Ваҳий, 22 боб.
Кел, ё Раббимиз Исо!
А. Янги Қуддуснинг
1. 1-оят. Худо тахтидан оқиб чиқаётган дарё.
“Фаришта менга Худонинг ва Қўзининг тахтидан чиқиб, шаҳар кўчаси бўйлаб оқаётган биллурдай тиниқ оби ҳаёт дарёсини кўрсатди”.
а. “биллурдай тиниқ оби ҳаёт дарёсини”. Қадимги Аҳд давомида, барча пайғамбарлар дарё тимсолини – бойлик, тўкин сочинлик ва тинчлик ифодаси сифатида ишлатиб келишган (Ишаё 48:18, Закариё 14:8, Ҳизқиёл 47:1-9).
1) Ёки забурчи айтганидек: «Бир дарё борки, унинг оқимлари Худонинг шаҳрига, Таолонинг муқаддас масканига севинч келтирур. Худо унинг ўртасида, у тебранмас асло. Тонг отганда Худо унга ёр бўлур» (Забур 45:5-6).
2) “Сув – ерда яшовчи инсонларга қувонч келтирадиган нарсалардан биридир. Қуруқ, жазирама қуёш остида қолган ва чанқоқликдан қийналаётган Шарқ аҳолиси нигоҳида, тоза, тетиклантирувчи ва жилваланаётган бир қултум сувдан кўра қимматлироқ нарса йўқдир” (Сисс).
3) Ушбу дарёнинг матнда эслатиб ўтилганлиги ҳақида, Пул қуйидагича фикр билдирган: “Осмонда Худонинг азизларини бахтиёр қиладиган нарсалар тўкин сочин бўлиши ҳақида бизларга айтиб ўтилмоқда”.
б. “биллурдай тиниқ”. Худонинг Янги Қуддусда берадиган таъминоти, тиниқ, бирор бир нарса билан булғанмаган сув тимсолида ифодаланган. “Бу ростдан ҳам сув бўлиб, ўз моҳиятига ва сифатига асосан, ўзи оқадиган жойга, олтин шаҳар стандартига тўлиқ жавоб берадиган сувдир. Ер юзи аҳолиси Янги Қуддус мисол шаҳарни илгари кўрмаганидек, бундай сувни ҳам ҳеч қачон кўрмаган; буларнинг барчаси дарҳақиқат мавжуддир” (Сисс).
в. “Худонинг ва Қўзининг тахтидан чиқиб оқаётган”. Худонинг таъминот дарёси, тўғридан тўғри Унинг тахтидан оқиб чиқмоқда, шунинг учун ҳам у тиниқ ва кенг бўла олмай қолмайди.
1) Ҳизқиёл, Қуддусдаги маъбаддан чиқиб, денгизга қараб оқаётган ажойиб, улкан бир дарёни кўради (Ҳизқиёл 47 боб), аммо бу дарё. Масиҳнинг Минг Йиллик ҳукмронлиги даврига тегишлидир. Бу дарё. Самовий дарёнинг энг сўнгги тимсоли бўлса керак. Самовий дарё, унинг атрофида ўсадиган дарахтлар бошқа дарахтларга нисбатан ажойиброқ ва гўзалроқ бўлгани сингари, у ҳам барча дарёлардан ажойиброқ бўлади.
2. 2- оят. Ҳаёт дарахти.
“Дарёнинг иккала қирғоғида ҳам ҳаёт дарахти бор эди. Бу дарахт йилда ўн икки марта, ҳар ой ҳосил беради. Дарахтнинг барглари халқларга шифо бахш этади”.
а. “ҳаёт дарахти”. Муқаддас Калом ҳаёт дарахтидан бошланади (Ибтидо 3:22-24) ва инсон унга таъқиқланган ёвузлик ва эзгулик дарахти мевасини татиб кўриб гуноҳ қилганидан сўнг, ҳаёт дарахти мевасидан истеъмол қилиш унга ман этилган эди. Ва ниҳоят биз яна ҳаёт дарахтини кўриб турибмиз.
1) “Дарёнинг иккала қирғоғида ҳам ҳаёт дарахти бор эди”. Бу самовий манзарани тасаввур қилиш озгина қийин. Эҳтимол, Юҳанно кенг кўчани ва кўча ўртасидан оқиб ўтаётган дарё ва марказда турган дарахтни, ёки ҳар иккала томонида дарахти бор дарёни ифодалаб бераётгандир.
2) Джон Уолвурд бу манзарани қўйидагича тасаввур қилган: “Визуал тасвир шундайки, ҳаёт дарёси шаҳарнинг ўртасидан оқиб ўтади, ҳаёт дарахти эса шунчалик каттаки, у қирғоқларни боғлайдиган кўприкка ўхшайди ва дарёнинг икки томонида илдиз отади ”.
3) “Дарахт” сўзи бу умумий тасвир, аслида ушбу оятда дарё қирғоғида ўсадиган бир қанча дарахтлар ҳақида сўз юритилмоқда деган фикр ҳам мавжуд. “Бизнинг тасаввуримизда пайдо бўладиган манзара, кўз олдимизда, Голландиянинг кенг, ҳар икки томонидан бир хил дарахтлар билан ўралган каналига ўхшаш дарёси бор кенг кўчани гавдалантиради. Ушбу манзарани яна қандай тасвирлаш мумкин билмайман” (Сперджен).
4) Биз “ҳаёт дарахтини” кўрмоқдамиз, бу эса ўз навбатида, ҳамма нарса ўзининг аввалги ҳолатига қайтганлигини яна бир бор кўрсатиб ўтмоқда. “Ва ниҳоят Муқаддас Каломнинг буюк драма партаси остида, инсон, ноқонуний даъволари сабаб маҳрум бўлган неъматлардан қонуний равишда баҳраманд бўлиш учун қайтиб келди” (Престон/Хенсон).
б. “бу дарахт йилда ўн икки марта, ҳар ой ҳосил беради”. Барча белгиларга қараганда, бу янги осмон ва янги ер даврининг тасвири, бироқ шунга қарамай бизларга вақт кўрсатилмоқда. Кўриниб турибдики, осмонда вақт ҳисоби давом этади, аммо уни биз абадийликнинг бошқа томонида қилганимиздек, кузатишни давом эттиришмайди.
1) Баъзи инсонлар, биз осмонда озиқланамизми деган саволни беришади. Энг яхши жавоб бу ҳа, деган жовобдир, аммо самода озуқага ҳаётий зарурият бўлмайди. Исо Ўзининг улуғланган танасида бўла туриб ҳам, таомдан лаззатланган (Луқо 24:41-41. Юҳанно 21:12-14). Фаришталар ҳам Иброҳим билан бирга таом танаввул қилишган (Ибтидо 18:6-8). Исо ва Унинг халқининг самодаги буюк бирлашуви катта тўй зиёфати сифатида тасвирланган (Ваҳий 19:9). Илк инсонларнинг гуноҳи ҳам айнан танаввул билан боғлиқ бўлганлигига қарамай, Худованд бизларга самода таом танаввул қилиш имкониятини беради.
2) “Руҳонийлар маълум вақтдан сўнг истеъмол қила олишлари учун Чодир ҳамда Маъбадда доимо олтин хонтахта устида нонлар бўлганидек, абадий подшоҳлар яъни самовий руҳонийлар учун ҳар ой ҳосил келтирган ҳолда, Янги Қуддуснинг олтин кўчаларида ҳаёт Дарахти турибди” (Сисс).
в. “дарахтнинг барглари халқларга шифо бахш этади”. Қадимги юнон тилида “шифо бериш” “соғлиқ бахш этиш” деган маънони ҳам билдирган; эҳтимол, бу оятда дарахт айнан шу маънода ишлатилган.
1) “ “Шифо” сўзи юнон тилида therapeian; биз яхши биладиган терапевтик деган сўз айнан ушбу сўздан келиб чиққан бўлиб, юнонча оригинали билан деярли бир хил. Бу сўзни “соғлиқни тиклайдиган” деб таржима қилишса яхшироқ бўларди, чунки сўзнинг ўзаги, хизмат қилиш ёки ғамхўрлиқ қилиш деган ғояларни назарда тутади” (Уолвурд).
г. Самовий шаҳарнинг ушбу манзаралари ҳақиқийми ёки шунчаки тимсолми? Бошқа ўлчовларни – яъни самовий қатламларни тасвирлаётганда, баъзи бир тимсолларни ишлатмаслик жуда қийин, бироқ бу тимсоллар тўғридан тўғри ҳақиқатдан мавжуд объектлар билан боғлиқ. Юҳанно кўрган дарё, биз биладиган ердаги дарёларга ўхшаш бўлиши ёки ўхшаш бўлмаслиги мумкин, аммо уни кўрганимизда, биз ҳам: “бу дарёдай экан деймиз”.
1) Бу ажойиб боб бизларга само ҳақида сўзлаб бераётганлигига қарамай, биз уш бу оятлар устида жиддий фикр юритишимиз ва қўлимиздан келган ҳамма нарсани қабул қилишимиз керак. “Агар инсон нишон томонга қарамаётган бўлса, ҳеч кимнинг хаёлига бу инсон нишонга қараб ўқ узмоқчи деган фикр келмайди; шу сингари, агар инсоннинг истаклари самога қаратилган бўлмаса ва у бу истаклар устида фикр юритиб, уларга эришишга ҳаракат қилмаётган бўлса, бундай инсоннинг ниятлари кўкка талпинмоқда деган фикр ҳам ҳеч кимнинг хаёлига келмайди” (Сперджен).
3. 3-5 оятлар. Самода ҳамма нарса қандай бўлади ва Худонинг азизлари нима билан шуғулланишади.
“Лаънат деган нарса у ерда қолмайди. Шаҳарда Худонинг ва Қўзининг тахти бўлади, Худонинг қуллари Унга хизмат қилади. Улар Худонинг жамолини кўради. Худонинг исми уларнинг пешаналарига ёзилади. У ерда бошқа тун бўлмайди. Чироққа ҳам, қуёшга ҳам эҳтиёж қолмайди. Ахир, Эгамиз Худо уларга нур сочади, улар эса то абад ҳукмронлик қилади”.
а. “лаънат деган нарса у ерда қолмайди”. Осмонда лаънат бўлмайди. Илк гуноҳ содир бўлган вақтдан бошлаб, инсон ва бошқа барча мавжудотлар, Ибтидо 3:16-19 оятларда тасвирлаб берилган лаънат таъсири остида яшаб келмоқда: аёллар фарзанд кўрган пайтлари, азоб ва оғриқларни бошдан кечириб келмоқдалар; аёл ва эркаклар орасида доимий тушунмовчилик ва бўлинишлар давом этиб келмоқда; эркакларга эса оиламни боқаман деб жуда оғир, баъзан ҳаттоки самарасиз ишлашга тўғри келмоқда; гуноҳнинг энг катта ва қўрқинчли натижаси эса бу ўлимдир.
1) Лаънатнинг ушбу барча соҳалари, Минг Йиллик ҳукмронлик даврида ҳам, гарчи улар Масиҳнинг мукаммал бошқаруви остида анча енгиллаштирилиб, камайтирилсада, инсон ҳаётининг бир бўлаги бўлишда давом этади. Ишаё 65:20 оятда, ўша пайтда Ер юзида ҳали гуноҳкор одамлар бўлиши айтилган. Янги осмон ва янги ерда эса лаънат буткул йўқ қилинади. Ўшанда“лаънат деган нарса у ерда қолмайди. Шаҳарда Худонинг ва Қўзининг тахти бўлади”.
2) “Худонинг ва Қўзининг тахти”. “Энди, бундан буён Унинг номига абадулабад ҳамдлар айтилар – чунки Худонинг тахти Қўзининг тахтига айланди. Бу адолат, аммо шу билан биргаликда иноят тахти ҳамдир. У ерда, Қодир Худованд тахтида раҳм шафқат ҳукмрондир. Самовий Шоҳликнинг барча тартиб – қоидалари, нажот тўлови сифати ҳамда қурбонлик мезонлари билан ўлчанади. Қурбонлик ва тахт бирлашади. Бу тахтдан бошқа ҳеч қачон ғазаб келиб чиқмайди, чунки бу нафақат Худонинг, балки Қўзининг ҳам тахтидир” (Сперджен).
б. “Худонинг қуллари Унга хизмат қилади”. Само, Худо фарзандлари учун хизмат ва иш жойига айланади. Бироқ, ўз навбатида биз баракотли хизмат тасвирини кўрмоқдамиз, лаънат билан белгиланган оғир, қийин меҳнатни эмас.
1) “Осмон –беҳуда дам олиш жойи эмас, балки Худовандга қаратилган хизматлар амалга ошириладиган жойдир” (Л.Моррис).
в. “улар Худонинг жамолини кўради”. Осмонда Худованднинг халқи Унинг жамолини кўради, бу Худовандга яқин, У билан юзма юз суҳбат қурадиган жой бўлади. Мусога Худованднинг жамолини кўриш имтиёзи берилмаганди (Чиқиш 33:20- 23), осмонда эса барча Уни кўради.
1) “улар Худонинг жамолини кўради”. “Бу ерда биз иккита муҳим нарсани кўрмоқдамиз: биринчидан, улар том маънода, жизмонан, янги танада бўла туриб, Исонинг чеҳрасини кўра олишади; иккинчидан, руҳий маънода, уларнинг ақлий қобилиятлари шу даражада ўсадики, улар ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ Исонинг қалбини, жонини, феъл – атворини, яъни Унинг Ўзини, У амалга оширган жасоратни, Унинг севгисини, барча нарса Унда мужассамлигини англаб етишади” (Сперджен).
2) Исо Масиҳ туфайли, биз Худованд жамоли ҳақида баъзи нарсаларни билиб олганмиз: “Худо дунёни яратганда Ўз сўзи билан зулматдан нур яратган эди. Энди У Ўзининг нури билан бизнинг юракларимизни ҳам ёритди, Исо Масиҳ сиймосида порлаб турган Ўз улуғворлигини бизга кўрсатди”. (2 – Коринфликларга 4:6).
3) Лекин барибир Павлус, биз Худовандни юзма юз кўра оладиган кунни кутган: “Шу сингари, биз ҳозир хира ойна орқали кўргандай бўляпмиз, аммо вақти келганда аниқ кўрамиз. Ҳозирги билганларим тўлиқ эмас. Ўша пайтда эса Худо мени тўлиқ билгани каби мен ҳам ҳамма нарсани тўлиқ тушунаман”. (1- Коринф ликларга 13:12). Ўша куни, ҳеч нарса Исони, У қандай бўлса шундайлигича кўри шимизга тўсқинлик қила олмайди:
·Биз Исони аниқ кўра оламиз, чунки ўшанда гуноҳ йўқ қилинган бўлади.
·Биз Исони аниқ кўра оламиз, чунки ўшанда ташвиш ва қўрқувлар бўлмайди.
·Биз Исони аниқ кўра оламиз, чунки ўшанда бут ва санамлар бўлмайди.
4) Ер юзида англаганимиздан кўра кўпроқ Худони, Исони англаб етмоқлик: бу бизнинг самодаги энг буюк қувончимиз бўлади. Бу энг ажойиб нарса бўлади! “Худо азизларининг Исони кўра олиш имкони – бу самонинг энг олий баракоти, жаннатлар жаннатининг энг лаззатли неъматидир” (Сперджен).
5) “Исонинг чеҳрасини кўриш, Унинг Шахсини, ишларини, Унинг феъл – атворини яхши билишликни англатади. Шу сабаб Худонинг азизлари осмонда, ер юзидагилардан кўра кўпроқ Масиҳни англаб етишади. Кимдир айтганидек, Исо Масиҳда осмонга олинган бола, У билан бир соатгина бўлгандан кейин, Масиҳ ҳақида ер юзидаги барча жамоат масиҳийларидан кўра кўпроқ нарсани англаб етади” (Сперджен).
г. “Худонинг исми уларнинг пешаналарига ёзилади”. Осмонда Худонинг халқи, Унга тегишли эканлиги ҳақидаги абадий белгига эга бўлади; бу инсонлар фақатгина Унга тегишли эканликларига ҳеч қандай шубҳа қолмайди.
д.“у ерда бошқа тун бўлмайди”. Бу даврнинг зулмати, осмонда абадий йўқ қилинади. Нур сунъий ва ҳаттоки қуёшники ҳам бўлмайди, Худованднинг Ўзи нур манбаъи бўлади.
е. “улар эса то абад ҳукмронлик қилади”. Осмонда, Минг Йиллик ҳукмронлик давридан фарқли ўлароқ, Худонинг халқи абадий ҳукмронлик қилади. Худованднинг ҳукмронлиги ҳеч қачон якунланмайди.
1) “Муқаддас Калом бой берилган жаннат тарихи билан бошланиб, “қайта тикланган жаннат” тарихи билан якунланади” (Эрдман). Биз, қайта тикланган жаннат ғоясини, дарё ва ҳаёт дарахти тимсолида, лаънатнинг йўқ қилинишида, яқин муносабатларнинг тикланишида ҳамда қайта тикланган ҳукмронликда кўришимиз мумкин. Бу якуний, исталган охирдир, хулоса:
Бошқа лаънат бўлмайди Мукаммал тикланиш
Шаҳар ўртасидаги тахт Мукаммал ҳукмронлик
Хизматкорлар хизматда Мукаммал бўйсиниш
Унинг жамолини кўрмоқлик Мукаммал ўзгариш
Унинг номи ҳар бир пешонада Мукаммал идентификатсия
Худо бу нур Мукаммал ёруғлик
Абадий ҳукмронлик Мукаммал хурсандчилик
Б. Охирги, хайрлашув сўзлари.
1. 6-7 оятлар. Фаришта, Исо ва тасдиқловчи сўзлар.
“Фаришта менга шундай деди: бу сўзлар ишончли ва тўғридир. Пайғамбарларни руҳлантирган Эгамиз Худо Ўз қуллари олдига фариштасини юборди. Токи фаришта яқин орада юз бериши муқаррар бўлган воқеаларни уларга билдирсин. Масиҳ шундай демоқда: Мен тезда келаман! Бу китобнинг башорат сўзларига амал қилганлар бахтлидир!”.
а. Ваҳий китобининг ушбу якунловчи жумлаларида, бир нечта шахслардан бизга қаратилган хайрлашув сўзлари янграмоқда. Ҳар доим ҳам ким гапираётганлигини аниқ айтиш осон бўлавермайди, аммо ким бўлишидан қатъий назар, айтилаётган сўзларнинг маъноси тушунарли: бу тасдиқловчи, огоҳлантирувчи ҳамда таклиф қилувчи сўзлар.
б. “бу сўзлар ишончли ва тўғридир”. Буларнинг барчасини Юҳаннога кўрсатган фаришта, унга кўрганлари асл ҳақиқат эканлигини эслатиб ўтмоқда. Фаришта, бу сўзлар дарҳақиқат “ишончли ва тўғри” эканлигини тасдиқламоқда.
в. “яқин орада юз бериши муқаррар бўлган воқеалар… Мен тезда келаман”. Юҳанно бу воқеалар, тўсатдан, кутилмаганда содир бўлишини бизларга эслатиб ўтмоқда, Исонинг Ўзи эса қўшимча қилган ҳолда, Мен тезда келаман деб айтмоқда. Шундай экан, нима сабаб бунчалик кўп вақт орадан ўтди? Эҳтимол, Исо адашгандир?
1) “Тезда” деган сўзнинг маъноси юнон тилида бошқача, бизнинг тилимиздагидек эмас. “ “Тезда” деган сўзни, “тўсатдан” деб таржима қилиш тўғрироқ бўлади” (Морган).
2) Шунга қарамай илк Жамоат ҳақиқатдан ҳам Исонинг тез орада қайтишини кутган. Улар шунчаки адашишганми ёки Исо уларга панд берганми? Асло бундай эмас! Улар адашишгани ҳам, Исо уларга панд бергани ҳам йўқ. Шунчаки Худованд, ҳар бир авлод Унинг қайтиб келишига тайёр бўлиб, Уни кутиб ва ҳушёр бўлиб яшашини истайди.
3) Биз энг якуний маррагача, ундан кейин ҳаммаси ўз якунига етадиган чегарагачаетиб боришга шошилаётганимиз йўқ. Биз чекка бўйлаб югурмоқдамиз, бу нарса ҳаворийлар давридан бери давом этиб келмоқда. “Вақт ҳар доим қисқа бўлган. Исонинг қайта келишини ҳаяжон билан кутиш – хоч ҳамда Масиҳнинг Қайта келиши орасидаги нажот тарихи шоҳасига хос хусусиятдир” (Маунс).
г. “бу китобнинг башорат сўзларигаамал қилганлар бахтлидир!”. Бу баракот бизларга, ушбу башорат сўзлари, қизиқ суҳбат ва муҳокамалар олиб боришимиз учун эмас, уларга амал қилишимиз учун берилганлигини эслатиб ўтмоқда. Башоратларнинг асосий вазифаси – Худога кўпроқ ишонишни, Унинг ҳақиқатларини ўз ҳаётимизда қўллаган ҳолда, итоаткорликда яшашни ўргатган тарзда бизларни Худога қараб йўналтиришдир.
2. 8-9 оятлар. Юҳаннони иккинчи маротаба, фариштага сажда қилишдан тўхтатмоқдалар.
“Мен, Юҳанно, буларни кўрдим ва эшитдим. Буларни кўриб эшитганимдан кейин, бу нарсаларни менга кўрсатган фариштага сажда қилмоқчи бўлиб, ўзимни унинг оёқларига ташладим. Аммо у менга деди: зинҳор бу ишни қилма! Мен сенинг ҳамкорингман, шунингдек, пайғамбар биродарларингнинг ва бу китобдаги сўзларга риоя қилувчиларнинг ҳамкориман. Худога сажда қил!”
а. “бу нарсаларни менга кўрсатган фариштага сажда қилмоқчи бўлиб, ўзимни унинг оёқларига ташладим”. Ваҳий 19:10 оятда бўлиб ўтганидек, Юҳанно, ҳис туйғуларга тўлиб тошганлигидан фариштага сажда қилмоқчи бўлиб, унинг оёқларига ташланмоқда. Ва яна бир бор фаришта Юҳаннога фақатгина Худога сажда қилиш кераклигини эслатиб ўтган ҳолда, уларнинг ҳар бири, ушбу китобдаги сўзларга риоя қилувчилар сингари “бир жамоанинг ўйинчилари” эканликларини айтиб ўтмоқда.
1) Биз яратилган ҳеч бир мавжудотга ва ҳеч бир нарсага сажда қилишимиз керак эмас. Бу нарсага қарама қарши тарзда, Исо фаришталардан (Ибронийларга 1:6)ва инсонлардан уларнинг саждасини қабул қилади (Матто 8:2, 14:33, Юҳанно 9:38).
2) “Агар Юҳаннонинг шон шуҳратга тўла самовий элчига, ҳаттоки у орқали Исо Масиҳнинг Ўзи Юҳаннога гапирган бўлсада, ўша фариштага қилган саждаси нотўғри ҳисобланган бўлса, қандай қилиб биз ўзимизни, ҳатто фариштага берилгандек шуҳрат берилмаган ва унга берилган топшириқлар сингари вазифалар топширилмаган Бокира Майрамга сажда қилишга ҳақли деб ҳисоблашимиз мумкин? Бундай нарсалар энг эзгу ниятда қилинсада, катта хато ҳисобланади” (Сисс).
б. “зинҳор бу ишни қилма”. Ҳаттоки мана шундай ақл бовар қилмас башоратлар ишониб топширилган инсон ҳам адашиши ва тўғри йўлдан озиши мумкинлиги жуда ҳайратланарли. Ғайриоддий ваҳийларни олган инсоннинг таълимоти ҳам, амалий ҳаёти ҳам аниқ ва тўғри деб айтиб бўлмайди.
3. 10-11 оятлар. Ё ўша фариштанинг ўзидан ёки Шахсан Исодан берилган – огоҳлантириш.
“Кейин менга яна шундай деди: бу китобнинг башорат сўзларини сир сақлама, чунки вақт яқиндир. Бадкирдорлар ёмонлигини қилаверсин. Ифлослар ифлослигини давом эттираверсин. Солиҳлар эса тўғри иш қилишдан тўхтамасин, муқаддас одамлар ўзини муқаддас сақласин”.
а. “бу китобнинг башорат сўзларини сир сақлама, чунки вақт яқиндир”. “Вақт яқинлиги, тарих эса энди Худо режасининг якуни ётган чегарага қараб параллел равишда ҳаракат қилаётганлиги боис, бу китоб, Эски Аҳддаги башоратлардан фарқли ўлароқ, муҳрланмаган” (Дониёр 8:26). Инсонларнинг ўзи, Худонинг буйруғига қарамай, уни муҳрлашда давом этмоқдалар.
б. “бадкирдорлар ёмонлигини қилаверсин…солиҳлар эса тўғри иш қилишдан тўхтамасин”. Эҳтимол, бу ерда қуйидаги нарса назарда тутилгандир: Исонинг келиши тўсатдан содир бўлиши туфайли, ўзгаришга вақт бўлмайди. Охирги сонияларда тавба қилишнинг имкони бўлмайди, бироқ ҳозир тавба қилиш имкони мавжуд. Агарда сиз Ваҳийда ўқиган нарсалар, сизга кўп ҳам таъсир қилмаган бўлса, демак умид қилишга ҳожат ҳам бўлмаса керак.
1) “Бу ерда нопок инсонларнинг умидсиз аҳволи тасвирланган. Шу ондан бошлаб то абад яхши ва ёмон инсонлар қандай бўлса, шундайлигича қолади. Бу ерда “иккинчи имконият” ҳақида ҳеч нарса дейилмаган” (Робертсон).
2) “Агар ушбу китобда ёзилган огоҳлантиришлар етарли бўлмаса, Худованд бундан ортиқ яна нима дейиши мумкин?” (Уолвурд).
4. 12-13 оятлар. Исо: “Мен тез келаман” деб эътироф этмоқда.
“Масиҳ шундай демоқда: Мен тез келаман, мукофотим Ўзим билан. Ҳар кимга қилмишига ярашасини бераман. Мен Ибтидо ва Интиҳодирман, Биринчи ва Охирги, Боши ва Поёнидирман”.
а. “Мен тез келаман”. Исонинг, Ўзининг қайтиб келиши ҳақида айтган гапларида, эҳтиёткорлик ва шошилинчлик оҳангларини кўрмай бўлмайди. Унинг мактублари ҳар доим “тайёр бўлинг” деган огоҳлантиришдай янграйди (Матто 24:44).
б. “мукофотим Ўзим билан”. Агар Исо ҳар бир инсонга қилган ишига яраша мукофот бермоқчи бўлса, бу нарса биз нажотга қилган ишларимиз орқали эришамиз деганини англатадими? Албатта йуқ, бироқ бу нарса тирик иймон ўзига хос маълум бир иймон ишларисиз мавжуд бўлмаслигини тасдиқлайди (Ёқуб 2:20, Титус 3:8).
1) “Охир оқибат инсон ҳаётининг сифати, унинг нимага ишонишини кўрсатиб беради” (Маунс).
в. “Мен Ибтидо ва Интиҳодирман, Биринчи ва Охирги, Боши ва Поёнидирман”. Солиҳ ҳаёт кечириб, тўғри ишлар қилиб яшаб, Унинг қайта келишига тайёр бўлишга ундаган ҳолда, Исо Ўзининг Ким эканлигини эслатиб ўтмоқда. Агар биз ҳақиқатдан ҳам Исонинг Кимлигини билган ва тушуниб етган бўлсак, Унинг қайта келишига тайёр бўлишимиз қийин бўлмайди.
1) “Ваҳий 1:8 ва 21:6 оятларда Худони тасвирлаш учун ишлатилган “Мен Ибтидо ва Интиҳодирман” деган атама, фақатгина ушбу оятда Масиҳни тасвирлаш учун ишлатилган бўлиб, бу нарса Исонинг Илоҳий табиатини тасдиқлаган ҳолда, бу китобни китоблар тожига айлантирмоқда” (Робертсон).
2) “Биринчи ва Охирги” деган унвон, Исонинг – Яҳве, Худованд эканлигини тасдиқловчи яна бир инкор қилиб бўлмас далилдир: “Бу воқеалар ортида турган ким?! Бошидан авлодларни дунёга келтирган ким?! Мен эмасми?! Азалдан Мен сизнинг Эгангизман, охиргача ҳам Эгангиз бўламан”. (Ишаё 41:4).
3) Юқорида, биргаликда келтирилган атамалар, Исо – масиҳийлар учун боши, ўртаси ва охири эканлигини англатади. “Хоҳлаганингизни инсонларга айтаверинг: православ динини тарғиб қиласизми ёки бошқа бир динними; агар ундан Масиҳни олиб ташласангиз, унда на самовий манна бўлади, на қоядан чиққан сув бўлади, на бўрондан бошпана бўлади, на беъморлар учун шифо бўлади, на ўликлар учун ҳаёт бўлади. Масиҳни олиб ташлаган ҳолда, сиз кунни қуёш нуридан, тунни ойдан маҳрум этасиз, денгизларни қуритиб, дарёларни озуқадан маҳрум этасиз, йилни ҳосилсиз яшб ўтасиз, баданни жондан айирасиз, самони эса қувончидан маҳрум этасиз, – ҳа, айнан сиз борлиқда бор нарсани ўғирлаган бўласиз. Агар Исони унутадиган бўлсак, инсонларга етқазишга арзигулик хушхабарнинг ўзи қолмайди; Яҳова номининг эслатиб ўтилишида бирор бир маъно қолмайди” (Сперджен).
5. 14-15 оятлар. Кимдир баракот ва лаънатни эътироф этмоқда
(Эҳтимол бу Юҳанно ёки фаришта ёки Исонинг Ўзи бўлиши мумкин).
“Либосларини ювганлар нақадар бахтлидир! Улар ҳаёт дарахти мевасидан ейишга, шаҳар дарвозаларидан киришга ҳақли бўладилар. Ҳамма “кўппаклар” — жодугарлар, ахлоқи бузуқлар, қотиллар, бутпарастлар, ёлғонга ружу қўйиб, ҳийла ишлатганлар эса ташқарида қоладилар”.
а. “Либосларини ювганлар нақадар бахтлидир”. Исонинг амрларини бажариб яшаш, инсонга абадий ҳаётни қўлга киритишга ёрдам бермайди, аммо амрларга итоаткорлик билан яшаш, инсон абадий ҳаётни қўлга киритиб бўлганлигидан дарак беради. Бундан ташқари Унинг амрларини бажариб яшаган инсон, Худованднинг баракотларига эга бўлади, чунки бу нарса биз учун яхши ва тўғридир.
1) “Либосларини ювганлар нақадар бахтлидир” деган жумлага келадиган бўлсак, баъзи бир таржималарда, “Унинг амрларини бажарганлар бахтлидир” деб ёзилган. Таржималардаги фарқ иккита юнонча сўзда мужассамлашган:
HOIPLUNONTESTASSTOLAS (либосларини ювганлар) ёки
HOIPOIOUNTESTASENTOLAS (Унинг амрларини бажарганлар)
2) Мана, матн кўчирувчининг хатоси, қандай қилиб асосий ғояга зарар етқазмаган ҳолда, озгина матн маъносини хиралаштириши мумкинлиги ҳақидаги яхши бир мисол. Бир қанча шунга ўхшаш аҳамиятсиз хатоларга қарамай, биз Муқаддас Каломимизга беъмалол ишона оламиз.
б. “ҳамма “кўппаклар” — жодугарлар, ахлоқи бузуқлар, қотиллар… ташқарида қоладилар”. “Ташқарида” деган сўзнинг ортида қандай маъно яширинган? Биз ўзимизга, самовий шаҳар деворларининг ортида йиғилган ва шаҳарга киришга уриниб, кира оломаётган минглаб одамларни тасаввур қилишимиз керак эмас. “Ушбу оятда, барча нопок инсонларнинг тақдири шаҳар деворлари ортида яшаш деган фикр назарда тутилаётганлиги йўқ. Шунчаки оятда келажакнинг тасвири, ҳозирги замон тимсоллари ёрдамида ифода этилмоқда” (Маунс).
1) Нима учун ушбу оятда барча “кўппақлар” ташқарида қолишади деб айтилган? Бу нарса жаннатга тушадиган “итлар” ғоясининг рад этилишими? Йўқ, шунчаки бу ерда, том маънода кўппаклар ҳақида эмас, аҳлоқий нопоклик ҳақида сўз юритилмоқда… Қадимги шарқ давлатларида, итлар ўликхўр ҳайвонлар ҳисобланиб, инсонларда сўз билан ифодалаб бўлмайдиган нафрат ва жирканчлик ҳиссини ўйғотишган (Матто 7:6, Филипликларга 3:2)” (Робертсон).
6. 16- оят. Исо тасдиқловчи сўзларни эътироф этмоқда.
“Мен, Исо, Ўз фариштамни олдингизга юбордим, токи у булар тўғрисида жамоатларимга шаҳодат берсин. Мен Довуд илдизидан чиққан Зотдирман, унинг зурриётиман, ёруғ тонг юлдузиман”.
а. “Мен, Исо, Ўз фариштамни олдингизга юбордим, токи у булар тўғрисида жамоатларимга шаҳодат берсин”. Ушбу қатъий сўзлар орқали Исо, бутун китобнинг муаллифи эканлигини ҳамда китобнинг ҳақиқийлигини тасдиқламоқда. Ваҳий китобининг кўп қисми ишониш қийин бўлган даражада жуда яхши ёки ҳақиқатдан йироқ фантастик воқеалардай кўринади, бироқ ундаги ҳар бир сўз – ҳақиқатдир.
1) “Шундай қилиб, бутун илҳомнинг ва барча илҳомлантирилган инсонларнинг Роббийси, Худованднинг Ўзи, бу ерда ёзилган ҳар бир сўзнинг олий қудратини тасдиқламоқда. Демак, бу китоб ёки куфрли, сохта, инсоннинг озгина бўлсада ҳурматига арзимайдиган, асосан Муқаддас Калом китоблари қаторидан жой олишга лойиқ бўлмаган китоб ёки инсон қўли орқали ёзилган китоблар орасидаги энг илҳомлантирилган ва қудрат ҳамда ҳокимиятга эга китобдир” (Сисс).
б. “токи у булар тўғрисида жамоатларимга шаҳодат берсин”. Ваҳий китоби жамоатларга ёзилган. Бу китоб фақатгина зодагонларга маълум бўлган ва уларга мўлжалланган хусусий таълимот китоби эмас; бу китоб барча масиҳийларга қарата ёзилган. Шу нарсага аҳамият бериш муҳимки, “жамоат” сўзи, 2- ва 3- боблардаги парчалардан кейин, биринчи маротаба эслатиб ўтилмоқда.
в. “Мен Довуд илдизидан чиққан Зотдирман, унинг зурриётиман”. Бу Масиҳнинг қимматбаҳо унвони (Ишаё 11:1). Бу унвон Исонинг ҳам Довуднинг зурриёти ҳам унинг Яратгувчиси эканлигини кўрсатиб беради. Айнан шу нарса ҳақида Исо, Матто 24:41-46 оятларда айтиб ўтган.
г. “ёруғ тонг юлдузиман”. Эски (Саҳрода 24:17) ва Янги (Ваҳий 2:28) Аҳдларда айтиб ўтилган, Масиҳнинг яна бир унвони. Янги кунни қаршилаган ҳолда, тонг юлдузи (одатда Венера сайёрасини шундай деб аташади) қандай порласа, Исо ҳам худди шундай нур сочади.
7. 17– оят. Рух ва Келин: “Кел” дейишмоқда.
“Руҳ ҳам, келин ҳам: “Кел!” — деб чорлаяпти. Ушбу башорат сўзларни тинглаётган киши ҳам: “Кел!” — деб айтсин. Ким чанқаган бўлса, келсин. Ким хоҳласа, ҳаётбахш сувдан текин баҳра олсин”.
а. “Руҳ ҳам, келин ҳам: “Кел!” — деб чорлаяпти”. Бу таклиф, тезроқ келиш илтимоси билан Исога қаратилганми? Ёки бу таклиф Унинг қайта келишини сабрсизлик билан кутаётганларга қаратилганми? Униси ҳам, буниси ҳам эканлиги аниқ.
б. Ким “келиши” мумкин? “Эшитган” ҳар бир инсон, Исонинг олдига келиши мумкин, бироқ бунинг учун энг аввало “эшита олиш” лозим. “Чанқаган” ҳар бир инсон Исонинг олдига келиши мумкин, бироқ энг аввало инсон ўша чанқоқликни ҳис қила олиши лозим. “Хоҳлаган” ҳар бир инсон Исонинг олдига келиши мумкин, бироқ олдин ушбу хоҳишни Худонинг Ўзи ҳар бир юракка солишини ёдда сақламоқ лозим.
1) Худованд Ўз ишини бизнинг юрагимизда амалга оширдими ёки йўқми, буни қандай билса бўлади? Ўзингизни текшириб кўринг. Эшитганмисиз Худонинг овозини? Худога ва У билан биргаликдаги абадий ҳаётга чанқоқмисиз? У билан бирга бўлишни истайсизми? Унда келинг!
в. “ким хоҳласа, ҳаётбахш сувдан текин баҳра олсин”. Бу Исо берадиган нажотни қабул қилиш ҳақида бўлган ва инсонларга қаратилган очиқ таклифдир. Исо олдига келган бирор бир инсонни қувиб юбормайди. Бу таклиф – ҳам имконият, ҳам маъсулиятдир. Бу таклифни кейинга суриб қўйсак, қабул қилган бундай қароримизнинг натижасига ўзимиз жавобгар бўламиз.
1) “Шунга ўхшаш таклиф, Ишаё 55:1 оятда ҳам ёзилган. Келишга даъват этаётган тафлиф, кейинга қолдирилиши керак бўлмаган муҳим буйруқдай янграмоқда, чунки кейин келиш имкони бўлмайдиган кун яқинлашиб келмоқда. Бугун иноят куни. Аммо ҳукм куни яқинлашиб келмоқда” (Уолвурд).
г. Бу ажойиб таклиф нақадар буюк: “ким хоҳласа, ҳаётбахш сувдан текин баҳра олсин”! Исо Масиҳда нажот топишни истаган ҳар бир инсон, Унинг олдига келиши ва ҳаётбахш сувдан текин баҳраманд бўлиши мумкин.
1) Кимдир: “Мен масиҳийлик таълимотини чуқур ва яхши тушунмайман” деб айтиши мумкин. Барибир ҳам Исо олдига келиш мумкин, чунки оятда “таълимотни тушунганларгина ҳаётбахш сувдан баҳраманд бўлсин” деб айтилмаган.
2) Кимдир: “Мен тавбага келолмайман, чунки юрагим тош қотган. Ҳаттоки қилган гуноҳларим учун кераклигича афсусланиб, йиғлай олмайман” деб айтиши мумкин. Бундай инсон ҳам Исо олдига келиши мумкин, чунки оятда “тўғри туйғуларга эга инсонларгина ҳаёт сувидан баҳраманд бўлсин” дейилмаган.
3) Яна кимдир: “Мен масиҳийлик ҳаёти билан яшай оламанми йўқми билмайман” дейиши мумкин. Бундай инсон ҳам Исога келиши мумкин, чунки оятда “қила оладигангина ҳаётбахш сувдан баҳраманд бўлсин” деб айтилмаган.
4) Кимдир: “масиҳийлик ҳаёти билан яшашга муносибманми ёки йўқми билмайман” деб айтиши мумкин. Барибир Исо олдига келинг, чунки бу ерда “муносибларгина ҳаётбахш сувдан баҳраманд бўлсин” деб айтилмаган.
5) Аслини олганда ҳаммаси жуда оддий: сиз нажотга эга бўлиб, Исо билан бўлишни истайсизми? Ундай бўлса, келинг. Сиз: ё Раббий, мен нажот топишни истайман, менга янги юрак бер. Мен гуноҳларимдан юз ўгиришни, масиҳий бўлишни истайман. Сенга иймон келтириб, Сенинг амрларингни бажариб яшашни истайман. Аммо менда бу нарсалар учун куч йўқ. Бироқ шундай яшаш истаги бор, илтижо қилиб сўрайман, менга куч бер” деб айтишингиз мумкин! Агар сиз чиндан ҳам хоҳласангиз, демак бу таклиф сиз учун; энг муҳими – хоҳиш. Исо билан сизнинг орангизда, сизнинг қайсарлигингиздан бошқа бирор бир тўсиқ йўқдир.
д. “ҳаётбахш сувдан текин баҳраманд бўлсин”. Агар сиз истаётган бўлсангиз, агар сиз Унинг олдига келаётган бўлсангиз, ҳаётбахш сувни олмоғингиз лозим. Дунёдаги барча динларни бир хил ғоя боғлайди: инсон ниманидир келтириб, худоларга бериши лозим. Масиҳийликнинг мазмуни эса шундан иборатки, Худованд бизларга ҳаётбахш сувни текин олишни таклиф қилмоқда. Сиз ўзингизни оқлаш ёки қутқариш ёки тавсия қилиш учун Унга ҳеч нарса келтира олмайсиз, аммо сиз, Худованд сизга таклиф қилаётган нажотни қабул қилишингиз мумкин.
е. Бу буюк таклиф, Ваҳий китобини ҳамда бутун Муқаддас Каломни якунлаётганлиги ажабланарли эмас. “Каломдаги барча пайғамбарлар сўзлари, ҳаворийлар таълимоти, барча огоҳлантириш, таҳдид ва ваъдаларнинг барчаси, мана шу биргина ёрқин нурда: Исо олдига келинг! “Келинг ва ҳаётбахш сувдан текин баҳраманд бўлинг” деган жумлада мужассамлашган” (Сперджен).
8. 18-19 оятлар. Кимдир – ё Исонинг Ўзи ё фаришта ёки Юҳанно – огоҳлантирувчи сўзларни эътироф этмоқда.
“Бу китобнинг башорат сўзларини эшитувчи ҳар бир кишини огоҳлантираман: кимда–ким бу сўзларга бирор нарса қўшса, Худо ҳам ўша кишининг жазосига бу китобда ёзилган балоларни қўшади. Кимда–ким бу китобдаги башорат сўзларидан бирортасини чиқариб ташласа, Худо ҳам ўша кишини бу китобда ёзилган ҳаёт дарахтидан ва муқаддас шаҳардан бенасиб қилади”.
а. “кимда–ким бу сўзларга бирор нарса қўшса, Худо ҳам ўша кишининг жазосига бу китобда ёзилган балоларни қўшади”. Ваҳий китобининг охиридаги, огоҳлантирувчи сўзларни ким айтаётганлигини аниқ айтиш қийин бўлган яна бир боблардан бири. Исонинг сўзлари қизил ранглар билан белгиланган кўпгина Муқаддас Калом нашрларида, мантнинг ушбу қисми, бу сўзлар Исога тегишли эмас деб ҳисоблайдиган таржимонларнинг ушбу фикрларини белгилаб ўтган ҳолда, оддий қора рангда ёзилган. Бироқ бу ерда, огоҳлантиришни айнан Исо эътироф этмоқда, деб айтишга етарлича кучли сабаблар мавжуд.
1) “Ушбу сўзларнинг муҳимлиги ва жиддийлиги, бу сўзларни Масиҳнинг Ўзи айта ётганлигини тасдиқловчи далил бўлиб ҳизмат қилиши мумкин” (Маунс).
б. “кимда–ким бу сўзларга бирор нарса қўшса… кимда–ким бу китобдаги башорат сўзларидан бирортасини чиқариб ташласа”. Бу шуни англатадики, Муқаддас Калом матнини бузиб кўрсатишга ҳаракат қиладиган ҳар бир инсон, хусусан, Ваҳий китобининг яхлитлигини бўзган инсон, бу қилган иши учун катта тўлов тўлашига тўғри келади.
1) “Худо Каломида ёзилганларнинг қай бири ҳақиқату, қай бири йўқ эканлигини ҳал қилиш учун ўзларини етарли даражада ақлан ва руҳан тайёр деб ҳисоблаб, безбетларча ўзларига жуда ишонган ҳолда, Ваҳий ҳамда Каломдаги бошқа китобларни ўзгартиришга ҳаракат қилган танқидчиларга қаратилган қандай жиддий огоҳлантириш” (Уолвурд).
2) Ушбу ўта жиддий берилган ваъда, Ваҳий китоби ҳамма учун тушунарли эканлигини англатади. Агар Ваҳий китоби ёрқин ранглар билан тасвирланган қандайдир улкан ғоялардан ташкил топган бўлганида ёки унда ёзилган нарсаларни тушунишнинг умуман иложи бўлмаганида, Худованд сўзларга бирор сўз қўшганларга ё ундан бирор бир сўзни чиқариб ташлаганларга шу даражада жиддий огоҳлантириш берган бўлармиди?
3) “Одатда илоҳиётчилар ушбу иккита оятда янада чуқурроқ маънони кўришади ва бутун Муқаддас Каломнинг ушбу якуний қисмини, шунчаки Каломнинг охирида жойлашган матн деб эмас, балки Худованд томонидан очилиб, инсонлар томонидан ёзиб олинган охирги ваҳий деб ҳисоблашади. Улар бу оятларга Муқаддас Каломдаги барча битикларга қўйилган муҳр сифатида қарашади ва бу оятларда Худованд, Унинг қандайдир бошқа иродаси ҳақида бўлган ваҳийларни эътироф этадиганлар, ҳамда қандайдир йўллар билан Каломни рад этиб, Уни ўзгартиришга ва бузишга ҳаракат қилиб кўрадиганларга лаънатлар бўлишини эълон қилмоқда, деб таъкидлашади” (Пул).
9. 20-21 оятлар. Охирги сўзлар.
“Бу гапларнинг Шоҳиди: “Ҳа, Мен тез келаман!” — деб айтмоқда. Омин! Ё Раббимиз Исо, келгин!Раббимиз Исонинг инояти барчангизга ёр бўлсин”.
а. “Ҳа, Мен тез келаман!”. Ваҳий китобининг энг охирги бобларигача, тайёр ва ҳушёр бўлишлик фикри қайта ва қайта таъкидланиб келинмоқда. Ваҳий китобининг ушбу амалий дарсини – яъни ҳушёрлик дарсини ўтқазиб юборсак, биз бутун китобнинг энг асосий мазмунини, хабарини ўтқазиб юборган бўламиз.
1) Гўёки “Мен тез келаман” деган сўзларини таъкидлаб ўтишни истаган ҳолда, Исо жумланинг бошида “ҳа” (яъни худди шундай) деган сўзни, охирида эса “омин” деган сўзни ишлатмоқда.
б. “ё Раббимиз Исо, келгин!”. Ушбу жумлада Юҳанно, қадимги жамоатга яхши таниш бўлган арамийча “Маранафа” сўзини ишлатган.
1) Ваҳий китобида келажакда бўлиб ўтадиган кўпгина башоратлар ҳақида айтиб ўтилган, бироқ, энг охирида Юҳанно, Исонинг Ўз халқи ортидан қайта келишини – яъни Жамоатнинг самога кўтарилишини қанчалик кутаётганлиги ҳақида ёзган.
2) “Агар бутун борлиқ ҳозирга қадар Худо ўғилларининг намоён бўлишини кутиб, оҳу нола қилаётган бўлса, бу нарсани Худо фарзандларининг ўзлари қай даражада кўпроқ исташмоқда дейсиз!” (Сисс).
3) “Китобнинг якуний сўзларида, инсонларнинг ҳаётий қийинчиликларининг ечими уларнинг янги, янада яхшироқ дунё ярата олишларида эмас, аксинча, инсоният тарихининг бутун жараёнини Ўз қудрати ила назорат қилиб келаётган Зотнинг қайтиб келишида эканлигининг эътирофи янграмоқда” (Маунс).
в. “Раббимиз Исонинг инояти барчангизга ёр бўлсин”. Китоб (ҳамда Муқаддас Калом тўлиқлигича) “иноят барчангизга ёр бўлсин” деган сўзлар якунланмоқда. Павлус ҳам ўзининг баъзи бир мактублари якунида ушбу жумлани ишлатган (1- Коринфликларга 16:23, 2 -Коринфликларга 13;14, 1- Салоникаликларга 5:28, 2 – Салоникаликларга 3:18). 2 -Салоникаликлар 3:17-18 оятларда, Павлус ҳаттоки ушбу, шубҳасиз унинг ўзи томонидан қўйилган бу имзо, – унинг мактубларининг ҳаққоний эканлигини тасдиқловчи далил бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтган.
1) “Бу – Худонинг ажойиб инояти ва Унинг ҳам Ер юзида ҳам осмонда Ўз халқи ҳақида қиладиган ғамхўрлиги тасвирланган манзарани якунига мос келадиган энг яхши сўзлардир” (Робертсон).
2) “Агар сизга нимадир етмаётган бўлса, Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизга ҳар доим ёр бўлсин. Агар сиз ёки бизнинг ҳар биримиз, нимададир хато қилиб, йиқилсак, бу нарса ҳеч қачон бизларни Раббимиз Исо Масиҳнинг иноятидан ажрата олмайди” (Сперджен).
3) Эски Аҳднинг охирги китобида биз лаънатни кўришимиз мумкин: “…токи Мен юртни лаънатлаб йўқ қилмайин” (Малаки 4:6). Янги Аҳднинг охирги сўзлари эса иноят ҳақида гапиради, чунки айнан иноят Янги Аҳд нурида, Худонинг инсонга бўлган муносабатини белгилайди.
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – ewm@enduringword.com