Ваҳий, 19 боб.
Исонинг ғалаба билан қайтиши.
А. Самодаги ҳамду-сано.
1. 1-5оятлар. Бобил устидан қилинган ҳукм учун ҳамдлар.
“Бундан кейин мен самодаги катта оломоннинг ғала–ғовурига ўхшаш баланд овозларни эшитдим: Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! нажот, улуғворлик ва қудрат Худойимизга тегишлидир. Зотан, У тўғри ва адолатли ҳукм қилади. Ер юзини фаҳш–зино ила булғаган ашаддий фоҳишани У маҳкум этди, ундан Ўз қулларининг хунини олди. Оломон яна шундай деб ҳайқирди: Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Бобилдан то абад бурқираб тутун чиқади. Шу пайт йигирма тўрт нафар оқсоқол ва тўрт мавжудот ерга мук тушиб: “Омин! Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!” — дея тахтда ўтирган Худога сажда қилдилар. Кейин тахтдан бир овоз келди: эй Худойимизнинг барча қуллари, Ундан қўрқувчи каттаю кичиклар, Худога ҳамду сано айтинглар!”.
а. “бундан кейин мен самодаги катта оломоннинг ғала–ғовурига ўхшаш баланд овозларни эшитдим”. Ваҳий китобининг 7:9-14 оятларида биз, Буюк қайғу давридан қутилган, Дажжолнинг ердаги ҳукмронлигининг якунини ҳамда бутун жаҳон тизимининг охирини кўришни орзу қилаётган буюк оломонни кўрган эдик. Бу ерда эса биз катта оломоннинг, йигирма тўрт нафар оқсоқолнинг ҳамда тўртта мавжудотнинг, Дажжолнинг ва унинг таянчиғи бўлмиш дунёвий тизимнинг ҳалокатини нишонлаш учун тўпланганликларини кўрмоқдамиз.
1) Ушбу катта оломон қаторида, Буюк қайғу даврида Дажжолнинг қўлидан ҳалок бўлган, Ваҳийнинг 6:10 оятида Худонинг одилона ҳукм қилишини сўраб фарёд қилган шоҳидлар, Худонинг азизлари ҳам ўрин олишган. Бу оят Худо уларнинг ибодатига жавоб берганлигини кўрсатмоқда.
б. “Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!.. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!.. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!”. Ваҳийнинг 19 боби, яҳудий тилидан келиб чиққан ушбу ажойиб сўз ишлатилган Янги Аҳддаги ягона боб бўлиб, ушбу сўз бу ерда тўрт маротаба ишлатилган. Гўёки бу сўз айнан шу ҳодисагагина тегишлидай, чунки Худонинг халқи Бобилнинг устидан ғалаба қозонилганлигига очиқ ойдин ва чексиз қувонмоқда.
1) Эгамизга ҳамду санолар бўлсин деб таржима қилинган сўз, “Аллилуйя” – яҳудийча сўз бўлиб, “Худони улуғланг” деган маънони англатади; бу сўз матнда буйруқ гап шаклида. Худони улуғлаш бу Худонинг барча фарзандларига берилаётган насиҳатдай, илҳомдай.
2) Гоҳида баъзилар учун “Аллилуйя” сўзини ишлатиш ноқулайдай гўё, аммо бир кун келиб барчамиз самода бу сўзни эътироф этамиз. Бундай ажойиб сўзни ўйламасдан шунчаки ишлатиш умуман мумкин эмас.
3) “Кентерберилик Анселм бу сўзни инсонлар ишлатадиган тилларнинг ҳеч бирида тўлиқ такрорлаб бўлмайдиган фариштача сўз деб ҳисоблайди ва Августиннинг бу сўзнинг туйғуси ва унинг талаффузи, жаннат баракотларини ўзида мужассамлаштирган деган фикрига қўшилади” (Сисс).
в. “зотан, У тўғри ва адолатли ҳукм қилади”. Бу жумла, Ваҳийнинг 18 бобида содир бўлган барча нарсаларни ўзида мужассамлаштирган: Бобилнинг “дўстлари” унинг ҳалокатини кўриб, йиғлаган бўлсалар, Худонинг халқи бу нарсадан шод бўлмоқда.
г. “ашаддий фоҳишани У маҳкум этди, ундан Ўз қулларининг хунини олди”. Бу ерда ҳамду санонинг диққати Худонинг буюк ишларига, асосан Унинг адолатли ҳукмининг ишларига қаратилмоқда.
д. “тахтдан бир овоз келди”. Эҳтимол, Худонинг тахтидан келаётган бу овоз Исонинг овозидир, аммо бу овоз кўпроқ Худо тахти олдида хизмат қиладиган фаришталардан бирининг овозига ўхшаяпти.
2. 6-9 оятлар. Қўзининг никоҳ тўйи мақтови.
“Сўнгра мен катта бир оломоннинг овозига ўхшаш, шовуллаган денгиз, гумбурлаган момақалдироқнинг садосига ўхшаш овозларни эшитдим. Улар шундай дер эдилар: Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Қодир Худо — Эгамиз ҳукмронлик қилмоқда! Севиниб хурсанд бўлайлик, ҳаммамиз Уни улуғлайлик! Ахир, Қўзининг никоҳ куни келди, Унинг келини ўзини тўйга тайёрлади. Кийиши учун келинга ярқираган, пок, майин зиғир либос берилди. Бу либос Худо азизларининг одил ишларидир. Кейин фаришта менга шундай деди: қани, ёз: Қўзининг никоҳ тўйига таклиф этилганлар бахтлидир! Яна қўшиб деди: булар Худонинг ҳақ сўзларидир”.
а. “катта бир оломоннинг овозига ўхшаш, шовуллаган денгиз, гумбурлаган момақалдироқнинг садосига ўхшаш”. Ер юзидаги ҳамду садо, ушбу оятда тасвирланган ҳамду санонинг хира соясидай гуё. Айни пайтда Ваҳий китоби, Худонинг инсоният тарихига оид барча режаларининг энг юқори нуқтасига етиб келганини ва энди биз ҳамду санонинг чўққисига етиб бораётганимизни кўришимиз мумкин.
1) Кўриниб турибдики, бу баланд оҳангдаги ҳамду сано иштиёқ билан тўлиб тошган. Бу нарсанинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ, бироқ биз айтаётган ҳамду саноларимизни, ҳис туйғуларимизга асослашимиз, марказга ўзимизни қўйиб, санони ўзимизга қаратишимиз, натижада ҳамду санони тананинг бетартиб намойишига айлантиришимиз ҳам мумкин. Биз ёлғиз Худо билан ўтқазадиган вақтнинг қадрли ва бебаҳо ўзига ҳослиги мавжуд, лекин барча масиҳийлар тўпланиб, очиқ кўнгилли иштиёқ билан Худога ҳамдлар айтганларида, танани ларзага келтирадиган нарсалар содир бўлади.
2) “Биз Худога “яримта юрак” билан, гуёки Уни шарафлаш бизнинг мажбуриятимиздай сажда қилишга даъват этилмаганмиз, аммо бизлар ҳамду сано айтиш зерикарли иш деб ҳисоблаб, тезроқ ундан қутулишга ҳаракат қиламиз ва қанчалик тезроқ қутулсак, шунчалик яхши деб ҳисоблаймиз. Йўқ ва яна бир бор йўқ! “Эй жоним, Худовандни олқишла! Унинг муқаддас исмини олқишланг, эй бутун аъзойи баданим”. Уйғон, эй жоним ва Худонинг кучига тўлгин! Ҳамду сано нималигини чуқур англамай, шунчаки қўшиқларни куйлаш жуда осон, бироқ бу қадрсиз нарса. Уйғон, эй биродарим! Уйғон, эй жоним!” (Сперджен)
3) “Масиҳийлик вазифаларини қувонч билан амалга ошириш керак, асосан Худога ҳамдлар айтиш вазифасини. Менга, ҳамду сано ўта қайғули айтилган йиғинларда бўлишга тўғри келган, бу йиғинларда вақт шу даражада секин ўтаётгандек туюлардики, инсонлар, 118 Санони охиригача куйлай олармикан, Уот – “абадийлик ҳам бу учун жуда кам вақт”, деб айтганидай бўлмасмикан деган саволларни беришни бошлашарди; йиғилган одамларнинг умумий руҳи шу даражада заиф, ўлик ва оғирдай туюлардики, четдан кузатаётган киши, бу инсонлар Қудратли Худони улуғлаш учун эмас, ўзларини осиб ўлдириш учун йиғилганлар деб ўйлаши мумкин эди”(Сперджен).
4) “Осмон ҳар доим айтиб бўлмайдиган неъмаьларга тўлган осмон бўлиб қолаверади, аммо ҳаттоки самода ҳам байрамлар учун жой бор ва баъзан шундай вақтларда бахт ҳаддан зиёд тўлиб тошади. Бизни денгиз мисол чексиз қувонч қамраб олган кун, Унинг шуҳратида бўлганларнинг жонини, завқнинг чексиз оқими тўлдиради…Азизлар, бизларга қандай бахт берилишини биз ҳали тасаввур қила олмаймиз” (Сперджен).
б. “ахир, Қўзининг никоҳ куни келди”. Бу оломоннинг Худога нисбатан ҳамду санога тўлиб тошганлигининг сабабларидан бири, Худо Қўзисининг Ўз халқи билан бирлашуви вақти келганлигидадир ва бу иттифоқ жу даражада яқин бўладики, уни фақатгина эркак ва аёл орасида бўладиган никоҳ билан қиёслаш мумкин.
1) Қўзининг – Масиҳнинг – никоҳ тўйи тимсолини, Муқаддас Каломда бир неча маротаба учратишимиз мумкин. Эски Аҳдда, Исроил Худонинг хиёнаткор хотини тимсолида бўлган (Хўшея 2:19-20, Ишаё 54:5, Ҳизқиёл 16 боб). Янги Аҳдда Жамоат эса, тўйининг кунини кутаётган Исонинг келини тимсолидадир (2 Коринфликларга 11:2, Эфесликларга 5:25-32).
2) “Муқаддас Калом даврида никоҳ жараёни иккита асосий воқеадан ташкил топган бўлган: тил бириктириш (яъни унаштирув) ва никоҳ. Одатда ушбу икки маросим ўртасида бир қанча вақт ўтган ва ўша вақт мобайнида бу икки инсон эру хотин деб ҳисобланган ҳамда улардан бир бирларига содиқ бўлиш талаб қилинган. Тўй келиннинг уйига бориш жараёнидан бошланган, сўнг келинни олиб, никоҳ байрамини нишонлаш учун куёвнинг уйига қайтиб келишган. Шунга ўхшаб, иймони орқали ўзини Исонинг хотини бўлишга бахшида қилган Жамоат ҳам, энди “parousia” ни (Масиҳнинг қайта келиши) яъни самовий Қайлиғининг унинг орқасидан келишини ва у билан биргаликда самога қайтиб, абадий давом этадиган тўй зиёфатини ташкил қилишини кутмоқда” (Маунс).
в. “Унинг келини ўзини тўйга тайёрлади”. Тўйга тайёр бўлиш учун биз нима қиляпмиз? Қилиш керак бўлган ишлар кўп, аслида эса бу ишларни асосан Худонинг Ўзи бизларда амалга оширмоқда (Эфесликларга 5:25-27). Юҳанно ушбу фикрни белгилаб ўтган ҳолда, “кийиши учун келинга ярқираган, пок, майин зиғир либос берилди” деб айтмоқда.
1) Исо билан мукаммал бирликда, Унинг халқи Унинг олдида пок ва ёрқин бўлади. “ “Пок” сўзи (katharos) доғсиз бўлиш ҳақида, содиқлик ва садоқатлик ҳақида, Янги Қуддуснинг ҳислати ҳақида гапиради… “Ёрқин” сўзи эса (lampros) улуғланган танани акс эттирадиган ялтироқ оқ рангни англатади” (Джонсон).
2) “бу либос Худо азизларининг одил ишларидир”. Масиҳийлар Худо томонидан улар учун белгиланган эзгу ишлар учун яратилгандирлар. Ушбу эзгу ишлар (одил ишлар) – Масиҳга тегишли келиннинг сепидир.
3) Павлус, масиҳийларнинг Худо олдида пок ҳолда келиб туришларини исташини айтиб ўтган: “Мен сизларни Худонинг рашки билан қизғаняпман, чунки гўё бир пок бокира қизни ягона эрга никоҳлагандай, сизларни Масиҳга тақдим этмоқчиман” (2 – Коринфликларга 11:2). Бу истак Худонинг ҳар бир хизматкорида бўлмоғи лозим.
г. “Қўзининг никоҳ тўйига таклиф этилганлар бахтлидир”. Дарҳақиқат бахтлидирлар! Исонинг Ўзи бу никоҳ тўйини хурсанд бўлиб кутмоқда. Исонинг, Отамнинг Шоҳлигида янги шароб ичадиган кун келмагунича, бошқа узумнинг шаробидан ичмайман деган сўзларида, У ўша кунни сабрсизлик билан кутаётганлигини кўришимиз мумкин (Матто 26:29).
1) Яҳудийлар маданиятида никоҳ тўйи базми энг бой ва энг зўр байрам ёки базм ҳисобланган. Бу улкан воқеа, ҳар доим чексиз қувонч билан тўлиб тошган. Раввинларнинг таълимотига кўра, агар амрларнинг бажарилиши базм хурсандчилигини пасайтираётган бўлса, амрларни вақтинчалик бекор қилишган.
2) “ “Ўша куни” ҳамма Жамоатнинг аслида қандайлигини: яъни Исонинг бебаҳо келини эканлигини кўради. Исонинг келини, кул ва чанг орасида ўтирган Золушкага ўхшайди. У, “одамлар орасида рад этилган ва нафратларга учраган” Хўжайинига ўхшайди; қўриқчилар уни калтаклаб, ёпинчиғини ечиб ташламоқдалар, чунки унинг Хўжайинини билмаганлари сингари, уни ҳам билмайдилар. Бироқ У келганида, У билан биргаликда Жамоат ҳам келади ва Осмондаги Отамиз Шоҳлигидаги қуёш сингари порлаб, Ўз Хўжайинининг буюк шуҳратини акс эттиради” (Сперджен).
д. “булар Худонинг ҳақ сўзларидир”. Бу сўзлар биз учун ҳақиқатнинг тасдиғи бўлиб хизмат қилади. Узоқ вақтдан бери кутилаётган бу воқеа, ишониш қийин бўлган даражада ажойиб бўлишига қарамай, албатта юз беради.
3. 10- оят Юҳанно фариштага сажда қилмоқчи бўлади, бироқ фаришта уни тўхтатади.
“Мен фариштага сажда қилиш учун ўзимни оёқлари остига ташладим. Лекин у менга деди: йўқ, менга сажда қилма! Фақат Худога сажда қил! Мен ҳам сенга ўхшаб Худога хизмат қиляпман, Исо ҳақида шаҳодат берадиган сен ва биродарларинг сингари, Худонинг хизматкориман. Дарҳақиқат, Исо ҳақида шаҳодат берганлар пайғамбарлардир, улар Худонинг ҳақ хизматкорларидир”.
а. “мен фариштага сажда қилиш учун ўзимни оёқлари остига ташладим”. Юҳаннодай тақводор инсон қандай қилиб бундай хатоликка йўл қўйди экан? “Ё Юҳанно бу фариштанинг Худонинг тимсоли деб қабул қилганга, ёки кўрган ажойиб воқеалардан ҳаддан зиёд қувониб, ўзини йўқотиб қўйганга ўхшайди” (Робертсон).
б. “йўқ, менга сажда қилма”. Яратилган жонзотлардан ҳеч бири сажда қилишимизга муносиб эмас. Бу фикрдан фарқли равишда, Исо фаришталардан (Ибронийларга 1:6) ва инсонлардан (Матто 8:2, 14:33, Юҳанно 9:38) саждани қабул қилган.
в. “мен ҳам сенга ўхшаб Худога хизмат қиляпман”. Инсонлар билан фаришталар орасида муҳим фарқлар бор, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам битта Худога ҳизмат қилади.
г. “Исо ҳақида шаҳодат берганлар пайғамбарлардир”. Ҳақиқий башорат руҳи ҳар доим Исо ҳақида шаҳодат беради. “Агар башоратлар ҳақидаги таълимот бизнинг онгимизни ва юракларимизни Исодан чалғитса, демак бу таълимот пайғамбарлар башоратларини нотўғри кўрсатиб бермоқда” (Хокинг).
1) “Бу нарса шуни англатадики, башорат ўз моҳиятига асосан, Раббимиз ва Нажоткоримиз Исо Масиҳнинг улуғворлигини ва гўзаллигини очиб беришга мўлжалланган” (Уолвурд).
Б. Исо, Унга душман бўлган Ер юзига қайтиб келмоқда.
1. 11–16 оятлар. Исо самовий лашкарлар билан биргаликда Ерга қайтиб келмоқда.
“Бундан кейин мен осмоннинг очилганини кўрдим. У ерда бир оқ от турар эди. Устидаги Чавандозни Содиқ ва Ҳақ деб чақиришарди. У одилона ҳукм чиқариб, жанг қиларди. Унинг кўзлари оташ алангасидай чақнарди. Бошида кўп тожлари бор эди. Пешанасига эса Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган бир исм ёзилганди. Эгнидаги кийими қонга беланганди. Чавандозга “Худонинг Каломи” деб ном берилган эди. Оппоқ, топ–тоза, майин зиғир либос кийган самовий қўшинлар оқ отларда Чавандозга эргашибборишарди. Унинг оғзидан ўткир бир қилич чиқиб турарди. У ўша қиличи билан халқларни мағлуб этади, қўлидаги темир хивчин билан уларни бошқаради. Қодир Худонинг қайноқ қаҳр–ғазаби чуқурдаги узумларни босиб эзади. Кийимининг сон қисмида: “шоҳларнинг Шоҳи, ҳукмдорларнинг Ҳукмдоридир” деган исм ёзилган”.
а. “мен осмоннинг очилганини кўрдим”. Ваҳий китобининг шу бобигача бўлган саҳифаларида тасвирланган барча воқеалар, гуёки Исо Масиҳнинг ушбу очилиши учун (тантанали намоён бўлиши учун) муқаддима бўлиб хизмат қилаётгандай таассурот пайдо бўлмоқда. Исо Ер юзига куч қудрат ва шон шухратда қайтиб келмоқда.
1) Закариё китобининг 14:3-4 оятларига асосан, Исо қайтиб келганида, биринчи бўлиб Қуддусдаги Зайтун тоғига пайдо бўлади. Биз Ишаёнинг ибодатига берилган жавобни кўряпмиз: “Эй Эгам, қанийди самоларни ёриб, пастга тушсанг, тоғлар олдингда титраса! Аланга ўтинни ёндириб, сувни қайнатгандай, Сен ҳам пастга тушиб, халқларни титрат. Токи ғанимларинг номингни билсин”. (Ишаё 64:1-2).
2) Қутқарув ҳақида бўлган бу ибодат, Буюк қайғу даврини бошидан ўтқазишига тўғри келадиган яҳудий халқининг оғзида бўлади. Бу нарса бизларга қизиқ туюлиши мумкин, аммо ўшанда улар Нажоткор Исога фарёд қилиб, Ундан уларни қутқаришини сўраб илтижо қилишади; яҳудий халқи Уни ўз Нажоткори деб тан олади. Исо Матто 23:39 оятда айтганидек: «Худованд номидан Келаётган муборак, деб хитоб қилмагунингизча, Мени қайтиб кўрмайсизлар». Дажжолнинг оғир қувғинлари остида, Исроил тўлиқ миллат сифатида ўз юрагини Исога қаратади ва Исо уларни сўнгги дамда ҳалос этади.
3) Исо оқ от устига минган ҳолда пайдо бўлади. Муқаддас Калом даврида кўпгина жангчилар, асосан яҳудий жангчилари, пиёда аскарлар бўлишган. От устида туриб курашиш жуда кўп устунворликларни берган. От – юқори шуҳратнинг, қудратнинг ҳамда тезликнинг тимсолидир; отнинг ранги эса ғалаба тимсолидир.
б. “Содиқ ва Ҳақ”. Бу ажойиб унвон Исо ваъда берганларини албатта амалга оширувчи эканлигини англатади, шу жумладан ҳукм ваъдасини ҳам.
в. «У одилона ҳукм чиқариб, жанг қиларди». Исо жанг олиб бориш учун саркарда ва ҳакам сифатида келмоқда.Уни бундан олдин бир марта рад этган дунё, яна бир бор рад этади, аммо бу сафар Исо, Уни рад этганларни маҳкум этади.
1) “Дунё ўз манфаатларини қондирадиган оқилона динни яхши кўради, шунинг учун ҳам дунё, Галилалик Исонинг рангпар тасвирининг сояси олдида, бежон, оддий Нажоткор қаршисида ҳайратга тушишга, ҳамда Унга ўртача, соғлом ғоя билан тўлган ҳурматни кўрсатишга тайёр” (Торранс).
2) “Худонинг ҳукмини ва Унинг гуноҳга бўлган нафратини истисно қиладиган ҳар бир тасвир, Апокалипсиснинг қудратли ва кучли реализмида ҳеч қандай таянч топа олмайдиган сентиментал боғлиқлик тўғрисидаги беғубор таълимотнинг ман фаатларига жавоб беришни бошлайди” (Маунс).
3) Бундай Исони биз бошқарув остида ушлаб тура олмаймиз. Бу ерда биз, шунчаки бизнинг диққатимизни талаб қилаётган Исони эмас, бизнинг бўйсинишимизни талаб қилаётган Исони кўрмоқдамиз.
4) Ҳукмнинг қайғули саҳналари, узоқ муддат давом этган иноят, сабр – тоқат ва раҳм – шавқат даврининг охирида бошланишини эслаб ўтиш биз учун фойдали бўларди. Худованд дунёни ҳукм қилишга шошилаётгани йўқ. Исо бу дунёга Ўзининг иноятли, раҳм – шавқатли ва кечиримли табиатини етарлича кўрсатди. Энди эса У шафқатсизлашган ва Унга қарши қўзғолон кўтариш билан банд бўлган бу дунёни ҳукм қилиш учун келмоқда.
5) “Бу парчаларнинг ҳаммаси бизларни, ҳукм кунида Худодан раҳм – шавқат кутишга кеч бўлади деган аччиқ хулосага олиб келмоқда. Унинг инояти рад этилганлиги сабаб, энди қатъийлик билан амалга ошириладиган Худонинг ҳукми сингари қатъий бошқа бирор нарса йўқдир. Ушбу саҳифаларда бизнинг кўз ўнгимизда содир бўлаётган даҳшатли ҳукм саҳналари, бугунги кунда кенг тарқалган фикрга яъни Худовандни фақатгина севги ҳаракатга келтиради деган фикрга қарама қаршидир” (Уолвурд).
6) Худонинг ҳукми одилдона эканлигини унутманг.“У мағрурлиги сабаб, ҳокимиятга ташналиги сабаб ёки ҳукмронлиги ҳамда таъсир ўтқаза олиш чегараларини кенгайтиришни ҳоҳлаганлиги сабаб курашаётгани йўқ. У олиб бораётган кураш ўз тамойили ва мақсадига кўра адолатлидир. Бундай нарсалар билан ер юзида ҳукмдор бўлганларнинг ҳеч бири мақтана олмайди” (Кларк).
7) “Исо жангни одилона ва адолатли олиб борадиган ягона ҳукмдордир. Тарих умумий қоидалардан истисно бўлган ёрқин ҳолатларни ҳам билади, бироқ умуман олиб айтганда уруш қонли бўлганидек, маккорона ҳамдир, дипломатларнинг сўзлари эса кўпинча ёлғондан ташкил топгандир. Инсоният, уруш ва тинчлик масалаларини, ор номусига кўз юммасдан ва сўзларнинг маъносини ёддан чиқармасдан ҳал қилишга қодир эмасга ўхшайди; уруш, ҳақиқатга жой қўймайдиган тадбиркорликнинг бир қисмига айланган кўринади,у шу даражада жирканж ва нафратланарлики, унга фақатгина маккорлик ва ёлғон ҳосдир, солиҳлик эса унга умуман тўғри келмайди. Аммо бизнинг Ҳукмдоримиз бўлса, жангни Ўз солиҳлигида олиб бориб, ҳукмни ҳам Ўз солиҳлигида амалга оширмоқда. Масиҳнинг Шоҳ лини ёлғонга муҳтож эмас: бизнинг жангдаги қуролимиз – оддий сўзлар ва пок ҳақиқатдир” (Сперджен).
г. “Унинг кўзлари оташ алангасидай чақнарди”. “Нима учун Унинг кўзлари оташ алангасидай? Биринчидан, бу кўзлар барча юраклардаги сирларни кўра олади. Масиҳ кўра олмайдиган бирор яширин нарса йўқ. Исо кўра олмайдиган бирор бир иймондан маҳрум нопок ёки шубҳали фикр йўқ. У англаб ета олмайдиган бирор бир иккиюзламачилик, расмиятчилик, алдов йўқдир, инсон китоб саҳифаларидаги ҳарфларни қандай осон таниса, Исо ҳам бу нарсаларни шундай осон танийди. Унинг кўзлари оташ алангасидай, У бизларни ичимизни кўра олади ва қалбимизнинг туб тубида нима борлигини билади” (Сперджен).
д. “бошида кўп тожлари бор эди”. Охирги марта Исони ерда кўрганларида, Унинг бошида тиканли тож бор эди, аммо Ваҳийнинг 19 – бобида Унинг ташқи кўриниши умуман бошқача. Энди Унинг бошида кўп тожлар мавжуд. Ушбу оятда ишлатилган юнонча сўз – diadema сўзидир (подшоҳлар, ҳукмдорлар тожи, ҳокимият тимсоли), stephanos сўзи эмас (иккинчи сўз эса маълум бир ютуқ эвазига бериладиган тожни аглатади).
1) Исонинг бошида кўп тожлар мавжудлиги, олий қироллик мансаби ва бутун ҳокимият Унга тегишли эканлигини англатади. Бу Унга тегишли бўлган унвоннинг яъни Подшоҳлар Подшоси деган унвонининг ташқи кўринишидир. Бу олий қироллик ҳокимиятининг ифодасидир.
е. “эгнидаги кийими қонга беланганди”. Унинг кийими қонга беланган (ёки қон сачраган) эди. Изоҳчилар бу қон кимга тегишли эканлиги ҳақида: Унинг қоними (ҳочни эслатувчи тимсол сифатида) ёки душманларининг қоними деб, баҳс юритмоқдалар. Униси ҳам буниси ҳам бўлиши мумкин.
ж. “самовий қўшинлар”. Бу Ҳудонинг ҳалқи (Ваҳий 17:14, Яҳудо 1-15 оят.). Фа ришталарнинг Исо ва Унинг халқига қўшилишлари шубҳали, аммо оятнинг асосий ғояси шундан иборатки, Худонинг Ўғли самодаги халқини Ер юзи аҳолисига қарши курашга етаклаб боради.
1) Каломда Исонинг ортидан эргашадиган улкан қўшиннинг қандайдир қуроллар билан қуролланган эканлиги ҳақида биз ҳеч қандай эслатмаларни кўрмаймиз. Уш бу оятда айтиб ўтилган уларнинг ягона қуроли бу “оппоқ, топ–тоза, майин зиғир либос”дир.
з. “Унинг оғзидан ўткир бир қилич чиқиб турарди”. Бу ерда Исонинг қароқчига ўхшаб тишларида қилични тутиб турганлиги ёки “оғзидан қилични тупириб чиқара ётганлиги” ҳақида эмас. Ушбу драматик тасвирда Худо Каломининг қучи назарда тутилган. “Масиҳ Каломининг кучи орқали ғалаба қозонади” (Джонсон). Ваҳий китобида Юҳанно беш маротаба Исонинг қиличи Унинг оғзидан чиқиб турганлиги ҳақида эслатиб ўтган.
и. “темир хивчин билан уларни бошқаради”. 2- Санода айтилганидек, Исо бошқариш ва ҳукмронлик қилиш учун, халқларни темир хивчин билан бошқариш учун тантанали қайтиб келади.Ер юзидаги барча подшоҳларни тахтларидан маҳрум қилиш учун, У Подшоҳлар Подшоси сифатида қайтиб келмоқда.
1) “Бу нарса мавжуд бўлган барча давлатларга масиҳийлик тамойиллари киритилади ёки давлат ва ҳукуматлар руҳан ўзгаради ёки барча давлатлар юртбошлари масиҳий бўлишади дегани эмас. Бу, мавжуд бўлган барча жаҳон кучларининг ва ҳукуматларининг алмаштирилишини англатади; Масиҳ барча куч ва ҳукмдорликни Ўз қўлига олиб, ер юзи устидан ҳукмронлик қиладиган ягона, ҳақиқий Подшоҳ бўлади” (Сисс).
к. “кийимининг сон қисмида: “шоҳларнинг Шоҳи, ҳукмдорларнинг Ҳукмдоридир” деган исм ёзилган”. Нима учун исм сон қисмида ёзилган? Чунки У отнинг устида ўтирибди ва бундай ҳолатда ёзув сон қисмидан яхшироқ кўринади.
2. 17-18 оятлар буюк базмга таклиф.
“Шундан сўнг мен қуёш устида турган бир фариштани кўрдим. У учиб кетаётган барча қушларга баланд овозда шундай хитоб қилди: “Худонинг буюк базмига келинглар! Шоҳлар, саркардалар, баҳодир жангчиларнинг жасадларини, оту суворилар, ҳамма қулу эркин, каттаю кичикнинг жасадларини ейиш учун тўпланинглар!”.
а. “қуёш устида турган бир фариштани”. Мана фаришта Худованд шуҳратидан қандай ёрқин порламоқда! У қуёш устида турганлигига қарамай, бу ёрқинлик кўриниб турибди. “Фаришта қуёш нурида туриб, қуёшнинг ўзидан ҳам ёрқинроқ порлаётганга ўхшайди” (Уолвурд).
б. “учиб кетаётган барча қушларга баланд овозда шундай хитоб қилди”. Бу Армагеддон жангида содир бўладиган оммавий ўлимга бўлган тайёргарлик бўлиб, “бу жангнинг тасвири, бизларни деярли ўзидан итарадиган даражада салбий кўринишда ифодаланган” (Эрдман).
в. “шоҳлар, саркардалар, баҳодир жангчиларнинг жасадлари”. Жасад сўзининг такрорланиши (5 маротаба), “инсониятнинг танавий хоҳиш истакларга берилиб, Худога қарши адоват олиб борганлигини англатади; ва ниҳоят Унинг сабри якунланган кун келди” (Барнхаус).
1) Ушбу оятда кўриб турганимиздек, жамоатнинг барча қатламларидаги инсонлар ҳукмга дучор бўлишади. Агар инсонлар юракларини Исога қарши қайиришда давом этаверсалар, дунёнинг кучлилари ҳам, паст табақа вакиллари ҳам бир ҳил Худонинг ғазабини татиб кўрадилар. “Худонинг нопоклар устидаги ҳукми, инсонларнинг табақаси ва лавозимига қарамайди; бу ҳаммани бир қаторга қўядиган буюк тенгловчидир” (Уолвурд).
г. “Худонинг буюк базмига келинглар”. Нюэлл Муқаддас Каломда тасвирланган туртта ҳар ҳил базмни (кечки овқат танаввули пайтини) белгилаб ўтган:
·Исо Ўз масалида айтиб ўтган “тўкин зиёфат” (Луқо 14:16-24);
·Исонинг қурбонлигини ёдга олган ҳолда амалга ошириладиган “Раббийнинг кечаси”;
·Қўзининг никоҳ кечаси;
·Худонинг буюк базми.
1) Агар сиз биринчи зиёфатга қилинган таклифни рад этаётган бўлсангиз, иккинчи зиёфат сиз учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди. Бу нарса учинчи зиёфатда сиз учун жой бўлмаслигини англатади, аммо тўртинчи зиёфатда сиз албатта бўласиз. Ҳар бир инсонга ушбу базмлардан ҳеч бўлмаганда бирида бўлиш имкони берилади. Бироқ,баъзилар байрамни нишонлашади, бошқалар учун эса, бу уларнинг устидан нишонланадиган байрам бўлади.
3. 19-21оятлар Исо Масиҳнинг жанги ва Унинг ғалабаси.
“Шунда мен махлуқни, ер юзи шоҳларини, уларнинг қўшинларини кўрдим. Улар от минган Чавандоз билан Унинг қўшинларига қарши жанг қилиш учун сафарбар бўлган эдилар. Махлуқ асир тушди. У билан бирга сохта пайғамбар ҳам асир олинди. Бу сохта пайғамбар махлуқнинг номидан мўъжизали аломатлар кўрсатганди, бу аломатлари билан махлуқнинг тамғасини олган ва унинг тасвирига сажда қилган одамларни алдаган эди. Махлуқни ҳам, сохта пайғамбарни ҳам олтингугурт ёнаётган олов кўлига тириклайин ташлашди. Бошқалар эса от минган Чавандознинг оғзидан чиққан қилич билан ўлдирилди. Ҳамма қушлар бўкиб қолгунча уларнинг гўштидан еди”.
а. “…уларнинг қўшинларини кўрдим. Улар от минган Чавандоз билан жанг қилиш учун сафарбар бўлган эдилар”. Баъзилар, шунчаки жанг орқали Исони ва Унинг самовий қўшинини тўхтатишга ҳаракат қиладиган даражада нодон бўлган инсонларни тасаввур қилиш жуда қийин деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрига кўра, бу қўшинлар бир бирлари билан курашиш учун тўпланадилар, аммо охир оқибат бор ғазабларини қайтиб келаётган Исога қаратадилар. Эҳтимол, шундай ҳам бўлар, бироқ, инсониятнинг Худога бўлган нафратини ва унинг нақадар нодон эканлигини тўғри баҳолай олиш керак.
1) “Бу гуноҳнинг даволаб бўлмайдиган аҳмоқлиги, доимо мағлубиятга учраётганлигига қарамай, Худога қарши курашишда давом этмоқда” (Нюэлл).
2) “жанг қилиш учун”. Бу энг биринчи гуноҳ амалга оширилган вақтдан бошлаб давом этаётган Худога қарши курашнинг мантиқий давомидир. Худога қарши жанг олиб бориш ғояси ақл бовар қилмас ғоя бўлиб туюлиши мумкин, бироқ Худонинг Ер юзига келганлиги ва инсонлар Уни ўлдирганлиги ҳақидаги ғоя сингари эмас.
б. Юҳанно жангнинг ўзини тасвирлаб бераётгани йўқ. Эҳтимол, бунинг сабаби жангни ҳақиқий жанг ёки кураш деб атаб бўлмаслигидадир; бу ҳукмнинг яна бир саҳнаси, бир томонлама жараён экалигидадир. “Армагеддон жанги – бу Худонинг инсоният мағрурлигининг энг юқори чўккиси устидан кулишидир” (Барнхаус).
в. “махлуқ асир тушди. У билан бирга сохта пайғамбар ҳам асир олинди”. Сохта пайғамбар билан махлуққа бўлган муносабат ўзига хос. Улар, улкан оқ тахт олдида олиб бориладиган ҳукм кунигача, тириклайин олтингугурт ёнаётган олов кўлига ташландилар (Ваҳий 20:11-15).
1) “Олтингугурт билан ёнаётган кўл, фақатгина жуда иссиқ ва куйдирадиган эмас, бадбўй ва ирингларга тўла бўлса керак” (Маунс).
2) Олов кўли биз учун дўзах, чунки биз дўзахни айнан шундай тасаввур қиламиз. Бу кўл ростдан ҳам мавжуд ва инсониятнинг энг муҳим вазифаси ушбу кўлга тушмасликка ҳаракат қилишдир.
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – ewm@enduringword.com