўлган тахтлардир. Сал кейинроқ бизлар уларнинг Худони улуғлаб куйлаган қўшиқларини эшитамиз (Ваҳий 4: 10 – 11).
б. «Бу тахтларда… йигирма тўрт нафар оқсоқол ўтирар эди». Бу йигирма тўртта оқсоқоллар ким? Бу савол устида кўпгина Муқаддас Калом изоҳчилари баҳс юритишади. Балким бу фаришталар ёки янги танага эга бўлган одамлардир? Агар барча далилларни эътиборга оладиган бўлсак, бу оқсоқоллар Худо халқининг вакиллари эканлиги аниқ.
1) Оқсоқоллар Худо халқининг вакиллари бўлишган, асосан Эски Аҳд даврида. Қуръа ташлаш орқали танланган йигирма тўртта руҳонийлик хизмати барча руҳонийларни ўзида акс эттирган (1-Солномалар, 24 боб), ўн иккита ҳаворий ва ўн иккита қабила эса барча имонлиларни ўзида акс эттиради.
2) Ваҳий 5: 9-10 оятларда йигирма тўртта оқсоқол Исога ҳамду сано куйлаб, Унга шундай дейишади: «Чунки Сен бўғизланган эдинг, Ўз қонинг эвазига ҳар бир қабила, миллат, элату халқданХудо учун одамларни қутқариб олдинг». Ушбу парчада йигирма тўртта оқсоқол, Худонинг барча халқи, сон саноқсиз қутқарилган инсонлар вакили сифатида гапиришаётганликлари яққол маълум.
в. «оқ кийим кийган, бошларида олтин тожлари бўлган». Оқсоқолларнинг оқ кийимлари ва тожлари, уларнинг янги улуғвор таналарда бўлган инсон зотлари эканликларини англатади.
1) Баъзан фаришталар ҳам оқ кийимда кўринишишади (Марк 16:5; Юҳанно 20:12; Ҳаворийлар 1:10), бироқ Худонинг азизлари ҳам оқ кийимга кийинтирилганлар (Ваҳий 6:11, 7:9, 13-14). Бу уларга берилган солиҳлик тимсолидир (Ишаё 61:10, Ваҳий 3: 5-18). Нима бўлганда ҳам, фаришталарда тож борлиги ҳақида эслатиб ўтилганлигини бирор жойда кўрганимиз йўқ, иймонлилар борасида бўлса, улар тожга эга бўлишлари ҳақида айтиб ўтилган (1-Коринфликларга 9:25, 2- Тимўтий 4:8, 1- Бутрус 5:4).
2) Шундай қилиб, қутқарилган инсон янги улуғвор танада, Исо билан ёнма ён тахтда ўтирганини кўряпмиз. Шубҳасиз, бу тахт Исо тахтидан кичикроқ, аммо шунга қарамай айнан тахтда ўтирибди. Биз Масиҳнинг шерикларимиз (Римликлар 8:17) ва У билан бирга ҳукмронлик қиламиз (2-Тимўтий 2:12).
4. 5оят. Худо тахти олдидаги ҳайратомус ва қўрқинчли манзара.
«Тахтдан чақмоқ чақарди, момақалдироқнинг гулдурос садоси келарди. Тахт олдида Худонинг етти руҳи бўлган еттита машъал ёниб турарди».
а. «Тахтдан чақмоқ чақарди, момақалдироқнинг гулдурос садоси келарди». Чақмоқ, момоқалдироқ, садо ва олов – буларнинг барчаси Худонинг юракларга қўрқув соладиган Синай тоғидаги ҳузурини эслатади. (Чиқиш 19:16-19, 20:18-19). Бу аломатларнинг барчаси Худонинг тахти билан боғлиқ ҳаяжонни билдиради.
б. «Тахт олдида…еттита машъал ёниб турарди». Муқаддас Руҳ (Ваҳий 1:4 ва Ишаё 11:2 оятларда У ҳақида «Худонинг етти руҳи» деб айтилган) бу ерда ёниб турган етти машъал сифатида тасвирланган. Каломнинг бошқа оятларида Муқаддас Руҳ кабутар тимсолида (Матто3:16)ёки тил шаклидаги аланга тимсолида ифодаланган (Ҳаворийлар 2:3).
1) Бундай машъаллар тимсоли жуда муҳим, чунки Муқаддас Руҳ кўзга кўринмасдир. Бизга маълум бўлиш учун, У кабутар ёки тил шаклидаги алангага айланиб, жисмоний кўринишга эга бўлади.
5. 6оят.а. Тахт олдидаги ойнасимон денгиз.
«Тахтнинг олдида ойна сингари денгизга ўхшаш, биллурдай тиниқ бир нарса бор эди».
а. «Ойна сингари денгиз». Ҳақиқатданҳам бу денгиз ойнадан қилинганми ёки шунчаки ойнадан қилингандай кўринмоқдами? Бу ҳақида изоҳчиларнинг фикрлари бир хил эмас. Масалан Робертсон у фақат ташқи кўринишидангина ойнадек, аммо асли ойна эмас деб таъкидлаган бўлса, Алфорд у ташқи кўринишидан эмас, аслида ойна бўлган деб таъкидлаган. Шунчаки ойнадек кўринадими ё аслида ойнаданқилинганми нима бўлган тақдирда ҳам бу ойна биллурдай тиниқ юқори сифатли ойнадир.
б. «Денгиз». Тахт олдидаги сув ҳажми, бизларга чодир олдида бўлган денгизни ҳамда сув ва Калом орқали покланишни эслатмоқда (Эфесликларга 5:26).
1) «Калом бизлар учун биллурдай тиниқ ва тоза ойнадек, у орқали биз ўзимиз ҳамда Худо ҳақида аниқ тасвирга эга бўламиз (2- Коринфликларга 3:18, Ёқуб 1:23)» (Трапп).
6. 6б – 8а оятлар. Тахт атрофидаги тўртта мавжудот.
«Тахтнинг атрофида тўртта жонли мавжудот турар эди, уларнинг олди ва орқаси кўзлар билан қопланган эди. Биринчи мавжудот шерга, иккинчиси буқага ўхшар эди, учинчи мавжудотнинг юзи одамнинг юзига, тўртинчиси эса учаётган бургутга ўхшар эди. Бу тўртта мавжудотнинг ҳар бирида олтитадан қанот бор эди. Уларнинг ҳамма ёғи кўзлар билан қопланган эди, ҳатто қанотларининг тагида ҳам кўзлари бор эди».
а. «Кўзлар билан қопланган тўртта мавжудот». Ҳизқиёл 1:4 – 14 ва 10:20 – 22 оятлар билан солиштириш жараёнида, ушбу мавжудотлар – Худо тахтини ўраб турган фариштасимон ажойиб мавжудотлар яъни Карублар эканлигини кўрмоқдамиз. Ҳизқиёл 28:14оятга асосан, қачонлардир иблис ҳам худди шундай юксак мавжудотлардан бири бўлган.
1) Карублар чодир дизайнида ҳам, аниқроғи Муқаддаслар Муқаддасида муҳим ўринни эгаллашган (Чиқиш 25:17-22, 26:1-31). Калом бизларга, чодирнинг Худо тахти турган хонанинг намунаси бўлганлигини кўрсатмоқда; чодир шу намуна бўйинча қурилган (Чиқиш 25:8-9).
б. «уларнинг олди ва орқаси кўзлар билан қопланган эди…ҳатто қанотларининг тагида ҳам кўзлари бор эди». Ушбу ажойиб мавжудотларда шу даражада кўп кўзлар борлиги (Муқаддас Каломнинг таржималаридн бирида айтилганидек «ҳайвонлар» эмас), улар шунчаки ожиз бир асбоб ёки роботлар бўлмаганлигини англатади. Улар ҳамма нарсани билишади ва тушунишади ҳамда инсондан кўра чуқурроқ онгга ва кўринишга эгадирлар.
1) Онг ва ақл – идрок билан мукофотланган ушбу ажойиб мавжудотларнинг ҳаёти, Худога ҳамду – сано айтишга йўналтирилган. Ҳақиқий ҳамду – санонинг йўқлиги ҳар доим, тўғридан тўғри, кўра олишликнинг ва англаб етишликнинг камлиги билан боғлиқ.
2) Ушбу юқори онгли мавжудотларнинг Худога айтаётган ҳамду – садоси, бизнинг ҳам Унга бўлган ҳамду – саноимиз ақлни ўз ичига олиши кераклигини эслатиб ўтмоқда. «Бизнинг хизматимиз бепарволикка асосланиши керак эмас, аксинча ўзида идрокни мужассамлаштирган оқилона хизмат бўлиши лозим (Римликларга 12:1). Кўр кўрона келтирилган қурбонликларни, инсонларнинг, кимга ва нима учун сажда қилаётганларини билмай қилаётган «самарийча» хизматларини Худо ёмон кўради (Юҳанно 4:22)» (Трапп)
3) Баъзи бир таржималарда келтирилган «ҳайвон» сўзи, ушбу оятда ҳамда шунга ўхшаш оятларда жуда ножўя ишлатилган. Биринчи бўлиб бу сўзни Уиклиф ишлатган, ундан кейин эса бошқа таржимонлар ҳам айнан ушбу ғалати талқинни ишлата бошлашган. (Кларк)
в. «Биринчи мавжудот шерга, иккинчиси буқага ўхшар эди, учинчи мавжудотнинг юзи одамнинг юзига, тўртинчиси эса учаётган бургутга ўхшар эди». Тўртта карубни тасвирлай туриб, Юҳанно уларнинг юзлари ҳар хил бўлганлигини айтиб ўтмоқда. Юҳаннонинг тасвирлаганларини Ҳизқиёлнинг 1: 6–10 оятлари билан солиштирганда, карубларнинг ҳар бирида тўрттадан юз бўлганлигини, Юҳанно эса каруб юзларининг фақатгина унга қаратилган бир томонинигина кўрганлигини тушуниб етишимиз мумкин. Бу тўртта юзнинг маъноси ҳар хил талқин қилинган.
1) Тўртта юз инсонларнинг асосий элементларини, муҳим фазилатларини, инсон жонининг кучи ва инъомларини, патриархал жамоатларни, буюк ҳаворийларни, жамоат унвонларини, олий фаришталарни ва шунга ўхшаш нарсаларни англатади деган фикр мавжуд.
2) Баъзи бир изоҳчилар, бу тўртта мавжудот, Исроилдаги ҳукмрон қабилаларнинг, тўртта гуруҳга бўлиниб, саҳрода чодир атрофида қандай тартибда айланган бўлсалар ўша тартибда кўрсатилган тўртта нишонани билдиришини айтиб ўтганлар. Ушбу тартиб Саҳрода китобининг 2:3, 10, 18, 25 бобларида айтиб ўтилган, бироқ у ерда қабилаларнинг нишонасига айлантирилган ушбу «белгилар» ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Сисс, Кларк ва Пул ўзларининг қуйидаги китобларидан парча келтирган ҳолда, ушбу ёндашув ҳақида эслатиб ўтганлар: «Яҳудий муаллифлар» (Сисс), «Талмуд муаллифлари» (Кларк) ва «Раввинлардан олинган мерос» (Пул). Пул бу нарсани шундай тушунтирган: «Бу мавжудотлар Исроил халқининг, тўртта гуруҳга бўлиниб, ҳар бир гуруҳга уч қабиладан биттадан эркак қўйилган ҳолда юриш қилганларида кўтарган нишоналарида ифодаланган мавжудотлар бўлган. Яҳудо қабиласининг байроғида, Ибтидо 49:9 оятда ёзилган Ёқубнинг унга айтган баракотига тўлик мос равишда шернинг тасвири акс эттирилган бўлган; Ефраим қабиласининг байроғида эса хўкизнинг тасвири; Рубен қабиласи байроғида эса инсон тасвири; Дан қабиласи байроғида эса бургутнинг тасвири акс эттирилган бўлган. Бу маълумотлар раввинлардан қолган мерос бўлиб, уни ишончли далил деб ҳисобласак бўлади».
3) Кўпинча карубларнинг тўртта юзини, тўртта Хушхабарда ифодаланган Исо шахсининг қирралари рамзи сифатида талқин этишади. Жамоатнинг классик меъморчилигида бу тўртта «қаҳрамон» тўртта Хушхабарнинг ва осмоннинг сабаби сифатида қайта ва қайта такрорланади.
4) Кўпчилик Матто ёзган Хушхабарни «шер» деб аташади ва бунинг сабаби айнан ушбу Хушхабарда Исо «Яҳудо қабиласидан келиб чиққан шер» сифатида намоён бўлганлиги деб айтишади. Марк ёзган Хушхабарни эса, Исо бу ерда итоатли хизматкор, ишчи сифатида бизга намоён бўлганлиги сабаб «ҳўкиз» деб аташади. Луқо ёзган Хушхабарни бўлса «инсон» деб аташади, чунки айнан ушбу Хушхабарда Исо «иккинчи Одам Ато», мукаммал инсон сифатида бизга намоён бўлган. Ва ниҳоят Юҳанно ёзган Хушхабарни «бургут» деб аташган, чунки бу ерда Худодан, самодан келган Исо ҳақида сўз юритилган. Бироқ, ҳаттоки, тўртта мавжудотнинг тасвирини талқин қилишда ишлатилган ушбу ёндашувда ҳам қарама қаршиликлар кўзга ташланмоқда:
|
5) Эҳтимол, бу тўртта мавжудот жуда муҳим деб айтиш тўғри бўлар, чунки улар Худо яратган бутун тирик жонзотнинг энг юқори кўринишини ўзларида акс эттиришган. Шер – кучли ёввойи ҳайвон, ҳўкиз бўлса – уй ҳайвонлари ичида энг кучлиси, бургут – барча қушларнинг подшоси, инсон эса – яртилишнинг энг юқори чўққисидир. « «ShemotRabbah» да (Эски Аҳд талқинида) – равви Абин шундай деган: «Ер юзида тўртгина мавжудот ҳукмронлик қилади: онгли мавжудотлар орасида – инсон; қушлар орасида – бургут; ҳайвонлар орасида – ҳўкиз; ёввойи ҳайвонлар орасида эса – Шер. Буларнинг ҳар бири ўз атроф муҳитида ҳукмронлик қилади ва ўша муҳитда буюкликка эга. Ҳизқиёл 1:10 оятда айтилганидек, яратилган бирор жонзот ё мавжудот юксалмаслиги кераклигини, чунки Худонинг салтанати ҳаммадан юқори эканлигини кўрсатиш учун, ушбу мавжудотларшон-шараф тахти остида жойлаштирилган». Бу мавжудотларни Худо яратган барча тирик жонзотларнинг вакили деб ҳисобласак ҳам бўлади» (Кларк).
6) Бу карублар «шердай жасоратли, ҳўкиздай ишчан, инсонлардай онгли ва бургутдай баланд уча оладиган бўлиб, ўз вазифаларини бажариш учун «барча керакли фазилатларга» эгадирлар» (Трапп)
7) Бундан ташқари Муқаддас Каломда юзҳар доим қандайдир бир шахс билан боғлиқ эканлигини эътиборга олиш жуда қизиқ (1-Солномалар 12:8, 2- Солномалар 29:6, Ишаё 3:15, 13:8). Ваҳийда эса биз тўртта юзга эга шахсни эмас, мавжудотни кўряпмиз. Бу мавжудотлар, бизнинг Уч хил Шахсда Ўзини намоён қилган Тангримиз сингари, бир нечта шахсни ўзида мужассамлаштирган бўлиши мумкин.
8) Пулнинг таъкидлашича, унинг фикрига кўра бу тўртта юз, Худонинг хизматкорларига хос бўлган тўрт хил феъл – атворни тасвирлайди: «Бу юзлар, Худонинг Ўз хизматкорларига, баъзиларини шерга ўхшаган куч ва жасорат билан, бошқаларини ҳўкизникига ўхшаган камтарлик ва мулойимлик билан, яна баъзи бирларига инсонни ҳамма нарсадан кўра кўпроқ безатадиган донолик ва ақл – фаросат билан, қолганларини эса нигоҳи ўткир бургут сингари, Худо Шоҳлигига тегишли сирларнинг ҳайратланарли тушунчаси билан баракотлаб берадиган, турли хил инъомларини намоён қилмоқда».
Г. Юҳанно Худонинг тахти олдида содир бўлаётган ҳодисаларни тасвирлаб бермоқда.
1. 8ят.б. Мавжудотлар тинмай Худога ҳамду – сано айтмоқдалар.
«Улар кечаю кундуз тинмай шундай сўзларни такрорлар эдилар: Муқаддасдир муқаддасдир, Муқаддасдир Қодир Худо — Эгамиз. У бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўлар!”
а. «Улар кечаю кундуз тинмай шундай сўзларни такрорлар эдилар: Муқаддасдир муқаддасдир, Муқаддасдир». Карублар тинмай «муқаддас, муқаддас, муқаддас» деган сўзларни такрорламоқдалар. Улар Худонинг асосий ҳислатини, Унинг моҳиятини яъни – муқаддаслигини эътироф этиб, бу сўзларни уч маротаба такрорлаш орқали уларга алоҳида аҳамият бермоқдалар.
1) «Яҳудийлар тилида икки марта такрорланган сўз, маълум бир аҳамиятга эга эканлигини билдиради, баъзи – баъзида уч маротаба такроранланган сўз эса, айтилган ушбу сўз энг муҳим ва юқори аҳамиятга эга эканлигини билдиради; айнан ушбу оятда сўзнинг уч бора такрорланиши, Худонинг чексиз муқаддаслигига диққатни қаратиш учун ишлатилган» (Джонсон).
2) «тинмай». «Улар дам олиш нималигини билишмайди, лекин бу улар безовта дегани эмас, бу ерда бундай маъно кўзда тутилмаяпти. Улар ўзларининг доимий машғулотларида тўлиққониқиш топаётганлари яққол маълум. Ва биз бу далилни иймон билан қабул қиламиз, чунки бу нарсаларни сўз билан тасвирлаб бериш ғоятда қийиндир» (Трапп).
б. «Қодир Худо — Эгамиз». Карублар Худонинг куч – қудратини эътироф этмоқдалар. Ваҳий 1: 8 оятдагидек, биз ушбу оятда ҳам юнон тилидаги, «барча нарсани Ўз қўлида тутиб Тургувчи» деган маънони англатадиган pantokratorсўзига дуч келмоқдамиз.
в. «У бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўлар!». Ваҳий 1: 8 оятдаги фикр яна бир бор такрорланмоқда ва гап, Худонинг абадий моҳияти ҳақида бормоқда. Бу ерда «Яҳова» номининг маъноси очиб берилган.
2. 9-11оятлар. Тахтда ўтирган Худога йигирма тўртта оқсоқол сажда қилмоқда.
«Мавжудотлар тахтда Ўтирганни, то абад барҳаёт Зотни улуғлашарди, иззат икром кўрсатиб, шукроналар айтишарди ерга. Шунда йигирма тўрт нафар оқсоқол тахтдаги то абад барҳаёт Зот олдида мук тушиб, сажда қилишарди. Тожларини тахт олдига қўйиб, шундай дейишарди: Ё Эгамиз, ё Худойимиз!Сен қудратлисан! Улуғворлигу иззатга Сен лойиқсан! Зеро бутун борлиқни Сен яратгансан,хамма нарса Сенинг ироданг ила вужудга келди, яратилди».
а. «Мавжудотлар тахтда Ўтирганни… улуғлашарди.. Шунда йигирма тўрт нафар оқсоқол тахтдаги то абад барҳаёт Зот олдида мук тушиб, сажда қилишарди». Карублар йигирма тўртта оқсоқолни сажда қилишга ундамоқдалар. Карублар Худога тун-у кун сажда қилганликлари боиз, оқсоқоллар ҳам худди шу нарсани қилмоқдалар.
1) Ҳаттоки фаришталар ҳам Худога сажда қилиши ҳақидаги фикр, бизларни ҳам Унга сажда қилиб ҳамду – сано айтишга ундамоғи лозим. Наҳотки бизда Унга шукрона ва ҳамду – сано айтишга сабаб оз бўлса? «Қушлар Унга тинмай куйлагандай, биз ҳам шундай Унга куйлаймизми? Наҳотки қушларда ҳамду – сано айтишга кўпроқ сабаб бўлса? Биз Худога фаришталар сингари тинмай ҳамдлар айтамизми? Ахир Масиҳқони орқали қутқарилганлар улар эмаску. О, осмон қушлари, сиз мендан ўзиб кетдингизми? О, фаришталар, наҳотки сизлар мендан кўпроқҳамдлар айтсангиз? Ха, сизлар мендан кўра кўпроқсано айтажаксиз Тангримга, бироқ мен ҳам, ҳар кун ва ҳар тун сайин, муқаддас қўшиқларда ўз юрагимни тўкиб, сизлар билан рақобатлашмоқчиман!» (Сперджен. Бахтиёр азизларнинг муқаддас қўшиклари) {HolysongHappySaints}
2) «Бизнинг жонларимиз Қўзининг тахтини ўраб турган само аҳлининг ажойиб орасида, қимматбаҳо гавҳардай бўлганида эди; келинглар, гуёки ҳозирнинг ўзида ўша ерда тургандай Унга ҳамдлар айтамиз» (Трапп)
б. «Шунда йигирма тўрт нафар оқсоқол тахтдаги то абад барҳаёт Зот олдида мук тушиб, сажда қилишарди». Йигирма тўртта оқсоқол Худога сажда қилмоқда (бу сажда, Худонинг бунга муносиб эканлигини улар тан олишганликларини англатади). Оқсоқоллар қилган меҳнатларида ва олган унвонларида, Худонинг ҳиссаси борлигини тан олмоқдалар; чунки улар сажда қила ётиб, тожларини Унинг олдига қўймоқдалар. Улар ҳамду – сано ва шон – шуҳратга ўзларини эмас, Худонинг муносиб эканлигини тан олмоқдалар.
1) Тожларини ечган ҳолда, улар: «ё Тангрим, куч-қудрат ва шон-шуҳратни қабул қилишга ёлғиз Сен муносибдирсан» деб эътироф этишмоқда. Агар фақатгина Худо куч-қудрат ва шон-шуҳратни қабул қилишга муносиб бўлса, демак тожни ҳам кийишга айнан У муносибдир.
2) Бу ерда биз Рим империясида қўлланилган маълум бир ҳатти – ҳаракатларга бўлган ҳаволани кўрмоқдамиз. Император бир нечта подшоҳлар устидан ҳукмрон бўлган бўлиб, белгиланган вақтда подшоҳлар император ҳузурига ташриф буюришлари ва эҳтиром билан унинг оёқлари остида ўз тожларини ечиб қўйишлари керак бўлган. Шундан сўнг император яна қайтадан тожларни подшоҳларнинг бошига, тож уларнинг ҳукмронлик ҳуқуқи ва уларнинг ғалабалари император томонидан берилганлигини англатадиган тимсол сифатида кийинтирган. «Бу ишора бизларни шарққа хос бўлган итоаткорона сажда қилишлик одатига ва шунингдек ўз императорларини ҳаммадан юқори эканлигини тан олувчи майда вассал – қироллар даврига қайтаради» (Кларк).
3) Тожлар, Ваҳий 4:10 оятда эслатиб ўтилган тожлар – бу stephanos яъни подшоҳлар киядиган тожлар эмас, ғалаба қозонганлар киядиган гулчамбар мисол тожлардир. Шунга ўхшаш тожларни, қадимги Олимпия ўйинларида ғалаба қозонганлар соврин сифатида қўлга киритишган. Худо томонидан қутқарилган барча инсонларни ўзида акс эттирган йигирма тўртта оқсоқол, қўлга киритган унвонларини қайтадан Худога топширмоқдалар, чунки улар Унинг куч-қудрат ва шон-шуҳратга муносиб эканлигини билишади ва буни эътироф этишмоқда.
4) «Бизнинг мантларимизда, уларнинг барчаси ўз тожини ечиб, тахт олдига қўяётганлиги айтилган. Бу нарса самода бошқа ҳар ҳил фикрлар, ҳеч қандай секта ва партиялар ва бирор бир ёлғон таълимотлар бўлмаслигини англатади. У ерда барча ҳамфикрликда ва мукаммал уйғунликда яшаётганлигини кўришимиз мумкин. Бири нима қилса, қолганлар ҳам шу ишни қилишмоқда. У ердаги ҳамма ўз тожини ечиб, Худо тахти олдига қўймоқда. Бизлар ҳозирданоқҳамфикрликда бўлишни машққилишни бошлашимиз керак. Биз масиҳий биродарлар сифатида, бизларни бир – биримиздан ва Худодан ажратадиган нарсалардан ҳалос бўлишимиз керак. Мен матнда бир оқсоқолнинг бошқа оқсоқолга ҳасад қилиб: «О, қанийди мен ундай бўлсам ва унинг тожини кийиб юрсам» деганини кўрганим йўқ. Ёки бири бошқасининг тожига қараб, унинг камчиликларини излаб: «Балким унинг қимматбаҳо тошлари ёмон эмасдир, аммо менинг тожимдаги қимматбаҳо тошлар янада ёрқинроқ ялтиллаяпти ва кўриниши ҳам уникидан кўра қимматбаҳо» деб айтаётганини ҳам ўқиганим йўқ. Мен матнда одамлар орасида муҳолифатчилик борлиги ҳақида ҳаттоки бирор бир сўз кўрганим йўқ; улар биргаликда ўз тожларини Исонинг оёқлари остига қўйишмоқда. Уларнинг ҳаммалари тўлиқҳамжиҳатликда Худога ҳамду – сано айтишмоқда» (Сперджен)
в. «Зеро бутун борлиқни Сен яратгансан, ҳамма нарса Сенинг ироданг ила вужудга келди, яратилди». Йигирма тўртта оқсоқол Худога сажда қилмоқда, чунки У улуғланган бўлиб, Ўз кучини яратган борлиғида акс эттирди. Кулол лой устидан ҳукмрон ва барча ҳуқуқларга эга бўлгани сингари, Худо – Яратгувчи эканлиги ҳақидаги ҳақиқат, Унга бутун борлиқ устидан ҳукмронликни ва барча ҳуқуқларни беради (Римликларга 9:21)
1) Худо –бизнинг Яратгувчимиздир ва бу далилни қабул қилиб, роҳатланиб яшаш ёки рад этиб, чуқур норозилик ҳисси билан яшаш мумкин. Биз Худо томонидан яратилган эканлигимизни англаш қанчалик муҳимдир!
2) «Бу ерда борлиқни яратишда ва унинг устидан ҳукмронлик қилишда акс эттирилган Худонинг кучи ва қудрати икки бор эслатиб ўтилган; буни англаб етганимизда, бизнинг Худога бўлган ҳайратимиз ва ҳамдларимизга чегара бўлмай қолади» (Трапп)
3) Ушбу оятнинг Қирол Ёқуб томонидан қилинган таржимаси кўпроқ ёқишини тан олишни истаган бўлардик (KingJamesVersion): « ё, Тангрим! Шон-шуҳрат ва куч-қудратни қабул қилишга муносибсан: Сен бутун борлиқни яратдинг ва барча нарса Сенинг завқинг учун мавжуд ва яратилгандир {муаллиф таржимаси }». «Сенинг завқинг учун мавжуд ва яратилгандир» деган жумла, ҳар бир инсон Худога завқ келтириб, Унга ҳамду – сано айтиб яшаш учун яратилган эканлигини эслатиб ўтмоқда. Агар биз буларни қилмай яшаётган бўлсак, демак биз дунёга келишизнинг сабабини бажармай яшаётган бўламиз.
г. Йигирма тўртта оқсоқол бутун Худо халқини ўзида мужассамлаштирганлиги сабаб, уларнинг саждаси, тожлари, уларнинг кийимлари ва юраклари бизларга ҳам тегишлидир. «Осмонда сиздан бошқа биров эгаллай олмайдиган тахт мавжуддир; яна осмонда сиздан бошқа бировнинг бошига кийилтирилмайдиган тож мавжуддир. Абадий қўшиқларда эса сиз куйлашингиз керак бўлган бандлар мавжуддир. Агар сиз осмонга келмасангиз, Худо Ўзига тегишли бўлган шон-шуҳратни тўлиқлигича қабул қила олмайди ва сиз ҳам агар осмонда бўлмасангиз, Унинг абадий улугворлигини ва шухратини акс эттира олмайсиз» (Сперджен)
1) Бундан ташқари буларнинг барчаси, биз бу улуғвор кун ҳақида олдиндан қайғуришимиз кераклигини англатади. «Агар биз сизлар билан катта жўр қўшиқ куйлаётган ажойиб маъбадга кириб қолиб, бизларга ҳам ўша жўрда бошқалар билан биргаликда қўшиқ куйлашга розилик берганларида, биздан биринчи бўлиб биз бу мусиқани билиш билмаслигимизни сўрашган бўларди. Агар билмасак, бизга улар билан биргаликда куйлашга руҳсат бермаган бўлишарди. Биз ўргатилмаган ва машққилмаган овозлар осмон жўрига қўшилишини кутмаслигимиз керак. Азиз биродарлар! Сиз ўз тожингизни Нажоткоримиз оёқлари остига қўйишни ўргандингизми?» (Сперджен).
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – ewm@enduringword.com