Римликлар, 10 боб.
Худони рад этган Исроил.
А. Исроил Исо Масиҳ орқали бериладиган нажот ҳақидаги хушхабарни рад этди.
1. 1-3 оятлар. Исроилнинг Худованд солиҳлигига бўйсунишни рад этиши.
“Биродарларим, мен ўз халқим Исроилнинг нажот топишини чин дилдан истайман ва бу учун Худога илтижо қиламан. Ахир, ўзим гувоҳман: улар жон-жаҳдлари билан Худога берилганлар, аммо ҳақиқий тушунчага эга эмаслар. Худонинг инсонларни оқлаш йўлини тушунмасдан, ўзларини оқлаш ниятида, улар Худонинг ҳақ йўлига бўйсунмадилар”.
а. “биродарларим, мен ўз халқим Исроилнинг нажот топишини чин дилдан истайман ва бу учун Худога илтижо қиламан”. Павлус яна бир бор ўзининг яҳудий биродарларига нисбатан бўлган юрагини очиш зарурлигини кўрмоқда. Павлусни уларнинг “битикларда тасвирланган тошга қоқилиб йиқилганликлари” ҳақидаги ҳақиқат умуман қувонтираётгани йўқ (Римликлар 9:32)
1) Павлуснинг “чин дилдан истаётгани” унинг аниқ ишларида – “Худога қилаётган илтижосида” намоён бўлмоқда. Павлус шунчаки қайғурмаган; у ибодат қилган.
б. “ахир, ўзим гувоҳман: улар жон-жаҳдлари билан Худога берилганлар”. Павлус, исроилликлар “жон-жаҳдлари билан Худога берилганликларини” тан олишга тайёр, аммо шу билан бир қаторда Павлус улар ҳақиқий тушунчага эга эмасликларини кўрмоқда.
1) Кўпгина диндор одамлар, ҳаттоки чин дилдан ўзларини масиҳий деб ҳисоблайдиганлар айнан мана шундай аҳволдадирлар: улар “жон-жаҳдлари билан Худога берилишда” бошқалардан кам эмаслар, аммо уларга “ҳақиқий тушунча” етишмайди.
2) “улар жон-жаҳдлари билан Худога берилганлар, аммо ҳақиқий тушунчага эга эмаслар”. Бу Павлуснинг ўзининг Масиҳга имон келтиргунча бўлган ҳолатининг мукаммал тасвиридир. Тарсуслик Шоул, то Исо уни Дамашқга борадиган йўлда учратмагунича, хамма ерда масиҳийларнинг қувғинчиси сифатида машҳур эди (Ҳаворийлар 9:1-20).
3) Павлус, уни шавқатсизларча кетидан қувган ўша яҳудийларга нисбатан мулойим сўзларни топиб айтаётганлиги жуда ҳайратлидир.Павлус: “Ҳар ҳолда улар Худога жон-жаҳдлари билан берилганлар” демоқда.
в. “ўзларини оқлаш ниятида”. Айнан мана шундай ҳолатларда Исроил “Худонинг инсонларни оқлаш йўлини тушунмагани” ҳақидаги ҳақиқатдек, “ҳақиқий тушунчанинг” етмаслиги намоён бўлади. Ўз мактубининг бошланғич бир нечта бобларида Павлус ўта малакали даражада бундай ҳаракатларнинг қанчалик мантиқсиз эканлиги ҳақида фикр юритган. Оддий қилиб айтганда, “қонунга амал қилиш орқали ҳеч ким Худонинг олдида оқлана олмайди” (Римликлар 3:20).
г. “ўзларини оқлаш ниятида, улар Худонинг ҳақ йўлига бўйсунмадилар”. Исроилга “ҳақиқий тушунча” етмаган, бироқ, бу уларнинг ягона муаммоси бўлмаган. Яна аҳлоқий муаммо ҳам мавжуд бўлган: “улар Худонинг ҳақ йўлига бўйсунмадилар”.
1) Инсонлар, хушхабар ҳақидаги тўғри маълумотга эга бўлмай туриб Исонинг олдига кела олмайдилар, аммо кимгадир нажот бериш учун шунчаки маълумотнинг ўзи етарли эмас. Шахсан оқланишдан бош тортиб, Худонинг оқлашига тўлақонли бўйсуниш лозим.
2) Ва яна бир бор биз Павлус томонидан шахсий жавобгарликка берилган урғуни эътиборсиз қолдира олмаймиз. Павлуснинг, Худонинг танлови ва истаганини танлаш ҳуқуқи ҳақидаги таълимоти, инсонга юклатилган жавобгарликни ман қилмайди.
2. 4-8 оятлар. Худонинг солиҳлиги билан бизнинг солиҳ бўлишга бўлган интилишимиз орасидаги фарқ.
“Исо Масиҳ эса қонуннинг мақсадини амалга оширди, шу тариқа ҳамма имон орқали оқланади. Қонун орқали оқланиш ҳақида Мусо қуйидагича ёзган эди: “Худонинг қонун-қоидаларига риоя қилган одам ҳаётдан баҳраманд бўлади”. Имон орқали оқланиш ҳақида эса Муқаддас битикларда нима деб ёзилган? “Юрагингизда: “Ким осмонга чиқади? Ким тубсиз чуқурликка тушади? дея сўраманглар, деб ёзилган. Демак, Масиҳни ерга тушириш учун ҳеч ким осмонга чиқиши шарт эмас, Масиҳни тирилтириш учун ҳам ҳеч ким ўлликлар диёрига тушиши шарт эмас. Ахир, Муқаддас битикларда яна шундай ёзилган: “Бу Калом сизнинг яқинингиздадир, оғзингизда ва юрагингиздадир. Биз ваъз қилаётган имон ҳақидаги калом ана шудир”.
а. “Исо Масиҳ эса қонуннинг мақсадини амалга оширди”. Масиҳ Унга имон келтирганлар учун “қонуннинг мақсадини амалга оширди”. Қонун имонлилар учун, Худо билан муносабатнинг асоси бўлиш маъносида ўз ниҳоясига етган, бу нарса энди Худованднинг баланд стандартлари ҳақида фикр юритишга ҳожат йўқ дегани ёки қонун бизларга Халоскорга бўлган эҳтиёжимизни бошқа кўрсата олмайди дегани эмас.
1) “Масиҳ қонуннинг таъсирини пасайтириш учун ёки бизнинг бузуқ ва нотўғри итоаткорлигимизни қандайдир бир муроса сифатида қабул қилиш учун келгани йўқ. Қонун ўз талабларини, улар олдин жуда ҳам юқори бўлиб кўринган тақдирда ҳам, пасайтиришга мўлжалланмаган. Қонун муқаддас, ҳақ ва эзгудир; унинг ҳеч бир низоми ёки моддаси қайта кўрилиб чиқилиши керак эмас, бунинг иложи ҳам йўқ. Бизнинг Худовандимиз Ўз қонунига, маълум бир қисмни эмас, керакли ҳамма нарсаларни тўлиқлигича киритиб ўтган, акс ҳолда бу нарса қонунни жиҳати камроқ бшлган бошқа нарсага алмаштириш мумкин, деган фикрни ўйғотган бўлар эди” (Сперджен)
б. “Худонинг қонун-қоидаларига риоя қилган одам ҳаётдан баҳраманд бўлади”. Мусонинг қонуни оддий бир қонун орқали оқланиш йўлини чизиб берди. Агар кимдир қонун билан яшашни истаса (яъни қонун орқали ҳаёт топишни истаса), унда ўша инсонга қонунни бажаришга, бошдан оёқ тўлақонли бажаришга тўғри келади.
в. “имон орқали оқланиш эса”. Бу ерда ҳамма нарса Исога асосланган; Унга эришиш учун ҳаракат қилишга тўғри келмайди. Ўз ҳаётимизда Исога эришиш учун, “осмонга чиқишимизнинг” ёки “тубсиз чуқурликка тушушимизнинг” ҳожати бўлмайди. Биз имон келтириб, Уни қабул қиламиз.
г. “ахир, Муқаддас битикларда яна шундай ёзилган: “Бу Калом сизнинг яқинингиздадир, оғзингизда ва юрагингиздадир”. Қонун орқали оқланишга эришаман деб, инсон қила олмайдиган ишларни бажаришга ҳаракат қилгандан кўра, хушхабарни қабул қилган ҳолда, дарҳол имон орқали бўлган оқланишга эришишимиз мумкин.
3. 9-13 оятлар. Қандай қилиб имон орқали Худодан оқланишга эришса бўлади.
“Агар ўз оғзингиз билан Исони Раббим деб эътироф этиб, Худо Уни ўликдан тирилтирганига чин юракдан ишонсангиз, нажот топасиз. Чунки инсон қалбидан ишониб оқланади ва оғзи билан эътироф этиб нажот топади. Муқаддас битикларда ёзилгандай: “Унга ишонган ҳеч бир инсон уятда қолмайди”. Яҳудийлар билан ғайрияҳудийлар орасида асло фарқ йўқ. Уларнинг Раббийси бир бўлиб, Унга илтижо қилганларнинг биронтасидан У Ўз меҳр-шафқатини аямайди. Ахир, “Раббимизга илтижо қилган ҳар бир инсон қутқарилади”, деб ёзилган-ку”.
а. “Агар ўз оғзингиз билан Исони Раббим деб эътироф этиб, Худо Уни ўликдан тирилтирганига чин юракдан ишонсангиз, нажот топасиз”. Худонинг солиҳлиги амаллар орқали қўлга киритилмайди. Биз бу солиҳликка Исо Масиҳнинг ишларига ва Шахсига ишонган ва буни эътироф этган ҳолда эришамиз.
б. Эътирофнинг мазмуни – нимагадир қўшилишдадир. Биз “Исони Раббим деб эътироф этганимизда”, Худованднинг У ҳақида айтганларига ва Исонинг Ўзи Ўзи ҳақида айтганларига қўшиламиз. Бу эса, биз Исони Худо деб тан олишимизни, Исони – Халоскор деб тан олишимизни, Унинг хочдаги жасорати эса – инсоният нажот топиши учун ягона йўл эканлигини тан олишимизни англатади.
1) “оғзингиз билан Исони Раббим деб эътироф этиб”. Биз Исо Масиҳни Раббимиз деб аташимиз ҳақидаги ҳақиқатнинг бутун моҳиятини ва аҳамиятини унута олмаймиз. “Исони деб атаган ҳолда, инсон Уни ҳукмдорлар ва Худонинг Ўзи билан бир қаторга қўйган; ва шу орқали, Худога ҳурмат билан сажда қилишни ва сўзсиз итоаткорликни ваъда берган ҳолда, Исога энг буюк эҳтиромни кўрсатган.” (Баркли).
2) Мана Вюст Робертсондан иқтибос келтирган ҳолда “Исони Раббим” деган жумла ҳақида нима деган: “Ҳеч бир яҳудий, Масиҳга ҳақиқий умид боғламай туриб, бу ишни қилмаган бўлар эди, чунки Септуагинтада Kurios сўзи Худога нисбатан ишлатилган. Ҳеч бир яҳудий, императорга Kurios сифатида сажда қилишдан бош тортмай туриб, бу ишни қилмаган бўлар эди. Бу сўз имоннинг ўлчови эди ва шундай бўлиб қолаверади”.
в. “Худо Уни ўликдан тирилтирганига чин юракдан ишонсангиз”. Биз бу нарсага ҳам ишонишимиз керак. Баъзилар нима учун Павлус ушбу матнда хоч ҳақида эслатиб ўтмаганлигига ҳайратланишади. Павлус “Худо Уни ўликдан тирилтирганига” ишониш муҳимлигини белгилаб ўтмоқда, чунки биз тирилишга, ҳочга қарама қарши бўлган нарсага ишонгандек эмас, биз тирилишга Исонинг хочда кўрсатган жасоратининг диққат маркази сифатида ишонамиз.
г. “чин юракдан ишонсангиз”. Хоч ва ўликлардан тирилиш содир бўлганлиги ҳақидаги ҳақиқатга шунчаки фикран қўшилиш этарли эмас. Бу нарсага «”чин юракдан ишонмоқ лозим”, аммо имонимизни маълум бир ишлар билан тасдиқламасак (оғзингиз билан Исони Раббим деб эътироф этиб), син юракдан ишонганимиз ҳам етарлича бўлмайди.
1) “Биз Раббимиз Исо ўрганган ҳамма нарсани имон билан қабул қиламиз, аммо янада чуқурроқ кириб бориб, бутун умидимизни Унга боғлай олишимиз керак. У – Худонинг Ўғли, Унинг Мойлангани эканлигига шунчаки ишонишнинг ўзи етарлича эмас; бизнинг Унга бўлган умидимиз янада чуқурроқ ўрнашиб бориши керак… Нажот берувчи имон бу – шунчаки маълум бир ҳақиқатларни қабул қиладиган ёки Исо – бизнинг Нажоткоримиз эканлигига ишонадиган имон эмас. Бу имон Унда ором топади. Исода умидининг асосини топган ҳолда, барча ишларда Унга таянади. У сизни қутқара олишига ишонинг; У сизни қутқаришига ишонинг. Қандай бўлишидан қатъий назар, нажотингиз билан боғлиқ бўлган барча нарсаларни салгина ҳам шубҳаланмай, Унга топширинг. Ҳозирги ва абадий келажагингиз учун қўрқмасдан ва қайғурмасдан Унга таваккал қилинг. Айнан мана шундай имонгина инсоннинг жонини қутқара олади” (Сперджен).
д. “чунки инсон қалбидан ишониб оқланади ва оғзи билан эътироф этиб нажот топади”. Ушбу иккита элементнинг (яъни имон ва эътироф) бирлашуви, оқланиш ва нажотга олиб келади. Инсоннинг ўзини ўзи оқлашга уриниши ёки миллий ё этник сабабларга таянган ҳолда нажотга эга бўлишга уриниши қанча саъй-ҳаракатларни талаб қилишини, бу эса жуда оддий йўл (Раббимизга илтижо қилган ҳар бир инсон қутқарилади) эканлигини биз рад этолмаймиз.
1) Яҳудийлар ҳам, юнонлар ҳам ўзларининг миллий ёки этник келиб чиқишлари билан мақтанишга мойил бўлганлар, гўёки нажот масаласи инсоннинг тўғри оилада дунёга келган ёки келмаганлигига боғлиқдай. Павлус ҳамма нарсани ўз ўрнига қўйиб чиқмоқда: “Яҳудийлар билан ғайрияҳудийлар орасида асло фарқ йўқ. Уларнинг Раббийси бир бўлиб, Унга илтижо қилганларнинг биронтасидан У Ўз меҳр-шафқатини аямайди”.
е. “Муқаддас битикларда ёзилгандай”. “Сўз, бутун Каломнинг маъноси ва аҳамияти ҳақида бормоқда, фақатгина маълум бир қисми ҳақида эмас, деб ўйлайман. Имонлилар уятда қолмайди, деб ёзилган бир қанча Муқаддас Калом парчалари мавжуд” (Сперджен).
ж. “Унга илтижо қилганларнинг”. Ва яна бир бор инсон зиммасига юклатилган жавобгарликка урғу берилмоқда. Фақатгина Римликлар 9 бобга таянган ҳолда, биз, нажот – фақатгина Худонинг иши деган хулосага келамиз; агар фақатгина 10 бобни кўриб чиқадиган бўлсак, нажот – бу инсоннинг вазифаси деган хулоса ўсиб боради. Ҳар иккала бобни ўқиган ҳолда эса, биз нажот масаласини ҳар хил нуқтаи назардан кўриб чиққан бўламиз.
4. 14-15 оятлар. Хушхабарни эълон қилиш зарурияти.
“Аммо Раббимиз Исога ишонмаганлар қандай қилиб Унга илтижо қиладилар?! У ҳақда эшитмаган бўлсалар, қандай қилиб Унга ишонадилар?! Ҳеч ким уларга Хушхабарни эълон қилмаса, қандай қилиб эшитадилар?! Уларни ҳеч ким юбормаса, қандай қилиб Хушхабарни эълон қиладилар?! Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган-ку: “Хушхабарни эълон қилган хабарчининг қадамлари нақадар гўзал!””.
а. “Ҳеч ким уларга Хушхабарни эълон қилмаса, қандай қилиб эшитадилар?! Уларни ҳеч ким юбормаса, қандай қилиб Хушхабарни эълон қиладилар?!”. Ҳамма гап Хушхабарни эълон қилишга бориб тақалишини белгилаб ўтиб, Павлус тўғри йўл тутмоқда, Хушхабарни эълон қилувчилар эса Худо ва масиҳий жамоатлар томонидан “юборишлари” лозим.
б. “Ҳеч ким уларга Хушхабарни эълон қилмаса, қандай қилиб эшитадилар?”. Фаразга асосан Худованд, келаётган нажот ҳақидаги хабарни етказишнинг бошқа бир исталгай йўлини танлаши мумкин эди: масалан: фариштани юбориши ёки ваъзхонларсиз Ўзи бевосита инсонларга мурожаат қилиши мумкин эди. Қандай бўлишидан қатъий назар, Худо учун инсонларни Исо Масиҳга олиб келишнинг “одатий” усули бу – Хушхабарни эълон қилишликдир.
в. “қадамлари нақадар гўзал!”. Ваъзхонларнинг “қадамлари гўзал”эканлиги ҳайратланарли эмас, ахир улар инсонларнинг нажоти ишида Худонинг ҳамкорларидирлар. “Оёқ” ҳақидаги эслатма, фаолликни, ҳаракат ва ривожланишни назарда тутади; дарҳақиқат, хушхубарни фаоллик билан эълон қилган ҳолда, олдинга қараб бораётганларнинг “оёқлари гўзалдир”.
г. “Хушхабарни эълон қилган хабарчининг”. Ишаё башорат қилган нажот, амалларга ёки қонунга асосланган нажот эмаслиги кундек равшан. Агарда: “Сиз керагича ҳаракат қилгандан сўнг, Худо олдида оқланишингиз мумкин”, деб айтсак, бу – осойишлик хушхабари бўлмайди; бундай эътироф “хушхабарни эълон қилмайди”.
Б. Пайғамбарлар, Исроил хушхабарни рад этишини башорат қилган эдилар.
1. 16-17 оятлар. Ишаё 53:10 оятдан келтирилган гувоҳлик.
“Аммо Хушхабарга ҳамма ҳам ишонмади. Ишаё ҳам шундай деган-ку: “Эй Эгам, бизнинг хабаримизга ким ишонди”. Демак, имон тинглашдан, яъни Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни эшитишдан келиб чиқади”.
а. “Аммо Хушхабарга ҳамма ҳам ишонмади”. Агар нажот шу даражада оддий, Исонинг Шахси ва ишларига ишонган ҳар бир инсон учун очиқ бўлса, унда нима учун Исроил ўзини гўёки Худодан юз ўгиргандек тутмоқда? Чунки яҳудийлардан кўпчилиги “эшитган хабарларига ишонишмаган”; улар Ишаё ва бошқа хушхабар элчилари томонидан айтилган Худонинг сўзларига ишонишмаган. Мана шу сабаб улар нажотсиз қолишди.
б. “демак, имон тинглашдан, яъни Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни эшитишдан келиб чиқади”. Нажот берувчи имон “Худо Каломини тинглашдан келиб чиқади”. Ҳа, Исроил Каломни эшитган, аммо уларда нажот берувчи Масиҳга бўлган имон бўлмаган, бу учун уларнинг ўзлари жавобгар (айтганча, худди биз каби).
1) “Эшитиш”деган сўзда, биринчи асрда яшаган инсонларнинг ҳаёт тарзи ўз аксини топган. Павлус ушбу мактубни эшитишлари эҳтимолини бўрттираётгани йўқ. Унинг ҳамюртлари орасида ўқишни биладиганлар бор бўлганлигига қарамай, кўпинча, биринчи асрнинг оддий аҳолиси нима ҳақидадир эшитиш имкониятига таянганлар” (Моррис).
2. 18-оят. Забур 18:5 оятдан келтирилган гувоҳлик.
“Менинг бир саволим бор. Хўш, улар эшитмаганмиди? Албатта эшитганлар, чунки “хабарчиларнинг овозлари ҳар томонга тарқалди, хабарлари оламнинг четигача етиб борди”, деб ёзилган-ку”.
а. “хабарлари оламнинг четигача етиб борди”. Бу матнда Забур 18:5 оятдан келтирилган парча, хушхубарниг сўзлари эълон қилинганлиги ва Исроил бу сўзларни эшитганлигини тасдиқлайди. Бу нарса хушхабарни рад этганликлари ҳақидаги жавобгарликни уларнинг зиммаларига юклайди.
1) “Бу гўё бўрттирилгандек кўриниши мумкин, чунки ўша пайтда хушхабар бутун жаҳонда тарқалмаган эди; бу хушхабар ўшанда ҳаттоки юнон-рум аҳолиларига маълум бўлган шаҳарларгача ҳам етиб бормаган эди. Павлус буни жуда яхши билар эди; у хушхабарни етказиш учун Испанияга-яъни ҳали Масиҳ ҳақида ҳеч ким эшитмаган вилоятга боришни режалаштирган эди (Римликлар 15:18-24). Аммо ўша пайтда, яҳудийлар яшайдиган Ўрта ер денгизи ҳудудларида хушхабар эълон қилинган эди; бу жуда кучли далил” (Брюс).
б. “оламнинг четигача”. “Ваъда қилинган ерда, бу хушхабар ваъз қилинмаган бирорта бурчак қолмади; бутун бошли Рим империясининг ўзида ҳам, хочга михланган Масиҳ ҳақидага таълимот ҳақида эшитмаган жойлар қолмаган бўлса керак. Шундай экан, яҳудийлар имон келтирмаган бўлса, бу фақат уларнинг айби, ахир Худованд нажот берувчи имонга эга бўлишлари учун улврнинг олдида барча имкониятларни очиб берган эди” (Кларк).
3. 19-оят. Қонунлар 32:21 оятдан келтирилган гувоҳлик
“Бундан яна бир савол келиб чиқади. Хўш, Исроил халқи хабарни тушунмадими?Мусо орқали Худо шундай деганди: “Мен ҳам халқ бўлмаганлар билан уларнинг рашкини келтираман, ақлсиз бир халқ билан ғазабини қўзғатаман””
а. “Мен…уларниг рашкини келтираман”. Худованд Исроилни, бошқа халқларни Ўзига жалб этиш орқали уларнинг рашкини келтиришини огоҳлантирган эди. Аммо улар бу сўзларга ҳам аҳамият бермадилар, энди бунинг учун ҳам жавобгардирлар.
4. 20-оят. Ишаё 65:1 оятдан келтирилган гувоҳлик
“Ишаё ҳам Худонинг сўзларини жасорат билан етказган: “Мени изламаганлар топди, Мени сўрамаганларга кўриндим””.
а. “Ишаё ҳам Худонинг сўзларини жасорат билан етказган”. Ишаёнинг жасоратли башорати Исроил учун улар эътиборсиз қолдирган огоҳлантириш эди. Бу учун ҳам жавобберишларига тўғри келади.
б. “Мени изламаганлар топди”. Яҳудийларнинг кўпчилиги ўз Халоскорини рад этганлиги ажабланарлидир. Бу қанчалик ҳайратланарли кўринмасин, уларнинг бундай муносабатлари ҳам башорат қилинганди. На Худованд учун, на Унинг пайғамбарлари учун бу нарса кутилмаган совға бўлгани йўқ.
5. 21-оят. Ишаё 65:2 оятдан келтирилган гувоҳлик.
“Исроил халқи ҳақида эса шундай дейди: “Итоатсиз ва ўжар халқни, кун бўйи қучоқ очиб кутдим””.
а. “Итоатсиз ва ўжар халқни”. Халоскорни рад этган итоатсиз Исроилга бундай баҳони Худонинг Ўзи бермоқда. Улар – Худо олдидаги маъсулиятларининг даражасини эътиборга олган ҳолда айтганда, “итоатсиз ва ўжар халқ” дирлар.
©1996–present The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – ewm@enduringword.com