Ваҳий, 14 боб
Худо ғалабасининг ва Маҳлуқ мағлубиятининг тимсоллари
А. 144.000 кишилик оломоннинг тақдири.
1. 1-3 оятлар Қўзи ва 144 000 киши Сион тоғида.
«Мен Сион тоғида Қўзининг турганини кўрдим. Қўзи билан бирга 144.000 киши бор эди. Уларнинг пешаналарига Қўзининг ва Отаси Худонинг исми ёзилганди. Шунда мен самодан бир товуш эшитдим. Бу товуш денгизнинг шовуллашидай, гумбурлаган момақалдироқ товушидай эди. У худди арфа чалаётган чолғучиларнинг куйига ўхшарди. Ўша 144.000 киши тахт олдида, тўртта жонли мавжудот ва оқсоқоллар олдида янги бир қўшиқ куйлаётган эдилар. Дунёдан қутқариб олинган бу 144.000 кишидан бошқа ҳеч ким бу қўшиқни ўргана олмас эди».
а. «Мен Сион тоғида Қўзининг турганини кўрдим. Қўзи билан бирга 144.000 киши бор эди». Охирги марта биз бу 144 000 минглик оломонни, Ваҳийнинг 7- бобида учратган эдик ва бу оломон Буюк Қайғу даврида Худога хизмат қиладиган, Худованддан ўша вақтда уларни ҳимоя қиладиган муҳрга эга бўладиган яҳудий имонлилар бўлишини билиб олган эдик. Бу ерда эса биз, уларнинг Қўзи билан биргаликда Сион тоғида турганликларини қўрмоқдамиз, демак улар Буюк Қайғу давридан эсон-омон ўтиб олишган. 13- бобдаги маҳлуқ 144 000 киши устидан ғалаба қозона олмаган; бу оломон ғолиб бўлиб чиққан, курашнинг охиригача таслим бўлмаган ва мана энди Исонинг ёнида туриб, Худога сажда қилмоқда.
1) Ваҳий китобининг 14-бобида биз, 13-бобда қўйилган иккита саволга жавоб топа оламиз. 13-бобдаги маҳлуқ «Худо азизлари билан кураш олиб бориб, уларни енгишга» қодир қўрқинчли ва чуқур таассурот қолдирадиган маҳлуқ эди (Ваҳий 13:7). Шунинг учун ҳам ўз – ўзидан келиб чиққан ҳолда, «наҳотки маҳлуқ Худонинг бутун халқи устидан ғалаба қозонса» деган савол туғилади. 144 000 кишининг Қўзи билан биргаликда Сион тоғида турганлиги, бу саволга салбий жавобни беради. Иккинчи савол шайтоний ҳукмдорнинг ўзи билан боғлиққуйидаги саволдир: «маҳлуқва унинг издошларини нима кутмоқда?». Бу саволга жавобни, Ваҳийнинг 14-боби беради.
2) 7- бобда 144 000 кишини Буюк Қайғу даврининг илк бошида кўришимиз мумкин. 14 – бобда эса бу оломон Буюк Қайғу даврининг энг охирида, ғалабадорлар сифатида намоён бўлаётганликларини кўришимиз мумкин.
б. «Сион тоғида». Нима учун улар айнан Сион тоғида туришибди? Сион – Қуддус шаҳри қурилган тепаликларнинг қадимги номи, Нажоткор айнан шу жойга Ўз иймонлиларини тўплаб, ўша ердан туриб, бутун Ер юзи устиданҳукмронлик қиладиган жой (Сано 47; Ишаё 24:23; Йўэл 2:32, Ободиё 17, 21; Михо 4:1,7).
1) Баъзи бир шарҳловчиларнинг фикрига кўра, ушбу оятдаги Сион тоғи бу – самовий Сиондир (самовий Сион ҳақида Галатияликлар 4:26 оятда айтилган). Агар шундай бўлса, демак 144 000 киши маҳлуқнинг қурбонларига айланишган ва энди Исо билан биргаликда самода туришибди. Аммо, менинг фикримча, бундай нуқтаи назар умуман матнга тўғри келмайди. Чунки «шоҳидларнинг пешанасига Худонинг тамғаси қўйилганлигидан нима фойда» деган савол туғилади (Ваҳий 7:4).
2) 144 000 минглик оломон оловли чуқурликдан омон чиққан яҳудий ўсмирларига ўхшайди (Дониёр 3:19-25). Улар, Худо Ўз халқини асрай олишини исботлаб беришган эди.
в. «Уларнинг пешаналарига Ота Худонинг исми ёзилган эди». Иблис ва маҳлуқ издошларининг пешаналари ёки қўлларига маълум бир нишон ёзилган бўлади (Ваҳий 13:16-17). Бироқ, бу нарса, Ота-Худо Унга тегишли бўлганликларини курсатиш учун Ўзининг содиқ 144 000 оломонининг пешанасига қўядиган муҳрга қилинган таҳлиддир.
1) «Ота-Худонинг исми пешанасига ёзилган бу инсонлар кимлар? «Б»- баптистлар, «В»- веслианлар, ёки «Д»- давлат дини деб пешанасига ёзилган дегани эмас бу. Уларнинг пешаналарига фақат Отанинг ва фақатгина Унинг исми ёзилган. Ер юзида яшаб туриб, бизларни бир биримиздан ажратиб турадиган нарсалар атрофида кўпинча кераксиз шовқинларни кўтарамиз! Қайси жамоат ёки йуналишга тегишли эканлигимиз ҳақида кўп қайғурамиз! Агар жаннат дарвозалари олдига келиб, ичкарида бирорта баптист борми, деб сўраганингизда, фаришта ҳайратланган ҳолда, сизга жим қараб турган бўларди; ёки фариштадан, ичкарида веслианлар ёки давлат динига тегишли одамлар борми, деб сўраганингизда, у сизга: «бундай инсонларнинг ҳеч бири бу ерда йўқ» деб жавоб берган бўлар эди. Аммо, агар сиз ичкарида масиҳийлар борми, деб сўраганингизда: «Ҳа, бор ва жуда кўп! Энди уларнинг ҳаммаси – бир хил, бир ном билан аталишади; эски исмлар бекор қилинди, энди улар инсоний имслар билан аталишмайди. Улар пешаналарида муҳрланган Худонинг, ўз Оталарининг имси билан аталишади, деб жавоб берган бўлар эди» (Сперджен).
г. «бу товуш денгизнинг шовуллашидай, гумбурлаган момақалдироқ товушидай эди». Бу Худованднинг овози (Ваҳий 1:15, 4:5). Эҳтимол, бу ерда, Матто 25:21 оятда: «баракалла яхши ва содиқ хизматкор» деб айтилганидек, Худованд ҳам 144 000 кишига содиқликларидан мамнун эканлигини эълон қилаётгандир.
д. «У худди арфа чалаётган чолғучиларнинг куйига ўхшарди». Агар ёдингизда бўлса, Ваҳий 5:8 оятдаги оқсоқолларда чанг асбоби бор эди. Эҳтимол, бу ерда биз, 144 000 кишининг олдин янграмаган, янги қўшиқларини куйлаб, Худога қилаётган саждаларига жўр бўлаётган ўша оқсоқолларнинг мусиқаларини эшитаётгандирмиз.
е. «тахт олдидаянги бир қўшиқ куйлаётган эдилар». Ваҳий 14:1 оятда, биз 144 000 кишининг ердаги Сион тоғида тик турганликларини кўришимиз мумкин. Аммо, шу билан бир қаторда ҳамду сано ва сажда уларни тўғри Худонинг ҳузурига, Унинг тахти олдига олиб чиқмоқда. Биз Худовандга сажда қилиб, Уни ҳамду саноларда улуғлаганимизда, бизнинг овозларимиз ҳам осмонда, Унинг ҳузурида янграши мумкин
1) «Ҳамду-сано пайтида, Худо ҳузуригача кўтарилиш – инсон жони учун энг юксак ҳолатдир. Бизнинг ҳамдлар айтишимизга сабаб бўлаётган Худованднинг раҳм-шавқатини қабул қилиш – жуда ажойиб, бироқ, шу раҳм-шавқат туфайли ҳамду-сано сизни тўлдириб, тўлиқ қамраб олса, бу янада ажойиброқ ва гўзалроқдир. Дарҳақиқат, ҳамду-сано бу – очиқ осмонлар, очиқ осмонлар эса бу – ҳамду сано деганидир! Ибодат қилаётганимизда гўёки осмонни ерда ҳис қилаётгандай бўламиз, бироқ, ҳамду сано – бу осмонда бор бўлган барча нарсаларнинг туб моҳиятидир. Худога ҳурмат ва эҳтиром ила таъзим қилган ҳолда, сиз ўз ибтидоингизнинг энг юқори нуқтасига етиб борасиз» (Сперджен).
2) «Осмонга борадиган вақтимизни кутиб ўтирмай, ҳозирданоқ, ерда бўла туриб, биз янги қўшиқни ёд олишимиз лозим. Бу Ер юзида сиз, биз учун қурбон бўлган ва бизларга инъом сифатида берилган иноят ва севгининг «ноталари ёзувини» ўрганмоғингиз лозим. Ушбу мусиқани жуда яхши ўрганиб олиш орқали, сиз ҳам ер юзида, ҳам самода, уни абадийликнинг уйғунлиги билан боғлаган ҳолда, Худовандга миннатдор юракнинг эҳтиромларини йўллаш иқтидорига эга бўласиз» (Сперджен).
2. 4-5 оятлар 144 000 кишининг тасвири.
«Бу одамлар булғанмаганлар, бокира қизлардай ўзларини пок сақлаганлар. Қўзи қаерга борса, Унинг орқасидан эргашганлар. Инсонлар орасидан қутқариб олинган бу одамлар илк ҳосил сингари, Худо ва Қўзига назр қилинганлар. Уларнинг тилида ёлғон–макр йўқ, улар бенуқсондирлар».
а. «бокира қизлардай ўзларини пок сақлаганлар». Кўпчилик 144 000 минглик оломоннинг бокиралиги ҳақидаги эслатмани, шунчаки уларнинг поклиги тимсолидай қабул қилишади (2-Коринфликларга 11:2 оятга қаранг). Шунга қарамай, Павлус оғир дамларда, уқубат пайтларида, жинсий алоқадан ўзини тийишликни ўрганишга ҳаракат қилишни маслаҳат берган (1- Коринфликларга 7:25-35), Исо эса «ўша куни» болаларга ва оилали инсонларга «вой» бўлишини айтиб ўтган (Матто 24:19-21). Буюк Қайғу даврида ушбу 144 000 кишини, Худованд, Унинг Шоҳлиги йўлида оила қуришдан воз кечиб, бокираликка даъват қилганлигини тасаввур қилиш қийин эмас.
1) «Бокира» деган тушунчани кўпроқ эркакларга нисбатан эмас, аёлларга нисбатан қўллаш одат бўлиб қолган. Унда 144 000 кишининг ҳаммаси – аёлларми? Албатта, бундай эмас. Буюк юнон илоҳиётчиси А.Т.Робертсонга асосан, parthe – nosсўзи, аёлларни ҳам, эркакларни ҳам назарда тутиши мумкин.
2) Агар «бокира» деган атама умуман олганда тозаликни англатадиган бўлса, бу нарса 144 000 кишининг Исроил билан боғлиқлигини мустаҳкамлайди. «Муқаддас Каломда жуда кўп маротаба Исроил ҳақида «Сионнинг бокира қизи» сифатида (4-Шоҳлар 19:21, Ишаё 37:22), «Сионнинг қизлари» сифатида (Марсия 2:13), «Исроилнинг бокира қизи» сифатида (Еремиё 18:13, 31:34; Амос 5:2 ) эслатиб ўтилган» (Уолвурд).
б. «Қўзи қаерга борса, Унинг орқасидан эргашганлар». Бу 144 000 киши – Исроил меросининг бир қисмидир (Ваҳий 7:4-8). Шу билан бир қаторда уларнинг Исо Масиҳга иймон келтирганлардан эканликлари шубҳасиздир, акс ҳолда улар Қўзи билан бирга тоғда турмаган, «Қўзи қаерга борса, Унинг орқасидан эргашмаган» ва «бенуқсон» бўлмаган бўлар эдилар.
1) Буюк Қайғу даврида нажот топадиган сон саноқсиз инсонларнинг ҳар бири, бугунги кунда инсонлар қандай нажот топаётган бўлса, худди шундай нажот топади: яъни иноят орқали Исо Масиҳга иймон келтирган ҳолда нажотга эришади. Жамоат осмонга кўтарилганидан кейин, Худонинг Ер юзида жамоат устида олиб борган ишлари ўз якунига етишига қарамай, инсоннинг нажот топиш ва Худованднинг улкан оиласига, Жамоатдан олдин ва кейин нажот топган барча инсонларни ўз ичига оладиган оиласига қўшилишнинг йўли ўзгармас бўлиб қолаверади.
в. «Инсонлар орасидан қутқариб олинган бу одамлар илк ҳосил сингари, Худо ва Қўзига назр қилинганлар». 144 000 киши – буюк ҳосилнинг биринчи меваларидир; улар «тўнғичлар», «Исроилнинг бенуқсон ўзаги, нажот топган бутун халқнинг тимсолидирлар» (Уолвурд).
1) Бу инсонлар «тўнғичлар» деб аталганликлари боис, кўпчилик уларни Худонинг Буюк Қайғу даврида режалаштирган улкан ҳосилини амалга ошириш йўлида Унинг «асбоблари» бўлишади, деб ҳисоблашади. Ваҳий 7:9 оятда ушбу давр пайтида нажот топган кўпгина инсонлар тасвирланган ва эҳтимол, айнан мана шу тўнғичлар яъни 144 000 киши ўша нажот топган инсонларга Хушхабарни айтишгандир.
Б. Самовий эълон.
1. 6-7 оятлар. Фаришта Хушхабарни ваъз қилмоқда.
«Шундан кейин бошим узра учиб бораётган бир фариштани кўрдим. Бу фаришта ер юзида яшовчи ҳар бир халқ ва қабилага, ҳар қандай миллату элатга абадий Хушхабарни эълон қилаётган эди. У баланд овозда шундай деди: “Худодан қўрқинг, Уни улуғланг! У халқларни ҳукм қиладиган вақт келди. Еру осмонни, денгизу булоқларни Яратганга сажда қилинг!».
а. «Шундан кейин бошим узра учиб бораётган бир фариштани кўрдим. Бу фаришта ер юзида яшовчи ҳар бир халқ ва қабилага, ҳар қандай миллату элатга абадий Хушхабарни эълон қилаётган эди». Фаришта фақатгина Хушхабарни ваъз қилибгина эмас, балким Худонинг ҳукмини ҳам эълон қилмоқда (У халқларни ҳукм қиладиган вақт келди). Буюк Қайғу даврида нажот топганларнинг сон- саноқсиз эканлиги ажабланарли эмас (Ваҳий 7:9-14), ахир бу пайтда Ер юзига тўкилаётган Худонинг ғазаби ҳаммага кўриниб турибди.
1) Бугунги кунда кўпгина воизхонлар ўз хизматларини ёки ўзларининг технологияларини мана шу «учиб юрган фаришта» билан қиёслашни жуда ёқтирадилар. Ойнаи жаҳон орқали намойиш этиладиган хизматлардан бири, ўзининг сунъий йўлдош антенасини «Биринчи Фаришта» деб номлаган, эҳтимол, айнан улар ушбу оятнинг ижобати бўлишга умид қилаётгандирлар. Бугунги кунда содир бўлаётган воқеаларни ёки технологияларни оятдаги фаришта билан боғлаш янгилик эмас. 18- асрнинг охирида, Адам Кларк шундай деб ёзган эди:«Ушбу оятда тасвирланган кўриниш, яқин орада шаклланган, Эски ва Янги Аҳдни ер юзида машхур бўлган тилларга таржима қилиб, уларни бутун ер юзига ёйишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган «Британия ва халқаро Инжил жамоати»нинг тимсоли бўлиб хизмат қилиши мумкин».
2) 17- асрнинг охирида Джон Трапп ҳам ушбу сўзларнинг ижобатини кўрган: «Бу ерда кўпчилик томонидан ҳурматга сазовор ва Рим Папасига қарши икки юз жилддан ортиқ амалий ишларни ёзган Джон Уиклиф ҳақида сўз юритилаётганга ўхшайди».
б. «Худодан қўрқинг, Уни улуғланг». Бутун дунё аҳолисига қарата фаришта айнан мана шу сўзларни айтмоқда. Улар чин юракдан Худони улуғлаб, Унга сажда қилишлари мумкин, ёки сал вақт ўтганидан кейин, ўз иродалари билан эмас, мажбурий ҳолда бу нарсани амалга оширишлари мумкин.
1) Шубҳасиз, кун келиб ҳамма Худони улуғлайди. «Шунинг учун Худо Уни энг юқорига юксалтирди ва Унга ҳар қандай исмдан юқори исмни ато этди. Токи Исонинг олдида еру осмондаги ва ер остидаги борлиқ жон тиз чўксин, ҳар бир тил Исо Масиҳни Раббий деб тан олиб, Отамиз Худога шараф келтирсин» (Филипликлар 2:9-11).
2) «Бундай инсонларнинг тақдирида аянчли бир киноя мавжуд: улар ҳақиқатни рад этган ҳолда, ўзларини абадий лаънатга гирифтор қилмоқдалар, аммо бир кун келиб, уларга ушбу ҳақиқат билан тўқнашишга тўғри келади. Ўз иродалари билан Яратгувчи Тангрига бермаётган шон-шарафни, эртами кечми Унинг ғазаби олдида туриб беришларига тўғри келади» (Киддл).
3) Юҳанно, «абадий Хушхабар» ҳақида сўз юритмоқда; эҳтимол, бу Хушхабар биз ҳозир эшитаётган Хушхабардан фарқ қилар. Бу, Хушхабар умуман бошқача бўлади дегани эмас; бу Хушхабар бошқа давр пайтида, махсус бир вақтда, қайғу даврининг охирги бобигача тирик қоладиганларга ваъз қилинади дегани. «Эҳтимол, Хушхабарнинг янграшида қандайдир бир ўзига хослик бўлар… Биз биладиган ўша Хушхабар, фақат Худонинг ҳукми пайтига хос тарзда маълум бир кўринишда айтилади. Чунки Худони рад этаётган ушбу дунёга иноятнинг сўзлари таъсир ўтқазиши даргумон» (Сисс)
в. «ҳар бир халқ ва қабилага, ҳар қандай миллату элатга». Бу отяда биз Исонинг Матто 24:14 оятда айтган сўзларининг, яъни Мен келишимдан олдин Инжил Хушхабари бутун дунёга тарқалади, деган сўзларининг ижобити кўраётгандирмиз. Бироқ, бу нарса бугунги кунда Хушхабарни айтиш вазифасига бефарқ бўлган инсонларни оқлай олмайди. Худованд, Хушхабарни етказишни фаришталарга эмас, Ўз халқига буюрган.
1) Нима бўлган тақдирда ҳам, бу оят – Янги Аҳддаги, фаришталар Хушхабарни айтаётганликлари ҳақида сўзлаб берадиган ягона оятдир. Ўзининг буюк донолиги орқали Худованд бу маъсулиятни, инсоннинг зиммасига юклашга қарор қилди (баъзи бир истисноларни ҳисобга олмаганда).
2. 8 оят Фаришта Бобилнинг қулашини эълон қилмоқда.
«Унинг кетидан иккинчи фаришта учиб келиб, шундай деди: вайрон бўлди! Буюк Бобил шаҳри вайрон бўлди! Бобил шаҳвоний ҳирси шаробидан хамма халқларга ичирганди».
а. «Бобил вайрон бўлди». Бобил ҳақида 17 – бобга етиб борганимизда, батафсилрок сўз юритамиз. Бу ерда эса энг муҳими Бобил, инсониятнинг Худога қарши йўналтирган қўзғолонининг уюшган шакли эканлигига эътибор қаратишликдир.
1) «Башоратли мантларда, кўпинча Бобил деганда, айнан шаҳарни, бироқ, баъзан диний ёки сиёсий тузумни, умуман қилиб айтганда, тарихий Бобилнинг нопок улуғворлиги билан боғлиқ барча нарсани тушунишади» (Уолвурд)
б. «Бобил шаҳвоний ҳирси шаробиданҳамма халқларга ичирганди». Бобил барча халқларга шаҳвоний шаробдан ичирганлиги ҳақида ўқиганимизда, асосий ғоя қуйидагидан иборат эканлигини билишимиз лозим: бу ерда руҳий шаҳвонийлик ҳақида, турли хил худоларга сиғиниш ҳақида сўз юритилмоқда. Нима бўлган тақдирда ҳам, руҳий шаҳвонийлик жисмоний шаҳвонийлик билан боғлиқ эканлиги бизни ҳайратлантирмайди.
3. 9-11 оятлар Учинчи фаришта яқинлашаётган Худонинг ҳукми ҳақида огоҳлантирмоқда.
«Уларнинг кетидан учинчи фаришта учиб келиб, баланд овозда шундай деди: кимки махлуққа ва унинг тасвирига сажда қилиб, пешанаси ёки қўлига тамға қабул қилса, у Худонинг ғазаб шаробидан ичади. Қаҳр косасига қуйилган бу шароб ниҳоятда кучлидир. Бундай одамлар муқаддас фаришталар ва Қўзи олдида ёнаётган олтингугурт ичида азоб чекадилар. Азобларининг тутуни абадулабад бурқираб туради. Махлуқ ва унинг тасвирига сажда қилиб, махлуқ номли тамғани қабул қилганлар кечаю кундуз тинчлик билмайдилар».
а. «кимки махлуққа ва унинг тасвирига сажда қилиб, пешанаси ёки қўлига тамға қабул қилса». Иблисга ва унинг тасвирига бўлган сажда, пешана ёки қўлгақўйиладиган тамға билан боғлиқ эканлиги ҳақидаги эслатма. Ҳеч ким беҳосдан ёки шунчаки тамғага эга бўлмайди. Маҳлуққа қилинадиган сажда билан тамғанинг ўзаро боғлиқлиги кундай равшан.
1) Ер юзи аҳолиси учун тамғага эга бўлиш, бегуноҳ бир оддий ҳодисадай туюлиши мумкин. Уларнинг нигоҳида бу нарса «содиқлик қасамёди»дай ёки Дажжол ҳамда унинг ҳукумати тарафдори эканликларини билдирувчи бир белгидай кўриниши мумкин. Масиҳийлик даврининг биринчи асрларида, худди шунга ўхшаш ҳолат бўлган, бутпарастлар орасида «Қайсар-Худо» деб императорнинг ҳайкали олдида тутатқи тутатиш оддий ва бегуноҳ иш, фуқаролик бурчининг амалга оширилиши бўлиб ҳисобланган.
б. «у Худонинг ғазаб шаробидан ичади. Қаҳр косасига қуйилган бу шароб ниҳоятда кучлидир». Дажжолга хизмат қилаётганларга «Худонинг ғазаб шаробидан» ичишга тўғри келади. Худонинг бу ғазаб шароби – суюлтирилмаган, янада кучлироқ бўлиши учун аччиқ зираворлар билан аралаштирилган шаробга ўхшайди.
1) У томонидан маҳкум қилинганларга мўлжалланган ғазаб косасини қўлида ушлаб турган Худованднинг тимсоли, Муқаддас Каломда ўн уч маротабадан кўпроқ учрайди (масалан, Сано 74:9, Еремиё 25:15). Исо айнан мана шу коса ҳақида айтиб ўтган (Матто 26:39). Сиз ва менга берилиши керак бўлган Худованднинг ғазаб косасини ихтиёрий равишда Исонинг Ўзи қабул қилди. Бундан келиб чиққан холда, Исонинг душманларида ҳеч қандай имкон йўқлигини кўришмиз мумкин: уларга ғазаб косасини қабул қилишга тўғри келади.
в. «Худонинг ғазаб шароби… Қаҳр косасига қуйилган шароб». Косага қуйилган шароб тимсоли қаҳр билан боғланган – қадимги юнонча thymos сўзи жуда қаттиқ, алангадай ёнаётганқаҳрни ифодалаш учун ишлатилган. Косанинг ўзи эса ғазаб билан, жаҳл билан (адолатли ғазаб билан) боғланган– қадимги юнонча orge сўзи эса мулойим ва тинч феъл-атворли инсоннинг ғазабини англатган.
1) Қадимги юнонча orge сўзи кўпинча Янги Аҳддаги Худонинг Ғазабини тасвирлашда ишлатилган. Бошқа томондан эса, қадимги юнонча thymos сўзи ўн бир маротаба ишлатилган бўлиб, ўшандан ўн маротабаси, Ваҳий китобидан ўрин олган. Худонинг бутпарастларга нисбатан бзлган ғазабини бир лаҳзанинг ўзида уларнинг бошларига тўкмаган; бу ғазаб, Худонинг гуноҳга ва нопокликка бўлган ўзгармас муносабатини кўрсатмоқда. Бироқ, Ваҳий китобида Худонинг охирги ҳукми аниқ ва тўғридан тўғри ифодаланган жойларда, «алангадай ёнаётган қаҳрни» англатувчи атама кўпроқ ишлатилган.
г. «Бундай одамлар муқаддас фаришталар ва Қўзи олдида ёнаётган олтингугурт ичида азоб чекадилар. Азобларининг тутуни абадулабад бурқираб туради». Ушбу оятда биз дўзаҳ ва лаънат остида қолганларнинг қисмати ҳақида бир қанча муҳим ҳақиқатларни билиб олишимиз мумкин.
1) «ёнаётган олтингугурт ичида азоб чекадилар». Дўзаҳда инсонни ҳақиқий азоблар кутаётганлиги, бу азоблар жуда оғриқли ва жирканчли бўлиши яққол кўриниб турибди. «Дўзаҳда нима бўлиши ҳақидаги замонавий ғояларнинг Ваҳий китоби билан бирор боғлиқлик томони йўқ» (Л. Моррис)
2) «Бундай одамлар муқаддас фаришталар ва Қўзи олдида». Бу нарса Худо дўзаҳда нима бўлаётганлигини билишини ва кўра олишини англатади. Ўз навбатида Худованд у ерда Ўзининг тўлиқ муқаддаслигида ва адолатли ҳукмида намоёндир. Дўзаҳга тушадиганлар у ерда Худо бўлмаслигини исташади, бироқ, бу истаклар бекор. Дўзаҳ, Худонинг ҳузуридан маҳрум бўлишини маъқуллаш, жуда нотўғри; дўзаҳ, Унинг севгисидан маҳрум бўлади. Исо ҳам дўзаҳда мавжуд бўлади, аниқроғи Унинг муқаддас ҳукми ва гуноҳга нисбатан бўлган ғазаби дўзаҳда мавжуд бўлади.
3) «Азобларининг тутуни абадулабад бурқираб туради… кечаю кундуз тинчлик билмайдилар». Дажжолга сиғиниб, унинг тамғасини қабул қилганлар, дўзаҳда Худонинг қаҳри ва ғазабига абадулабад дучор бўладилар. Бу нарсанинг абадий давом этиши, ушбу оятда аниқ ва очиқ ойдин айтиб ўтилган; «абадулабад» деган сўз, айнан шу нарсани билдиради. Агар гуноҳучун фақат шу дунёдагина жавоб беришга тўғри келганида эди ёки гуноҳ учун бериладиган жазо вақтинчалик бўлганида эди, айёр гуноҳкорлар Худо устидан ғалаба қозонишган бўлар эди. Уолвурд «абадулабад» деган жумла ҳақида мана нима деган: «Том маънода бу сўз «асрдан асрга» деган маънони англатади – бу, абадийлик сўзининг фақат юнон тили кўрсата оладиган кучли ифодаси».
4) «Барча инсонлар, дўзаҳ ва абадийликка,ҳеч ким қочиб қутула олмайдиган ердаги ҳаётнинг охирги нуқтасига қарагандай қараб, шу ҳақида кўпроқ фикр юритган ҳолда, айнан шу нарсалар ҳақида гапиришларини, Худо насиб этишини истаган бўлар эдим. Дарҳақиқат, дўзаҳдан қочиб қутулишнинг энг яхши йўли – бу кун давомида бир неча бор у ҳақида фикр юритишдир» (Трапп).
5) «Маҳлуққа сиғинаётган инсонларни тасвирлашда ишлатилган «сажда қилаётганлар» деган сўз, 11- оятда ишлатилган «қабул қилганлар» деган сўздай, ушбу жараён маълум бир вақтдан бери давом этаётганлигини белгилаб ўтган холда, ҳозирги замонда ишлатилаётганлигига эътибор қаратинг…уларнинг азоб – уқубатларини тасвирлашда ҳам, ҳозирги замон вақти ишлатилган. Улар маҳлуққа сажда қилишдан тўхтамайдилар ва Худо олдида тавба қилмайдилар, шунинг учун ҳам уларнинг қийноқлари давом этаверади, зеро кейин тавба қилиш учун жуда кеч бўлади» (Уолвурд).
4. 12-13 оятлар Ҳатто Буюк Қайғу даврида ҳам – азизларнинг бахтиёрлиги
«Бундай вазиятда Худонинг амрларига итоат қилган ва Исога содиқ қолган Худонинг азизларидан сабр–тоқат талаб қилинади. Шунда мен самодан бир овоз эшитдим. У менга деди: Шундай деб ёз: бундан буён Раббимиз Исога умид боғлаб, оламдан кўз юмганлар бахтлидир! Ҳа, дейди Руҳ, улар қилган оғир меҳнатидан дам олсинлар, меҳнатининг роҳатини кўрсинлар».
а. «Худонинг азизларидан сабр–тоқат талаб қилинади… бундан буён Раббимиз Исога умид боғлаб, оламдан кўз юмганлар бахтлидир… улар қилган оғир меҳнатидан дам олсинлар». Қаранг, қандай қарама-қаршилик! Азизлар ўз ишларидан дам олаётган бир пайтда, нопоклар азоб чекишда давом этмоқдалар (Ваҳий 14:11). Тинчлик – Худонинг Каломига ва Унинг Ўзига бўлган вафодорлик орқали, жуда катта сабр- тоқат орқали келади (Худонинг амрларига итоат қилган ва Исога содиқ қолган).
1) Қайғу даврида қувғинга учраган ва шаҳид бўлганлар учун, ушбу оят қай даражада тасалли ва далда бўлишини тасаввур қилишимиз мумкин холос. Кўриниб турибдики, Худо Ўз халқини синовлар пайтида жасоратли ва қатъий бўлишга, бутун диққат эътиборларини, уларни осмонда қандай мукофотлар ва бахтиёр осойишталик кутаётганлигига қаратишга даъват этмоқда.
2) «бундан буён Раббимиз Исога умид боғлаб, оламдан кўз юмганлар бахтлидир». «Бу шон-шарафли ўлимни қарши олишликнинг ягона йўли.. Улар, Худо учун ўз жонларини қурбон қилмоқдалар, Худованд, уларнинг танловини қўллаб қувватлаётганлигини билган холда, У билан биргаликда абадулабад яшаш ва ҳукмронлик қилиш учун қурбон бўлмоқдалар» (Кларк)
б. «меҳнатининг роҳатини кўрсинлар». Бу азизларнинг меҳнатлари, сабр – тоқати ва ҳаммасини енгиб ўтганликлари, самода қайд қилинади. Биз, ер юзида Худо учун нима қилаётган бўлсак, ўша ишларимиз осмонда бизларга ҳамроҳлик қилади; бу фикр, бизнинг ердаги меҳнатимизга қадрлилик ва аҳамиятлиликни беради.
В. Ердаги ҳосил.
1. 14-16 оятлар Исонинг Ўз ҳосилини ўраб олиш вақти келди.
«Шундан кейин мен бир оқ булутни кўрдим. Булут устида инсон қиёфасидаги бир Зот ўтирганди. Унинг бошида олтин тож, қўлида ўткир ўроқ бор эди. Кейин Маъбаддан бир фаришта чиқди. У булут устида ўтирган Зотга баланд овозда шундай деди: “Ўроғингизни ишга солинг, чунки ўрим–йиғим вақти келди. Мана, ернинг ҳосили етилди.” Булут устида ўтирган Зот ерга ўроқ солди, ернинг ҳосили ўрилди».
а. «Булут устида инсон қиёфасидаги бир Зот ўтирганди. Унинг бошида олтин тож, қўлида ўткир ўроқ бор эди». Кўпчилик учун Исо Масиҳни бундай кўринишда тасвирланганлиги кўриш жуда қийин эканлигини биламан. Улар, Исонинг «маъбаддан чиққан бошқа бир фариштага» жавоб берган пайти тасвирланган ҳолатни тушуна олишмайди. Бироқ, яна кимнингдир «Инсон Ўғли ёки Зот» деб аталишини ёки Исодан бошқа яна кимнингдир «бошида олтин тожи» борлигини тасаввур қилиш жуда қийин.
1) «Унинг бошида олтин тож бор эди». «Унинг бошида, Унга аскарлар кийдирган даҳшатли ва оғриқли тиканли тожнинг ўрнига, олтин тож борлигини кўриш бизлар учун нақадар ажойибли бўлади! Бу оятда ишлатилган сўз, фақатгина ҳукмдорлик тожинигина англатиши шарт эмас; бу ўз ўзидан диққатга сазовор ғалабадорнинг тожидир: Масиҳ, ер юзини ҳукм қилишга келганида, ғалабадорнинг кийимида, буюк жангда қўлга киритган тожда келади. Унинг якуний ғалабаси чоғида, қачонлардир қон ва тери билан қопланган пешонада энди, бизнинг нажотимиз учун олиб борган курашида қўлга киритган ғалабасининг тимсоли бўлмиш олтин тож ярақлаб турганлигини кўриш қандай тантанали бўлади!» (Сперджен)
б. «ўрим–йиғим вақти келди». Қадимги юнонча «ўрим-йиғим вақти» деган сўз, «қуриган ёки сўлиб қолган» деган маъноларга нисбатан салбий ҳусусиятга эга. Яъни бошқача қилиб айтганда, бу сўз, ер юзида жуда узоқ муддат мавжуд бўлган, аллақачон пишиб етилган нарсани ҳам билдириши мумкин. Шундай қилиб, Худованд ер юзини у ҳосил учун аллақачон етилиб бўлгандан кейингина ҳукм қилади. У Ўз ҳукмини ер юзига қаратишга шошилаётганлиги йўқ.
1) «Ҳосил – ёмон ўтлар учун ҳам, яхши ўтлар учун ҳам бўлишини унутмаслик керак. Бегона ўтларни йиғиб олиб, уларни ёндириб юбориш бу ҳам, ҳосил ўримининг бир қисми, бироқ, бу кулфату умидсизлик келтирадиган ҳосил, аммо самовий омборларга тўпланадиган буғдой ҳосили ҳам албатта бўлади»(Сисс)
2. 17-20 оятлар Худонинг қаҳр-ғазаб чуқури.
«Самодаги Маъбаддан бошқа бир фаришта чиқди. Унинг ҳам ўткир ўроғи бор эди. Сўнг қурбонгоҳ олдидан яна бошқа бир фаришта келди. У қурбонгоҳдаги олов учун масъул эди. У ўткир ўроқли фариштага баланд овозда хитоб қилди: Ўткир ўроғингни ишга сол. Ердаги узум бошларини йиғ. Ахир, узум пишиб бўлди.Фаришта ўроғини ерга солди. Ердаги узум бошларини йиғиб, Худонинг узум сиқадиган катта қаҳр–ғазаби чуқуригаулоқтирди.Шаҳар ташқарисидаги ўша чуқурда узумларни эза бошлашди. Чуқурдан қон дарё бўлиб оқиб чиқди. Бу қонли дарё 1600 ўқ отими масофага оқиб борди, у шунчалик чуқур эдики, деярли отни кўмиб юборар эди».
а. «Сўнг қурбонгоҳ олдидан яна бошқа бир фаришта келди. У қурбонгоҳдаги олов учун масъул эди». «Бу фаришта, Худонинг азизлари нопоклар ҳукм қилинишини сўраб, ибодат қилганларида, пайдо бўладиган фариштага ўхшайди» (Уолвурд).
б. «Худонинг узум сиқадиган катта қаҳр–ғазаб чуқури». Худо ҳукмининг бу ёрқин ва манзарали тасвири «Республика жанговор мадҳияси» муаллифларини илҳомлантирган:
Шон-шарафда Худоимнинг келганини мен кўрдим,
Ғазаб узумларини босиб янчганин кўрдим,
Даҳшатли чақмоқ каби қилич ечганин кўрдим,
У адолат қадамини босганини мен кўрдим.
в. «ўткир ўроғингни ишга сол. Ердаги узум бошларини йиғ. Ахир, узум пишиб бўлди». Узумзордаги ҳосил билан солиштирилган Масиҳнинг иккинчи келишини, Матто 13:24-30 ва 13:36-43 оятларда сўз юритилган буғдой ва ёввойи ўтлар ҳақидаги масал билан қиёслашимиз мумкин. Масалнинг маъноси шундаки, то охирги ҳосил вақти келгунича, ҳақиқий иймонлилар жамоатга шунчаки юзаки келиб кетадиганлар билан бирга бўлишади, ўша пайтгача Худо уларни ажратмайди.
1) «узум пишиб бўлди». «Доналари яхши пишганидан, тарз ёрилиб шираси оқиб кетишга тайёр бўлган узумни бир тасаввур қилиб кўринг… Чуқурликда узумни янчиётган инсонларнинг оёқлари остидан оқаётган узумнинг шарбати,қон билан солиштирилмоқда ва бу нарса одамларнинг даҳшатли оммавий ўлимини назарда тутмоқда» (Уолвурд).
2) «Ерга тушган узум, инсонниг кучи ва ваъзнига қандай қаршилик кўрсата олади? Қанчалик яхши пишган бўлса, шунчалик осонлик билан енчилиб ташланади. Худди шу сингари, Буюк Худованднинг оёқлари ҳам, гуноҳкор инсонларнинг устида турибди, уларни фақат янчиш қолди холос» (Сисс)
г. «Чуқурдан қон дарё бўлиб оқиб чиқди. Бу қонли дарё 1600 ўқ отими масофага оқиб борди, у шунчалик чуқур эдики, деярли отни кўмиб юборар эди». Бу оятда кон «отни кўмиб юборадиган» даражада баланд сачраганлиги тасвирланганга ўхшайди, – бу Ваҳий 16:16 ва 19:11-19 оятларда айтиб ўтилган Хор – Магидўнда бўладиган жангда инсонларнинг оммавий ҳалок бўлишининг даҳшатли тасвири. Ваъда қилинган Муқаддас Ер орқали оқаётган, баландлиги ҳақиқатдан ҳам отни кўмиб юборадиган даражада бўлган қон дарёси ҳақида сўз юритилаётганлиги йўқ деб ўйлайман. Акс ҳолда бу тасаввур қилиб бўлмас да- ражада жуда кўп қонга тўлган дарё бўлган бўлар эди.
1) Қадимги замонларда кенглиги «бир минг олти юз ўқ отими» (яъни таҳминан 300 километр) бўлган жанг майдонини тасаввур қилиб бўлмас эди. Бугунги кунда эса ҳаммаси бошқача. «Бир минг олти юз ўқ отими узунлиги – бу 200 миля атрофидаги узунликдир; яъни Масиҳнинг қайта келиши пайтида содир бўладиган воқеалар, Қуддусдан 200 миля радиусидаги ҳудудни қамраб олади» (Уолвурд).
2) Бу ёрқин ва рангли тасвир, бизларга Худо ҳукмининг якуни, тўлиқлиги ҳақида гапиради. Ваҳийнинг 14-боби, 13- бобни мукаммал равишда тўлдириб, ўз якунида, Иблис ва Дажжол ҳадемай ғалаба қозонадигандай таассурот қолдиради. Бироқ, 14 – бобнинг ўзидаёқ, биз аслида Кимнинг ғалабадор бўлишини, барча куч – қудрат ва ҳокимият Кимнинг қўлида эканлигини кўришимиз мумкин: буларнинг барчаси Худонинг, Унинг Ўғлининг ва Унинг халқининг қўлидадир, Иблиснинг, унинг ўғлининг (дажжолнинг) ёки уларнинг издошларининг қўлларида эмас.
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – ewm@enduringword.com