Ваҳий, 21 боб.
Янги осмон, янги ер ва Янги Қуддус
А. Ҳаммаси янги.
1. 1– оят. Янги осмон ва янги ер.
“Шундан кейин мен янги бир осмон ва янги бир ерни кўрдим. Аввалги еру осмон ғойиб бўлган эди, денгиз ҳам энди йўқ эди”.
а. “шунда…мен…кўрдим”. 21 бобдан бошлаб, китобнинг янги боби бошланмоқда, десак муболаға бўлмайди:
·Исо – жамоатлар Раббийси (Ваҳий 1:1-3:22)
·Исо – барча халқлар Раббийси (Ваҳий 4:1-20:15)
·Исо – масиҳийлар орасидаги Қўзи (Ваҳий 21:1-22:21)
1) Ушбу бобда бизнинг кўз ўнгимизда, умуман бошқа, улуғвор бир истиқбол очилмоқда. “Тутун, оғриқ ва оташдан,тонгнинг мусаффо ҳавосига, ширинлик билан нафас олаётган, Худованд улуғворлигини акс эттирувчи, олмосдек чақнагувчиосмонга эга Худонинг ақл бовар қилмас шаҳрига ўтиш қандай бахт!” (Моффат)
б. “янги бир осмон ва янги бир ер”. Янги атмосфера ва янги осмонга эга янги ер ғояси ҳақида бошқа оятлардан бизга маълум. Кўпгина Эски Аҳд пайғамбарлари Янги Аҳд пайғамбарлари сингари “янги бир осмон ва янги бир ер” ҳақида сўз юритганлар.
1) “Мана, қаранг! Янги осмон, янги ер яратяпман. Илгари бўлганлар энди эсланмайди, улар ҳеч қачон ёдга олинмайди. Яратаётган ишларим туфайли тоабад шодланинг, хурсанд бўлинг. Мен Қуддусни шодлик қилиб, халқини қувонч қилиб яратяпман. Мен Қуддус туфайли севинаман, халқим Менга қувонч келтиради.Энди Қуддусда ҳеч қачон йиғи, фарёд товуши эшитилмайди”. (Ишаё 65:17-19)
2) “Азалда заминнинг пойдеворини Сен қўйгансан, самоларни Ўз қўлларинг ила яратгансан. Улар йўқ бўлиб кетар, Сен тураверасан, еру осмон кийим каби эскириб кетади, тўзиб кетган кийимдай уларни алмаштирасан, ҳаммасини ташлаб юборасан. Сен эса ҳеч ўзгармассан, Сен тоабад яшайсан”. (Сано 101:26-28)
3) “Худонинг кунини интизорлик билан кутинглар, унинг келишини тезлаштиринглар! Ўша куни осмон ёниб, йўқ бўлади, самовий жисмлар олов тафтидан эриб кетади. Шундан сўнг Худонинг ваъдаси амалга ошиб, ҳамма нарса янгиланади. Ҳа, биз янги еру осмонга, адолат ҳукм сурадиган дунёга кўз тикканмиз”(2 -Бутрус 3:12-13).
4) Бу ерда сўз юритилган “янги осмон” – бу Худованднинг тахти жойлашган осмон эмаслигини ёдда тутмоқ лозим. Бу сўз Муқаддас Каломда уч хил маънода эслатиб ўтилган. Биринчи осмон – бу Ернинг атмосфераси, “кўм кўк” осмондир. Иккинчи осмон – ташқи космос, “тунги осмон”дир. Учинчи осмон эса – Худо Ўз шуҳратида мавжуд бўлган жойдир.“Янги осмон” ҳақида сўз юритганда, Калом Худо мавжуд бўлиши мумкин бўлган янги осмонни эмас, янги “кўм кўк” осмонни ҳамда “тунги осмон” ни назарда тутади.
в. “янги бир осмон ва янги бир ер”. Бизнинг тилимизга “янги” деб таржима қилинган қадимги юнонча kaine сўзи, “хусусиятига асосан янги, бошқа” деган маъноларни англатади. Бу сўз “ўз вақтига асосан янги” ёки “яқинда пайдо бўлган” деган маъноларни англатмайди. Бу шунчаки кейинги осмон ёки кейинги ер дегани эмас; бу эскисининг ўрнига келадиган мутлақ янги ва энг яхши осмон ва ердир (аввалги еру осмон ғойиб бўлган эди).
1) Сисс сингари, ҳозирги ер юзи ҳеч қачон йўқ қилинмайди деб, баҳс юритадиган ва бу нарсани исботлашга ҳаракат қиладиган кўпгина инсонлар мавжуд. Аммо биз шу нарсани билишимиз керакки, сўз шунчаки “қайта ишлаб чиқилган” ер ва осмон ҳақида эмас, мутлақ янги ер ва осмон ҳақида юритилмоқда. Биз бу нарсани Исонинг сўзларидан келиб чиқиб биламиз, чунки У еру осмоннинг йўқ бўлиб кетиши, Унинг сўзлари эса кучда қолиши ҳақида айтган (Луқо 21:33). Бундан ташқари Ишаё 65:17 оятда, Худо башоратли тарзда янги осмон ва янги ер яратиши ҳақида айтиб ўтган; қадимги юнонча “яратиш” деган сўз (bara), борини янгилаш деган маънони эмас, “йўқ нарсадан бир нарса яратиш” деган маънони англатади.
2) Баъзилар, бу янгиликлар фақатгина руҳий ва аҳлоқий хусусиятга эга бўлади дейишади. Бироқ, кўриниб турибдики, Ер юзини ҳақиқий, аниқ ўзгаришлар кутмоқда: “денгиз ҳам энди йўқ эди”.
г. “Янги осмон ва янги ер” Ваҳий китобининг 20 – бобида тасвирланган Минг Йиллик Шоҳликнинг янги Ери бўлади деб таъкидлаш мумкинми ёки бу нарса кейинроқ содир бўладими? Янги осмон ва янги ер, Миллениум тугаганидан кейин пайдо бўладиганга ўхшайди. “Осмонлар” ва “абадийлик” ҳақида сўз юритганда, биз айнан шу нарсани назарда тутамиз.
1) “Ушбу бобда биз вақтнинг тарихи якунланиб, абадийликнинг тарихи бошланаёт ганлигини кўрмоқдамиз” (Барнхаус).
2) “Денгизнинг йўқлиги хақида айтиб ўтилганлиги, сўз айнан абадийлик ҳақида юритилаётганлигини кўрсатади, чунки Минг Йиллик Шоҳликда турли ҳил сув ҳавзалари бўлиши ҳақида айтиб ўтилган (Сано 71:8, Ишаё 11:9, Ҳизқиёл 47:10, 16, 17-18, 20, 48:28, Закариё 9:10, 14:8). Кўпгина изоҳчиларнинг, Ваҳий 21:10 оятда, абадийлик тасвирланганлигига ишончлари комил ва бу нарса ушбу оятда айтиб ўтилган далилнинг аниқлигига асосланган” (Уолвурд).
д. “денгиз ҳам энди йўқ эди”. Яҳудийлар учун денгиз ҳар доим айрилиқ ва ёвузлик рамзи бўлиб келган. Ҳаттоки Ваҳий китобида ҳам биз, иблисона маҳлуқ денгиз ичидан келиб чиқаётганлигини кўришимиз мумкин (Ваҳий 13:1), шу билан бир қаторда, денгиз ўликлар учун паноҳгоҳ бўлиб хизмат қилиб келган (Ваҳий 20:13).
1) Бошқа оятларда, денгиз бутпараст халқлар билан қиёсланганлигини кўришимиз мумкин (Ишаё 57:20) ва янада умумлаштирилган маънода, денгиз, Худога қарши чиқадиганлар ва мағлуб қилиниши керак бўлган инсонлар билан қиёсланган (Сано 88:10).
2. 2-4 оятлар. Самодан тушиб келаётган Янги Қуддус.
“Мен муқаддас шаҳар — янги Қуддусни кўрдим. Қуддус самодан, Худо ҳууридан тушиб келаётган эди. У куёви учун безаниб олган келинчакка ўхшар эди. Мен тахтдан баланд бир овоз келганини эшитдим. Ўша овоз деди: Худонинг маскани инсонлар орасидадир! У энди одамлар орасида яшайди, улар Худонинг халқи бўладилар. Худонинг Ўзи улар билан бирга бўлади. Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир томчи ёшни артиб қўяди. Энди ўлим мавжуд бўлмайди, ҳеч ким қайғурмайди, йиғламайди, азоб чекмайди. Зеро, аввалгилар ўтиб кетди”.
а. “муқаддас шаҳар — янги Қуддус”. Бу самовий Қуддус (Ибронийларга 12:22), юқоридаги Қуддус (Галатияликларга 4:26), бизнинг асл фуқаролигимиз, айнан шу шаҳарга тегишлидир (Филипликларга 3:20).
1) Шаҳарни тасвирлашда янги ва муқаддас деган сўзлар ишлатилган. Бу нарса уни ер юзида мавжуд бўлган барча шаҳарлардан тубдан ажратиб турибди. Қуддус деган номи эса, бизнинг нажотимиз жойи билан бўлган узилмас боғлиқлигини кўрсатиб турибди.
2) Худованд ҳамда Унинг халқи яшайдиган, шухрат ила тўлиб тошган жойнинг муқаддас шаҳар деб аталиши жуда ажойиб. Шаҳар шуниси билан фарқ қиладики, унда бир бири билан ўзаро муносабатда бўладиган катта аҳоли сони истиқомат қилади. Бу изолатсия жойи эмас, аксинча Худо халқининг мукаммал жамиятидир.
3) Масиҳийларнинг, ҳаётга, жўшқинликка, инсонларнинг манфаатларига тўлиб тошган жой – яъни шаҳар сифатидаги осмон тушунчаси бошқа тушунчалардан, масалан ҳиндларнинг қуруқ “Нирвана” ғоясидан тамоман фарқ қилади. “Масиҳийлар учун умид квинтессенсияси ижтимоий маънога эга. Бу “танҳоликнинг Танҳолик томон парвози” дегани эмас, бу қутқарилган самовий жамиятда яшаш дегани”. (Хантер)
4) Ҳали бирор марта инсоният гуноҳ билан булғанмаган жамиятда яшаган эмас. Одам Ато ва Момо Ҳаво, фақатгина ўзларидан иборатгина жамиятни билишган холос; кенг тарқалган жамият кўриниши эса кейинроқ, биринчи гуноҳ содир бўлган вақтдан анча ўтиб, шаклланган. Бу ерда эса, яъни Янги Қуддусда, биз тамоман ўзгача жамиятни кўрмоқдамиз: муқаддас инсонларнинг гуноҳсиз, пок жамиятини – яъни муқаддас шаҳарни кўрмоқдамиз.
5) Имонлиларнинг, ушбу жамиятни ҳозир пайдо бўлишини кутиши ёки бундай жамият самодан тушиб келиши кераклигини тушунмаслиги, кўпгина муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бундай ҳеч қачон инсоният меҳнатининг маҳсули бўлиши мумкин эмас ва бўлмайди ҳам; бу Худонинг инсониятга берадиган инъомидир.
б. “у куёви учун безаниб олган келинчакка ўхшар эди”. Юҳанно тасаввуридаги энг жозибали гўзалликка эга тимсолни ишлатмоқда. Эркак ҳаётида кўрадиган энг гўзал нарса бу – жамоатдаги тўй маросими пайтида унга қараб келаётган келинчакдир. Юҳаннонинг сўзларига қараганда, Янги Қуддус мана шу даражада гўзал бўлади.
в. “Худонинг маскани инсонлар орасидадир! У энди одамлар орасида яшайди”. Мусо томонидан қурилган чодир, Худонинг ердаги маскани– яъни Унинг самодан ерга тушиб келаётган ҳақиқий масканининг тимсоли бўлган.
1) “У энди одамлар орасида яшайди, улар Худонинг халқи бўладилар”. Ушбу жумла Худонинг нияти ва инсон мақсадининг моҳияти нимада эканлигини қисқача қилиб қўрсатиб бермоқда. Оддий қилиб айтганда, Худованд инсонлар билан яқин муносабатда бўлишни истайди, инсониятнинг мақсади эса, Худовандга маъқул халқ бўлмоқликдир.
2) Айнан шу нарсада, улуғвор самовий шон шуҳрат ва гуноҳ сабаб йўқотилган нарсаларнинг тўлиқ тикланилиши мужассамлашган. “Мен, Эден боғининг шуҳрати, ўт – ўланлар орасида ёки пишган мевалар билан тўлиб тошганлигидан қайрилиб турган шоҳалар орасида жойлашган соя ва салқин йўлакчалардан иборат бўлган, деб ўйламайман. Асло ундай эмас! Эден боғи, Худованднинг Ўзи ушбу боғда, “шабада эсиб турганда” айланиб юрганлиги учун ҳам шуҳратга эга бўлган. Одам Атонинг энг катта имтиёзи шундан иборат бўлганки, у Қодир Худованд билан яқин муносабатда бўлган” (Сперджен).
г. “зеро, аввалгилар ўтиб кетди”. Янги Қуддус шуниси билан фарқ қиладики, унда кўз ёш, қайғу, азоб ва ўлим бўлмайди. Сал кейинроқ, бу шаҳарда маъбад бўлмаслигини, қурбонлик келтиришга ҳожат бўлмаслигини, қуёш ва ой ҳам, қоронғулик ҳам, ҳеч қандай гуноҳ ва хеч қандай жирканжли иш ҳам бўлмаслигини кўришимиз мумкин.
1) “Инсон йиғлаб ва фарёд солиб бу дунёга келади ва нола билан бу дунёдан кўз юмади. Ушбу икки воқеа орасидаги инсон ҳаёти, кўпинча оҳу нола ва кўз ёши билан тўлиб тошган… Аммо янги дунёни тўлдирадиган “Ҳаллелуйя” ундовлари, азоб ва қийноқ овозини ундан тоабад ҳайдаб юборади” (Сисс).
д. “Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир томчи ёшни артиб қўяди”. “Ҳар бир томчи” кўз ёшини дейилишига сабаб, кўз ёшлар жуда кўп бўлади: Марям ва Марфага ўхшаб етим қолган қариндошларнинг ва беваларнинг кўз ёшлари; Қуддуснинг қийноқлари ва гуноҳларидан нола қилиб, Еремиё ва Исонинг тўккан раҳм шавқат кўз ёшлари; ноҳақ қувғинлар сабаб тўкилган кўз ёшлар, самовий улуғворлик ва эзгуликка қарши қилинган жиноятлар ва гуноҳлардан чиндан пушаймон бўлган ҳолда тавба қилиб тўкилган кўз ёшлар; умидсизлик ва бефарқлик сабаб тўкилган кўз ёшлар; нима қилсак ҳам, бизга насиб қилинмаган нарсаларни қаттиқ истаб ва соғиниб тўкилган кўз ёшлар; шунга ўхшаш ва бошқа сабаблар туфайли тўкилиб, бан данинг юзини намлаган кўз ёшлар, Худо томонидан бутунлай, абадулабад артиб қўйилади” (Сисс).
1) Бироқ, самода кўз ёш бўлиши ҳақидаги ғояни, айбдорлик ҳиссини пайдо қилувчи восита сифатида ишлатиш асло мумкин эмас. “Ушбу оятга асосланиб, самода муқаддас азизлар, ўзларининг ер юзидаги хатоларини эслаб кўз ёш тўкишади, деб тасаввур қилиш керак эмас. Чунки бу ерда масиҳийларнинг тавба ва афсусларига эмас, Худонинг берадиган юпатувига урғу берилган” (Уолвурд).
3. 5 -оят. Ҳаммаси янги.
“Тахтда ўтирган Зот шундай деди: “Мана, Мен ҳаммасини янги қилиб яратяпман!” Кейин У менга деди: “Буларни ёзиб қўй. Ахир, бу сўзлар ишончли ва тўғридир!”
а. “Тахтда ўтирган Зот шундай деди”. Бу тўғридан тўғри, Худонинг тахтидан чиқиб келаётган расмий баёнотдир. Худонинг, Ўз тахтида ўтириб, Шахсан Ўзи гапираётганлиги тасвирланган, Ваҳийдаги камёб ҳолатлардан бири.
б. “мана, Мен ҳаммасини янги қилиб яратяпман!”. Ушбу баёнот ҳозирги замонда айтилмоқда: “Ҳозирнинг ўзида ҳаммасини янгидан яратмоқдаман”дейилмоқда. Худованд ҳозир ва шу ерда, бизнинг замонавий ҳаётимизда бошлаган, нажот бериш ва янгилаш иши, ниҳоят охирига етқазилади.
1) Павлус, абадийликнинг бошқа томонида ушбу ўзгаришлар қандай содир бўлаётганлигини кўрган: “Тўғри, бу фоний баданимиз хазон бўляпти, аммо биз руҳан янгиланиб боряпмиз.. Бинобарин, ким Масиҳга тегишли бўлса, у янги ижоддир. Эски ҳаёт ўтиб кетди, янгиси эса бошланди” (2- Коринфликларга 4:16, 5:17).
в. “ҳаммаси янги”. Худованд ҳаммасини “янгидан яратган” ҳолда, буюк ишни амалга ошириши учун, гуноҳнинг вайронгарчилигига йўл қўйиб бериш: бу Худованднинг мақсадига ва Унинг абадий режасига ташланган кичик бир нигоҳдир. Оятда кўрсатилган вақтга келиб эса, Худонинг абадий режаси тўлиқ амалга ошганлигини кўрмоқдамиз: энди ҳаммаси янги.
1) Инсоннинг, вазиятни романтиклаштиришга бўлган ички мойиллиги, айбсизлик инсонниг энг мукаммал ҳолати деб ўйлашга ундайди. Биз, Одам Ато қачонлардир қилган ишини, ҳеч қачон қилмаган бўлганида яхши бўларди, деб ҳисоблаймиз. Аммо шу билан бир қаторда, нажот топган инсон, энг биринчи инсондан анча юқори эканлигини, чунки Исо Масиҳда бизлар, Одам Атода бой берган нарсаларимиздан кўра кўпроқ нарсаларга эга бўлганлигимизни англаб етганимиз йўқ. Худонинг мукаммаллиги ўзини айбсизликда эмас, нажотда намоён қилди.
2) Худованд Ўзининг “ҳаммасини янгидан яратиш” ишини якунига етқазганидан кейин, бошқа ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмайди. “Бу – барча нарсалар тўлиқ янгидан яратилган бўлади деганинигина эмас, балки энди ҳамма нарса шундайлигича қолади деган эҳтимолни ҳам назарда тутади. Энтропия қонуни “ўз кучини йўқотади”. Энди бошқа ҳеч нарса эскирмайди ва парчаланмайди, ҳеч бир инсон қаримайди ва заифлашмайди” (Г. Моррис).
г. “буларни ёзиб қўй. Ахир, бу сўзлар ишончли ва тўғридир!”. Юҳанно эшитаётган сўзларидан жуда ҳайратланиб, уларни ёзиб боришда давом эттиришни унутиб қўйган кўринади, шунинг учун ҳам унга буларни ёзиш кераклиги эслатиб ўтилмоқда.
4. 6-8 оятлар Таклиф ва огоҳлантириш.
“Сўнг менга яна деди: “Амалга ошди! Ибтидо ва Интиҳо, Боши ва Поёни Ўзимман. Чанқаганга Мен булоқдаги ҳаётбахш сувдан ичираман. Бунинг эвазига у ҳеч қандай тўлов бермайди. Ғолиб келганларга бу баракалар насиб бўлади. Мен унинг Худоси бўламан, у Менинг ўғлим бўлади. Аммо қўрқоқ, имондан қайтган, ифлос, қотил, бузуқ, жодугар, бутпараст ва ҳамма ёлғончиларнинг қисмати олов ва олтингугурт билан ёнаётган кўлдадир. Бу иккинчи ўлимдир.”
а. “Амалга ошди!”. Худованднинг Исода мужассамлаган абадий нияти, ниҳоят амалга ошди. Эфесликлар 1:10 оятда ёзилгани руёбга чиқди: “Худо бу режасини Ўзи белгилаган вақтда тўла амалга ошириб, еру осмондаги бор мавжудотни Масиҳнинг ҳокимияти остига бирлаштиради”. Бу вақтга келиб, ҳамма нарса ўз якунига етади ва Исода ҳал қилинади. Амалга ошди!
б. “чанқаганга Мен булоқдаги ҳаётбахш сувдан ичираман. Бунинг эвазига у ҳеч қандай тўлов бермайди”. Сув ва чанқоқлик – инсоннинг руҳий муҳтожлиги ва Худонинг таъминотини англатадиган ва тез тез ишлатиб туриладиган тимсоллардир. Ичиш – бу ҳаракатдир, аммо бу ҳаракат қабул қилишлик ҳамда эга бўлишлик билан боғлиқ; бу гуё иймондай, чунки иймон ҳам ҳаракат ҳисобланади, бироқ иймон қандайдир бир манфаатни кўзлаб ҳаракат қилмайди.
1) “Чанқаган инсон ўз чанқоқлигини қондириш учун нима қилади? Ичади. Худо Каломида иймонни бунданда яхшироқ тасвирлаб берадиган тимсолни топиш жуда қийин деб ўйлайман. Ичмоқлик бу қабул қилмоқлик, тетиклаштирадиган намликни сингдириб олмоқлик деганидир. Инсон сув билан юзини ювмаслиги мумкин, бироқ уни ичмасдан яшай олмайди; у энг нолойиқ инсон бўлиши мумкин, бироқ бир қултум сув унинг чанқоғини кондириши мумкин. Сув ичиш – мана шундай жуда оддий, ҳатто овқат истеъмол қилишдан ҳам кўра оддийроқ бир жараёндир” (Сперджен).
в. “ғолиб келганларга бу баракалар насиб бўлади”. Ғолиб келганлар (1- Юҳанно 5:5 оятда айтилганидек Исога бўлган иймон орқали), Худо билан бўлган махсус муносабатлардан роҳатланиб яшашади (Мен унинг Худоси бўламан, у Менинг ўғлим бўлади).
г. «аммо қўрқоқ, имондан қайтган… ва ҳамма ёлғончиларнинг қисмати олов ва олтингугурт билан ёнаётган кўлдадир». Исони рад этган ва иймонидан қайтган барча инсонларга, Янги Қуддусга кириш ман этилади.
1) “қўрқоқ”. Биргина қўрқоқлик сабаб, дўзаҳга тушиш мумкинми? “Юҳанно ушбу оятда табиатан уятчанглик ва қатъиятсизлик ҳақида эмас, энг сўнгги дақиқада Масиҳнинг ўрнига ўзини ва ўзининг хавфсизлигини танлайдиган қўрқоқлик ҳақида сўз юритмоқда” (Л.Моррис). Джон Трапп эса “ўтнинг бир учи билан текканда, қўрққанидан бошқа қадам ташламайдиган, ўз инида яшириниб юрадиган салянғозларга ўхшаган журъатсиз ва қўрқоқ инсонлар ҳақида айтиб ўтган”.
Б. Янги Қуддуснинг хусусиятлари.
1. 9-10 оятлар. Фаришта Юҳаннога шаҳарни барча тафсилотлари билан кўрсатиб чиқмоқда.
“Шу пайт мен охирги етти балога тўлдирилган еттита косани ушлаган етти фариштадан бирини кўрдим. У олдимга келиб, менга деди: “Бу ёққа кел! Мен сенга келинни, Қўзининг хотинини кўрсатаман. Муқаддас Руҳ мени қамраб олди ва фаришта мени баланд бир тоғнинг чўққисига олиб чиқди. У менга самодан, Худо ҳузуридан тушаётган муқаддас шаҳар — Қуддусни кўрсатди”.
а. “мен сенга келинни, Қўзининг хотинини кўрсатаман…у менга муқаддас шаҳар, Қуддусни кўрсатди”. Ушбу ва шунга ўхшаш оятларни ўқиганда, кўпчилик инсонлар, Янги Қуддус ҳақиқатдан ҳам мавжуд бўлишига шубҳалана бошлайдилар. Улар, аслида бу Қўзининг келини яъни Жамоатнинг ўзига хос тимсоли деган тахминни олдинга суришни бошлайдилар.
б. Бу самовий шаҳар дарҳақиқат мавжуддир, унинг “Қўзининг хотини, келини” деб аталишининг сабаби эса, унда Худонинг бутун халқи жамланган бўлади. Ушбу маънода Янги Қуддус ҳақиқатдан ҳам келинчакка ўхшайди, бироқ бу тимол, шаҳарнинг ростдан ҳам мавжудлигига шубҳа сола олмайди. Шаҳарнинг келинчак билан қиёсланаётганлигининг сабаби, биз унинг нақадар гўзал эканлигини англаб етишимиз учундир.
2. 11-14 оятлар Пойдевор, дарвозалар ва ярқироқ шаҳар деворлари.
“Шаҳар Худонинг улуғворлигига тўлиб, қимматбаҳо жавоҳирдай, биллур каби мусаффо бўлган яшма тошидай ярқирарди. Қалин ва баланд девор билан ўралган бу шаҳарнинг ўн икки дарвозаси бор эди. Ҳар бир дарвозани биттадан фаришта қўриқларди. Дарвозаларда Исроил халқининг ўн икки қабиласи номлари ёзилганди. Дарвозаларнинг учтаси шарқда, учтаси шимолда, учтаси жанубда ва учтаси ғарбда жойлашган эди. Шаҳар деворларининг ўн иккита пойдевори бор эди. Пойдеворларга Қўзининг ўн икки ҳаворийси исмлари ёзилганди”.
а. “қимматбаҳо жавоҳирдай, биллур каби мусаффо бўлган яшма тошидай ярқирарди”. Энг аввало Юҳанно, ярқираётган ушбу шаҳарнинг улуғворлигидан ҳайратга тушмоқда. Шаҳардан, кўзни қамаштирадиган даражада ярқираб чиқаётган бу улуғворлик Худонинг улуғворлигидир.
б. “Қалин ва баланд деворлар билан ўралган”. Деворлар шаҳарга душмандан ҳимояланиш учун керак эмас, чунки барча душманлар устидан аллақачон ғалаба қозонилиб бўлинган. Бу қалин ва баланд деворлар, шаҳарнинг ҳажми ҳақида тасаввур беради (бу сизга космик нирвана эмас) ва шаҳарга олиб борадиган йўл ҳамма учун ҳам очиқ эмаслигини кўрсатади (шаҳарга фақатгина солиҳларгина кира олади).
в.“шаҳарнинг ўн икки дарвозаси бор эди…дарвозаларда Исроил халқининг ўн икки қабиласи номлари ёзилганди”. Дарвозаларда ёзилган Исроилнинг ўн икки қабиласи номи, Исроил ҳамда Худонинг халқи бирлиги ва умумий меросга эга эканлиги ҳақида гапиради. Худованд ҳеч қачон, ҳатто абадийликда ҳам уларни унутмайди.
1) “дарвозаларнинг учтаси шарқда, учтаси шимолда”. Дарвозаларнинг жойлашуви, бизларга, Чиқиш даврида исроилликларнинг чодири қурилмасига ишора қилади, деган фикр мавжуд (Саҳрода, 2 боб).
г. “шаҳар деворларининг ўн иккита пойдевори бор эди. Пойдеворларга Қўзининг ўн икки ҳаворийси исмлари ёзилганди”. Ушбу пойдеворлар, ҳаворийлар ҳамда уларнинг Худованд режасидаги ўрни ҳақида абадий гувоҳлик бериб туришади. Агар шаҳар пойдеворлари ҳаворийларга асосланмаган бўларди, бу шаҳарда Худонинг халқи учун жой бўлмаган бўларди.
1) Янги Қуддус ва Жамоат ҳаворийларга асослангандир (Эфесликларга 2:20).
3. 15-17 яотлар. Шаҳариннг ўлчамлари.
“Менга гапирган фариштанинг қўлида олтин чизғичи бор эди. Бу чизғич шаҳарни, унинг дарвозаларию деворини ўлчаш учун эди. Шаҳар тўртбурчак шаклда бўлиб, узунлиги билан эни бир хил эди. Фаришта чизғичи билан шаҳарни ўлчади, шаҳарнинг эни 12.000 ўқ отими экан. Унинг узунлиги билан баландлиги ҳам шундай эди. Сўнг фаришта шаҳарнинг деворини ўлчади. Деворнинг баландлиги 144 тирсак чиқди. Фаришта инсоний ўлчовдан фойдаланганди”.
а. “шаҳар тўртбурчак шаклда бўлиб”. Янги Қуддуснинг баландлиги, кенглиги ва узунлиги бир хил ўлчамни ташкил қилади, яъни шаҳар ё куб шаклида ё пирамида шаклида қурилган. Куб – бутун шаҳар Муқаддас жой эканлигини англатган ҳолда, чодирдаги Муқаддаслар муқаддасини эслатади.
б. “фаришта чизғичи билан шаҳарни ўлчади”. Шаҳарнинг ўлчамлари жуда катта: ўн икки минг ўқ отими, тахминан 4125 километрга баробар. Бу Америкадаги Мэн штатидан Флорида штатигача бўлган масофа (АҚШнинг энг шимолий шарқий нуқтасидан, энг жануби шарқ нуқтасига қадар). Квадрат шаклидаги асоси эса, тахминан ойнинг диаметри билан баробар.
1) “Бундай улкан ўлчамли шаҳарни тасаввур қилиш, биз учун қийин. Бироқ ростдан ҳам Юҳанно шаҳарнинг ўта ажойиб улуғворлигини бизларга тасвирлаб бера олган. Ва яна шу нарса муҳимки, шаҳарда ҳамма учун жой топилади” (Л.Моррис).
2) Генри Моррис, агар ўша пайтга келиб, ер юзи аҳолиси 100 миллион кишини ташкил қилсаю, улардан 20% нажот топса, ўша нажот топганларнинг ҳар бирида, ҳажми 30 гектарни ташкил қиладиган “шахсий ер парчаси” бўлади, деган тахминни келтирган.
в. “фаришта инсоний ўлчовдан фойдаланганди”. Бу ерда, тирсак – ўлчам ҳажми сифатида, инсонларда ҳам, фаришталарда ҳам бир ҳил эканлиги ҳақида сўз юритилмоқда.
4. 18-21оятлар. Бинонинг гўзаллиги.
“Шаҳар девори яшма тошидан қурилганди. Шаҳарнинг ўзи эса шишадай тиниқ, соф олтиндан эди. Шаҳар деворларининг пойдеворлари турли қимматбаҳо тошлар билан безатилган эди: биринчи пойдевор яшмадан, иккинчиси кўк ёқутдан, учинчиси агатдан, тўртинчиси зумраддан эди. Бешинчиси ақиқ, олтинчиси лаъл, еттинчиси хризолит, саккизинчиси берилл, тўққизинчиси топаз, ўнинчиси забаржад, ўн биринчиси ложувард, ўн иккинчиси аметистдан эди. Ўн икки дарвоза ўн икки марвариддан иборат эди. Ҳар бир дарвоза битта марвариддан ясалган эди. Шаҳарнинг шоҳ кўчаси соф олтиндан бўлиб, шишадай мусаффо эди”.
а. Яшма, тоза олтин ва бошқа қимматбаҳо тошлар ҳақида ўқиганимизда, уларни том маънода қабул қилишимиз, шу билан биргаликда бу тошлар, бошқа дунёнинг ҳақиқати эканлгини ҳам ёдимизда тутишимиз лозим. Биз Юҳаннонинг кўрганларини тахминан тасаввур қила оламиз холос, уларни тўлиқлигича ўша ерга келганимиздан кейингина кўришимиз мумкин.
1) Ўз ифодаларида ердаги бойликларни ишлатган ҳолда, Юҳанно, “Худонинг нигоҳида энг қадрлиси бу Унинг халқи эканлигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда” (Л. Моррис).
б. “яшма…кўк ёқут…агат…”. Юҳанно томонидан айтиб ўтилган тошлар номларининг аниқ, мос замонавий номларини топиш жуда қийин; бироқ бир нарсани аниқ айтиб ўтиш мумкин: бу тасвир, чексиз, хайратомус гўзалликни тасаввурга келтиради.
1) “Тимсоллар, бизларни бойлик ва ҳашамат билан лол қолдиришга эмас, Худонинг шуҳрати ва муқаддаслигини кўрсатишга мўлжалланган” (Джонсон).
2) Агар Муқаддас Каломда шунга ўхшаш турли туман тошлар ҳақида айтиб ўтилган эслатмани топмоқчи бўлсак, энг аввало ёдимизга Олийруҳонийнинг кўкрак нишони келади (Чиқиш 28:15-21).
в. “соф олтиндан бўлиб, шишадай мусаффо эди”. “Шаҳарнинг тозалиги, мусаффолиги ҳақида эслатма шунчаки тасодифан эмас: бу шаҳар ўзи орқали Худованд шуҳратининг нурини тўсқинсиз ўтқазишга мўлжалланган” (Уолвурд).
г. Агар шаҳарнинг ўлчами сизга ақл бовар қилмас бўлиб кўринаётган бўлса, икки муҳим тамойилни ёдга олинг. Биринчидан, биз ушбу деталлар (шуҳрат, гўзаллик, улуғворлик ва шунга ўхшаш деталлар) ортида қандай ғоя ётганлигини англаб етишимиз керак. Иккинчидан, бу “шаҳарни лойиҳалаштирган ва қурган Худованд” эканлигини тушунишимиз керак (Ибронийлар 11:10). Шунинг учун ҳам шаҳар биз учун ғайратомус эканлигига ажабланмасак ҳам бўлади.
В. Янги Қуддусдаги маъбад.
1. 22 -23 оятлар. Янги Қуддус аҳолиси учун Худованд ҳамма нарсадан кўра муҳимроқ.
“Мен бу шаҳарда Маъбад кўрмадим. Зотан, Қодир Худо — Эгамизнинг Ўзи ва Қўзи шаҳарнинг Маъбадидир. Шаҳарни ёритиш учун қуёшга ёки ойга эҳтиёж ҳам йўқ. Чунки Худонинг улуғворлиги уни ёритади, Қўзининг Ўзи унинг чироғи бўлади”.
а. “Мен бу шаҳарда Маъбад кўрмадим”. Қадимги дунё аҳолилари катта шаҳарни кўплаб маъбадларсиз тасаввур қила олмаганлар. Бу нарса, ҳозирги замонда, бирор инсон: “мен катта шаҳарга бориб, у ерда битта ҳам банк топмадим” ёки “мен улкан бир шаҳарда битта ҳам савдо мажмуасини кўрмадим” дегани билан баробар. Бироқ, шунга қарамай, шаҳарда маъбад йўқлигини кўриб турибмиз.
б. “зотан, Қодир Худо — Эгамизнинг Ўзи ва Қўзи шаҳарнинг Маъбадидир”. Бу ерда маъбад йўқ қилинмаган, аксинча кенгайтирилган. Бу ердаги ҳамма нарса ва ҳар бир бурчак муқаддасдир, чунки бу шаҳар тўлиқлигича Худонинг масканидир.
1) Исо Масиҳга қадар маъбад башоратларда бўлган. Масиҳийлик даврида эса, Худонинг халқи Унинг маъбади бўлди. Минг Йиллик даврда эса маъбад ёдгорликка айланади. Бу ерда эса, биз маъбадни ҳар бир қарич ерда кўрмоқдамиз.
2) “Шаҳар аҳолисига сажда қилиш ва қурбонлик келтириш учун маълум бир жой керак бўлмайди, чунки сиғиниш объекти ҳам, Ўзини қурбон қилган ҳам, то абад улар билан бирга, уларнинг ёнида бўлади” (Алфорд).
в. “шаҳарни ёритиш учун қуёшга ёки ойга эҳтиёж ҳам йўқ”. Бу нарса, осмон ҳақиқий сажда маскани бўлишини бизларга эслатиб ўтади. Бизнинг сажда қилишимизга ёрдам беришга мўлжалланган нарсалар (яъни бинолар, чолғу асбоблари, анъаналар ва шунга ўхшаш нарсалар), кўпинча энг муҳим нарсадан бизларни чалғитадиган восита бўлиб хизмат қилади. Осмонда эса уларнинг ҳеч бири бўлмайди. Биз бутун диққатимизни сажда қилаётган Зотимизга яъни Қодир Худо ва Қўзига тўлиқ қаратган бўламиз.
1) Осмонда, инсон қўли билан яратилган бирор нарса, бошқа ҳеч қачон биз учун илм, гўзаллик ёки қувонч манбаъи бўлмайди. Биз буларнинг ҳаммасини Худованднинг Ўзидан оламиз. Бу нарса бугунги кунда ҳам бизда бўлиши мумкин – иймонимизга яраша. Сиз Худовандга шу даражада ишонишингиз мумкинки, сизнинг қувончингиз, сиз гўзал ва ажойиб деб ҳисоблайдиган барча нарсалар, ҳамда билимларингизнинг пойдевори – сизни ўраб турган атрофдаги яратилган нарсаларда эмас, Исо Масиҳда мужассамлашган бўлади.
г. “Қўзининг Ўзи унинг чироғи бўлади”. Нур сўзи ишлатилганда қувонч ҳам назарда тутилади; Каломда бу икки тушунча доимо ёнма ёндир. Нур – бу гўзаллик ҳамдир, чунки нур бўлмаган жойда, гўзал нарсаларга жой ҳам, ҳожат ҳам йўқдир. Нур – илм дегани ҳамдир, осмонда, Худованд бизларни қай даражада яхши билса, биз ҳам ҳамма нарсани шу даражада яхши биладиган бўламиз.
2. 24-27 оятлар. Шаҳарга кириш.
“Қутулган халқлар шаҳарнинг нурида юришади. Ер юзи подшоҳлари унга ўз шон шуҳратларини келтирадилар. Шаҳар дарвозалари кун бўйи очиқ туради, сира ёпилмайди, чунки у ерда тун бўлмайди. Халқларнинг барча давлату савлати унга киритилади. Лекин ҳеч қандай мурдор нарса, ҳеч бир разил ёки ёлғончи киши унга кирмайди; фақат Қўзининг ҳаёт китобида ёзилганлар киради”.
а. “ер юзи подшоҳлари унга ўз шон шуҳратларини келтирадилар”. Бу “ер юзи подшоҳлари” кимлар? Бужуда қийин савол, изоҳчиларнинг фикри бу борада ҳар хил.
1) “Қуддус ва Раббимизга қарши бўлган курашда, ҳамма ҳам маҳкум бўлмаганлигини англаш жуда ёқимли. Абадий шаҳар аҳолиси орасида “ер юзи подшоҳлари” ҳам бўлишади” (Хокинг).
2) “Янги осмонлару ва янги ер сир асрорлари орасида, биз қуйидаги яна бир нарсани кўрмоқдамиз: улуғланган жамоатдан ташқари, у ерда, самовий шаҳарда, подшоҳлар бошқаруви остида, нажот топган ва янгиланган ер юзи халқлари ҳам бўлишади” (Алфорд).
б. “лекин ҳеч қандай мурдор нарса…унга кирмайди”. Бу жумла, разил ва нопок инсонлар ушбу шаҳарга киришга ҳаракат қилиб кўришади деган маънони англатадими? Бундай фикрни ҳаёлимизга келтиришимизнинг ўзи нотўғри, чунки барча гуноҳкорлар ва ҳаттоки ўлимнинг ўзи ҳам олтингугуртли кўлга ташланилиши бизга маълум (Ваҳий 20:11-15).“Ушбу насиҳат, кўпроқ, бугунги кундаги китобхон учун, келажакда Худонинг ҳузурида бўлишнинг ягона йўли, бугунги кунда Қўзининг қўлига жонимизни ишониб топширишимиз кераклиги ҳақидаги огоҳлантириш бўлиб хизмат қилишга қаратилганга ўхшайди ” (Джонсон).
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – ewm@enduringword.com