Ваҳий, 18 боб.
Тижораткор Бобилнинг қулаши.
А. Бобил қулаганлигининг эълон қилиниши.
1. Кириш: бу бобда ҳам 17- бобда сўз юритилган ўша Бобил ҳақида гапирилмоқдами?
а. Бу борада Муқаддас Каломни тадқиқот қилувчиларнинг фикри иккига бўлинган. Баъзилар ушбу бобларда иккита Бобил ҳақида: диний ва тижораткор (ёки моддий) Бобил ҳақида сўз юритилган, деб ҳисоблашади. Бошқалар эса ҳар икковига битта Бобилга қарагандай қарашади, чунки ҳар иккиси ҳам бир вақтнинг ўзида ҳукм килинган.
б. Албатта, биз 17- бобда тасвирланган Бобил билан 18- бобда тасвирланган Бобил орасидаги ўхшашликни кўриб турибмиз. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам Дажжолнинг бошқаруви остида, ҳар иккиси ҳам бетофиқликка тўлиб тошган, иккаласи ҳам Худонинг азизларидан нафратланиб, уларнинг қонларини тўкмоқда, ҳар иккиси ҳам бузуқ подшоҳларга қиёсланган ва ниҳоят иккаласи ҳам ҳукмга ва ҳалокатга маҳкум этилган.
в. Шунга қарамай, уларнинг орасида кескин фарқ мавжуд:
Диний Бобил (17 – боб) | Тижораткор Бобил (18 – боб) |
1. Исмларидан бири – “сир” | 1. Исмларидан бири – “Буюк Бобил” |
2. Тимсоли: фоҳиша | 2. Тимсоли: буюк шаҳар |
3. Рим билан таққосланади (мамлакатнинг ички қисмида жойлашган шаҳар ) | 3. Портли шаҳар билан таққосланади |
4. Аёл, фоҳиша, она | Бошпана, буюк шаҳар, бозор |
5. Диний жирканчликларда айбдор | 5. Очкўзликда, ўз хоҳиш истакларига эрк берганликда айбдор |
6. Илгари уни қўллаб қувватлаган сиёсатчилар томонидан йўқ қилинган | 6. Тўсатдан Худованднинг қўли орқали йўқ қилинган |
г. Менинг фикримча баъзи бир соҳалардаги фарқига қарамай, бу икки тузум бир бири билан чамбарчас боғлиқ. 17 -бобдаги Бобил етти йиллик Қайғу даврининг ўртасида ҳукм қилинади. Тижораткор Бобил эса ушбу даврнинг охирида ҳукм қилинади.
1) Башоратдаги бундай оралиқ масофа бизларни ажаблантирмаслиги керак. Эски Аҳдда Масиҳнинг келиши ҳақида нима дейилганлигини ёдингизга келтиринг:
–Михо пайғамбар Масиҳ Байтлаҳм шаҳридан келиб чиқади деб айтган (Михо 5:2);
–Хўшея пайғамбар Масиҳ Мисрдан келади деб айтган (Хўшея 11:1);
–Малаки пайғамбар Масиҳ маъбадга келади деб айтган (Малаки 3:1);
–Закариё Масиҳ Сионга келади деб айтган (Закариё 9:9);
–Ишаё пайғамбар Масиҳ Жалилага келади деб айтган (Ишаё 9:1-2).
2) Бу пайғамбарлардан қайси бири тўғрисини айтган? Ҳаммаси. Шунинг учун ҳам “Бобил вайрон бўлди” деган жумла, турли вақт мобайинида (яъни Қайғу даврининг ўртасида ва охирида) ҳалокатга учраган ҳар икки Бобилни (ҳам диний ҳам тижораткор Бобилни) назарда тутаётганлиги ҳайратланарли эмас.
д. Ёзилиш услубига асосан бу парча, нопок шаҳарларнинг қулаши ва ҳалокати ҳақидаги Эски Аҳд башоратларига ўхшайди. Фақатгина иккитагина мисол келтираман: Бобил (Ишаё 13, 14, 21 ва 50, 51- боблар) ҳамда Тир (Ҳизқиёл 26 – 28 – боблар).
2. 18–бобдаги Бобил ҳақиқатдан ҳам мавжуд шаҳарми ёки тимсолий шаҳарми?
а. Баъзилар Бобил келажакда Яқин Шарқда, Фурот дарёси ҳудудида қайта қурилади, деб ҳисоблашади. Ҳозирги пайтда бу жой Ироқ ҳудудидаги кимсасиз чўл.
1) Саддам Хусайн Бобил шаҳрини аввалги улуғворлиги билан қайта тиклаш истагини омма олдида эълон қилган дейишади. Агарда у шу истагини амалга ошира олганида эди, яқин шарқдаги нефт заҳиралари жойларини ҳисобга олган ҳолда шуни айтиш мумкинки, Бобил қайтадан бутун жаҳон иқтисодиётининг марказига айланган бўлар эди. Бироқ Саддам ўз истагини амалга ошира олмади.
б. Тижораткор Бобил, диний Бобил сингари тимсолий шакл эканлиги катта эҳтимолга эга. “Ер юзида бўлган вақтларидаёқ, дунё Унга ва Унга эргашганларга нисбатан қандай нафратга эга эканлигини айтиб ўтган эди (Юҳанно 15:18-19). Ахир бу дунё дин, тижорат ва сиёсат жуфтлиги бўлмай, яна нима бўлсин? Бошқача қилиб айтганда, Исо “дунё” деб нимани атаган бўлса, Бобил ўзининг барча кўринишларида шу тушунчага тўлиқ мос келади (Барнхаус).
1) «Шаҳарнинг вайрон бўлганлигини тасвирлаган ҳолда, инсониятнинг бутун тарихи давомида дунёга услубий таъсир кўрсатиб келган ёвузликнинг шайтоний тизими устидан ўрнатилган Худонинг ҳукмини ифодалаб бермоқда» (Джонсон).
2) “18- бобдаги матндан қуйидаги хулосага келиш мумкин: бу ерда Бобил кўпроқ сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан кўрилиб чиқмоқда, диний жиҳатдан эмас” (Уолвурд).
3.1-3 оятлар Буюк фаришта яқинлашиб келаётган ходисаларни эълок қилмоқда.
“Бундан кейин мен самодан тушиб келаётган бошқа бир фариштани кўрдим. Унда буюк ҳокимият бор эди. Унинг улуғворлигидан ер юзи ёришиб кетди. У қаттиқ ҳайқириб, шундай деди: Вайрон бўлди! Буюк Бобил вайрон бўлди! У жинларнинг макони, ҳар турли ёвуз руҳнинг паноҳи, ҳар қандай ҳаром ва жирканч қушнинг уяси бўлиб қолди. Ахир, барча халқлар Бобилнинг шаҳвоний ҳирси шаробидан ичганди. Ер юзи шоҳлари у билан зино қилганди, ер юзи савдогарлари унинг чексиз шаҳвати туфайли бойлик орттирганди.”
а. “унинг улуғворлигидан ер юзи ёришиб кетди”. Самодан тушиб келган фаришта, тўғри Худованднинг ҳузуридан чиқиб келмоқда, шунинг учун ҳам улуғворлиги ер юзини ёриштирмоқда. “У тўғри Худованднинг ҳузуридан келганлиги боис, қоронғу ва зим зиё Ер устидан учаётиб, ўз ортидан нурнинг кенг изини қолдирмоқда” (Суит)
1) “Ушбу фариштага қараб Масиҳни ўзини кўрамизми ёки шунчаки фариштани кўрамизми бунинг аҳамияти йуқ. Чунки у ҳам Униси ҳам буниси бўлиши мумкин” (Пул).
2) “Бошқа” деган жумла (юнонча allon) бу фаришта биз Ваҳийнинг 17:1 оятида кўрган фариштага ўхшаш эканлигини англатади” (Уолвурд)
б. “Вайрон бўлди! Буюк Бобил вайрон бўлди”. У Бобилнинг вайрон бўлганлигини эълон қилмоқда. Бу сўз “муқаррар ҳалокатга маҳкум бўлганга қарата айтиладиган қўшиқ сингари икки маротаба такрорланмоқда” (Робертсон).
в. “у жинларнинг макони бўлиб қолди”. Бу “инсоний мағрурликнинг ҳосили ва ютуқлари, даҳшатли ва нопок мавжудотларнинг турар жойига айланган мутлақ вайронгарчилик ҳақидаги башоратли суратдир” (Маунс).
г. “унинг чексиз шаҳвати туфайли”. Бобилнинг гуноҳи фақатгина бутпарастликда эмас (шаҳвоний ҳирси деган жумла бутпарастликни назарда тутади), унинг мағрурлигида, очкўзлигида ҳамда ўзининггина бойиб кетишини ўйлаганлигидадир.
4. 4-5 оятлар. Худонинг халқига Бобилдан чиқиш буйруғи берилмоқда.
“Шу пайт мен самодан келаётган бошқа бир овозни эшитдим. У шундай деди: Эй халқим, Бобилдан чиқиб кетинг! Тағин гуноҳларига шерик бўлиб қолманг, тағин сизлар ҳам Бобилнинг балоларига дучор бўлманг! Зеро, унинг гуноҳлари уйилиб кўкка етди, Худо унинг жиноятларини ёдга олди”.
а. “Эй халқим, Бобилдан чиқиб кетинг! Тағин гуноҳларига шерик бўлиб қолманг”. Худованднинг фарзандлари диний Бобилнинг бир қисмига айланганликларини тасаввур қилиш жуда қийин (аммо ушбу тузумнинг баъзи бир элементлари баъзан жамоатнинг ичига кириб олмоқда). Бироқ, тижораткор Бобил ўзининг жозибадор моддий бойликлари билан жамоатга доимо хавф солиб юради, шунинг учун ҳам ундан ҳимояланиш лозим.
б. “сизлар ҳам Бобилнинг балоларига дучор бўлманг”. Бу Садўмда яшаган Лутнинг ҳолатига ўхшаган ҳолатда бўлган иймонлиларга берилган огоҳлантиришдир (Ибтидо, 19- боб). Бу Худо халқи яшашига мўлжалланмаган, яқин орада вайрон бўлиб, йўқ бўлиб кетадиган жойда яшаётган Худо халқи ҳақидадир.
в. Каломда Бобилдан ва у билан боғлиқ бўлган барча дунёвий нарсалардан узоқлашишга даъват этадиган оятлар тез тез учраб туради:
1) “Кетинг, у ердан чиқиб кетинг! Ҳаром бўлганларга тегиб кетманг! Эй Эгамизнинг муқаддас ашёларини кўтарадиганлар, у ердан чиқинглар, покланинглар!” (Ишаё 52:11).
2) “Эй Исроил халқи, Бобилдан қочиб чиқинг! Бобилликларнинг юртини тарк этинг! Сурувни бошқариб кетаётган серкадай биринчи бўлиб чиқинг” (Еремиё 50:8).
3) “Эй халқим, чиқиб кет у ердан! Қочиб қол Менинг қаҳримдан! Жонингни қут қаргин!”(Еремиё 51:45).
4) “Имонсизлар билан шерик бўлманглар. Солиҳлик билан қабиҳликнинг орасида қандай алоқа бор?! Нур билан зулмат орасида қандай умумийлик бўлиши мумкин?! “ (2- Коринфликларга 6:14).
5) “Зулматнинг бесамара ишларида иштирок этманглар, аксинча, уларни фош этинглар”. (Эфесликларга 5:11).
г. “унинг гуноҳлари уйилиб кўкка етди”. Тижораткор Бобилнинг гуноҳлари бир бирининг устига устма уст ётиб, Бобилнинг минорасига ўхшаш тоғдай ўсиб борганлиги айтилган.
д. “Худо унинг жиноятларини ёдга олди”. Бутун моддий дунёни айнан мана шундай тақдир кутмоқда, иймонлиларга эса Худованд: “Мен уларнинг айбларини кечираман, гуноҳларини ҳеч қачон эсга олмайман” демоқда (Ибронийларга 8:12).
5. 6-8 оятлар. Бобилга чиқарилган ҳукмни амалга оширувчиларга қаратилган даъват.
“Бобил сизга нима қилган бўлса, Худо ҳам унга шуни қилсин! Қилмишига яраша икки баробар жазосини берсин! Ўзи тайёрлаган ичимликдан унга икки баробар ичирсин! Бобил қай даражада кеккайиб, кайф–сафо сурган бўлса, унга шу даражада азобу изтироб берилсин! Ахир, у дилида шундай демоқда: мен маликаман, бева эмасман, асло қайғу чекмайман. Шу боис унинг бошига балолар келади, у бир куннинг ичида ўлат, қайғу, қаҳатчиликка дучор бўлади. Уни оловда ёндиришади. Ахир, уни ҳукм қилувчи Эгамиз Худо қудратлидир!”.
а. “Бобил сизга нима қилган бўлса, Худо ҳам унга шуни қилсин”. “Шуни қилсин” деб таржима қилинган қадимги юнонча сўз (apodidomi) том маънода “қарзни тўлаш” ёки “қарзни қайтариш” деган маъноларни англатади. Худо Бобилга қилмишига яраша беради.
б. “Қилмишига яраша икки баробар жазосини берсин! Ўзи тайёрлаган ичимликдан унга икки баробар ичирсин”. Эски Аҳдда, ўғирлик содир бўлган ҳолатларда, кўрилган зарар икки баробар қилиб қайтарилган (Чиқиш 22:4-9). Эҳтимол, бу оят Бобил ўз бойлигини қандай йўллар билан яъни нопок битимлар орқали кўпайтирганлигини кўрсатмоқдадир.
в. Ушбу парчада Бобилнинг уч ҳил гуноҳи бизларга кўрсатилмоқда. Биринчидан ўз эҳтирос ва ҳирсларига берилганлиги (кайф–сафо сурган). Иккинчидан, мағрурликка берилганлиги (кеккайиб.. мен маликаман). Учинчидан, бутун кучи билан қийинчиликлардан қочишга ҳаракат қилганлиги (бева эмасман, асло қайғу чекмайман). Ушбу учта ҳислатнинг ҳар бири дунёвий фикр юритадиганларга ва материализмга ҳосдир.
г. “Шу боис унинг бошига балолар келади,у бир куннинг ичида ўлат, қайғу, қаҳатчиликка дучор бўлади”. Тижоратчи Бобил кутилмаганда илдизи билан йўқ қилиниб юборилади (уни оловда ёндиришади).
Б. Тижоратчи Бобил устидан қилинадиган фарёд.
1. 9-10 оятлар. Подшоҳларнинг фарёди.
“Бобил билан зино қилиб, кайф–сафо сурган ер юзи шоҳлари ёнаётган Бобилнинг тутунини кўриб, унинг ҳолига ҳўнграб йиғлайдилар. Бобилнинг азоб–уқубатидан даҳшатга тушиб, узоқдан туриб, дейдилар: эй буюк шаҳар, ҳолингга вой! Эй қудратли Бобил, ҳолингга вой! Сен бир соатдаёқ жазоингни олдинг!”.
а. “Бобилнинг азоб–уқубатидан даҳшатга тушиб, узоқдан туриб”. У ёндирилганда, оловнинг алангаси ва тутуни шу даражада кучли ва даҳшатли бўладики, подшоҳлар бу ҳолатни узоқдан туриб кузатишларига тўғри келади. Баъзилар, бу оят, катта савдо сотиқ шаҳарларига нисбатан ядровий қуроллар қўлланилишини кўрсатиб бермоқда, деб ҳисоблашади.
1) “Барча башоратларнинг сирли, мафғум ҳислатларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу оятда Рим шаҳрининг том маънода ёқиб юборилиши ҳақида сўз юритилмоқда, деб таъкидлаш жуда қийин” (Алфорд).
б. “Эй буюк шаҳар, ҳолингга вой! Эй қудратли Бобил, ҳолингга вой!”. “У қора ҳазил билан, ҳалокатли оловдан хавфсиз масофада турган ва бу шаҳар устидан бекорга мотам тутаётган шоҳларни тасвирламоқда” (Суит).
2. 11-17а. Савдогарларнинг фарёди.
“Ер юзи савдогарлари ҳам унинг ҳолига йиғлаб, мотам тутадилар. Чунки уларнинг молини энди ҳеч ким сотиб олмайди. Олтин, кумуш, жавоҳирлару марваридларни, майин зиғир матоси, шойи, сафсару қирмизи газламаларни, турли хил хушбўй ёғочларни, фил суягидан ясалган ҳар хил буюмларни, энг қимматбаҳо ёғочдан, бронзадан, темирдан ва мармардан ясалган буюмларни, долчин, зираворлар, хушбўй тутатқилар ва миррани, шароб, зайтун мойини, олий навли ун ва буғдойни, мол–қўйларни, отлару араваларни, одамларнинг жонини, танасини ҳам сотиб оладиган бошқа ҳеч ким бўлмайди. Савдогарлар шундай деб айтишади:Эй Бобил, сен орзу қилган неъматларинг йўқ бўлди. Ҳашамату савлатинг ном–нишонсиз ғойиб бўлди. Ҳа, ўша молларини Бобилга сотиб, бойиб кетган савдогарлар Бобилнинг азоб–уқубатидан даҳшатга тушиб, қайғуриб йиғлайдилар: ҳолингга вой! Эй буюк шаҳар, ҳолингга вой! Сен майин зиғир матосидан кийим кияр эдинг, сафсару қирмизи либослар ила ясанардинг. Олтин, жавоҳирлару марваридлар ила безанардинг. Шундай бойлигинг бир соатдаёқ нобуд бўлди–я! Ҳар бир кема дарғаси, кемадаги йўловчилар, денгизчилар ва денгизда савдо–сотиқ қилувчиларнинг ҳаммаси узоқдан Бобилга қараб турадилар”.
а. “олтин, кумуш, жавоҳирлару марваридларни”. Бу катта рўйхат чуқур изоҳларга муҳтож эмас; фақатгина шу нарсани айтиб ўтаманки, бу оятда санаб ўтилган нарсалар энг асосий керакли нарсалар эмас, балки ҳашаматнинг буюмларидир. Савдогарлар ўзларининг шаҳсий фойдаларини йўқотганликлари учунгина йиғлаётганлари очиқ кўриниб турибди (сотиб оладиган бошқа ҳеч ким бўлмайди).
1) “Бу дунёнинг бойликларига берилиб, шу вақтнинг ўзида ушбу бойликларни берувчи Худовандга нисбатан бефарқ бўлишликнинг умумий тасвири” (Уолвурд).
3. 17б – 19 оятлар. “Кемасозларнинг” фарёди.
“Ҳар бир кема дарғаси, кемадаги йўловчилар, денгизчилар ва денгизда савдо–сотиқ қилувчиларнинг ҳаммаси узоқдан Бобилга қараб турадилар. Шаҳардаги ёнғиндан чиқаётган тутунни кўриб, шундай фарёд қиладилар: бу буюк шаҳарга тенг келадигани йўқ! Улар бошларига кул сочиб, фарёд чекиб, қайғуриб, дод соладилар: ҳолингга вой! Эй буюк шаҳар, ҳолингга вой! Денгиздаги кемаларга эга бўлганлар сенинг зийнатларинг туфайли бойлик орттирдилар. Энди эса сен бир соатдаёқ хароб бўлдинг!”.
а. “Эй буюк шаҳар, ҳолингга вой! Денгиздаги кемаларга эга бўлганлар сенинг зийнатларинг туфайли бойлик орттирдилар”. Ушбу оятда мужассамлашган фикр ҳам, маҳсус изоҳларга муҳтож эмас. Буларнинг ҳам тижораткор Бобилнинг ҳалокатини кўриб қилаётган фарёдлари, худбин сабабларга асосланган.
4. 20- оят. Само ва Худонинг халқи қувонишга даъват қилинмоқда!
“Эй само, унинг ҳолидан шодлангин, эй Худонинг азизлари, хурсанд бўлинг, ҳаворийлару пайғамбарлар, севининг! Зеро, Худо сизларни деб, Бобилни жазолади”.
а. “хурсанд бўлинг”. Ҳукм вақти келганида, Худонинг фарзандлари қувонишлари керакми? Ҳа, бироқ бизнинг қувончимиз вайронгарчилик ва ҳалокатлар далилларига асосланмаган. Биз Худонинг ҳукми адолатли эканлигини билганлигимиз учун ҳам қувона оламиз.
В. Финал: Тижораткор Бобилнинг ҳалокати туфайли куйланган мотам қўшиғи.
1. 21 -оят. Фаришта Бобилнинг қулашини кўрсатиб бермоқда.
“Кейин кучли бир фаришта тегирмон тошига ўхшаш катта тошни кўтариб, денгизга улоқтирди–да, шундай деди: мана шундай шиддат билан буюк шаҳар Бобил қулайди! Энди у асло қад кўтармайди”.
а. “кейин кучли бир фаришта тегирмон тошига ўхшаш катта тошни кўтариб, денгизга улоқтирди”. Бу ҳолат бизларга, Еремиё Сараёга ўрама қоғозга бир тошни боғлаб, уни Фурот дарёсига улоқтириб юборишини буюрганлигини эслатади: “Бобил ҳам шунга ўхшаб чўкиб кетади. Эгамиз Бобилга ёғдирадиган кулфатлар туфайли Бобил ҳеч қачон ўнгланмайди. Унинг бутун аҳолиси ўлади” (Еремиё 51:61ғ64).
1) Бундан ташқари, бу ҳолат бизларга Исонинг Матто 18:6 оятда айтган сўзларини эслатади: “Кимки Менга ишонган бу кичиклардан биронтасини йўлдан оздирса, унинг бўйнига улкан тегирмон тошини осиб денгиз чуқурлигига чўктирилиши у учун яхшироқ бўлар эди” . Бу оят Ваҳийнинг 18 бобидаги тасвирга тўғри келади, чунки Бобил ҳам кўпларни йўлдан оздирган.
б. “шиддат билан буюк шаҳар Бобил қулайди! Энди у асло қад кўтармайди”. Кун келиб, улкан тоғ денгиз қарига қулаб тушганидай, дунёвий тизим ҳам қулайди.
1) Бу ҳалокат бизларга ҳам таъсир қиладими? Ҳаммаси бизнинг ўзимизга, тижораткор Бобилнинг дунёвий фикрлашию ҳамда материализмга қай даражада жалб қилинганлигимизга боғлиқ.
2. 22 – 23 оятлар. Бобил ҳамма томонидан ташлаб кетилган, кимсасизланган ва ўз қудратидан айрилган.
“Арфачилару ашулачиларнинг овозлари сенда эшитилмас, найчию карнайчиларнинг куйи сенда янграмас. Энди биронта ҳунарманд сенда устахона очмайди. Тегирмон тошининг товуши кўчаларингда эшитилмайди. Энди кўчаларингдаги чироқлар шуъла сочмайди, куёв билан келиннинг овози эшитилмайди. Зеро, савдогарларинг бутун дунёга сўзини ўтказарди, сеҳр–жодуларинг дастидан жамики халқлар алданган эди”.
а. “сенда эшитилмас.. сенда янграмас… сенда устахона очмайди.. эшитилмайди… шуъла сочмайди”.Юҳанно ёрқин ва жонли шоирона тил орқали аввал ги жўшқин савдо сотиқ ишларидан маҳрум бўлиб қолган кимсасиз Бобилни тас вирламоқда.
б. “сеҳр–жодуларинг дастидан жамики халқлар алданган эди”. “Сеҳр–жоду” деб таржима қилинган сўз, юнонча pharmakia бўлиб, “дори тайёрлаш” деган маъ нони билдиради. Тижораткор Бобилнинг ҳашамати ва бойлиги, алданчи рекламалар “озиқлантирадиган” гиёвандликка бўлган қўлликка ўхшайди.
3. 24 -оят. Тижораткор Бобил устидан амалга оширилган ҳукмнинг асосий сабаби: у пайғамбарларни ва азизларни ўлдирган.
“Пайғамбарлар ва Худо азизларининг қони кўчаларингда тўкилди, ҳа, ер юзида қирғинга дучор бўлганлар сенда ўлдирилди”.
а. “пайғамбарлар ва Худо азизларининг қони тўкилди… қирғинга дучор бўлганлар ўлдирилди”. Бу шаҳар бутун дунёвий тизимнинг тимсоли эканлигининг яна бир далили. Чунки “ер юзида қирғинга дучор бўлганлар”нинг ҳаммаси учун жавобгар бўлган бошқа бирорта шаҳар мавжуд эмас.
б. Худо, Унинг халқига уюштирилган қувғинни, Шахсан Унга қилинган ҳақоратдай қабул қилади. Худо халқига ҳужум қилганлар, Худога ҳужум қилган бўлишади.
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – ewm@enduringword.com